• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Рашидовнинг сирли ўлими ва унинг аччиқ сабоқлари ҳақида — ЎзА учун

Дек 26, 2018
1983 йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Шароф Рашидов вафот этган эди…
Ш.Рашидов
ХХ асрдаги энг сирли ўлимлардан бири  бўлмиш Рашидовнинг  кутилмаган вафоти табиий эдими?
Ўзбек криминалистлари зиммасига қолган вазифа…
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Шароф Рашидовнинг ўлими ҳақида шу пайтга қадар мавжуд хабар ва маълумотлар шундай иборатки, у 1983 йилнинг 30 октябрь куни пахта планини республикада биринчи бўлиб бажарган Хоразм вилояти меҳнаткашларини шахсан табриклаш учун воҳага ташриф буюради.
Бу пайтда Леонид Брежнев вафот  этиб, СССР дай қудратли мамлакат махфий хизмат генерали Юрий Андропов қўлига ўтган эди.
Эндигина Хоразмга етиб келган Ўзбекистон раҳбарига Москвадан шошилинч хабар келади: СССР Министрлар Совети раиси  ўринбосари Ҳайдар Алиев Въетнамга бораётиб Тошкентда тўхтаб ўтади. Унинг Сиз билан гаплашадиган ўта махфий гапи бор, у Сиз билан кўришиши шарт…
Замон қалқиб турган бир пайт. Шундоғам кўнгли безовта Шароф Рашидов яна 1000 километр масофани босиб, Тошкентга қайтади.
Тошкент аэропортининг олий мартабали мулозимларга мўлжалланган тинч ва сокин бўлмасида – бир пиёла чой устидаги бу сирли суҳбат тафсилотлари бизга ҳозиргача номаълум.
Лекин тахминларга кўра Алиев Рашидовнинг кўп йиллик содиқ дўсти ва сафдоши бўлгани учун ҳам (ҳар ҳолда мусулмон инсон) Рашидовнинг қулоғига Москвадаги аҳвол хусусида шипшиган бўлиши керак.
Андроповнинг авзойи бузуқ.  Унинг нияти яхши эмас. Уни ҳозир  Ўзбекистондаги умумий муваффақаиятлар эмас, балки  Брежневга садоқатли бўлган республика раҳбарлари (Рашидов – Ўзбекистон, Қўнаев – Қозоғистон, Мазуров – Белоруссия, Романов – Ленинград  ва Шербицкий – Украина) каби  сафдошларининг изини батамом қуритмоқчи, шунга қараб иш тутиш кераккка ўхшайди  деган бўлиши мумкин.
Шу тахмин ҳар ҳолда ҳақиқатга яқин бўлса керак.
Қолаверса, Алиев Андроповнинг собиқ сафдоши ва яқин кишиси сифатида бу гап сўзларни бевосита унинг кўрсатмаси билан ҳам айтган бўлиши мумкин…
(Алиев Въетнамдан қайтаётиб, яна Тошкентда тўхтаб ўтади. Бу гал у Рашидовнинг қабрига гул қўйиш учун тўхтайди…)
Ана шу сирли ва синоатли тунги учрашувдан сўнг Рашидов уйига бормай тўппа тўғри Марказқўмга келади.
Ёрдамчилари Крайнов ва Абдушукуровлар ёрдамида иш столидаги айрим қоғозларни тартибга солган, бир қатор вилоятлар билан телефонда гаплашган,  пахта йиғим теримини жадаллаштириш юзасидан суҳбатлар ўтказган…
Сўнг тарихда биринчи марта ўз кабинетидаги диванда ҳаддан ташқари ҳолдан тойган ҳолда икки соатлар ётиб мизғигани айтилади…
Тонг маҳали  яна қайтиб Хоразмга учиб кетади…
2.
У Хоразм халқини ғалаба билан қутлаш ва яна янги марраларга чорлаш учун бу воҳага ташриф буюрган эди.
Хива райкомининг биринчи секретари, СССР Олий Совети депутати Маткаримов Шароф акага яқин одам бўлган. Мадиёр Худойберганов учаласи ўтирганда Маткаримов айтган экан: “Шароф ака, 6 миллионни сал камайтиришнинг иложи йўқми, ахир  бу фожеа-ку” — деб.
Шунда Рашидов: “Менинг устимдаги можаро фақат шу 6 миллион туфайли.  Лекин бу 6 миллион биз учун қудратли қурол бу, биз шунинг ҳисобидан кун кўраяпмиз. Шу туфайли керак бўлса Москванинг курак тишини ҳам суғуриб оламиз”, – деган экан.
Лекин бу суҳбат Брежнев даврида бўлган суҳбат. Энди замон ўзгарди. Бугун Андропов тахтга келди. Энди 6 миллионнинг олдинги қудратидан асар ҳам қолмади. Чунки унинг қанчаси пахта ва яна қанчаси “приписка” эканини СССР махфий хизмат раҳбари яхши биларди…
Хоразм раҳбарияти ва фаоллари билан учрашув чоғида Рашидов  уларни пландан  ташқари яна 50 минг тонна пахта беришга кўндирмоқчи бўлади.
Шунда Хоразмнинг қарийб йигирма йиллик биринчи котиби бўлиб келаётган Мадиёр Худойберганов бу рақамдан сапчиб тушиб, Рашидовнинг қулоғига: “Шароф ака, Сизнинг сўзингиз биз учун қонун, лекин далада пахта қолмаган…” — деганида унга жавобан Рашидов:  “Қанча берсангиз ҳам майли, лекин бугун шу мажбуриятни қабул қилишингиз керак. Чунки биз барча вилоятлардан оширилган мажбурият илтимос қилмоқчимиз. Токи бу йил ҳам 6 миллионли хирмонимиз ярим йўлда қолмасин” — дейди…
Куни кеча у билан аэропортда гаплашган Алиев СССР Министрлар Совети раиси Косигиннинг ўринбосари, Политбюро аъзоси бўлиш билан бирга,  айни пайтда мамлакат қишлоқ хўжалиги ва пахта тайёрлаш саноатини бевосита назорат қилувчи куратори ҳам эди.
Ким билади дейсиз, у кеча Рашидовга нималар деганини. Пахтани кўпроқ берсанг, жазодан қутулиб қоласан деганми, ё бошқа гап айтганми, бу ёғи бизга қоронғу…
3.
Хоразмдан туриб Рашидов Андропов билан боғланади:
Олти миллион тонна йўлидаги биринчи ғалаба қўлга киритилди. Бизнинг энг шимолий вилоят пахта планини тўлдирди. У қарийб 300 минг тонна пахта берди. Эрта индин Қорақалпоқ ҳам тўлади. Сизнинг юксак ишончингизни албатта оқлаймиз, ишонинг, Юрий Владимирович! ”, – дейди ҳалиям нимадандир умидвор Рашидов.
— Бунинг қанчаси қўшиб ёзилган? – деб сўрайди ўзига хос совуқлик ва ҳиссизлик билан Бош секретарь…
Рашидов анча вақт жим бўлиб қолади…
— Биз буни текшириб кўрамиз (Мы это будем проверять), – дейди  Андропов…
Мен бу савол жавобларни суҳбат чоғи Рашидовнинг ёнида бўлган Мадиёр Худойбергановдан шахсан эшитганман.
Андроповнинг ўша пайтдаги мақсади Рашидовга ўхшаш Брежневнинг илдизларини қўпориш ва унинг тарихдаги ролини йўқотиш эди.
Бундай бемаъни ўч олиш ва гуруҳбозлик  Сталиндан кейин ҳам бўлган. Хрушчевдан кейин ҳам бўлди. Мана энди Брежневга ҳам етиб келган эди…
Рашидов ҳам айнан мана шу мамлакат олий раҳбариятидаги сиёсий ўч олиш ўйинларининг  навбатдаги қурбони бўлаётган эди…
Шундан сўнг Рашидов  вагонларини Қорақалпоққа жўнатиб, ўзи эса дўхтирларининг қаршилига қарамай автомобилда йўлга чиқади.
— Биз уни Шовотга қадар кузатиб қўйдик. Шароф ака  сўнаётган шамдай бўлиб, тобора заифлашиб бораётган эди… – деб хотирлайди Мадиёр Худойберганов…
4.
Эртаси куни Қорақалпоғистонда Шароф Рашидовнинг вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалади…

Рашидов ҳайкали

Ўшанда Шароф Рашидов эндигина 65 ёшда эди.
Агар вафот этмаганида бир ҳафтадан сўнг – 7 ноябрда у 66 га тўларди…
5.
ХХ аср тарихини Ўзбекистонда ўзида намоён этган учта улуғ йўлбошчи бор. Булар – Усмон Юсупов, Шароф Рашидов ва Ислом Каримовлар!
Усмон Юсупов Рашидовни  ўттиз ёшида катта сиёсатга олиб кирди — уни шу навқирон ёшида ўз даври м атбуотининг олий чўққиси саналмиш «Қизил Ўзбекистон» газетасининг Бош муҳаррири этиб тайинлади. Қисқа муддатдан сўнг — 33 ёшида эса Ўзбекистон ССР Республикаси Олий Совети Президиуми раислигига тавсия этиб, уни Сталиннинг тасдиғидан ўтказишга муваффақ бўлди.
Рашидов ҳам ўз навбатида Каримовни министр қилиб кўтарган пайтда Ислом ака ҳали қирққа ҳам кирмаган эди…
Бугун Ўзбекистонда нимаики бунёд этилган бўлса, тарихдагиси — Амир Темур номи билан, ундан кейинги йигирманчи асрдагиси — мана шу учта буюк инсон номи билан боғлиқ.
Усмон Юсупов даврида 52 та канал ва сув омборлари қурилди. Усмон ота ҳақли равишда Ўзбекистонни гуллаб яшнатган ва иқтисодий пойдеворини қурган одам.
Мирзачўл ва Ўрта чўлларни ўзлаштириш ҳам Усмон Юсупов номи билан боғлиқ.
Шароф Рашидов даврида ҳам республикада улкан қурилишлар ва инқилобий ўзгаришлар  бўлди.
Бугун Тошкентда 600 минг хонадон давлат уйларида яшаркан. Шунинг 500 мингги зилзила туфайли ордер олган…
Тошкент метроси, 400 метрлик машҳур телеминора, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, “Халқлар дўстлиги” саройи ва 40 нафардан зиёд  янги кварталлардан иборат  шаҳар ва микрарайонлар – буларнинг бари Шароф Рашидов номи билан боғлиқ.
Ислом Каримов даврига келиб мустақил Ўзбекистон тамомила янги дунёга йўл очди…
6.
Дарвоқе, яна КГБ ҳақида.
Рашидовнинг сирли ўлими биз истаймизми, йўқми Андроповга — КГБ га бориб тақалади.
Рашидов даврида  Ўзбекистон КГБ сини Левон Мелкумов бошқарган. Уни шахсан Шароф аканинг ўзлари бу лавозимга тавсия қилган.
Бунинг тарихи эса жуда узун.
Рашидов Самарқандда обком котиби бўлиб ишлаган йилларда Самарқанднинг энг баланд кланларидан – армани миллатига мансуб шахс обкомнинг омбор мудири, яъни таъминотчиси (управделами) эди.
У Рашидов билан яқин ва ишончли муносабат ўрната олган.  Шу одамнинг тавсияси билан Рашидов Ўзбекистон давлатини бошқарган йилларда бир нечта армани миллатига мансуб кишиларни юқори  лавозимларига олиб чиқди.
Рашидов Ўзбекистонда армани миллатига мансуб кишилар учун жуда катта имкониятлар яратди.
Буни ўз даврида кўплар билмаслиги ҳам мумкин.
Марказий Комитетдаги бир нечта асосий бўлимлар армани миллатига мансуб кишилар қўлида эди.
Ишлар Бошқармаси бошлиғи Турсун Умаровнинг биринчи муовини Григой Аваков бўлган.
Оғир саноат бўлими мудири Сурен Асринянс эди. У кечаги кунга қадар “Узстандарт” бошлиғи бўлиб ишлаб келди.
Рубен Акопович Сафаров идеология мудирининг биринчи ўринбосари эди. Кейинроқ “Правда Востока”нинг Бош муҳаррири бўлди.
Хуллас, Рашидовнинг бағри кенглиги туфайли давлатнинг муҳим идораларида арман диаспораси нуфузли креслоларни эгаллаб туришди.
Ўзбекистонда руслардан кейинги пешқадам ва илғор миллат бўлишди.
Шулардан яна бири Мелкумов эди. У  Самарқандда туғилиб ўсган.
Мелкумов Левон узоқ йиллар КГБнинг биринчи моувини, айни пайтда депутат ҳам эди.
Лекин кейинчалик Шароф ака унинг садоқатсизлигини сезиб, ўзидан ва республикадан узоқлаштирди. Чехословакияга ишга жўнатишга эришди.
Унинг ўрнига Ўзбекистонга КГБ раиси бўлиб Головин келади.
Рашидовнинг сирли ўлими ҳам айнан Головин даврида амалга оширилади…
Москва КГБ сининг қаҳрига учраган Рашидовни Тошкент КГБ сининг дарвозаси олдида кўмдилар.
Ажаб, унинг ҳатто қабри ҳам  КГБ қўриқчиларининг 24 соатлик назорати остида қолди…
7.
ХХ асрда энг мавҳум ўлим топганлардан бири Шароф Рашидов бўлди.
У Ўзбекистон пойтахтидан минг (1000) километр нарида, Хоразм ва Қорақалпоқ пахта далаларини кезиб юрган ва саломатлиги ҳақида бирор кишига шикоят қилмаган бир вазиятда, ярим тундан ошганда (соат 4 дан 25 минутда ўтганда)  ҳаёт билан видолашди…
Унга юрак хуружидан ўлим топди деган диагноз қўйдилар.
Бир кун аввал Шароф Рашидов билан юз кўришиб, унинг оташин нутқини эшитганлар, юзма юз суҳбатлашганлар, бу прогнозга ўша заҳотиёқ чуқур шубҳа билан қараган бўлсалар, кўпни кўрган донишманд инсонлар ҳали ҳануз Рашидовнинг ўз ажали билан ўлганига ишонмайдилар…
Бироқ ҳақиқатни қайд этар бўлсак, Шароф Рашидов заҳарланганлигига шубҳа йўқ.
Буни унинг ёнидаги энг яқин кишилардан шахсан ўзим ҳам эшитганман.
Лекин қулоқдан қулоққа ўтган ва шивирлаб айтилган бу ҳақиқат кенг жамоатчиликка,  ўттиз йилдан ошди ҳамки, ҳали ҳануз айтилмаган ва  расман қайд этилмаган.
Шунга қарамай, бу тахмин  ҳеч ким томонидан ҳали ҳануз рад ҳам этилмаган.
Шароф Рашидов заҳарлангани ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин!
Лекин қачон, қаерда  ва қандай қилиб бу мудҳиш иш  амалга оширилганлиги ҳали ҳануз Андропов бошлиқ КГБнинг энг сирли ва синоатли қилмишларидан бири сифатида тарих саҳифаларида кўмилиб ётибди.
Рашидов ўлими кунларида бу ҳақиқатни текшириб кўриш имкони йўқ эди.
Чунки СССРдек қудратли давлатни КГБнинг собиқ раиси Андропов бошқариб турарди.
Унинг қиличи эндиликда Москва горкомининг биринчи котиби – Гришин, Ленинград обкомининг биринчиси –  Романов ва Қозоғистоннинг биринчиси Кўнаевлар боши узра кўтарилган эди…
Лекин Андропов буларнинг ҳеч биридан Рашидовдан  қутулгандек осонгина қутулолмади…
Жумладан Қозоғистонда  Кўнаевнинг ишдан кетиши — қозоқларнинг инқилобий кўтарилишига олиб келди…
Хуллас, Рашидовнинг  Қорақалпоғистондаги кутилмаган ва сирли ўлими  ҳамон ХХ асрнинг буюк жумбоқларидан бири бўлиб қолмоқда…
Лекин ойни этак билан ёпиб бўлмайди деган буюк ҳақиқат ҳам бор.
Бугунги мустақил Ўзбекистон криминалистлари бу жумбоққа қачондир узил кесил нуқта қўядилар деб умид қиламиз.
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
Торонто шаҳри, Канада

31 октябрь. 2014 йил, Канада

 

Рашидов ва байроқ

рашидов портрети

Брежнев в ташкенте

 

«Дунё ўзбеклари» учун махсус 31 октябрь. 2014 йил, Канада

 

5 шарҳ

  1. Исмат ака тарихимиздаги ресубликамиз раҳбарларидан Ш.Рашидов ва У.Юсуповни тўғри ёритибсиз. Нега Каримовни булар сафига қўшдингиз? Бу одам халқни нафратига учраган фақат ўзини сиёсий ҳокимятда мутлоқ тўриши учунгина яшаган. У 1989–1991 йилларда мустақиллигимизга қарши тўргани ҳеч кимни эсидан чиққани йўқ!

  2. “Бироқ ҳақиқатни қайд этар бўлсак, Шароф Рашидов заҳарланганлигига шубҳа йўқ.
    Буни унинг ёнидаги энг яқин кишилардан шахсан ўзим ҳам эшитганман.”
    Шу туфайли ҳам қабрини КГБ биносини ёнига қўйишади кўз қулоқ бўлиб тўриш учун.

  3. “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевга!
    Халкимизнинг буюк инсонларини хар доим хурмат билан ёдга олиб, уларнинг порлок хотирасини, рухини шод килаётганлигингиз учун бошим ерга теккунича таъзим киламан! Халкимизнинг дилидаги орзуларини руёбга чикараяпсиз.

    Битта аччик хакикатни айтиб утишга мажбурман!

    ШАРОФ РАШИДОВ – РУС БОСКИНЧИЛИГИ ЗАМОНИДА, ХУР ВА ЭРКИН, ТУКИН-СОЧИН ВА БАХТЛИ, ШОД ХУРРАМЛИКДА ЯШАТДИ. ЮРТИМИЗНИ ОЗОД ВА ОБОД, АГРАР МАМЛАКАТГА АЙЛАНТИРДИ.

    ИСЛОМ КАРИМОВ – МУСТАКИЛ ДАВРДА МИЛЛИОНЛАБ ХАЛКИМИЗНИ ВАТАНГАДО, УЗГАЛАР ЭШИГИДА МАРДИКОР, ТУРМА ВА КОНЦЛАГЕРЛАРДА ЧИРИТИШ, БОЙ МАМЛАКАТНИ ХАРОБАГА АЙЛАНТИРДИ ДЕГАН НОМ БИЛАН КОЛАЯПДИ ВА БУ ЖУДА ХАМ АЧИНАРЛИК, КУЗ ЮМИБ БУЛМАЙДИГАН ШАРМАНДАЛИК БИР ХОЛАТДИР.

    ВАКТ УТИШИ БИЛАН ХАЛКИМИЗНИНГ УМИДИ ХАМ СУНИБ БОРМОКДА, ПРЕЗИДЕНТНИНГ ХАБАРЛАРИ ЙУК ДЕГАН ЭРТАК ХАМ НИХОЯСИГА ЕТИБ БУЛДИ. ХАКИКАТНИ АЙТА ОЛАДИГАНЛАРНИ ЙУК КИЛИШ БИЛАН ХАЛК ТУРМУШИНИ ЯХШИЛАБ БУЛМАЙДИ.

    КУЧ ИШЛАТАР ТИЗИМЛАР РАХБАРЛАРИ КАРАТЕЛЛИК ИШЛАРИНИ ТУХТАТИБ, ЯХШИЛИК САРИ ЮЗЛАНИНГИЗЛАР. СИЗЛАР ХАМ ШУ ХАЛК ФАРЗАНДИСИЗКУ!РАШИДОВ ХАЛК ЮРАГИДА ЯШАБ ҚОЛДИ, КАРИМОВ-ЧИ???!!!

  4. Alibek

    Биз фақат орзу қиламиз Шароф бободек Ўзбекистонга давлат бошлиғини. Ислом Карим бутун мамлакатда мозордаги қурқинчли тинчликни ўрнатди. Одамлар худодан қўрқмайди И.Каримдан азройилдан қўрқандек қўрқади. Бундай халқ жуда муносиб, ўз жоҳил ҳукимдорига.

  5. Shayboni

    Ш.Рашидов ўз замонасини инсофли диёнатли Ўзбекистон раҳбари эди. У пайтлари Шароф Рашидовга жуда қийин бўлган чунки Москвада ўтирганлар уни ҳеч қачон ўз ҳолига қўймаган шунда ҳам ўзбек халқини меҳрини қозонди. Каримов бўлса ўз шахсини ўйлаб, худбинлик касалига чалиниб, сиёсий ҳокимятга бир умр ўтириш учун нима нағмалар ўйлаб топмади. Охир оқибат барча имкониятни бой бериб халқни мардикорга айлантирди.

Один комментарий к “Исмат Хушев: Рашидовнинг сирли ўлими ва унинг аччиқ сабоқлари ҳақида — ЎзА учун”
  1. «ХХ аср тарихини Ўзбекистонда ўзида намоён этган учта улуғ йўлбошчи бор. Булар – Усмон Юсупов, Шароф Рашидов ва Ислом Каримовлар!» Инкор қилиб бўлмас ҳақиқат бу!

    «Усмон Юсупов Рашидовни ўттиз ёшида катта сиёсатга олиб кирди» Тарих У.Юсуповнинг тўғри иш қилганини тасдиқлади.

    «Рашидов ҳам ўз навбатида Каримовни министр қилиб кўтарган пайтда Ислом ака ҳали қирққа ҳам кирмаган эди…» Бугунги тарихнинг кўрсатишича, Рашидовнинг камсонли хатоларидан бири ҳам шу бўлса керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *