• Пт. Ноя 8th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди? Иккинчи мақола

Дек 17, 2018

   

Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди?

Уй қамоғида ётганлар бунга кирмайди…

Ўз касбидан жудо бўлиб, ижоди тақиққа тушганлар…

Ҳибс ва Хорижга бадарға қилинганлар…

Оқил билан Жоҳилнинг фарқи нимада?

Мирзиёев кимнинг йўлидан бораяпти?

 

Каримов ва Мирзиёев даври – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…

9.

Каримов даврида ҳибсга олинган Ўзбекистон халқ депутатлари, давлат ва жамоат арбоблари:

Мавлон Умрзоқов — Ўзбекистон Президентининг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ депутати. 1994 йилда Олий раҳбариятдаги рақиби Темур Алимовнинг провакацияси ва шантажи билан уйдирма айблар ёрдамида ҳибсга олинган. 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қамоқдан чиққанидан кейин ҳам 27 йил кўчада ишсиз юрди. Мирзиёев даврида тамомила оқланиб, пок номи тикланди, адолат қарор топди. Лекин бу дориломон кунларга етиш унга жуда қимматга тушди. Ўтган 27 йиллик хорлик ва зорлик даврида  ўзи ва оиласи бошига жуда кўп кулфатлар ёғилди. Ўғли ва куёви ноҳақ судланди. Сирдарёда совхоз директори бўлган жонажон укаси чавақланди, эндигина қирқ ёшга тўлган ёш ва навқирон ўғли кутилмаганда жон таслим қилди…

Самандар Қўқонов — Чиноз нефтебазаси директори, Ўзбекистон халқ депутати. 1993 йил, 2 июль куни ноқонуний равишда ҳибсга олинган. Бир йилу уч ой тергов ва сўроқсиз ҳибсда сақланган. Ўзбекистон Олий суди Самандар Қўқоновни 20 йилга озодликдан маҳрум этган. Мухолифат Самандар Қўқонов марҳум президент Ислом Каримовни танқид қилгани ва «Эрк» демократик партиясини қўллаб-қувватлагани учун Каримовнинг шахсий душманига айланганини айтиб келган. Human Rights Watch га кўра, Самандар Қўқонов 24 йиллик қамоқ жазосининг аксар қисмини Новоийдаги 64/46 рақамли қамоқхонда ўтказган ва узоқ йиллар мобайнида яқинлари билан мулоқот қилишга изн берилмаган. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари қамоқхонада энг узоқ муддат ушлаб турилган сиёсий маҳбус сифатида кўрилган Самандар Қўқоновни озод қилишни Ўзбекистон ҳукуматидан бир неча бор талаб қилгандилар. Лекин бу талаблар Каримов даврида эътиборга олинмади.

24 йил ҳибсда ўтириб, Мирзиёев давридагина озодликка чиқарилган.

Мурод Жўраев — Ўзбекистон халқ депутати, Мухолифатдаги «Эрк» партияси аъзоси бўлган 63 ёшли Мурод Жўраев 1995 йилда давлат ҳокимиятини ағдаришга уринишда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг қамоқ муддати турли баҳона сабаблар билан уч марта узайтирилган. 2015 йилнинг 11 ноябрь куни 21 йиллик ҳибсдан озод этилган. 1980 йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, бу йилларда Президент Ислом Каримов Қашқадарё вилоятини бошқарган. Мурод Жўраев ҳали Борис Елциндан ҳам илгари коммунистик партиянинг Қашқадарёнинг Муборакдаги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган. У 1990 йилда сайланган Ўзбекистон парламенти депутати бўлган. Мурод Жўраевни сайлашга журъат этган Муборак шаҳар советини тамомила тарқатиб юборди.

Дадахон Хасан — таниқли хонанда ва сиёсий маҳбус. Диктатор ҳукмрон бўлган пайтда озодлик ва ҳурликни очиқ ойдин куйлаган исёнкор қўшиқлари учун ҳибсга олинган. Ўшандан бўён расмий минбар ва саҳналардан тамоила узоқлаштирилган. 27 йилдан бўён матбуот ва телевидения юзини кўрмаган. Мамлакатда Каримов диктатурасидан кейин Мирзиёев томонидан олиб борилаётган инқилобий ўзгаришларни қўллаб қувватлаб келади. Лекин ҳозирча унинг эътироф ва эҳтироми далат раҳбарига етиб бормаган шекилли, ҳануз уни биров эслай демайди. На ЎзА, на «Нуроний»…

Равшан Муҳиддинов — Ўзбекистон Президентининг маъмурий ва куч ишлатиш идоралари бўйича Давлат маслаҳатчиси, собиқ Адлия вазири. 2013 йилнинг 16 февраль куни 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Аметжон Отажонов — Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, 1994 йилда ҳибсга олинган. Озодликка чиққанидан кейин Рашид Қодиров Бош прокурор бўлган йилларда яна ҳибсга олинди. Мирзиёев даврига келиб буткул оқланган…

Шуҳрат Нусратов — Ўзбекистон халқ депутати. Олий Кенгаш сессиясида Каримовга қарши гапиргани учун бир неча маротаба ҳибсга олинган. Бир пайтлар пойтахтдаги Куйбишев райкомининг биринчи секретари, кейинчалик Мирзо Улуғбек туман ҳокими бўлиб ишлаган Шухрат Туҳфатович Олий Кенгашнинг тарихий еттинчи сессиясидаги нутқи билан тарихга ва одамларнинг юрагига кирганди. Эндигина Президент этиб сайланган давлат раҳбарига қарата у шундай деган эди:

“Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам¸ яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади.”

Шуҳрат ака бу оташин нутқини ирод этганида мен ҳам ўша мажлислар залининг энг биринчи қаторида – у нутқ сўзлаётган минбар ёнида – Ислом Каримов ва бошқа Ҳайъат раҳбарларининг шундоққина рўпарасида ўтирган эдим. Мен бугун бу мажлис тафсилотларига тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Бу ҳақда “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли китобимда батафсил ёзилган ва у “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинаяпти. Мен бугун ўша – бундан салкам йигирма йил муқаддам айтилган сўз учун Шуҳрат Нусратовни қамашганларини, қамашганда ҳам номардларча қамашганларини айтмоқчиман, холос.

27 йил Шуҳрат ака ишсиз юрди. Мирзиёев даврига келиб оқланди. Ҳозир Ўзбекистон Республикаси Профсоюз ташкилотида масъул вазифада…

Азизхон Бахромов — Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими. 2009 йилда иғво, тўҳмат билан 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Мирзиёев даврига келиб оқланди ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон районига ҳоким этиб тайинланди…

Мамадали Маҳмудов — таниқли ўзбек ёзувчиси. Жиззахнинг Боғдон қишлоғида туғилган. Унинг “Ўлмас қоялар” романи Марказий Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши, туркий халқларнинг Россия босқинига қарши курашига бағишланган. 1981 йилда ёзилган ва тақиқланган бу роман француз тилига ҳам таржима қилинган эди. Умр бўйи Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ёзувчи Каримов даврида Тошкент портлашларида айбланиб, 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Мирзиёев даврига келиб маънан оқланди ва Ёзувчилар уюшмасига тикланди. 27 йил чиқмаган асарлари чоп этила бошланди. Бир сўз билан айтганда 27 йиллик тақиқ ва тазйиқдан сўнг унинг муборак номи ва ижоди ўзбек адабиётига яна қайтариб берилди…

Эмин Усмонов — уйғурлар ҳақ ҳуқуқини талаб қилган таниқли ўзбек ёзувчиси. У 1945 йили Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасидаги Ғулжа шаҳрида дунёга келган. 1948 йили ота-онаси билан Ўзбекистонга кўчиб келишган. Эмин Усмон Тошкент шаҳридаги уйғур маданият маркази раҳбари бўлган. Унинг «Меҳригиё» (роман, 1976), «Ниҳоллар» (қисса ва ҳикоялар, 1976), «Ёлқин» (қисса, 1979), «Тилла чаноқ» (қисса, 1980), «Кўнгил кўзи» (қисса, 1985), «Томир» (қисса, 1985) каби 20 дан ортиқ китоблари чоп этилган. Эмин Усмон таржимон сифатида ҳам жаҳон адабиётидан бирқанча асарларни ўзбек тилига таржима қилган. Таниқли ўзбек адиби Эмин Усмон эса 2001 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ертўласида вафот этган. Ўзбек, уйғур ва рус тилларида ёзган 20 дан ортиқ китоблари билан халқ орасида обрў-эътибор топган ёзувчи 2001 йилнинг 11 февралида Ўзбекистон жиноят кодексининг 244 — моддаси 1-қисми (жамоатчилик хавфсизлигига таҳдид қилувчи материалларни тарқатиш) билан айбланиб қўлга олинганди. Ўша йилнинг 28 февралида эса унинг жасади қариндошларига топширилган. Бир сўз билан айтганда -Каримов даврида ноҳақ ва ноқонуний ҳибсга олиниб, тергов жараёнида сирли равишда  ўлдирилган…

Шовриқ Рўзимуродов — Ўзбекистон халқ депутати. У 1991 йил июнь ойида Ўзбекистон халқ депутати бўлган пайтда мухолифатчилик фаолияти туфайли шахсан президент Каримовнинг топшириғи билан 4,5 йил оғир қамоқ жазосига маҳкум қилинган, лекин депутатларнинг талаби билан муддатидан олдин ҳибсдан чиқарилган эди.  У Каримов сайланаётган парламент мажлисида: «Бундай одамни президент қилиб бўлмайди, ҳали пушаймон бўласизлар», деб ҳайқирганди. Шовруқ  Рўзимуродов 1998 йили ҳам милиция томонидан ушланган ва дунё жамоатчилиги талаби билан қўйиб юборилганди. 2001 йил 15 июнь куни у ўзи яшайдиган Яккабоғ туманининг Олақарға қишлоғида охирги марта хибсга олинди. 2001 йил 6 июлда собиқ Ўзбекистон халқ депутати, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раиси Шовруқ Рўзимуродов мавжуд режим тарафидан қамоқхонада ўлдирилди. Расмийлар «У ўзини осиб қўйди» деган баҳона билан бу фожеали ўлимни ўзларидан соқит қилишди.

Шовруқ Рўзимуродовнинг жонсиз танаси Ички Ишлар вазирлигининг яккабоғлик мулозими подполковник Маҳмуд Бекмуродов томонидан  махсус конвой билан Олақарға қишлоғига олиб борилиб, ярим тунда мажбуран ва яширинча дафн этилган…

Нодира Хидоятова — таниқли ишбилармон. 2006 йил март ойида Санжар Умаров билан бирга «Серқуёш Ўзбекистон коалицияси координатори сифатида 10 йилик муддат билан ҳибсга ҳукм этилган.

Аҳмаджон Одилов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони. Каримов даврида 15 йил тутқинликда ўтирган таниқли давлат ва жамоат арбоби. 1925 йилда Наманган вилояти, Поп туманининг Ғурумсарой қишлоғида туғилган.Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Икки марта Ленин мукофоти соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, СССР Олий Совети депутати, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг аъзоси. У асос солган Поп агросаноат Бирлашмаси 14 совхоз ва 17 та корхонани ўз ичига олган. Унга қарашли 373 минг гектар экин ер ва яйловларда 40 мингдан ортиқ киши меҳнат қилган. 1983 йилда КПССнинг энг юқори органи- Политбюро Аҳмаджон Одиловнинг тажрибасини бутун Советлар Иттифоқи бўйлаб ёйиш ҳақида қарор қабул қилади. Россия ва бошқа иттифоқдош ўлкаларда АПОлар ташкил этиш бошланади. Аммо кўп ўтмай, 1984 йилнинг 13 августида Аҳмаджон Одилов ва унинг оила-аъзолари ҳибсга олинади. Аёли ва кекса онасидан ташқари ҳамма қамоққа ташланади. Шундан сўнг Аҳмаджон Одиловнинг қарийб чорак асрга чўзилган тутқунлик даври бошланади…

Аҳмаджон Одиловга оид ҳикоямизга қўшимча қилиб шуни илова қилиш лозимки, Ислом Каримов 1991-йилнинг декабридаги сайловда кўпчилик овоз билан Президент бўлиб сайлангач, амалга оширган ишларидан иккитаси менинг диққатимни жалб этган эди. Биринчиси – сайловда ўз рақиби Муҳаммад Солиҳ мутлоқ кўп овоз олган Хоразм вилоят раҳбарини алмаштирди. Иккинчиси – халқ орасида обрў-эътибори ортиб бораётган Аҳмаджон Одиловни яна ҳибсга олди. У Каримов даврида дунёдаги энг ёши улуғ маҳбус тимсолида ўн беш йил Мустақил Ўзбекистон турмасида ўтирди. У жоҳил Каримов зиндонидан чиққанида 83 ёшда эди.  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Аҳмаджон Одилов 92 ёшида Наманган вилоят, Поп туманидаги ўз уйида вафот этди. Марҳум 2017 йилнинг 27 сентябрь куни Ғурумсаройда дафн этилди. Дафн маросимида марҳум билан видолашиш учун ўн минглаб одам келган. Совет даврида “Пахта иши” доирасида тўҳмат билан қамалган Аҳмаджон Одилов Ислом Каримов даврида ҳам 15 йил қамоқ жазосини ўтаган…  

Исмат Хушев,

«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,

18 декабрь, 2018 йил, Торонто шаҳри, Канада

 «Дунё ўзбеклари» учун махсус

Один комментарий к “Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди? Иккинчи мақола”
  1. Ҳужжатли тарих, яшанг!
    Каримов даврида қатоғонга ураб, Мирзиёев даврида адолат топганлар рўйхатида қачон И.Хушевни, М.Солиҳни, А.Хоразмий кабиларни кўрамиз?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *