Ўзбек ирригаторларининг отаси – 80 ёшда!
Илгари хабар қилганимиздек, 10 январь куни ўзбек ирригаторларининг отаси деб тан олинган Нажим Раҳимович Ҳамроев 80 ёшга тўлди!
80 ёш! Айтишга осон, лекин яшаб ўтиш ниҳоятда қийин бўлган машаққатли ва шарафли умр!
Бу эъзозга етиш кимларгидир насиб этади, кимларгадир – йўқ! Қолаверса, бу киши ҳаётининг энг сўнгги ва охирги бекати ҳам бўлиши мумкин.
Агар бу муборак ва қутлуғ ёшни нишонлаётган инсон эл назарига тушган ва унинг ардоғига муяссар бўлган зот бўлса-чи? Бутун умрини шу халқ учун фидо этган қаҳрамон бўлса-чи?
Хўш, шундай бўлса-ю, лекин шу халқ манфаатларини ифода этувчи – давлат ва у ишонган ҳукумат бу одамни шу қутлуғ ёшида ҳам беэтибор қолдирса-чи? Унда нима бўлади?
Бугун ўз умрининг эллигинчи саҳифаларини эндигина варақлай бошлаган менинг авлодим Нажим Ҳамроевни кўрмаган ва танимаган бўлиши мумкин.
Лекин бу афсонавий инсонни эшитмаган бўлиши мумкин эмас!
Шонли йўл
Нажим Ҳамроев 50 йилларнинг охирида Бухоро ижроқўмида ўринбосар бўлган экан. Бундан олдин облводхозда оддий инженер бўлган. Олтмишинчи йилларда Аму-Бухоро каналига раҳбарлик қилган.
У Аму дарёсини буриб биринчи марта Бухорога ва у орқали Навоийга сув тўла катта канал олиб келган. 250-280 километр узунликдаги бу канал Бухоро ва Навоийни сув билан тахминлаган. Негаки, Зарафшон суви бу ёқларга етиб келмасди. Зарафшон суви Самарқандда қолган…
Хуллас, Нажим Ҳамроев биринчи бўлиб Бухоро қа Қизилқумга сув олиб келган. Сўнг Москвада ўқиган.
Аму-Бухоро каналини қуришдаги жонбозлиги ва фидойилиги билан Шароф Рашидов назарига тушган. Сўнг “Ўзглавводстрой”га вазир этиб тайинланган.
Ўша пайтларда бу вазирлик давлат қўмитаси деб аталарди. Бу қўмитани Ҳамроев етмишинчи йилнинг ўрталарига қадар бошқарган.
Бошқарма имконияти ва фаолиятини тўла тасаввур қилиш учун бу соҳада 300 000 кишидан ортиқ мутахассис ва инженер техник ходимлар фаолият олиб борганини эслаш кифоя бўлса керак.
Шахсан Шароф Рашидов тавсияси билан тўртта республика раҳбарлари розилигига кўра Ўрта Осий Қўриқ ерларини ўзлаштириш бош бошқармаси ( “ГлавСредазирсовхозстрой”) га раҳбар этиб тайинланган Нажим Раҳимович Хамроевнинг 80 йиллик юбилейи 10 январь куни Тошкентнинг бир чеккасидаги мўжазгина тўйхонада камтарона нишонланди. На музика, на ашула, ҳеч нарса бўлмади. Аниқроғи ҳеч нарса кўнгилга сиғмасди…
Таркибида “Каршистрой” ва “Жиззахстрой” каби улкан қурилиш трестларининг 140 тасини бирлаштирган бу қудратли Бошқарманинг олдинги раҳбари Саркисов Акоп Абрамович ўз кабинетидан туриб КПСС Марказий Комитетининг биринчи секретари Никита Сергеевич Хрушев билан бемалол гаплаша олган, ҳукумат бошлиғи Алексей Косигин билан аскиялашган дейишади.
Акоп Абрамович вафот этганидан сўнг шахсан Шароф Рашидов тавсияси билан бу лавозимга тайинланган Нажим Хамроевнинг бугунги юбилейи ҳақида батафсил ахборотни мухбиримиз унинг тантаналарида иштирок этиб қайтганидан сўнг эълон қиламиз деб Сиз азиз ўқувчиларимизга ваъда бериб қўйган эдик.
Ваъда бериб қўйган эдиг-у, лекин уни бажариш бунчалар оғир бўлишини билмаган, аниқроғи, тасаввур қилмаган эдик.
Йўқ, у ерга кириш ва юбилей тафсилотларини билиш бизга қийнчилик туғдиргани йўқ. Асло!
Юбилей ҳақидаги маълумот ва ахборотларни, маҳзун мулоҳазаларни Сизга етказиш ниҳоятда қийин бўлди биз учун…
Бир ҳафтадан бўён не-не мақола-ю, матнларни ярим соатда юмалоқ ёстиқ қилиб ташлайдиган одам ҳеч нарсани ёза олмадик… Аниқроғи, ёзиш жуда қийин кечди бу мақолани…
Ҳукумат назаридан четда қолган юбилей…
Нажим Ҳамроевнинг 80 йиллик юбилейи Юнусобод районининг Бодомзор маҳалласида янги очилган “Зеби зар” ресторанида кундузи дўсту биродарлар иштирокида, кечқурун эса тор оила доирасида камтарона нишонланди.
Биз Сиз азиз ўқувчиларимизга кундузги тадбир тафсилотини баҳоли қудрат етказишга ҳаракат қиламиз.
Зиёфат давра суҳбати тарзида олиб борилди. Биринчи бўлиб узоқ йиллар Нажим Ҳамроевнинг асосий ўринбосарларидан бири бўлган, сўнг Бухоро вилоятини кўп йиллар бошқарган Ёдгоров Дамир Солиҳович сўз олди.
Умуман, Ҳамроевнинг ўринбосарлари жуда кўп бўлган. Ўн битта ё ўн иккита ўринбосар бўлган. Нега дейсизми? Негаки, бу Бошқарма тўртта республика территориясини қамраб олган. Унинг қарамоғида “Голодностепстрой”, “Жиззахстепстрой”, “Каршистепстрой” “Хоразмирстрой”, “Қарақалпоқирстрой” каби бутун СССРга донғи кетган 500 га яқин Бошқарма ва қурилиш мажмуалари, Аграсаноат Бирлашмалари мавжуд бўлган.
Нажим Ҳамроев раҳбарлик қилган йилларда янги ерлар вазига яна 167 та совхоз очилган, шунча марказий қўрғонча (посёлкалар) қурилган.
Жиззахлик истеъдодли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов асли Барлос қишлоғида туғилган. Лекин у ҳозир истиқомат қилаётган Бўстон шаҳарчаси “Жиззахстепстрой” туфайли барпо этилган ўнлаб турар жой бинолари ва посёлкаларининг маркази ҳисобланади…
Бошқарманинг 4 млд сўм бюджети бўлган. Шу бюджетнинг тенг ярми, тасаввур қилинг, Ўзбекистонга берилган. Агар унинг раҳбари бошқа республикадан бўлганида эди, албатта бюджетнинг тенг ярми бизга берилмасди.
Нажим Ҳамроев раҳбарлик қилган бу афсонавий ва улкан Бошқарманинг бюджети Ўзбекистоннинг бюджетидан икки ярим баравар кўп бўлган.
Мирзачўлнинг ўзига 4 марта Хрушев ва икки марта Брежнев, Жиззах чўлларига Косигин ҳам келганини ўша даврни яхши билган ота боболаримиз ҳануз эслаб юришади.
Нажим Ҳамроев ишлаган йилларда чўл зоналари 9 миллион тонна пахта берган. 10 000 гектар сувли ерга эга бўлган. Миллион-миллион тонна сабзавот етиштирган. Сўнгги йилларда чўл зоналарида чорвачилик ҳам гуркираб ўсган.
Нима учун Нажим Ҳамроевнинг ўринбосарлари кўп бўлганини энди тушунгандирсиз…
Лекин “биринчи ўринбосар”лар иккита бўлган. Бири – Дамир Ёдгоров, иккинчиси – Эркин Турсунов.
Эркин Турсунов ҳам узоқ йиллар Жиззах обкомига бошчилик қилди. Сўнг вилоят ҳокими бўлди. Лекин яқинда бу ажойиб инсоннинг ҳам ҳаётдан кўз юмганини эшитдик…
Ҳа, алам қиладигани шуки, биз бу авлодни ҳадемай тополмай қоламиз. Уларни тириклигида қадрлашимиз керак.
Лекин Нажим Ҳамроевнинг 80 йиллик юбилейи ҳақида, минг афсуски, бундай дея олмаймиз…
Виктор Хайдуров ва Тўхтамиш Боймиров нутқи…
Дамир Солиҳовичдан сўнг узоқ йиллар Сирдарёнинг “биринчиси” бўлган Виктор Алексеевич Хайдуров сўз олди. У ўз нутқида Нажим Ҳамроев Бухорода туғилган бўлса- да, лекин биз уни Мирзачўлнинг фарзанди деймиз, деди.
У ўз хизмат вазифаси давомида тўртта республикада жами бир ярим миллион гектар ер очиб, ўзлаштирган. Шунинг учун ҳам у ҳақли равишда беш республика – Ўзбекистон, Қозоғизстон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россиянинг фахрий фуқароси унвонига сазовор бўлган…
Сўнгра Ленин ва Давлат мунофотлари лауреати, узоқ йиллар аввал Жизах обкомига биринчи секретарь бўлган, сўнг “Ўзглавводстрой”га вазирлик қилган Тўхтамиш Боймиров сўзлади.
“Биз бу кишини Наполеонга қиёслаймиз”, – деди Тўхтамиш ака ўз нутқида. “Лекин Напалеон шон-шуҳратни босқинчилик, қирғин-барот ва вайронагарчиликлар билан олган. Нажим Ҳамроев эса ободончилик ва бунёдкорлик билан олди. Фақат у кишига Наполеоннинг бошига киядагина машҳур шляпаси билан халати етишмасди. Биз бугун шуларни олиб келдик!” – деб Тўхтамиш ака Нажим Ҳамроев елкасига Амир Олимхонлар киядиган зарҳал чопон ёпиб, бошига чуст дўпписини кийдирди…
“Ўзбекбирлашув”ни 30 йил бошқарган Мадамин Хасанов…
Юбилейда иштирок этган собиқ савдо вазири Мадамин Хасанов ҳақида менга қизиқ бир нарсани ҳикоя қилиб беришди. Айтишларича, бир пайтлар у кишининг қўлида бош ошпаз бўлиб ишлаган Мираброр Усмонов то ҳозирга қадар Мадамин акадан аҳвол сўраб, ҳолидан хабар олиб тураркан. “Конверти ҳам борми бу хабар олишларнинг” деб берилган ҳазил аралаш саволга у киши “Ҳа, рости конверти ҳам бор!” деб жавоб қилган эканлар…
Мен Мираброр Усмоновни яхши танийман, ҳурмат қиламан. Ҳурмат қилишимнинг сабаби шуки, 1994 йилларда пул Ўзбекистонда эндигина алмашаётган талотўп пайтларда у киши менга оила эҳтиёжига зарур бўлган баъзи рўзғорбоп нарсаларни харид қилишда ёрдам бергандилар.
“Оқланмаган ишонч қиссаси”да бу ҳақда батафсиз ёзилгани боис унинг тафсилотларига тўхталиб ўтирмайман.
Халқ орасида Мираброр ака ҳақида ҳам яхши, ҳам ёмон гап кўп. Одамлар у кишини пулдорлигини, Ўзбекистондаги кўплаб уй-жой ва кўчмас мулк соҳиби эканини писанда қилишади. Мен бу гап сўзлар нечоғлик ҳақиқат эканини башорат қилишга ожизман.
Мен у кишининг одамгарчилигини яхши биламан, холос. Мадамин Хасанов каби эл ишончини қозонган кайвони отахонларни то ҳануз “Устоз!” деб ардоқлаётган экан, демак бу Мираброр аканинг иймон ва эътиқодли, меҳр ва оқибатли инсон эканидан далолатдир!
Зотан, Мадамин ака ҳақида гап кетар экан, мен у кишининг ўғиллари Бахтиёр Хасанов билан бир пайтда Москва Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиганимни ҳам айтиб ўтишим керак. Бахтиёрдаги камсуқумлик мени доим ажиб ҳайратларга ошно этиб келган.
Ўша пайтларда унинг отаси министр эди. Лекин у ҳеч қачон амалдорнинг, хусусан каттакон бир республика савдо вазирининг ўғлига ўхшамасди. Ўзини ниҳоятда содда ва самимий тутар, ундаги бу оддийлик бизни ҳайрон қолдирар, шундай ажойиб ва камтар йигит билан танишлигимиздан қалбимизда ажиб бир фахр туярдик…
Нажим Ҳамроевнинг 80 йиллик юбилейида Мадамин ака ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлаганини эшитганимда кўнглимдан беихтиёр ўтган фикрлар эди булар…
Тарихий сурат…
Зиёфат тугаб, кимдир ҳаммани расмга тушишга таклиф қилди. Оқил Салимов, Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов ва Бахтиёр Ҳамидовлар бу пайтда аллақачон даврани тарк этишган эди. Аниқроғи улар зиёфатда кўп ўтиришмади. Рестораннинг бу ёғидан кириб, юбилярга бир кўриниш бериб, нариги ёғидан тезда чиқиб кетишди.
Уларнинг юбилейдаги иштироки Республика раҳбарларига етиб боришидан чўчишган, шекилли…
Бу тарихий сурат – Тошкентдан Канадага то етиб келгунига қадар биз унда акс эттирилган сиймолар билан сизларни таништириб ўтсак.
Суратнинг биринчи қаторида (ўнгдан чапга) Сирдарёнинг “биринчиси” бўлиб ишлаган Хайдуров Виктор Алексеевич, Ўзбекистоннинг собиқ Давлат котиби Раҳим Раджабов, Бухоронинг собиқ раҳбари Дамир Солиҳович Ёдгоров, юбиляр Нажим Ҳамроев, 30 йил “Ўзбекбирлашув” Бошқаруви раиси ва савдо вазири бўлиб ишлаган Мадамин Хасанов, сал кам чорак аср Ўзбекистон Банкининг бошқарувчиси бўлган Шербек Ёқубов, “Ўзглавводстрой”нинг собиқ вазири Тўхтамиш Боймиров, Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Қаюм Ҳаққулов, Қишлоқ хўжалик Академиясининг собиқ Президенти, академик Шавкат Акмалхоновлар акс этган. Бу биринчи қатор.
Орқа қаторда: Ўзбекистон олий таълимининг собиқ вазири, академик Шавкат Алимов, Хоразмнинг собиқ ҳокими Искандар Юсупов, таниқли журналист, “Тошкент оқшоми” ва “Совет Ўзбекистони” газеталари собиқ Бош муҳаррири Шароф Убайдуллаев, ЦК да зам бўлган Иззатулла Негматов, Госпланда биринчи зам, сўнг қайсидир заводда директор бўлган Анвар Маҳмудов, Минводхозда – сув хўжалигида биринчи мовун бўлган Ўриш Ҳамидович Мажидов, Табиатни қўриқлаш қўмитаси собиқ раиси Асҳат Ҳабибуллаев, “Жиззахстепстрой” бошлиғи ва Қашқадарё обкоми секретари бўлган Тошев, “Госплан” раиси ўринбосари бўлган раҳматли Пўлат Носировнинг иниси Бахтиёр Носиров ва бошқалар акс эттирилган…
Журналистлар юбилейга нега келишмади?
Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, техника фанлари доктори, академик Нажим Раҳимович Ҳамраевнинг 80 йиллик юбилейига Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан бирорта ҳам журналист келиб, иштирок этмади.
Ер тагида илон қимирласа биладиган, ҳид олишга жуда уста, воқеа излайдиган журналистлар нега бу оламшумул воқеадан бехабар қолишди?
Ҳамиша ҳукуматнинг қош-қовоғига қараб ўз қаричини ўлчайдиган баъзи Бош муҳаррирлар, журналистлар ўта ҳушёр бўлиб кетишган. Улар яна навбатдаги хато қилишдан қўрқиб юбилейга боришмаган.
Республика миқёсидаги ҳар қандай оддий воқеаларни ҳам назардан қочирмай келаётган бу ҳамкасбларимиз бу оламшумул воқеага негадир кўз юмишган.
“Оч қорним – тинч қулоғим” ёки “Туя кўрдингми – йўқ!”
Ҳолбуки, беш республиканинг фахрий граждани бўлган “машҳур туя” бор бўй басти билан кўриниб турибди…
Миллатимиз фахри бўлган улуғ инсонларнинг қутлуғ ёшида икки оғиз илиқ сўз айтиш журналистлар учун наҳотки лозим бўлмаса?
Айнан шунинг учун ҳам қачонлардир миллион миллион нусхада чиққан нашларнинг бугун атиги беш-ўн минг нусхага тушиб қолганидан ажабланмаслик керак.
Матбуотнинг халқдан ажралиб қолиши шу эмасми?
Наҳотки бугунги мустақил мамлакат матбуотида саксонга кирган шундай улуғ инсон ҳақида бирорта ҳам хабар ва ё оддий бир ахборот бериш мумкин бўлмаса?
Матбуотнингг хизмати ҳам аслида шу эмасмиди? Ё саксонга кириш шунчалик осонми?
Ҳукумат бор-борма, ёз-ёзма демайди. Ҳукуматнинг ўзи мўътабар идора бўлгани билан, у аслида маъжозий бир нарса. Бу ерда кўп нарса журналистларга боғлиқ. Одамда ўз касбига садоқат ва озгина фидойилик бўлса бас бундай пайтларда…
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси нега жим?
Биз бу ерда Ўзбекистон Президентининг республика оммавий ахборот воситалари бўйича Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновни назарда тутяпмиз.
Мен Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни ҳали Ўзбекистон мустақил бўлмаган йилларидаёқ яқиндан билган ва таниган одам сифатида қатьий ишонч ва кафолат бериб айтаманки, бу инсон ўз атрофидаги одамларга бағри кенглиги ва саховатпешалиги, яхшилик ва савоб ишларни қилишдан чарчамаслиги билан алоҳида ажралиб турарди.
Худо бу инсонга ана шундай жўмардликни беқиёс ато этган эди деб мен бугун баралла айта оламан.
Узоққа бормайлик, саксонинчи йилларнинг энг оғир кунларида Қашқадарёга биринчи раҳбар бўлиб борган Ислом Каримов катта-кичик мажлисларда Амир Темур номини алоҳида ҳурмат билан тилга олишдек жасорати билан қашқадарёликларнинг оташин муҳаббатига сазовор бўлган эди.
Кейинчалик, Ўзбекистон раҳбари бўлиб иш бошлаган биринчи кунлариданоқ қутурган йўлбарсдек талвасага тушиб қолган важоҳатли политбюрога қарама қарши бориб, ўзбек халқининг собиқ раҳбари Шароф Рашидовнинг муборак номини оқлаш ва тиклашда ҳам жасорат кўрсатганини бугун нега эсламаслигимиз керак?
Маълум бир пайтларда ўзим гувоҳ бўлган ва Президент мулозимлари билан шахсан иштирок этган икки тадбир худди кечагидек ҳануз ёдимда. Янгийўллик машҳур пахтакор Маҳмуд Исматов юбилейи, Жўра Хоназаровнинг 75 йиллиги Ислом аканинг саъй ҳаракати билан жуда чиройли қилиб нишонланган. Унинг сиёсати шундай эди.
Ёки бўлмаса ўзбек халқининг машҳур фарзандлари Ҳабиб Абдуллаев, Юнус Ражабий юбилейлари тантана билан ўтди. Совет даврида, хусусан Рашидов қораланганда ер билан қориштириб юборилган Зулфия опанинг яна қадрлашанишини эслайлик.
Ёзувчилардан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратларнинг муборак номлари оқланди. Ҳайкаллар қўйилди. Тириклардан Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Тўлипберган Қаипберганов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Юсупов ва Зикир Муҳаммаджоновлар Қаҳрамон бўлишди…
Хайриддин Султонов Президентнинг биз тилга олган бу хайрли ишларини билмайди деб ўйлайсизми? Яхши билади.
Президент бу хайрли ва савобли ишларни давом эттириш керак деб атрофидагиларга айтган. Мен бунга аминман!
Лекин унинг атрофидагилар ҳар бир саксонга кирган одам масаласида давлат раҳбарининг қовоғига қараб ўтиришга одатланиб қолишган шекилли, ўзларидан билиб “халқ томон юз буриш”ни хаёлларига ҳам келтиришмайди…
Нажим Ҳамроевнинг юбилейи давлат раҳбари назаридан четда қолиб, мамлакат миқёсида нишонланмаганига биринчи навбатда Президентнинг атрофидагилар – Хайриддин Султонов ва Шавкат Мирзиёевлар айбдор!
Одамларга эътиборсизликни Президент билан боғлаш адолатдан эмас!
Ўзбекистонда содир бўлаётган бундай ноҳақлик ва адолатсизликларни фақат Ислом Каримов номи билан боғлаш тўғримикан? Қолаверса, унинг бошида оз-мунча ташвиш борми?
Кейинги йилларда Ўзбекистонда қадриятларни тиклаш борасида кўплаб зарворли ва ифтихорли ишлар қилинди. Умуман қора чапланган ўтмишимизни оқлаш, тарихимизни қайта тиклаш, бировлар истайдими йўқми, Ислом Каримов номи бидан боғлиқ. Буни тан олмаслик – адолатсизликдир!
Улуғ ва мўътабар ёшдаги таниқли кишиларнинг ўлигини, тиригини, бир сўз билан айтганда бор йўқлигини давлат раҳбарига билдириб, уни огоҳ этиб туриш, юбилярларни Ислом акага нуқул ёмонлаш ўрнига уларни икки оғиз илиқ сўз билан қутлаб, елкасига арзимас бир чопон ёпиб, Президент атрофида бирлаштириш команданинг вазифаси эмасми?
Кадрлар билан ишлайдиган Бошқарманинг вазифаси нима?
Масалан, Президент идорасининг кадрлар билан ишлайдиган алоҳида маҳкамаси бор. Ҳамма нарсани Президент билмайди ва билишга имкони ҳам йўқ. Буни унинг ёнидагилар айтиши керак. Алоҳида давлат маслаҳатчиси бор. Унинг қўлида қудратли ричаги бор. У ерда адашмасам, ўттиз ё қирқ одам меҳнат қилади. Улар қаерга қарашади? Нега энди ҳамма нарсага Президентдан фармойиш кутиб яшаш керак?
Лекин адолат ҳаққи ҳурмати шуни ҳам тан олиш керакки, кейинги ўн йилликда бу йўлларда, хусусан, кадрлар билан муносабатда айрим узилишлар ва таъбир жойиз бўлса – бузилишларга ҳам йўл қўйилди. Бу – Темир Алимов давридан бошланди!
Ҳозиргача буни ўз ўрнига келтириш осон бўлмаяпти. Аравани издан чиқариш осон. Унга баъзан ҳатто йўлда ётган биргина кичик тош ҳам сабаб бўлиши мумкин. Лекин уни қайта изга солиш учун баъзан катта сайъи-ҳаракат, куч-қудрат ва ирода лозим бўлади.
Бир сўз билан айтганда, бугун Республикадаги кадрлар сиёсатига қайта теран кўз билан назар ташлаш зарурати кун тартибида кўндаланг турганга ўхшайди…
“Шон шараф” ёки “Эл юрт ҳурмати” орденлари кимларга берилиши керак?
Хўш, бу орденлар, хусусан “Эл юрт ҳурмати” орденини нега энди қандайдир ўртамиёна ёзувчи Ўткир Хошимовга бериш мумкин-у, лекин ўзбек халқи тарихида абадул абад ўчмас из қолдирган чўлқувар, бунёдкор ва фидокор инсон, бешта мустақил мамлакатнинг фахрий фуқароси ва меҳмони, миллион-миллион одамларни иш ўрни билан таъминлаган буюк ирригатор Нажим Ҳамроевга бериш мумкин эмас экан?!
Ветеранлар совети қаерда?
Узоқ йиллар республика жамғарма Банк Бошқарувига Раис бўлган Боқиев жаноблари бугун, не тонгки, Ўзбекистон уруш ва меҳнат фахрийлари (ветеранлар) Кенгашининг раиси экан.
Хўш, 80 ёшга кирган Нажим Раҳимович Ҳамроевни у киши танимайди деб ўйлайсизми? Таниганда қандоқ! Лекин юқоридан рухсат олиш керак. Юқорида эса ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлса-чи? Унда нима қилиш керак?
Бу ўша мулозимнинг ўз ўрнига номуносиблигидан, бу лавозимга тасодифан келиб қолганлигидан далолат аслида. У ўз ўринбосарлари билан бошдан оёқ тадбирда иштирок этиши лозим эди.
Уларнинг юбилейга келмаганлиги ҳукуматнинг обрўйига доғ туширди.
Улар борса, гўё ҳукумат ҳам даврага кириб боргандай бўларди. Умрида бир маротаба саксонга кирган табаррук бир инсоннинг боши кўкка етарди…
Майли, республика раҳбарларини қўя турайлик. Маҳаллий ҳукумат раҳбарлари, Тошкент ҳокимияти, туман ҳокимияти бор. Қани улар?
Улар ва булар…
Бугунги Ўзбекистон раҳбарларининг Президентдан бошқаси бир тийинга қиммат: еттита совминнинг раиси ўтди. Хотирлаганда қайси сифатларини хотирлар экан халқимиз.
Мисол учун энг сўнгги ҳукумат раисини олиб кўрайлик: Шавкат Мирзиёев даврида 20 000 дан зиёд завод фабрика йўқ бўлди. Мамлакатда газ, свет энг биринчи муаммога айланди. Бирорта ҳукумат раиси бунақанги шармандали фаолият олиб бормаган. Кўмир, ўтин муаммоси ва ва бошқа майда чуйда нарсаларни айтиб ўтирмасак ҳам бўлади…
Ҳукумат раиси эса бу долзарб масалаларни ҳал қилиш ўрнига кўча ва метроларнинг номини алмаштириш билан банд.
Жанг майдонида ҳалок бўлган одам билан орадан шунча йил ўтиб кетгандан кейин олишиш кимга керак эди?
Тошкент метроларининг бекати Олмазор бўлди нима-ю, Собир Раҳимов бўлди нима?
Ёки рус адабиётининг абадий ва адабий фахри бўлмиш Александр Пушкин, Анна Цветаевалар номини ўзгартириш, Алексей Гагарин қаҳрамонлигидан кўз юмиш кимга ва нимага керак бўлиб қолди?
Бугун одамларни биринчи галда уйининг ёруғ ва иссиқлиги, қорнининг оч ва тўқлиги қизиқтираётганини наҳот ҳукумат раиси билмаса?
Шавкат Мирзиёевнинг бу шармандали фаолияти камлиқ қилгандай, у ҳукумат уйига бошқа йўлдан, Президент “Оқ сарой”га бошқа йўлдан келишар экан.
Бош вазирнинг ойналари қорайтирилган ва зирҳланган, кўп сонли автомашиналар кортежи бугун ҳукумат уйига Бодомзордаги махсус қурилган йўл орқали келаркан.
Шўрлик ўзбек халқига энди шу етмай турган эди. Такаббурликнинг энг чўққига чиққан кўриниши эмасми бу!
Олдинги ҳукумат раҳбарларини одамлар чин дилдан ҳурмат қилишар ва қадрлашар эди. Нормуҳаммад Худойбердиев ҳукумат раиси бўлганида аксар ҳолларда уйига пиёда қатнашини кексалар ҳозиргача айтиб юришади.
Шукрилла Мирсаидов, Мираҳмад Мирқосимов, Абдухошим Мўталов, Ўткир Султоновларнинг ҳеч бири Шавкат Миромонович каби ҳукумат раислигини бу қадар беобрў ва бебурд қилишмаган. Раҳбарларни бу қадар ҳақорат қилиб, қийнашмаган. Халқ қолиб, ўзларига бу қадар катта имтиёз ва имкониятларни бериб қўйишмаган…
Уларнинг ҳеч бири Шавкат Миромонович каби такаббурликка бу қадар берилмаган эди!
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор…
80 йиллик юбилейини ҳукумат миқёсида нишонлаш ҳукуматнинг собиқ ва номдор раиси Худойбердиевга насиб этмади. Усмонхўжаев ҳам 80 га тўлди. Унинг юбилейини ҳам биров билди, биров билмади.
Ҳолбуки, Ислом Каримов Иномжон Бузруковични яхши танирди, у киши раҳбарлигида баҳоли қудрат ҳукумат бўғинларида ишлаган эдилар.
Ислом ака у пайтларда молияга вазир, кейин эса – Госпланга раис бўлганлар.
Айтишларича, Шароф Рашидов Ислом Каримовни янги раҳбарликка тайинларкан, одамларга меҳрибон бўлишни, уларнинг руҳиятига доим эътибор беришини, самарқандликлар таъсирига тушмаслигини қайта ва қайта таъкидлаган эканлар.
Майли, Худойбердиев энди йўқ, Усмонхўжаевнинг раҳбарлик фаолиятига ҳам саволлар кўп эди.
Хўш, Ислом ака бугун яхшими, ёмонми Нажим Ҳамроевнинг 80 йиллик юбилейини давлат ва ҳукумат миқёсмда нишонласа, унга бирорта орден ва ё медал берса, асакаси кетармиди?
Нега Брежнев ёки Рашидов даврида мулозим бўлганларнинг обрў эътибори халқ орасида ҳануз баланд?
Нега Ислом Каримов даври мулозимларига нисбатан эса оддий одамларнинг ҳурмат ва эътибори ниҳоятда суст?
Бунинг сабаб ва илдизлари нимада ва қаерда?
Исмоил Ҳакимович Жўрабеков 1930 йилда туғилган экан. Ислом Каримовдан саккиз ёш катта. Бугун умрининг саксон учинчи қишини қаршилаётган бу одамни кўрганда ҳамма ўрнидан туриб, унга ҳурмат бажо келтиришини менга айтишди.
Ёки Виктор Хайдуров, Мамадамин Хасанов, Нажим Ҳамроев ва Тўхтамиш Боймировларни одамлар кўча куйда кўрганда: “Мен фалончи билан кўришдим!” деб фахрланиб юришаркан.
Нега энди Темур Алимов билан кўришишдан одамлар ўзини олиб қочишади? Эҳтимол шунинг учун ҳам у бугунги юбилейларга келолмаса, келишдан қўрқса не ажаб!
Самолёти борлар ва пиёдалар…
Совет даврида Ўзбекистонда ўз хизмат вазифасига кўра “персональный” самолётига эга бўлган мулозимлар атиги тўрт киши экан: Булар Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов, ҳукумат раиси Нормуҳаммад Худойбердиев, “Қизилқумолтин” корхонаси (Олдин “Мурунтов” ва “Зарафшон” олтин конлари деб юритилган) бошлиғи Зарапетян ва бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Нажим Ҳамроевлар…
“Персональный самолёт” – бу одамларнинг иш ҳажми ва қамровини, қудратини, мансаб креслосини кўрсатадиган бир белги.
Агар шулардан бугун ягона тирик қолгани Нажиб Хамроев бўлса, айтишимиз мумкинки, у бугун ҳам самолётда юргандаги обрўйини пиёда қолганда ҳам сақлаб қола олди.
Мана шу жиҳати билан ҳам бундай одамларнинг иш тажрибасини ўрганиш керак.
Ҳамроевнинг ҳозирги пиёда юрганда – халқ ўртасидаги обрў эътибори “самолётли” давридагидан кам эмаслигининг сири нимада?
Эътибор беринг: халқ ўртасида дедик. Бу ерда ҳукумат берадиган эътибор йўқ, холос. Негадир ҳукумат бундай “обрў” билан кейинги пайтларда ҳисоблашмай қўйди. Бу албатта нотўғри…
Улар билан бугун кўришганлар, ҳамсуҳбат бўлганлар “Мен палончи билан кўришдим!” деб фахрланишларининг боиси нимада?
Хўш, бугунги раҳбарлардан ким билан фахрланиши мумкин оддий одамлар, жафокаш халқимиз?
Ростини айтиш керак, Хамроевларнинг бугунгача қаддининг тик тутиб юришида Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс эди.
Рашидовни қай аҳволга солганди қизил империя. Ислом ака Рашидовни тиклаганда Ўзбекистоннинг қадриятини тиклаётганини ўйлаган бўлса ажаб эмас. Бу бор гап ва буни бугун тан олмасак нотўғри бўлади.
Хўш, энди-чи? Энди нега Хамроевлар унутилди? Нега уларга ўгай кўз билан қараш сиёсати бошланди?
Ё мустақиллик ва мулкдорлик замонида ҳақиқий арбоблар бўлмайдими? Етишиб чиқмайдими? Ҳамманинг кўзи очми шунчалар?
Менинг назаримда Рашидов даврининг кадрлари бўлмиш Хамроевларнинг, эл орасида камбағаллиги достон бўлган Худойбердиевларнинг Хасанов, Хайдуров ва Боймировларнинг ҳаётини у ёки бу камчиликаридан қатьий назар (беайб Парвардигор дейдилар) бугунги авлод ўқиб ўрганиши керак!
Шуларнинг бирортасида ҳатто участка ҳам йўқ экан бугунгача. Улар ҳануз кўп қаватли “дом”ларда туришаркан. Во ажаб!
Ким билади дейсиз, Ўзбекистонга раҳбар бўлса ҳам, бир умр ўзига уй жой қурмаган Шароф Рашидовнинг шахсий ҳаёти ҳам буларга намуна бўлгандир балки….
Бу одамларнинг умр йўлини, ҳаёт ва иш тажрибасини ўрганиш бизга ҳеч қачон зарар қилмайди.
Уларнинг халқ билан мустаҳкам алоқада бўлгани, халқ меҳрида ва ардоғида қолиб келаётгани ва пиёда юрганида ҳам, “самолётдаги” давридагидан кам обрўга эга эмаслигининг ўзи бир мўжиза эмасми? Сир эмасми?
Бугун зирҳланган энг сўнги маркадаги “бронированный Мерседес” ва “Тойёта”ларда, “БМВ” ларда юриб, энг сўнгги “Боинг” самолётларда учган, давру даврон сурган ва сураётган, шу билан халқдан тобора узоқлашиб бораётган кўпгина раҳбар ва раҳбарчаларни креслодан тушган куннинг эртасига биров – ҳамкасблари ёки узоқ яқин қадрдонлари эслармикан?
Уларнинг булардан, буларнинг улардан фарқи мана шу ерда!
Хулоса ўрнида…
Ҳаёт бизгача ҳам бўлган ва биздан кейин ҳам давом этаверади.
Одамзот, шоир айтганидек, бизсиз ҳам бахтга ёр бўлиши, яхши яшаши мумкин экан.
Бугунги кунлар ҳам эрта бир кун ўтмишга айланади, ҳаёт ўз йўлида давом этаверади.
Шунинг учун ҳам эҳтимол улуғ бир шоир буни табиий деб билади ва унга қўшилмасликнинг иложи йўқ:
Ҳайратга тушмасман бу ҳолдан сира,
Дунё бу – қувғинди оҳудай елар.
Дунё бу – энг оддий ҳукмига кўра –
Кимдир туғилади ва кимдир ўлар…
Нажим Ҳамроевдек афсонавий ва фидойи инсонлар эрта бир кун бу фоний дунёни тарк этганларида уларнинг безовта бўлиб чирқираган руҳлари олдида энг биринчи бўлиб биз – журналистлар жавобгар бўламиз
Бугунги ёзганларимиз ана шу жавобгарликни оз бўлсада ҳис қилишга уриниш деб тушунилмоғи керак.
Уларнинг олдидаги бурчдорлик ва қарздорлик ҳиссини тўлалигича, бутун масъулияти билан давлат ва ҳукумат миқёсида ҳам ҳис қилишларини орзу қилиб қолишдан бошқа иложимиз йўқ.
Фақат Нажим акаларга Оллоҳ умр бериб турса, бас…
Исмат Хушев,
Торонто шаҳри, Канада. Январь, 2014 йил.
Суратда: Ўзбекистоннинг биринчи ва сўнгги Давлат котиби Раҳим Ражабов (чапдан биринчи), таниқли журналист Шароф Убайдуллаев (ўнгдан биринчи) ”Главсредазирсовхозстрой” бошлиғи, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, академик Нажим Раҳимович Ҳамроев (ўртада) хонадонида уни 80 ёши билан муборакбод этишмоқда. 2014 – йил.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Мақола эмас, ҳужжатларга асосланган бир капитал асар бўлибди бу материал.
Устоз Нажим акани биз ҳам қутлаймиз муборак 80 ёши билан!
Мен ЎзПИТИ Хоразм филиалига директор бўлишда Нажим аканинг тасдиғидан ўтганман. У пайтда у киши Ўзбекистон қишлоқ хўжалик Фанлар Академияси президенти эдилар.
У мен билан суҳбатлашаётиб: “Институт филиалига фан докторининг директор бўлишини бирнчи кўришим. Кўнглингиз чўкмасин, сизни академик қилиб, катта жойларга раҳбар қиламиз ҳали”, дегандилар.
Тағдирни қаранг…
Офарин сизга Исмат ака! Нишонга бехато ургансиз ва ёзганларингиз токи бугунги кунларда хам ута долзарбдир.
Мана шу утган 2-3 йил орасида вайрон килинган завод ва фабрикалар янада купайди, нохак камалганлар, таланганлар унданда купайди.
Мирзиёев ва командасининг бу килмишларидан бутун халк азият чекмокда ва бу бедодликлар айнан махсус хизматлар кумагида амалга оширилаётгани бугунги кунда хеч кимга сир булмай колди.
АСЛ ХОЛАТДАН ПРЕЗИДЕНТ ОГОХ БУЛИШЛАРИ КЕРАК БУЛГАН ЗАМОН КЕЛДИ, КЕЙИН ЖУДА КЕЧ БУЛАДИ!
6 шарҳ
Qanday ajoyib taqdir. Lekin nega shunday odamlarni Karimov qadriga etmaydi. Men shu narsaga hech tushunmadim.
Har bir maqolasini o`qiganda men bu talantli jurnalistni qayta va qayta kashf etib boraveraman. Dunyo ouzbeklari bugun bizning eng suyukli nashrimiz bo`lib qoldi.
Afsus shunday afsonaviy odam endi oramizda yo`q. Uni tirikligida qadrlamagan hukumat o`lganida qadrlarmidi…
Ismat Hushev qaysi soha haqida yozsaym yaxshi yozadi. Odam hech zerikmay o`qib chiqadi. Boshqalarning yozganlariga bir ko`z yugurtirib, yigishtirib qo`yadi odam, o`qigisi ham kelmay. Bunday jurnalistlar afsuski juda kam, barmoq bilan sanoqli.
Ismat Hushevning bu maqolasi O`zbekiston tarihining ma`lum bir qirrasini yahshi ochib bergan. Qoyil qolmasdan ilojimiz yo`q. Haqiqiy jurnalist mana shunaqa har tomonlama bilima ega va talantli bo`lishi kerak. Rahmat sizga ismatjon. Umringiz uzoq bo`sin. Qo`lingiz dard ko`rmasin. Bahtimizga omon bo`ling. Sizni Olloh asrasin doim.
Академик, герой, ирригатор??? можно написать как он хотел спасать Арал? и про академика Ахмадали Аскарова тоже, как он морочил голову про Арал… или “ажойиб инсонлар” на сайте ВНЕ КРИТИКИ??? А? захидов