Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди?
Уй қамоғида ётганлар бунга кирмайди…
Ўз касбидан жудо бўлиб, ижоди тақиққа тушганлар…
Ҳибс ва Хорижга бадарға қилинганлар…
Оқил билан Жоҳилнинг фарқи нимада?
Мирзиёев кимнинг йўлидан бораяпти?
Каримов ва Мирзиёев даври – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…
12.
Каримов даврида ҳибсга олинган ва хорижга қувғин қилинган давлат ва жамоат арбобларидан ташқари сиёсий қарашлари боис ўғирлаб кетилган ва бугунга қадар бедарак йўқолган инсонлар ҳам борки, улар ҳақида айтмасак ва гапирмасак уят бўлади.
Тарих ва жамият олдидаги инсоний ва журналистик бурчимиз биздан шуни талаб қилади. Бу борада тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш учун «Озодлик» радиосининг бир мақоласидан қуйидаги кўчирмани эълон қилиб, кейин суҳбатимизни давом эттирсак мақсадга мувофиқ бўлса керак…
13.
1992 йил, Тошкентда илк сиёсий фаол диндор ўғирланди
«1992 йилнинг 15 декабрида Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги бўлими етакчиси Абдулла Ўтаев ғойиб бўлди.
Қайта қуриш даврида илк бор Россияда тузилган Ислом Уйғониш партиясининг бўлимини Ўзбекистонда очиш ҳаракатини бошланган ҳам¸ мустақилликнинг илк йилларида бу иш билан шуғулланган ҳам асли сурхондарёлик Абдулла Ўтаев эди.
Наманган воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда президент Каримов мустаҳкамлай бошлаган сиёсий тузум таркибида диний партияга ўрин берилиши кўзда тутилмаган эди.
Буни ўша йиллар Тошкентга борган – Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партияси фаолларидан бири Муҳаммад Қорачой яхши эслайди.
— Абдулла Ўтаевни Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги етакчиси сифатида яхши танир эдим. У жуда фаол ишлади. Аммо кейинчалик уни ўғирлашди ва биз ҳанузгача тахмин қиламизки, Каримов режими уни ўғирлаган ёки бирор нарса қилган. Афсуски, бу ҳақда бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ, — дейди Муҳаммад Қорачой.
Абдулла Ўтаев 1992 йил декабридан буён бедарак. Унинг оиласи Ўтаевнинг йўқолиши Ўзбекистон МХХнинг иши, деб билади. Йўқолган исломшуноснинг рафиқаси Салима Ўтаева Озодлик билан суҳбатда у кишининг қаердадир омон ўтирганидан умидвор эканини айтади.
— 1997 йилмиди — эсимда йўқ, ўшанда дадам¸ яъни қайнотам президент маҳкамасига борганларида, ўша ердаги уч-тўртта каттаконлар: “Ўғлингиз бизнинг қўлимизда. Соғ-саломатлар. Президент Америкага бориб келсалар, кейин конференция ўтсин. Шундан кейин, Худо хоҳласа¸ бир янгилик бўлиб қолади” деган эди.
Ўша ерда шунақа деган. Шу билан келиб нима қилади, ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Кейин президент Америкага бориб келди. Бориб келгандан кейин конференцияси ҳам ўтди. Ўтгандан кейин борсалар, ҳаммаси мункир бўлибди¸ “Йўқ, биз унақа деганимиз йўқ” деб. “Бир ойча бўлди келганимда шунақа дединглар-ку. Мана ўша одамларни олиб чиқинглар. Мен танийман” деган эканлар бир-иккитасини олиб чиққан. “Сиз айтган эдингиз-ку шунақа деб” деса, “Нима қиласиз менга нима қилиб? Мен унақа деганим йўқ” деб мункир бўлишибди шу билан. Шу билан жимжит. Уйда ўтирибмиз. 19 йил бўлаяпти.
Мен энди давлатнинг қўлида, деб ўйлайман. Шулар кўчадан ўғирлаб кетаëтган пайтида ëнида қайнукам бўлганлар. Кейин у киши: “Нимага бунақа қилаяпсизлар?” деса, “Бизга энг юқоридан шунақа буйруқ бўлди. Биз буйруқни бажараяпмиз. Агар ғиринг десанг, ўзингдан кўр” дебди. Кейин у киши ҳам индамай қолган. Машинани қулфлаб, калитини олиб олган. Орқасидан ҳеч қаëққа юра олмаган. Шу мана бизнинг очиқ ҳужжатимиз турибди-да гувоҳимиз.
Қуролланган тўрт киши бўлган. Орқа-олдиларига милтиқ тираб, машинага солган экан-да. “Энг юқоридан шунақа буйруқ бўлган” дебди. Шундан билиндики, президентнинг буйруғи билан. Ўша вақтда нечта идораларга борганимизда ҳаммаси: “Биз ҳеч нарса дея олмаймиз, юқори буйруқ қилган” деб нима қилган.
Биз яқинда Сангородда эмиш¸ деган гап эшитгандай бўлдик. Қанчалик рост ëки ëлғон билмадим. Лекин бўлса бордир шу ерда. Борганимиз билан бизга айтармиди… Унинг устига, мени рўйхатга олиб қўйган. Тез-тез чақириб, тилхат ëздириб туради¸ — дейди 1992 йилнинг 15 декабр куни Тошкентда қуролли шахслар томонидан ўғирлаб кетилган Бутуниттифоқ Ислом уйғониш партиясининг Ўзбекистондаги бўлими етакчиси Абдулла Ўтаевнинг рафиқаси Салима Ўтаева.
Абдулла Ўтаев Ўзбекистонда изсиз ғойиб бўлган илк сиёсий фаол диндор эди»
Манба: Озодлик радиоси
14.
1995 йил, Андижон – Абдували қори Мирзаев «ғойиб бўлди
«1995 йилнинг 28 августида Абдували қори Мирзаев ғойиб бўлди.
1950 йилда Андижонда туғилиб¸ диний илмни тожикистонлик Муҳаммад домла Ҳиндистонийдан олган Абдували қори 1989 йилда Андижондаги Жоме масжидига имом-хатиб бўлиб тайинланган.
Тез орада ўз исломий мактабига асос солиб¸ Жума маърузаларига минглаб мусулмон¸ хусусан, бошқа вилоят ва қўшни республикалардан кела бошлаган Абдували қори Қуръон ва Ислом дини аҳкомларини содда тафсир қилган, тушунтирган уламолардан бири эди.
Абдували қори Мирзаев ва уни сотганини тан олган жосус Хайрулла Султонов.
Мустақилликнинг илк йилларига келиб Абдували қори ўша даврда пайдо бўлган диний-сиёсий гуруҳлар етакчилари орасида энг нуфузли сиёсий фигуралардан бирига айланиб улгурган эди.
Нуфузи хориждаги мусулмонлар орасида ҳам ошиб бораётган Абдували қори Москвадаги халқаро анжуманлардан бирига йўл олган куни — 1995 йилнинг 28 августида Тошкент аэропортида бедарак йўқолди.
2007 йил баҳорида ўшлик журналист (ҳозирда марҳум) Алишер Соипов билан суҳбатда Абдулқуддус Мирзаев отасининг Ўзбекистон МХХ томонидан ўғирланган ва бу ҳақда аниқ маълумотлари борлигини билдирган ва бу баëнотидан кўп ўтмай 26 сентябрда Саудия Арабистонида автоҳалокатга учраб нобуд бўлган.
Абдували қори Мирзаевнинг ўғли Абдулқуддус Мирзаев.
Ўша баëнотдан иқтибос:
“Абдували қори Андижон аэропортидан Тошкентга 155-йўналиш билан учиб боради. Тошкентдан Москва йўналиши бўйича учмоқчи бўлган. Барча текширув рўйхатларидан ва ниҳоят паспорт текшируви – охирги текширувдан ўтиб, самолёт трапи олдига келганда, МХХ ходимлари томонидан яна қўшимча текширув учун олиб кетилган ва шу билан қайтиб чиқмаган”.
Абдулқуддус Мирзаев ўлимига қадар отаси Абдували қори тириклигини айтиб келди.
Ундан аввал — 2003 йилда — Ўзбекистон қамоқхонасидан туриб баёнот берган маҳбус Зайниддин Асқаров ҳамда 2008 йилда — Ўзбекистондан қочиб чиққани айтган ва ўзини МХХ майори деб тақдим қилган Икром Ёқубов ҳам Абдували қори Мирзаевнинг тириклиги, қамоқда сақланаётгани ҳақида айтган эди.
“Youtube.com” сайти эълон қилинган “Занжирбанд киллер” номли видеофилм қаҳрамони, ўзини 1979 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Лайлак туманида туғилган Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли, деб таништирган йигитнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати маҳкамаси олдида қилган “иқрорнома”си бу баёнотларга тасдиқ ўлароқ пайдо бўлди.
Етти йил давомида Андижон шаҳридаги Жоме масжиди ва унинг имоми Абдували қори Мирзаевга қарши жосуслик қилгани, 1995 йилда эса у Абдували қорининг терговида иштирок этгани ҳақида сўзлаган Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли сўзларига ишонилса, Абдували қорига учта жиддий айблов: жиҳодга даъват қилганлик, ҳижратга даъват қилганлик ва ҳукуматга қарши қуролли исён қилиб, ислом давлати қуришга даъват қилганлик айбловлари илгари сурилган.
— Биринчи жиҳод тўғрисида гапирганда, терговчи Абдували қори акадан сўраяпти: “Сиз иқрормисиз мана шу гапларни гапирганингизга?” У киши калласини қимирлатиб, иқрор бўлиб турибди. Менга энди овозлари унча яхши эшитилмаяпти. Жиҳод ва ҳижрат тўғрисида гапирган, деганларимга иқрор қилдилар, яъни калласини қимирлатдилар. Охирги учинчи туҳматимда эса кескин рад қилиб, бошларини қимирлатдилар, — дея сўзлайди “Занжирбанд киллер” номли видеофилм қаҳрамони.
Озодлик ушбу видеофильмнинг қанчалик асосли экани ва унинг яратувчилари кимлигини тўлиқ аниқлай олмаган, аммо кейинчалик Хайруллохўжа Қодирхўжа ўғли исмли бешкентлик йигит бўлгани ва ҳозирги кунда Лайлак туманида яшаётган оиласи Хайруллонинг қаерда эканини билмаслигини аниқлаган эди.
Ўзбекистон куч ишлатар идоралари Абдували қори Мирзаевнинг ғойиб бўлгани¸ унга нисбатан Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида тилга олинган айбловлар, сўнгра мустақил матбуотда пайдо бўлган бу каби маълумотлар борасида ҳозирга қадар бирор жиддий расмий маълумот бермаган»
Манба: Озодлик радиоси
15.
1996-97 йиллар, Фарғона водийси – «МХХ имомлари»га йўл очилди
«1996 йилдан йилдан бошлаб, ҳаттоки, 1995 йилнинг охирларидан бошлаб Ўзбекистон Абдували қори Мирзаевга алоқадор кўрилган жамики уламолар раҳнамолигидаги, имомлар бошчилигидаги масжидлар ёпила бошлаган эди», дея хотирлайди ўтган 20 йиллик тарихга назар ташлайдиган ўзбекистонлик аҳли илмлар.
Аввалига Қўқондаги Ҳавоқанд масжиди, кейин эса Намангандаги Гумбаз масжиди, ундан кейин Андижондаги Жомеъ масжидлари ёпилди, бу масжидларни бошқарган Муҳаммадражаб қори, Умархон қорилар қамалди.
Шайх Абдували қори Мирзаев имомлик қилган жоме масжиди.
Имомлари қамалган масжидларга эса Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг минг тишли чиқиғириғидан ўтган, “мустақил” имомлар ўтқизилди.
Ўша кезда масжид имомлигидан олиниб, ўша вақтда урфга кира бошлаган гиёҳванд моддаси билан ҳибсга олинган тошкентлик собиқ имом Аҳмад қори Валиев ўша кунларни ҳануз яхши хотирлайди.
— Мана мен сизга санаб бераман. Биринчи бўлиб Қўқонда Муҳаммадражаб ака олинди. Қўқондаги жоме масжиднинг имоми. У кишининг атрофида жуда кўп мусулмонлар бор эди. У кишини 1993 йилда қамашган, жомеъ масжиди ëпилган.
Ундан кейин Наманганда бошланган. Наманганда Гумбаз масжиди ëпилган ва имоми Абдулаҳад домлани мана бугунги кунда иккинчи марта қамашди. У кишининг атрофидаги шогирдларини, у кишига эргашган бошқа масжид имомларининг масжидларини ҳам ëпиб, қамашди.
Ундан кейин Андижонга ўтилди. Андижонда Абдували қори акани ўғирлаб кетишиб, унинг масжид ëпилди. У кишининг атрофидаги одамлар қамалди.
Сўнгра навбат марказга — Тошкентга келди. Тошкентда Обид қори ишлаëтган Тўхтабойвачча масжидига — Чақичмон ҳам дейилади — ҳужум бўлиб, имом атрофида бўлган қанча-қанча одамлар қамалиб кетганига ҳаммамиз гувоҳмиз, биламиз. Шу тарздаги қамашлар ҳозиргача давом этиб келаяпти.
Озодлик: Сизнинг ўзингиз ўша масжидлар ëпилаëтган, қама-қамалар бўлаëтган пайтда нима иш қилардингиз?
— Ўша йилларда имом ëки имом ëрдамчиси бўлиб ишлаб турган вақтим бўлган. Мени масжиддан олиб чиқиб кетишган. Наркотик ҳақидаги статяни қўйиб қамаган.
Озодлик: Бу саволим учун узр. Сиз умрингизда наркотик истеъмол қилиб кўрганмисиз?
— Астағфуруллоҳ. Худога шукур, алҳамдулиллоҳ ўша ерда “мана шу сенинг чўнтагингдан чиқди” деб олдимга ташлаганида кўрганман, холос. Ундан кейин ҳозиргача кўрганим йўқ.
Озодлик: Ëш болалар, тўполончи болалар билан маҳаллада юрганингизда кўрмаганмисиз?
— Худога шукур, Оллоҳ ўзи шундан асраганига Худога шукур дейман. Исломни танигунимизча бизнинг атрофимизда бўлган энг ëмон, энг шўх болалар ҳам бунақа нарсадан узоқ эди.
Озодлик: Ўша пайтлар маҳалла-кўйда бўлармиди ўзи бунақа нарса?
— Ўзимнинг хаëлимга келмаган, ўзим кўрмаган, ўзим эшитмаган, билмаган нарсаларим эди. Шунинг учун ўзимнинг атрофимдагиларни ҳам шунақа деб ўйлайман, дейди Аҳмад Валиев.
Аҳмад Валиев гиёҳванд модда сотиш айблови билан илк бор қамалганида, 4¸5 йилга ҳукм қилинган, аммо 6 ойдан сўнг амнистия акти қўлланиб озодликка чиқарилган эди.
Аммо ўша давр оралиғида тергов сўроқларида ундан бирор марта гиёҳванд моддаларга боғлиқ савол сўралмаган. Аксинча, ундан алоҳида диндорлар ва уларнинг фаолияти ҳақида сўраб суриштирилган эди.
Аҳмад қори бу давр ичида унинг устида бошқа яна бир папка ҳозирланганини тахмин қилган ва бу тахмини орадан 11 ой ўтиб, у яна бир бор ҳибсга олингани ҳамда бу сафар у фақат диний мотивларда айбланганида ҳақ бўлиб чиққанини ҳам яхши эслайди.
2000-2004 йиллар оралиғида қамоқ жазосини ўтаб, озод бўлган Аҳмад қори панжара ортидан чиққач, юртни тарк этган ва ҳозир хориж ўлкаларидан бирида яшамоқда.
У имомлик қилган масжид ҳануз очиқ ва Аҳмад қорига кўра, бу ва бошқа масжидларда ҳозир Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг минг тишли чиғириғидан ўтган, “мустақил” имомлар ўтирибди.»
Манба: Озодлик радиоси
16.
1998 йил — Обид қори Назаров қутқарилди
«Масжидлар ёпилиб, катта-кичик имомлар, уламолар қамала ёки ғойиб бўла бориб-бориб, 1998 йилда навбат Обидхон қори Назаровга келди.
1958 йилда Наманган вилоятида туғилган Обид қори Назаров ўша кезларда Тошкентдаги Тўхтабойвачча масжиди имом хатиби эди.
Ҳозир Швецияда муҳожиратда яшаётган уламо Обид қори Назаров.
У ва у киши етакчилигидаги бир гуруҳ диндорлар ваҳҳобийликда айбланиб келаётган бир кезда Обидхон қори ҳам ғойиб бўлди.
Муридлари доирасида бу киши бошига ҳам Абдували қори Мирзаев ва Абдулла Ўтаевнинг куни тушди, деган хавотир устивор эди.
Аммо орадан маълум вақт ўтиб Обидхон қори Назаровнинг Қозоғистондан Европага йўл олгани маълум бўлди.
Ўтган кунларни яна бир бор ёдга олган уламо ўша даврдаги умумий вазиятни шундай тасвирлади.
— Ўша пайтдаги умумий вазият ниҳоятда таҳликали эди. Биз борган сайин тазйиқ ва зуғумлар, ҳукуматнинг зўравонлиги кучайиб бораëтгани ва бундан кейин ҳам жуда ëмон ишлар бўлишини ҳис қилиб турардик. Шунинг учун мусулмонлар ўзларини эҳтиëт қилишга чоралар, йўллар, ҳимоялар қидиришди. Динларини сақлаган ҳолда, имон ибодатларида мустаҳкам турган ҳолда, ҳукуматнинг жаҳлини чиқараëтган, аслида ислом буюрган амалларни тарк этмаган ҳолда яна давом этиларди. Жуда ҳам таҳликали кунлар эди ўша пайтлар.
Озодлик: Сизга ва сизнинг етакчилигингиздаги диндорлар жамоасига конкрет қандай айблов қўйилган эди?
— Бу айблов ҳаммага тарқалаëтган, хоҳ диндор бўлсин, ҳоҳ бошқа гуруҳлар — аввал бошлаб демократик оппозиция, кейин эса мухолифатга айблар тақалган. Яъни, давлат тўнтариши, конституцион тузумни зўравонлик билан алмаштириш, ағдариш ва ҳоказо. Ҳамма унинг нима эканини тушуниб қолган, сийқаси чиққан бир хилдаги айбловлар эди.
Озодлик: Сиз ўша пайтда Қозоғистонга бордингиз ва у ердан Европага чиқиб келишга муваффақ бўлдингиз. Жонини сақлаб қолишга муваффақ бўлмаган, қамалиб кетган ëки ғойиб бўлган яна кимларни эслайсиз 1998 йиллар ва ундан кейинги даврда?
— Жуда ҳам кўпчилик улар. Халқнинг олдида турадиган имомлар: Муҳаммадражаб, Абдулаҳад Намангандан, Муҳаммадражаб Қўқондан, Тошкентдан кўпчилик имомлар, яна Абдураҳим деган биродаримиз, Нуҳфуҳиддин биродаримиз ва ҳоказо. Буларнинг сонлари жуда ҳам кўп. Мана ҳалигача улар азоб билан қамоқхоналарда ўтиришибди.
Бедарак кетганлардан аввал бошлаб Ҳусниддин йўқолди. Ундан кейин бир неча кун ўтиб Оқил исмли бир яхши илмли талаба, ундан кейин Фаррух, булар иккалови ҳам Мадина университетини битириб келишган. Ундан кейин Маҳмуд деган бир талаба ва шунга ўхшаган бир қанча мусулмонлар ўғирланди. Одамларга танилганлари бор, танилмаганлари бор. Аммо Руҳиддинга ëки бизга боғланган, деб гумон қилиб уларни ўғирлашган.
Ўзбекистонда бўлган бу воқеа, ҳодисалар инсон учун, мусулмон учун бир жиҳатдан табиий нарсалар. Яъни, инсон бу ҳаëтда синалади, имтиҳон қилинади. Биз мана шундай имтиҳон, синовларнинг маълум бир қисмидан ўтдик. Биздан ҳам кўра қаттиқроқ синовга тутилган инсонлар бўлди. Умуман олганда Ўзбекистон аҳолиси учун қаттиқ бир синовлар бўлди. Бундан ҳам кўра қаттиқроқлари бўлиши мумкин эди. Қаттиқроқларидан асрагани учун Оллоҳга шукур қиламиз.
Мана ҳукумат қанча одамни ўлдирди, қанчасини қувди, қамади, лекин алҳамдулиллоҳ¸ ичкаридан худди булоқ қайнаб чиқаëтгандай мусулмонлар, ëшлар ва ибодат қиладиганлар ëки ҳижоб ўрайдиган аëллар кети узилмасдан келиб чиқаëтганлиги, давом этаëтганлиги ҳам бир мўъжиза. Бу ибратга лойиқ нарса деб биламиз ва бундан ҳам мусулмонлар, ҳам мусулмонларга қарши бўлган одамлар тўғри хулоса чиқаришлари керак.
Айниқса ¸ давлат тепасида ўтирганлар, шу қонли сиëсатнинг режасини тузаëтганлар қамоқхонадагиларни озод қилиш, ўғирланганларни яна уйига қайтариш йўлларини улар тезроқ амалга оширишлари керак деб ўйлайман, — дейди Обид қори Назаров.
Муҳожиратдаги уламо Обидхон қори Назаров фикрича, 1998 йилга келиб етакчилари ва уламоларидан бирин-кетин айрила бошлаган ўзбекистонлик мусулмонларнинг асаблари ўта таранг тортилган эди…»
Манба: Озодлик радиоси
17.
Демак, Озодлик радиоси эълон қилган таҳлилий мақола ва манбалардан кўриниб турибдики, Каримов даврида сиёсий режим қатағони — нафақат давлат ва жамоат арбоблари, депутат ва сенаторлар, журналист ва ёзувчилар, балки дин пешволарини ҳам четлаб ўтмаган.
Хусусан, 2005 йилда Обидхон қори Назаровнинг ўғли Ҳусниддин Назаров милиция томонидан сўроқ қилинганидан кўп ўтмай бедарак йўқолди.
Абдулла Ўтаев — 26 йил, Абдували қори Мирзаев — 23 йил, Хусниддин Назаров эса 13 йилдан дан бўён дом дараксиз йўқолган. Уларнинг тақдири оила аъзолари учун то ҳануз номаълум қолмоқда.
Каримов даврининг бу каби қабиҳ жиноятлари очилиши ва унга йўл қўйган идора ва вазирлик ходимлари номма ном ошкор этилиб, жазоланиши лозим.
Улардан ташқари ҳали биз билмаган қанчадан қанча ном нишонсиз йўқолган оддий одамлар бор бу дунёда…
18.
Швецияда истиқомат қилувчи Башорат Эшова неча йиллардан бўён қамоқда бедарак йўқолган ўғли Улуғбек ҳажрида куйиб яшайди.
Шўрлик онаизор ўз ўғлининг бу дунёда бор ё йўқлигини билолмай доғда. Унинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига ёзган ариза ва шикоятлари то ҳануз бежавоб қолмоқда.
«Дунё ўзбеклари»да «Башорат опанинг изтироблари» номли мақола эълон қилинган. Унда узоқ йиллардан бўён муҳожиротда фарзанд доғида куйиб юрган онаизорнинг хижронзада дил нолалари баён этилган…
19.
Демак, Абдулла Ўтаев — 26 йил, Улуғбек Эшов — 25 йил, Абдували қори Мирзаев — 23 йил, Хусниддин Назаров — 13 йилдан бўён дом дараксиз йўқолган.
Булар қаторига Улуғбек билан бирга қамалиб, то ҳануз бедарак йўқолган Абдуллаев Шукур, Аскаров Музаффар, Андасбаев Шухратларни ҳам бемалол киритш мумкин.
Ҳали биз билмаган ва бу рўйхатга киритилмаган, Каримов даврида турли баҳонаи сабаб билан бедарак йўқолганларнинг аниқ ҳисоб китобини билиш учун — биз бу мақолани ёзишга қарор қилдик.
Мана шунинг учун ҳам Каримов даври қатағонлари ҳақида қайта ва қайта ёзишимиз, узоқ йиллардан бўён ном нишонсиз йўқолган ватандошларимиз тақдирига ойдинлик киритишимиз лозим.
Токи бу қора ва қўрқинчли давр шўрлик ўзбек халқи қисматида ортиқ такрорланмасин…
(Бедарак йўқолганлар рўйхатини Сиз азиз ўқувчилар давом эттирасиз деган умиддамиз)
Давоми бор…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
20 декабрь, 2018 йил, Торонто шаҳри, Канада…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус