ИСМАТ ХУШЕВ:
Абдурауф Мақсудий вафот этди
Шоҳга яқин бўлиш – қиличнинг дамига яқин туриш демакдир!
«Ўтганлар ёди» туркумидан
Суратда: Абдурауф Мақсудий (чапдан учинчи), Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Саид Аҳмад ва Эркин Воҳидов (ўнгда), ёзувчи Нурали Қобул ва журналист Исмат Хушевлар Ислом Каримов номидан Туркия Президенти шарафига уюштирилган расмий зиёфатда…
1.
Америкалик таниқли ўзбек тадбиркори, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ қайнотаси Абдурауф Мақсудий Нью Жерси штати (АҚШ) нинг Морристаун шаҳридаги уйида — 2013 йилнинг 13 декабрь куни 81 ёшида вафот этди.
Бу ҳақда «Озодлик» радиоси хабар қилди.
Бугун – якшанба куни унинг жанозаси бўлиб ўтди…
2.
Абдурауф Мақсудий қандай одам эди?
Мусурмон урфу одатига кўра биз бугун унинг яхши томонларини кўпроқ эслаймиз. Аслида ҳам шундай.
Келиб чиқиши асли марғилонлик бўлган Абдурауф Мақсудийнинг ота боболари йигирманчи ва ўттизинчи йилларда – қулоқ сифатида Афғонистон томонларга, у ердан сўнгроқ – Европага бориб қолишган.
Узоқ муддат Афғонистонда яшаган, кейинроқ эса Америка Қўшма Штатларидан қўним топган оддий тижорат соҳиби Абдурауф Мақсудий тўқсонинчи йилларнинг бошида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Ислом Каримов билан қуда-анда тутиниб, катта ва қудратли сиймога айланди…
3.
Абдурауф Мақсудийни мен биринчи маротаба 1991 йил – Президент билан қуда бўлиб, фарзандлари Гулнора ва Мансурнинг тўй оши берилган “Дархон” кафесида кўрган эдим.
Мустақиллик арафасида бўлиб ўтган ва мамлакатнинг биринчи рақамли воқеасига айланган бу довруғли тўйни расмий Тошкент фаоллари – ҳукумат одамлари яхши эсласалар керак.
Ўзбекистоннинг яқинда ҳокимиятга келган янги раҳбари билан қуда бўлиш бахти насиб этган америкалик ўзбек савдогарини кўришга ҳамма иштиёқманд эканлиги табиий эди.
Камтарона ўтган бу тўйга асосан Ислом ака билан Абдурауф Мақсудийнинг қариндошлари, келин ва куёвнинг дўст ва биродарлари таклиф этилган эди.
Тўйнинг ташкилий ишлари асосан Зелемхон Ҳайдаров (Президент девони Ишлар Бошқармаси Бошлиғи) зиммасида бўлиб, тўйга мулозимларни таклиф қилиш ва тўйхонада Президентнинг ёнида кимлар туришини аниқлаш ташкилий ишлар бўлими (бошлиғи Мавлон Умрзоқов) га топширилган эди.
Ўзбекистон мулозимлари – ҳукумат аъзолари, министр ва депутатлар, адабиёт ва санъат вакиллари, Бош муҳаррирлар ва вилоят раҳбарлари асосан наҳорги ошга таклиф этилган эдилар.
Тўйга таклиф этилган 130 нафар Президент девонидагиларнинг таклифномасини тарқатиш Шароф Убайдуллаевга, Вазирлар Маҳкамасидагиларники эса – ўша ерда ишловчи Абдусаид Кўчимовга топширилган эди…
Мен бу воқеаларнинг ичида эдим ва у кунлар тафсилоти шууримда то ҳануз сақланиб қолган.
Қизиқки, Президент ўтказаётган тўй оши – шундоққина Дархондаги кафеда берилди.
Ўша пайтларда Ўзбекистондаги асосий тўйлар шу ерда ўтар, ҳозиргидек бошқа машҳур тўйхоналар қурилмаган эди. Дархонда ош еганлар узоқ вақтга қадар унинг таърифини оғиздан қўймай гапириб юришарди.
Президент Девони ходимлари эса Зелемхон ака уюштирган иккита каттакон “Икарус” автобусида “Дархон”га келган эдилар…
4.
Чамамда куз ойи. Қишнинг қаттиқ келишидан дарак берадиган совуқ ва рутубатли кунлар энди-энди бошланаётган эди.
Тонг ғира-ширасида Ислом ака билан Абдурауф Мақсудий кафе олдида қўлларини кўксиларига қўйиб, тик турганча, меҳмонларни кутиб олишганди.
Абдурауф Мақсудий оқ мовутдан ясалган шоҳона тўн кийиб, белига белбоғ боғлаб олган эди.
Ислом ака эса кўндуз телпак ва бўйи калта дублёнка кийиб, иссиқ жунли шарф ўраб олганлари ҳануз ёдимда.
Бу ерда ҳам одатдагидек, Зелемхон Хайдаров ҳамма нарсага бош-қош эди.
Мақсудий кийган тўнни ҳам аслида Зелемхон ака махсус тайёрлатган эдилар.
У киши аввал Президентга ҳам худди шундай тўн кийишни маслаҳат берган, лекин Ислом ака негадир тўн кийиб, қўл қовуштириб туришни ўзларига эп кўрмай, дублёнка кийишни лозим топгандилар…
Тошкент шаҳри ва вилоятидаги машҳур кишилар – Р.Р.Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Бош директори, академик Мирзаев Маҳмуд Мирзаевич, Чирчиқдаги машҳур колхоз раиси Баҳриддин Рўзиев, Янгийўлдаги «Коммунизм» колхози раиси Маҳмуд Исматов, Тошкент районидаги яна бир машҳур колхоз раиси Искадар Фозилов ва бошқалар Ислом Каримовнинг ёнида қўл қовуштириб турган эдилар…
5.
Биз Абдурауф ака билан яқин ва яхши алоқада эдик. У киши, гарчи Президентнинг қудаси бўлсалар ҳам, ниҳоятда камтар ва камсуқим, дилкаш ва самимий одам эдилар.
Абдурауф ака билан дастлаб Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва Олий Кенгаш депутати, ёзувчи Нурали Қобул орқали танишган эдим.
Бир гал Мавлон ака билан Нурали ака мени ҳам ўзлари билан Абдурауф Мақсудий хонадонига меҳмонга олиб боришди.
Ўшанда Абдурауф ака эндигина Ислом ака билан қуда-анда тутинган бўлиб, “Дўрмон”даги ҳукумат мулозимлари учун ажратилган давлат коттежида истиқомат қилардилар.
Биз борганда хонадонда хизмат қилиб юрган – бошига рўмол ёпинган оддий ва муслима аёлни мен дастлаб уй хизматкори деб ўйлаган эдим. Кейин билсам, у киши Абдурауф Мақсудийнинг оиласи экан.
Президентнинг энг яқин мулозимлари билан унинг қудаси хонадонида меҳмон бўлиб ўтирарканман, кечагина қишлоқдан катта шаҳарга келиб, қисқа фурсатда бу қадар олий тоифа мулозимлар даврасига аралашиб қолганимдан ўзимни ниҳоятда бахтиёр сезардим.
Мен ҳали пошшога ва унинг даврасига яқин бўлмоқ – ўткир қиличнинг дамида юрмоқдек хавфли ва фожеали эканлигини билмасдим…
6.
Кейин Ислом ака Марказқўмнинг уйларидан бирини менга берганларидан кейин, Абдурауф Мақсудийни янги уйга меҳмонга чақирдим.
Нурали Қобул ва яна бир турк биродари билан бирга келишди.
Ўшанда Абдурауф ака оиламга кўп қаватли пардоз андоз қиладиган – хорижда ишлаб чиқарилган жиҳоз билан фарзандларимнинг ҳар бирига катта – катта ўйинчоқ машина ва бошқа қиммат баҳо қўғирчоқлар, турли туман совға-саломлар олиб келган эдилар.
Бугун ўша фарзандларим тақдир тақозоси билан Абдурауф Мақсудийга шундоққина қўшни бўлган Канада давлатида яшашади. Ҳаммаси ўсиб ўлғайди.
Лекин Абдурауф Мақсудий олиб келган ўша совғаларни ҳанузгача болаликнинг ажиб бир меҳри билан эслаб юришади…
7.
Мен Абдурауф ака билан неча маротаба учрашган бўлсам, бирор марта ҳам у кишининг Президентнинг қудасиман деб каттамсираганларини кўрмадим.
Бир гал Нурали ака, оиласи Шаҳодат Исахонова, мен ва оилам Наргиз биргалашиб у кишининг “Дўрмон”даги вилласига меҳмонга борганимизда ўзлари таом пишириб, бизни меҳмон қилганлари ёдимда қолган.
Улар Нурали Қобул билан яқин дўст эдилар. Кейинчалик Нурали ака Бош директор бўлган Чилонзорнинг Қатортолидаги нашриётнинг бир қисмини Мақсудий ижарага олиб, ўша ерда илк бора “Кока кола” ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди.
Кейинчалик у ерда савдо сотиқ маркази очилиб, шакар ва бошқа озиқ овқат маҳсулотлари сотадиган дўконлар ташкил қилиниб, аҳолига ижарага бериладиган бўлди.
Бугун бу воқеаларга ҳам йигирма йил бўлиб қолди.
Бугун ҳам Қатортолдаги ўша бозор одамлар ва савдо сотиқ билан ҳануз гавжум.
Фақат бу ёруғ дунёда – Қатортол савдо мажмуининг асосчиси – Абдурауф ака энди йўқ…
8.
Биринчи маротаба қамалиб чиққанимдан сўнг анча пайтгача ишсиз юрдим.
Бу – ишлаб юрган ва ишга ўрганган одам учун жуда ёмон бўларкан.
Мен йўлимни йўқотиб қўйдим. Илгари – кўрса кўрмаса чопиб, телефон қилиб, менга тинчлик бермай атрофимда парвона бўлиб юрганлар энди мени кўрса, бурилиб кетадиган бўлди.
Айримлари билан кўча куйда дуч келиб қолсам, кўзларидан, қўрқиб ва ҳадиксираб қарашларидан эзилардим.
Ўзимга эмас, уларга раҳмим келарди.
Шунда биринчи маротаба Нурали Қобулнинг “Оллоҳ урган одамдан эмас, пошшо урган одамдан қўрқ” деган гапининг асл маъносини англаб етгандек бўлдим…
Оч қолиш хавфли эмас экан. Тирикчилик синиши хавфли эмас экан.
Одамларнинг муносабати ўзгариши менга ёмон таъсир қилди. Мен таниш билишларни кўрсам энди ўзим улардан қочадиган бўлдим.
Уларни ёмон ва ноқулай аҳволда қолдиришни истамасдим…
9.
Ана шундай нурсиз ва шуурсиз, мағлуб ва ғариб кунларимда зада ва шикаста қалбим мени беихтиёр Абдурауф Мақсудий ҳузурига бошлаб борди.
Меҳр ва муҳаббатсиз қолган озурда қалбим мурувват ва илтифотга зор эди.
Менга доим ғамхўрлик қилган Абдурауф Мақсудийни кўргим, унинг иссиқ меҳрини туйгим келганди.
Аввал бир икки марта бориб, у кишининг олдига киролмай қайтганимни ҳам айтишим керак. Рости, уялганман. Ёрдам сўраб келибди деб ўйламасмикан деб андиша қилганман. Қатортолдан қайтишда ҳатто трамвайга пулим етмагани боис, уйимгача пиёда қатган пайтларим ҳам бўлган.
Одамлар юзини олиб қочган пайтда мен Сизнинг юзингизни кўргим келди, Мақсудий домла.
Оллоҳга минг шукрлар бўлсинки, адашмаган эканман.
Ажаб, ўшанда мен Президентнинг қудасидан – ҳали ҳеч бир таниш ва қадрдонимдан кўрмаган бутунлай бошқача бир лутф кўрдим…
10.
Мақсудий мени худди олдингидек – Бош муҳаррир бўлиб юрган, ҳали қамалмаган шукуҳли кунларимдаги ажиб бир самимий билан кутиб олди.
Қуюқ ҳол аҳвол сўрашгач, нима иш қилаётганимни сўради.
«Менда ҳамма нарса етарли, фақат Сизни бир кўргим келди» – деганимга қарамай, у менинг кўзларимдан ва тушкун ҳолатимдан ҳамма нарсани сезиб турарди.
Сўнг, мен ишсиз эканимни, газета ва журнал редакциялари – яқинига ҳам йўлатмаётганини айтишга мажбур бўлдим.
Сўзларимни диққат билан эшитиб: “Исматжон, қайғурманг!” – деб кўнглимни кўтарди Мақсудий. – “Бу дунёнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Ҳали бу кунларни ҳам кўрмагандай бўлиб кетасиз. Оллоҳ баъзан ўзининг суйган бандаларига ана шундай синовларни бериб туради, сабрли бўлинг, шукр қилинг…”
Сўнг ўзи менга ёрдам таклиф қилди.
Ҳолбуки мен у кишининг олдига ёрдам сўраб эмас, оддий бир меҳр истаб келган эдим. Мени у кишининг меҳри тортган эди.
Оддий бир инсоний меҳрга зор бўлган эдим.
Абдурауф Мақсудий кутилмаганда: «Исматжон, келинг, ёнимда туринг, менга Сиздай ҳалол ва чаққон бир одам керак. Мен савдонинг тижоратини олиб бораман, Сиз сиёсатини олиб борасиз» – деди.
Қаранг, Президентнинг қудаси бўла туриб, шахсан Президент томонидан ҳибс этилган собиқ маҳбусга илтифот кўрсатиши – эзилган ва оёқ ости қилинган юрак бағримни тамомила титратиб юборди…
11.
Мендан ҳаётда ҳеч бир яхшилик кўрмаган олий доирадаги инсоф диёнатли бир одам мени бутунлай бошқа бир дунёга олиб кирди.
Мен у кишининг бу илтифотидан даҳшатга тушдим.
Одамнинг қалби тоза ва ҳалол бўлганидан кейин, бошқаларни ҳам шундай деб ўйларкан-да. Ҳолбуки, мен эндигина ҳибсдан чиққан, “урилган” бир одам эдим, қолаверса савдони мутлақо тушунмасдим. Бу соҳа мен учун тамомила бегона эди.
Кимсан Абдурауф Мақсудийдек Президентнинг қудаси билан бирга ишлаш бу катта гап эканини ҳам яхши билардим. Лекин мен унинг бу таклифини қабул қилолмасдим. Бунинг ўзига хос ва маълум сабаблари бор эди, албатта…
Сўнг, «йўқ» деганимга қарамай, одамлар навбатга туриб, ижарага олаётган савдо дўконлардан бирини менга беришини айтди.
Мен дўконни бошқаролмайман, савдони тушунмайман дедим. “Мен ёнингизда тураман. Озроқ имконингизни тиклаб олинг..” – деди Мақсудий.
Мен катта истиҳола билан такрор ва такрор рад этсам ҳам, у мени қўлтиғимдан кўтариб, ёрдам берди.
Ҳаёт тўлқинлари ичида кўмилиб, ғарқ бўлиб кетишимнинг олдини олди…
12.
Отамдан эшитганим бор эди: Улуғ инсонлар саховати ва меҳру муҳаббати инсоннинг оғир кунида билинади деган.
Шу билан бирга савдогарларининг ҳақиқий илтифоти, ўзбек бойларининг закоти ва бошқа турли яхшиликлар ҳақида ҳам эшитган эдим.
Меҳрибонлик ва меҳр-оқибат кўрсатиш ҳам Абдурауф Мақсудийга ўхшаш асл ўзбек савдогарларнининг қон қонига сингиб кетган – мурувват ва закотнинг бир тури бўлса, не тонг!
13.
Абдурауф Мақсудий ана шундай нозик дидли, юксак маданиятли, савдо соҳасининг ҳақиқий билимдони бўлган саховатпеша бир инсон эди.
Шунинг учун ҳам у – Ўзбекистонда уни билган ва таниган кишилар қалбида – халқ орасида ниҳоятда яхши из ва ёруғ хотира қолдириб кетди.
У ниҳоятда қўли очиқ, ҳотамтой ва саҳоватпеша зот эди.
Ҳатто ўша фирмасида ишлаган кассирлардан ҳам эшитганман. Ўшаларнинг ўзига ҳам ҳар куни чўтал қолдирар экан. «Банкдан оладиганларинг бошқа – бу бошқа» – деб…
У ҳамиша ўз атрофидагиларни рози қилиб ўрганган саховатли инсон эди.
Абдурауф Мақсудийнинг ана шу саҳийлиги ва олийжаноблигини эсласам, Ўзбекистоннинг бугунги ғариб аҳволи ёдимга тушади.
Бугун Ўзбекистонда тижорат мажмуалари, шахсий корхоналар, шахсий ошхоналар ва хуллас шахсий фирмалар – ўзига хос ва ўзига мос қуллик тизимига айлантирилган. Тошкент шаҳридаги юзлаб тижорат дўконлари ва шахсий корхоналарда ишлаётганларнинг асосий қисми қул сифатида ишлатилиб, 15-20 000 сўм атрофидаги кунлик маош – иш ҳақи ҳисобига кун кўришади.
Агар бу иш ҳақининг уч тўрт минг сўми – йўл харажатига чиқиб кетадиган бўлса, ўртача ҳар куни беш (5) АҚШ долларига – камида ўн беш соатдан ишлашга тўғри келади.
Ҳа, бизда бугун шунақа. Биров бу бойвачча қулдорларга нима қилаяпсан демайди. Қонун ишчиларни ҳимоя қилмайди. Қишлоқда эса беш тийин ҳам йўқ…
Бундай қулларча меҳнатни – на меҳнат вазирлиги, на профсоюз ташкилотлари, на ҳокимликлар назорат қилишмайди. Корхона ва фирмаларнинг бир қўлда туриб, бир қўлда бўлгани ва ўша якка ҳоким билан олди берди қилиш – Олий раҳбарият учун қулайроқ.
Қолаверса, бугун Ўзбекистондаги йирик мулкдорлик – аслида ҳукумат ва ҳукумат атрофидаги кучларнинг қўлига ўтган. Шу боис ҳукумат ўз оёғи ва қўлини чопмайди, албатта…
14.
Абдурауф Мақсудий – ҳақиқий ўзбек савдогарининг сўнгги ва ибратли намунаси эди. Муомилада, маданиятда чуқур ўзбекона лутф билан ҳаммани ўзига беихтиёр мафтун этарди.
У Ўзбекистонда савдо соҳасида нимага эришган бўлса, ўзининг очиққўллиги ва саҳийлиги, тадбиркорлиги билан эришган.
У киши ким билан мулоқотда бўлса, ўз муомиласи ва юксак маданияти билан ҳамманинг эҳтиромига сазовор бўларди.
Ўша пайтда Ўзбекистоннинг бўшаб қолган пештахталарини импорт, яъни ғарб озиқ овқат саноати моллари билан тўлдириш ва таъминлаш эвазига катта обрў қозонган.
Мен юксак эҳтиром ва гўзал лутфли Марғилон маданиятини – фақат у кишида кўрганман, холос.
У киши ўзининг гўзал маданияти ва бетакрор лутфи билан – қўпол ва маълум рамкаларга киритилган совет савдо мактабини синдирди.
Ана шундай буюк ва мафтункор бир қудратга эга эди аслида водий маданияти…
15.
Дарвоқе, водий одоби ва хусусан – Марғилон маданияти ҳақида.
Мен студентлик давримда ҳам, мулозимлик йилларимда ҳам Марғилонга кўп борганман.
Раҳматли Неъмат акамнинг ТошМида бирга ўқиган Мадаминжон Тошматов деган курсдош дўсти ҳам Марғилондан эди. Бир гал ТошМида ўқийдиган акамни кўргани Тошкентга келган отам унинг дўстлари даврасида суҳбатлашиб ўтириб, ахлоқ одобини кўриб, айнан Мадаминжонга қарата: «Ўғлим, Сиз Марғилонданмисиз?» деб сўраган экан.
Акамнинг дўстлари, «Қойил, отахон, буни қаердан билдингиз?» деб ҳайратланганларида, отам: «Марғилонликларни жонон суҳбати ва юксак маданиятидан билса бўлади» деб жавоб қилган эканлар…
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
14 декабрь, 2013 йил, Торонто шаҳри, Канада