• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат ХУШЕВ: ШОҲ БИЛАН ШАЙХ ТЎҚНАШУВИ ҚАНДАЙ ЮЗ БЕРГАН ЭДИ? (1-қисм)

Янв 6, 2019
  Исмат ХУШЕВ:
ШОҲ БИЛАН ШАЙХ ТЎҚНАШУВИ ҚАНДАЙ ЮЗ БЕРГАН ЭДИ?
Муқаддима
Азиз ва муҳтарам ўқувчилар, нашримизнинг мухлис ва муштарийлари.
Шайх ҳазратларининг бевақт ўлими муносабати билан эълон қилинган мақоламизнинг дастлабки қисми Ўзбекистонда ва хорижда катта қизиқиш уйғотиб, турли туман шов шув ва баҳсларга сабаб бўлмоқда. 
Биз ушбу мақола чексиз иштиёқ ва катта қизиқиш билан ўқилаётганидан манунмиз, албатта. Буни биринчи навбатда халқимизнинг шайх Ҳазратларининг шахсига бўлган чексиз ҳурмат ва муҳаббатининг рамзи деб биламиз.
Шу билан бирга кўп сонли ўқувчилардан шайх Ҳазратларининг ҳаёти, ижтимоий ва сиёсий   фаолиятига оид  қатор маълумотлар ҳам ёғилиб келаётир. Хусусан, улар –  олдин жуда яхши ва ишончли, айтиш мумкинки – дўстона муносабатда бўлган Шоҳ билан Шайх тўқнашуви аслида нимадан бошлангани деталини батафсилроқ ҳикоя қилишимизни орзиқиб кутишяпти.
Ўша кунларга чуқурроқ назар солсак, тақдир бизни шу тарихий воқеаларнинг тирик шоҳиди бўлишга муяссар этган экан.
Мен барча ижодий ишларимни бир томонга суриб, Шайх ва Шоҳ тўқнашуви аслида нимадан бошлангани ҳақида, Ислом ака билан муфтий Ҳазратларининг муносабатлари аслида қандай бўлгани ва нимадан бузилгани ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилишни ўзимнинг виждоний бурчим деб қабул қилдим…
шайх юзма юз
1. 
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Президент Девони билан бўлгани каби ўша йилларда демократик жараёнлари билан ғоятда юксак эътибор қозонган республика Олий Кенгаш ҳаёти билан  – менинг ҳаётим чамбарчас боғланган эди.
Гарчанд мен ўзим Ўзбекистон халқ депутати бўлиш бахтига муяссар бўлолмаган бўлсам ҳам (Бу ҳақда “Чироқчидаги кўпкари бўлган сайлов ҳақида” номли бобда батафсил ҳикоя қилинган) Ислом ака Ўзбекистон раҳбарлигига келганидан  кейинги ҳаёт йўлим – Олий Кенгаш мажлислари билан  бевосита боғлиқ кечди. 
Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин менинг ҳам тақдиримда кескин ўзгаришлар бошлангани, янги ҳукуматнинг одами сифатида Олий раҳбариятга яқинлашиб кетганим ҳақида “Президент эркасининг хотиралари” китобида батафсил ҳикоя қилинган.
1989 йилнинг 23 июн куни – Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб сайланганидан кўп ўтмай журналист Исмат Хушев Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюроси қарори билан Давлат планлаштириш Қўмитаси (Госплан) нашри –  “Экономика и жизнь” журнали Бош муҳаррири этиб  тайинланади.
Ана шу кундан эътиборан то ишдан урилиб, ҳибсга олинган беш йиллик муддат ичида республика Олий раҳбариятининг –  хусусан, Ўзбекистон Олий Кенгаши мажлисларида қатнашиш менинг хизмат вазифамга кирарди ва мен буни катта бир иштиёқ билан адо этардим.
Бунинг асосий сабаблари эса қуйидагилар эди:
Биринчидан: Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутатлар рўйхатида Чироқчидан номзоди қўйилиб,  ўн кишилик тенгсиз ва беомон курашда сайланмай қолган Исмат Хушев  учун Олий Кенгаш сессияларини битта ҳам қолдирмай ҳаммасида иштирок этиши –  аламзада юрагимга қайсидир маънода юпанч ва малҳам эди.
Иккинчидан: Тарихда республика Президентини сайлаган, Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилган  Олий Кенгашнинг ўша биринчи парламенти ўзидан кейин сайланган  беш парламент ва сенатлардан фарқли ўлароқ ҳақиқий демократик ва ҳур фикрли парламент сифатида шубҳасиз тарихда қолади…
2.
1990 йилда шаклланган Олий Кенгашнинг депутатлик корпуси –  бу мутлақо бошқа олам эди.
Мен ундан кейин “ясалган” ва бугунга қадар Ўзбекистон сиёсий саҳнасига беш маротаба келиб кетган  депутатлик корпуси фаолиятидан ҳам яхшигина хабардорман.  Афсуски, ақалли бир икки депутатни тилга олмаганда кейинги мустақиллик йилларида ясалган қўлбола депутатлар корпуси  халқ ҳаётига деярли кириб боролмади.
Халқ ҳам уларга ўз юрагидан жой бермади. Улар қандай келган бўлсалар худди шундай ҳаёт саҳнасидан ўчиб кетдилар.
Бироқ,  1990 йилги Депутатлик корпуси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур.
Бу – Горбачев даврининг унутилмас йиллари эди. Ўша йилларда шаклланган депутатлик корпуси ўзбек халқининг сиёсий ҳаётида абадий муҳрланиб қолади десам, муболаға бўлмайди.
Бу парламент Ўзбекистон ҳаётида биринчи маротаба Президентни сайлади. Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилди.
Ўзбекистон Олий Совети Президиуми Ислом Каримов даврига келиб Олий Кенгашга айлантирилди. Унинг олдинги ва кейинги раислари Пўлат Ҳабибуллаев, Мирзаолим Иброҳимов, Эркин Халилов, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ва Бош вазирлар Мираҳмад Мирқосимов, Шукрилла Мирсаидов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов, Биринчи ва охирги Давлат Котиби Раҳим Ражабов, Биринчи ва охирги Вице Президент Шукрилла Мирсаидов, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари Шаҳобиддин Зиёмов, Бахтиёр Назаров, Усмон Азимов,  Мавлон Умрзоқов,  Бахтиёр Ғуломов, Алишер Азизхўжаев, Тўхтапўлат Рисқиев, Тимур Алимов, ҳукумат аъзолари, куч ишлатар тизими, прокуратура, суд ва ички ишлар, хуфия хизмати раҳбарлари, давлат қўмитаси ва корпорация бошлиқлари,  министрлар – Содиқжон Йигиталиев, Убайдулла Мингбоев,   Ғулом Алиев, Рустам Иноятов, Бўритош Мустафоев, Зокиржон Алматов, Усмон Чинозович Худойқулов, Муҳаммад Бобир Маликов, Абдусамад Полвонзода, Турсунхон Худойберганов,  Исмоил Жўрабеков, Қаюм Ҳаққулов, Муҳаммаджон Қорабоев, Эркин Самандар, Ўктам Исмоилов, Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов, Пўлат Ҳабибуллаев, Нодирбек Юсупбеков,  Тўхтамиш Боймиров, ака ука Шоғуломовлар, Ганжа Ёқубов, Эркин Ҳайитбоев,  Наим Ғойибов, Оқил Салимов, Шавкат Алимов, Жўра Абдуллаев, Саидаҳрор Ғуломов, Компартия биринчи котиби ва Президентнинг матбуот котиблари Шароф Убайдуллаев, Ирисмат Абдухолиқов,  Шавкат Яҳёев, Мурод Муҳаммад Дўст ва бошқалар ҳамиша шу парламент залларида қўр тўкиб ўтиришган.
Улар орасида ўша даврларда вилоятларга раҳбарлик қилган Алихон Отажонов, Темир Хидиров, Озод Пармонов, Шуҳрат Бегматов, Бахтиёр Ҳамидов, Нуриддин Зайниев (Қашқадарё), Дамир Ёдгоров, Самойиддин Хусенов (Бухоро), Риммажон Худойберганова, Маркс Жуманиёзов, Искандар Юсупов, Ислом Бобожонов (Хоразм), Пўлат Абдураҳмонов, Алишер Мардиев, Баҳриддин Рўзиев, Рустам Холмуродов, Мамаризо Нурмуродов, Ўктам Барноев (Самарқанд), Ботирали Ҳакимов, Бургутали Рапиғалиев, Тўлқин Жабборов, Икромхон Нажмиддинов (Наманган), Қаюм Холмирзаев, Саъдулло Бегалиев, Қобилжон Обидов, Аҳмаджон Усмонов (Андижон), Фозилов (марғилонлик), Мирзажон Исломов, Алишер Отабоев (Фарғона), Ҳаким Бердиев, Жўра Норалиев, Бахтиёр Олимжонов, Тошмирзо Қодиров, Абдулҳаким Эшмуродов (Сурхондарё), Александр Клепиков, О. Айдарқулов,  Ботир Маҳмудов, Ўктам Исмоилов, Равшан Ҳайдаров, (Сирдарё), Эркин Турсунов, Алишер Тошкентбоев, Шавкат Мирзиёев, Убайдулло Ёмонқулов, Маҳмуджон Холбўтаев, Сайфиддин, (Жиззах), Анатолий Ефимов, Ҳаёт Ғаффоров, Ғайбулло Дилов (Навоий) Рустам Шоабдураҳмонов, Адҳам Фозилбеков, Козим Тўлаганов (Тошкент шаҳри), Солижон Мамарасулов, Сайфулло Саидалиев, Мирзамурод Икромов, Баҳриддин Рўзиев, Козим Тўлаганов (Тошкент вилояти), Уббиниёз Аширбеков, Даулетбой Шамшетов, Темур Камолов (Қарақалпоғистон республикаси) каби Олий Кенгаш сессияларида иштирок этган ўнлаб  вилоят ҳокимлари, давлат ва жамоат арбоблари бор бўлиб, бугун биз уларнинг муборак номларини фахр билан тилга олсак, арзийди.
Депутатлар орасида кейинги мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий саҳнасидан тамомила уриб юборилган –  ҳибс ва ҳақоратга, зулм ва жаҳолатга, қувғин ва муҳожиратга  бадарға қилинган  Муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,  Самандар Қўқонов, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Солиҳ, Нурали Қобул, Мурод Жўраев, Жаҳонгир Маматов, Насрулло Саидов, Ойгул Маматова, Абдувоҳид Паттаев, Дадахон Ёқубовлар ҳам бор эди.
Кейинчалик сирли ўлим топиб  бу дунёдан армон билан ўтиб кетган Алижон Қўчқоров, Шовриқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Иномжон Турсунов ва бошқа ўнлаб депутатлар ҳам ўша шонли ва суронли йилларда парламент аъзоси деган улуғ ва муқаддас номга эга эдилар.
Ўзбекистон Олий Кенгашининг биринчи парламенти амалга оширган озод ва демократик жамият қуриш борасидаги  инқилобий ўзгаришлар кўламини бугун бир сўз билан айтиб ўтиш қийин…
3. 
Тўғри, Олий Кенгаш сессиялари залида ёдда қоладиган воқелар кўп бўлди.
500 кишилик депутатлар корпусида Малик Қаюмов, Ориф Алимов, Эркин Воҳидов, академиклар Иброҳимжон Искандаров, Маҳмуд Сирожиддинов, Абдулла Орипов, Шавкат Ўразаев, Антонина Хлебушкина, Маҳмуд Исматов, Бернора Қориева, Шабот Хўжаев, Иброҳим Файзуллаев каби ўнлаб машҳур зотлар, давлат ва жамоат арбоблари, ҳукумат аъзолари, журналистика, адабиёт ва санъат вакиллари бор эди.
Ислом Каримовни Президент қилиб сайлаган ва Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилган биринчи парламент заллари жуда кўп тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган.
Унутилмас еттинчи сессияда Шукрилла Мирсаидовнинг: “Мен тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлмоқни афзал биламан!” деган оташин нутқи, Шуҳрат Туҳфатович Нусратов ирод этган: “Президент КГБ ва СНБ ни ўзига бўйсундириб олди, разведка, контразведка, наружка ва терроризмга қарши кураш Бошқармалари  ўзининг барча техник воситалари билан бир кишининг қўлига бериб қўйилди. Агар бугун бунинг олдини олмасак, эртага бизларни 37 йил кутади. Бугун Шовруқни қамашди, бунинг олди олинмаса – эртага мени, индинига Сизни қамашади!” деган  – хотирамда абадий муҳрланиб қолган чақириғи, Жаҳонгир Маматовнинг Ислом акага қарата айтган: “Бу юрт онангизнинг маҳрига тушганми. Нега мени қувғин қиласиз!” деган дил нидоси, Шовриқ Рўзимуродовнинг: “Ислом ака Қашқадарёда ҳам фақат приписка билан шуғулланиб келди. Бу одамга ишониб бўлмайди!” деган ҳайқириғи, Муҳаммад Солиҳнинг мухолифатга босим ўлароқ ўз депутатлик гувоҳномасини Олий Кенгаш раиси ўтирган Президиумга улоқтириб зални мағрур тарк этиши – буларнинг ҳаммаси шу муборак парламент залида бўлиб ўтган тарихий воқеалар эди.
Мана шу тарихий сессияда ўн олти одам сўзга чиққан бўлса, бирортаси кейинчалик кечирилмади. Уларнинг бир қисми ўлиб қутилди. Қолганлари ҳануз қамоқда ва хорижда…
500 кишилик депутатлар залида қанчалар машҳур арбоблар кўп бўлмасин, улар ичида бир зот бор эди: Сессия залининг энг ўртасида, оппоқ кийимда –  бу олий ва мўҳташам залда бамисоли Хўжайи Хизр ўтирарди. Бу – Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратлари эди.
Бу залда содир бўлган воқеаларнинг қисқа хронологиясини юқорида келтирдик. Лекин шайх Ҳазратларининг Ислом Каримов қасамёдга келтирилганда у кишининг юзига қараб айтган гаплари – бу залда айтилган сўзларнинг энг таъсирлиси, ёдда қоларли ва унутилмаси бўлди.
Мен Олий Мажлис анжумани ўтаётган залнинг  биринчи қаторида – Ислом аканинг энг яқин мулозимлари билан бирга ўтирардим. (Сурат берилади)
Майли, биз шайх ва шоҳнинг бу тарихий ва машҳур тўнашуви тафсилотларига ҳали батафсил тўхталамиз. 
Ҳатто Ислом Каримовни Президент этиб сайлаган сессияда – янги сайланган давлат раҳбари Қурон ва Конститутияга қўл қўйиб, қасамёдга келтириш таклифи ҳам аслида шайх Ҳазратларидан чиққан таклиф эди…
4. 
Ҳа, Ислом Каримов республика раҳбари бўлиб келган йилларда шайх Ҳазратлари билан жуда яқин ва ишончли, айтиш мумкинки, дўстона муносабатда эканликларини алоҳида таъкидлашни истардим.
Уларнинг бу дўстликларининг илдизи – Ислом ака ҳали Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлиб ишлаб турган пайтда, муфтий Ҳазратлари билан Москвада – СССР халқ депутатларининг биринчи съездида иштирок этиб юрга кунлардан бошланган эди.
Не бахтки, тақдир тақозоси билан,  менга ҳам шу улуғ анжуман боис Москвага бориш ва Ўзбекистондан сайланган СССР халқ депутатлари билан мунтазам бирга бўлиш бахти насиб этган эди.
 Москвадаги бу ҳаяжонли ва унутилмас учрашувлар ҳақида ўз хотираларимда – “Подшо эркатойининг саргузаштлари” да баҳоли қудрат ёздим ва ҳикоя қилдим. 
Мен муфтий Ҳазратларини Москвада – СССР халқ депутатлари жойлашган Кремлнинг шундоққина рўпарасидаги “Россия” меҳмонхонасида кўп учратардим. У кишининг кўпинча гоҳ Одил Ёқубов билан, гоҳ Аҳмаджон Мухторов билан, гоҳ Эркин Юсупов билан гурунглашиб туришларини кўрардим.
Лекин адолат ҳаққи ҳурмати – бугун ростини айтишим керак – муфтий Ҳазратлари Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов билан бошқаларга қараганда яқинроқ эдилар.
Ислом ака Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлиб сайланганч, бу яқинлик янада мустаҳкамланди ва амалий тус ола бошлади.
Ҳатто бир гал Ислом ака маслаҳати билан шайх Ҳазратларини Горбачев қабул қилганини ҳам биламан. Сўнг Горбачев шайхни ўзининг Афғонистондаги махсус вакилим деб эълон қилган, алоҳида ваколат берган эди.
Ростини айтганда шайх Ҳазратлари ҳам Горбачевнинг ўша топшириқларини қойил билиб бажарган, хусусан, СССРнинг Афғонистонда қолган ҳарбий асирларини озод қилишда жонбозлик кўрсатиб, катта рол ўйнаган эди…
Хуллас, яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардим –  муфтий Ҳазратларининг ўша пайтда Михаил Горбачевнинг Афғонистондаги махсус вакили  этиб тайинланишида  Ислом Каримовнинг хизматлари борлигини  яхши биламан.
Эҳтимол, шайх Ҳазратларининг ўзлари ҳам бу ҳақда – Москвада ва Ўзбекистонда ўтган ўша унутилмас кунлар ҳақида, хусусан Ислом Каримов билан бўлган муносабатлари ҳақида ўз хотираларини ёзгандирлар ва вақти келиб биз уларни ўқиш бахтига муяссар бўлармиз…
5. 
Майли, Москвадан яна Ўзбекистонга – Олий Кенгаш сессияларига қайтсак.
Президент шайх Ҳазратлари билан шу қадар яқин ва яхши алоқада эдики, у киши ҳар бир сессия олдидан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  билан у ёки бу масалада албатта маслаҳатлашиб олишни одат қилганди.
Айтиш мумкинки, Ислом Каримов  бирор бир сессия олдидан шайх  билан қайсидир ҳолатда маслаҳатлашмаслиги мумкин эмас эди. Сессиядан олдин ва ё танаффус пайтларида Ислом ака атрофга аланглаб, шайх Ҳазратларини излаб қолардилар. Мен бу ҳолни кўп бор кузатганман.
Яна шу нарса хотирамда қолганки, Шайх Ҳазратлари Шоҳ – яъни Ислом ака олдида ҳамиша ўларини  дадил ва мағрур тутарди. Ўша пайтларда ҳам у кишининг феълу атвори ва табиатида хушомадгўйликка мойиллик деярли йўқ эди.
Буни Ислом ака ҳам тўғри қабул қилар, очиқ ойдин, тўғри сўз ва мағрурлиги учун шайхдан мутлақо ранжимасди.
Умуман, ўша пайтдаги – Ислом ака характеридаги ажиб бир ҳолат, оммабоплик ва оддийлик кўпчиликнинг ёдида қолган.
Ўшанда – Ўзбекистон раҳбарлигига янги сайланган кезларда Ислом ака Марказқўм ҳовлисида баъзида унинг ҳузурига иш билан келган арбоблар – Вице Президент Шукрилла Мирсаидов, кейинчалик унинг ўрнини эгаллаган – Давлат Котиби Раҳим Ражабов, партконтроль раиси Шавкат Муҳиддинович Йўлдошев, Тошкент обкомининг биринчи секретари  Солижон Мамарасулов, Тошкент горкомининг биринчи секретари Адҳамбек Фозилбеков, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабековлар билан  ўз уйида юргандай бемалол юрарди.
Уларнинг ортидан эса  кўпинча қўлда аллақандай папка ва ҳужжатлари билан Президент Девони иш Бошқарувчиси Зелемхон Ҳайдаров, Секретариат Бошлиғи Равиль Ваҳобович Абдуқодиров, Президентнинг биринчи ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов, Президент маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовлар соядай эргашиб боришарди. 
Марказқўм ҳовлисидаги сайрда яна бир эшелон бор эдики, бу ёшлардан иборат бўлиб, “Ватан” партияси раиси ва Давлат маслаҳатчиси Усмон Азимов, Ислом Каримовнинг Марказқўм бўйича матбуот котиби Шароф Убайдуллаев, Президент девони бўйича матбуот котиби Ирисмат Абдухоликов, янги тайинланган ёрдамчилари Жаҳонгир Маматов ва Дадахон Ёқубовлар тўданинг ортидан сўнгги эшелонда боришарди.
Мен ҳам одатда кўпинча ана шу охирги эшелонда бўлардим.
Яна шу нарса ёдимда қолганки, Ислом ака ўшанда кийинишга ва ўзига оро беришга унчалик эътибор бермасди, қизиқмасди,  униққан костюмлар кийиб юрарди.  
Ўша воқеаларнинг хотирамда нурланиб қолган энг унутилмас ва гўзал таърифи шуки – Ислом ака Девон ҳовлисидаги чойхонада ўтириб ажиб  кайфият ва иштаҳа билан шашлик – кабоб ейишни яхши кўрардилар.
Мен бир марта уларни ҳатто шайх Ҳазратлари билан бирга ўтириб, чойхўрлик қилганларини ҳам кўрганман…
6.
Мустақиллик йилларининг дастлабки ташкилий даврида Ислом ака ҳатто шайх Ҳазратларини Президент девонига ишга таклиф қилганлари ҳам кўпчиликка аён бўлса керак.
– Менга диний ва маърифий масалаларда Бош маслаҳатчи бўлинг! – деган эдилар Ислом ака ўшанда шайх Ҳазратларига.
Ажаб эмас, бу кенг фикрли ва донишманд инсон кейинчалик  Вице Президент бўлиши ҳам мумкин эди.
Ислом аканинг: “Ёнимда бўлинг , бирга ишлаймиз!”  деган таклифига жавобан шайх Ҳазратлари:  “Ислом ака, ман доимо Сизнинг ёнингиздаман. Лекин бир идорада ўтириб ишлашимиз шарт эмас…”  деб юксак одоб ва маданият билан жавоб қилган эдилар…
Шунда Ислом ака: “Бўлмаса, менга ўзингиз ишонган шогирдларингиздан бирортасини тавсия қилинг”   –  деганида шайх Ҳазратлари машҳур исломшунос олим Убайдулла Уватов номзодини тавсия қиладилар.
Ўзбекистон илм фан аҳли  ва зиёлилари орасида катта обрў эътиборга эга бўлган Убайдулла ака шу тавсия асосида анча йиллар Президент девонидаги масъул лавозимда ишладилар. У кишининг илмий ишлари ҳам, агар адашмасам, Замаҳшарий ижоди ва фаолияти ҳақида эди, шекилли…
Умуман, муфтий Ҳазратлари порлоқ истиқбол тилаб, катта ва ойдин йўлга йўллаган юзлаб дин пешволари,  жамият ва сиёсат арбобларини эслашимиз мумкин. Улар жуда кўп эди ва бугун уларнинг ҳар бири муфтий Ҳазратлари ўлимини ўз яқин ва азиз кишисининг ўлими сифатида қабул қилганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас…
7.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан мен Ўзбекистон Олий Кенгаши сессияларида тез тез учрашиб турардим.
Узун бўйли, кўркам йигит эдилар Ҳазрат. Олий Кенгаш сессияларида ҳамиша оқ салла ва оппоқ кийимда қатнашаркан,  менинг назаримда  Ҳазрат тимсолида ҳукуматнинг мажлислар залида гўё  Хўжа Хизр ўтиргандек туюларди.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сессия йиғилишларида ҳамиша ноибларнинг диққат марказида турарди. У киши ҳеч қачон бўлар бўлмас гап сўзлар учун минбарга талпинмас, ўзини кўз кўз қилишга умуман қизиқмасди. Ҳолбуки, сессия йиғилишларининг аксарияти тўғридан тўғри эфирга узатилар, халқ депутатларининг фаолиятини халқимиз ўз кўзи билан кузатиб туриш имконияга эга эди.
Шайх Ҳазратларини гоҳ қашқадарёлик депутат Шовриқ Рўзимуродов билан, гоҳ Тойиба Тўлаганова, гоҳ Алижон Қўчқоров, гоҳ Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраевлар билан суҳбатлашиб турганини кўриш мумкин эди.
Худди шунингдек у киши ҳукумат мулозимлари билан ҳам худди мухолифат фаоллари каби яқин ва эҳтиромли муносабатда эдилар. Ҳамма Ҳазратни ҳурмат қилар, эҳтиром билдирар, у кишига яқинлигидан қалбида ажиб бир фахр ва ифтихор туярди.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳеч қачон на мухолифат ва на ҳукумат тарафида бўлмаган. У киши ҳамма билан бир ва тенг муносабатда эдилар.
У киши доим Оллоҳ тарафида, адолат ва диёнат ҳимоясида эдилар…
8. 
Энди куни кеча “Озодлик” радиосида устозимиз, таниқли журналист Шароф Убайдуллаев айтган воқеаларга келсак, мен ҳам ўша сессияда иштирок этган ва устоз гувоҳлик берган гап сўзларни шахсан эшитган эдим.
1991 йилнинг декабрь ойи якунида бўлиб ўтган сессия Ислом Каримовни Президент этиб сайлаганидан сўнг  янги сайланган  Президент қасамёдга келтирилди.
Худди кечагидек кўз ўнгимда: Ислом ака ўнг қўлларини Конституция ва Қуронга қўйиб қасамёд қилган эдилар. Залда қарсак садолари янграган, Ўзбекистоннинг кўзга кўринган обрў-эътиборли кишилари сўзга чиқиб, Ислом Каримовни бу юксак ишонч билан муборакбод этган эдилар.
Жумладан, Ўзбекистон халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Конституциявий суд раиси Шавкат Ўразаев ва бошқалар сўзга чиққан ва янги сайланган Президентни олқишлаганлари ёдимда.
Ана шундай олқиш ва мақтовлар оғушида сархуш ўтирган  Президент учун қуёш чарақлаб турган мусаффо осмонда кутилмаганда момоқалдироқ гумбирлагандек бўлди: Олқишлар тугаб, Президент мамнун ўрнидан туриб, икки қўлини кўксига қўйганча ҳаммага таъзим бажо этаркан, бехосдан ҳа, йўқ, бе йўқ,  мажлислар залининг қоқ ўртасидан Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари минбар томон йўл олади.
Хўжа хизрдек оппоқ кийимлари ўзига ярашган шайх Ҳазратлари айтилган барча табрик ва олқишларга қўшилган ҳолда, ўзига хос оғир ва босиқлик билан Ислом аканинг кўзларига тик қараб, ушбу нутқни ирод этган эдилар:
– Муҳтарам Ислом ака! Мен бу ерда айтилган барча табрик ва тилакларга қарши эмасман. Лекин бугунги  муборак кунда Оллоҳнинг бир ўгитини Сизга эслатиб қўйишни ҳам ўзимни бурчим деб биламан. Оллоҳ айтадики, қайси бир шаҳарнинг кўчаларида бирор бир отнинг оёғи ногоҳ бирор  тошга қоқилса, бунинг учун биринчи навбатда подшо жавобгар бўлади. Чунки подшо шаҳар кўчаларидаги тошларни тердириб туриш учун Худо олдида масъулдир…
 9.
Боя зал ўртасидан оппоқ кийимда минбар томон гапириш учун келаётган халқ ноиби – муфтий Ҳазратлари эди. Ушбу нутқни ирод этгач эса у энди депутатлар наздида аллақачон Хўжаи Хизрга айланиб улгурган эди.
Мен бу залда жуда кўп нутқлар эшитган ва жуда кўп таниқли сиймоларни кўрганман. Ўзим ҳам партия съездларида шу минбардан туриб нутқ ирод этганман. Лекин бугунгидай бетакрор ва ўзига оҳанграбодай тортувчи нутқни ҳали эшитмаган эдим.
Мана, ўттиз йилга яқин вақт бўлаяптики,  ундан олдин ҳам, кейин ҳам – бундай тўғри ва одил сўзни раҳбарга қараб ҳали ҳеч ким юзма юз туриб айтолмаган эди.
Муфтининг ушбу кутилмаган “табрик ва огоҳи”дан бутун зал ҳайкалдай қотиб қолгани ҳамон кўз ўнгимда турибди. 
Яна шу нарса ёдимдаки,  муфтий ушбу сўзларига бир қатор изоҳ ҳам бера бошлади. Яъни, шаҳар деганда Оллоҳ мамлакатни назарда тутиши ва кўчалар деганда – жамият ва бу тошлар ҳақидаги ташбеҳлар ҳам оддий тош эмас, балки инсон тақдирида учраб турадиган маломат ва бўҳтон, бало қазо тошлари экани ҳақида чиройли ва мазмунли изоҳ бера бошлади.
Подшо – жамиятни бало қазолардан сақлаш учун худо олдида жавобгар эканлигини подшонинг кўзига тик қараб изоҳлар экан, ўшанда мени ҳайратлантирган энг унутилмас ҳолат – муфтий бу сўзларни  шоҳ олдида ийманиш ёки сесканиш нарида турсин, ҳатто кипригини ҳам қоқмай гапирди…

 

10. 
Бу одамда шунчалар куч ва қудрат, жасорат ва шижоат борлигидан бутун зал унга термулганча маҳлиё бўлиб қолган эди.
Яна бир ажабланарли жойи шундаки, шу пайтгача ҳамду санолардан арслон мисол кўкрак кериб ўтирган Президент муфтийнинг бу огоҳларидан сўнг бир пасда сувга тушган мушукдай мунғайиб қолди.
Мен Ислом акани яхши биладиган одам сифатида шу нарсага амин эдимки, бу мунғайиш вақтинча эди. У рўпарасида турган муфтийни қаеридан ва қандай чанг солишни кузатиб ва кутиб турган арслонга ўхшарди.
Агар арслоннинг ҳамла олдидаги ҳолатини кузатсангиз, у худди шундай бўйни билан ерга ётиб олиб, ўлжасига мунғайиб назар солиб турганини кўриш мумкин. Ислом аканинг ўша куни мунғайиб боқиши ҳам – арслоннинг ўз ўлжасини кузатишига ўхшаб кетарди…
Кўп ўтмай менинг бу кузатишларим ўз исботини топди.
Мен ўша шонли ва суронли кунлар, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётидаги  воқеаларидан яхши хабардор бир инсон сифатида бугун ўз таассуротларимни айтиб ўтсам, ортиқчалик қилмаса керак деб ўйлайман…
(Давоми эртага эълон қилинади)
ҳазрат дўппида
Исмат Хушев, 
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
21 март, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада
18 шарҳ
  1. Памир

    Хурматли Исмат ака мен Хазратни амру-маруфларини интернетда куриб эшитиб сиз гувохлик берганингиз яъни Хазрат “ОЛЛОХ РАХМАТЛИ” хушомадни ва сертаккалуфликни ёктилмаслигини мен хам кунгилдан хис килиб юрардим. Бу кутулмаган таъзия туфайли Хазрат накдар улуг ижтимоий-сиёсий арбоблигини купчилик омма этироф этияпти. Илтимос бу зот борасида муффасл ва объектив тухталинг. Чунки Узбекистонинг яанги тарихи 70 %и сизнинг кулингиз билан яралияпти. Бу жуда катта махсулият ва шараф. Сизга узок умур, омад.

  2. Умуман айтганда жамиятни тараққиёти учун хокимятга муносиб кўчли мўхолифат бўлиши керак, акс ҳолда мувазанат бўзилиб бир ёқламалик, оғишлар бўлиши табий ҳолдир. Биз кўрдик кейинги йигирма йил ичидаги суъний яратилган депутатлар корпусини кулгули ҳолатини. Энди Шайх Муҳаммад Юсуфга келадиган бўлсак бу шахсни бошқалардан фарқи шуки, у киши исломни мукамал биладиган олим бўлиш билан бирга, сиёсатни чўқур биладиган йирик жамоат арбоби ҳам эди. Мана шу туфайли ҳам бу инсони тарихда муносиб ўрни боp. Шунинг учун ҳам Исмат Хушевнинг шайх ҳақида ёзган ҳақиқатлари у кишини бизнинг кўз ўнгимизда яна бир поғона юқорига кўтарди…

  3. Малик

    Хурматли Исмат ака, Сизни макташ эмасу, лекин Сиз тирик якин тарихимиз экансиз. Кандай килиб шунча вокеа-ходисалар, исм-шарифлар едингизда колганига хайрон коламан. Тахлилларингиз хам анча самимий.
    Худо хохласа Узбекистонга борганингизда бу тарихий асарларингизни китоб килиб чикарасиз деган умиддамиз.

  4. jamshid

    katta rahmat ismat aka davomini intizorlik bilan kutib qolamiz. Shayx hazratlarida Alloh ta’olo hammaga ham ato etmaydigan ulug’lik va sharaf bor edi. Lekin sizga ham yaratganning nazari tushgan menimcha. Sizni yozganlaringizni oqiyotganda boshimni ko’tarolmay qolib boshqa ishlar ikkinchi darajaga tushib qoladi. Hech qachon ijoddan to’xtamang.

  5. Ҳар доимгидек ниҳоятда самимий хотиралар… Раҳмат, ИСМАТЖОН! Давомини кутамиз.

  6. Хурматли Исмат ака! Ушбу тарихий ва тахлилий асарингиз жуда самимий булганилиги ва жуда хам мураккаб сир синоатларига эга эканлиги билан алохида ажралиб туради. Эътибор берилса агар, бошланиши ажойиб ва шиддатли булган давлатчилигимиз асосчилари депутатларимизнинг купчилиги жуда ахмокона хатти харакатлари билан жамиятимизни бугунги ахволига олиб келишган. Натижада Ислом Каримов луттвозлар даврасида колибди. Албатта шунча мактовлардан кейин ШАЙХ хазратларининг хакикатларини эшитишни истамайдиларда!

  7. komil
    Исмат ака сизга қойил қолиш керак хаммаси хақида батафсил ва самимий ёзасиз. Давомини интизорлик билан кутиб қоламиз.
    5 шарҳ
    1. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат буюк улома шунинг билан биргаликда, моҳир сиёсатчи эканлигини биз сезиб тўрибмиз. Албатта шайх, мураккаб шарт – шароитда яшаганига қарамасдан, жамиятга улкан хизмат қилишни йўлини ҳам топа билди. Назаримда ўзбек жамиятини виждони бўлган ислом динига, бу шахсчалик хисса қўшган одамни топиш қийин кейинги юз йил ичида.

      • Yo’ldosh

        Otabek Toshev siz oxiri borib Suriyaga borib jihod qilasiz shekilli. Bolalariz ham jihodchi bo’ladi bu ketishizda. Sizga arablarning himoyachisi degan unvon berish kerak

    2. Шароф Убайдуллаевга қойил қолиш керак, виждони буюрган ишни қилган. Бугун бемалол қаддини баланд тутуб юрса арзийди.

    3. Ahmad

      Исмат ака Катта рахмат Аллох рози булсин

    4. Shavkatbek
      Suz bolishi mumkin emas, Ismat aka. Katta imkoniyatli qashqirlar galasi ruparasida turib qurqmasdan bu xaqiqatlarni ommaga aytaolganingiz uchun !! Sharof akaga juda yaxshi tavsir beribsiz, xaqiqatda qadrlashga arzirli ajoyib insonlar. Ming afsus xayotda bunday daxo kishilarga xar zamonlarda xam oson bolmagan!!! Ammo xuddi Shayx Xazratlaridek bekorga yashab utmayabdilar!!! Manimcha eng katta baxt shuni uzi!!!
  1. Алижон

    Зор макола чикибти. Рахмат. Шайхни Аллох Рахматига олсин.
    Аммо, канчадан-канча маколалар, маърузалар, гап сузлар, илтимослар, халкни овози, ноласи-нидоси 5 фоизигина етиб борганда эди, катта узгаришлар булиши турган гап эди. Афсус ундай эмас…

  2. Памир

    Асалому алекум Исмат ака рахмат менинг кунглимдагилар каби изох булибди. Шашкатор куз ёш билан 2 бор укиб чикдим. КАТТАга таклиф хам жуда тугри. Россия муфтиятлар кенгаши у зоти муборакка Ал-фахр нишонини топширган. Бутун Дунё мусулмонлари кегаши у зотга Фазилатли шайх унвонини бергани ва хазрат колдирган ислом динига оид адабиётлар. У зоти муборагни шу кундан эътиборан “Рахматиллоху алах”деб аташади. Исмат ака сиз билан телефон оркали гаплашса буладими. Мен хам сиз тановвул килган козондан тушлик килганман. Ислом акани объективлигига шубхам йук. Лекин у кишини ураб турганлар??? Рости рахмим келади Куллаб кувватлагим келади КАТТАни. Лекин бу жуда
    хатарлик узбекчилик 6 ака-укабиз болачака махалла куйчилик. Хозир мен оилам билан Москва шахрида яшаяпмиз. Юракда рациональ фикир, мулохазалар куп. Менга СМС ташланг Мен узим тел. киламан +9660380974 Карим.

  3. Shavkatbek

    Bravoo,,,boshqa gap yoq.

  4. Alishe.

    ISMAT XUSHEV ning ham hissai bor shaexning surgun qilinishida.

  5. Мухтарам Исмат ака! Узбекистондаги барча бадномликларга ИАК сабабчи. То у кетмас экан – хеч нарса узгармади! Сиз уни кайта сайланишига “карши эмас” эмас, балки карши булинг! Мана шунда туннель да бироз ёруглик курина бошлайди!

  6. Мухлис

    Исмат ака, мен аввалрок бу мавзуда ёзмоқчи бўлган мақолангиздан хавотир олган эдим. Лекин алал-оқибат сизнинг райингиз баракотлирок экан.
    Сизни шу холислигингиз учун ҳам ХАЛҚ хурмат қилади!
    Шоҳларга тик қараб ҳақиқатни гапирадиган, огоҳ этувчи инсонлар ўта кам бўлади, шунинг учун ҳам Оллоҳнинг олдида уларнинг қадри баланд бўлади.
    Бундай хислат эгаларини Оллоҳ юртимизда кўпайтирсин!
    Мақолангиз жуда ибратли! Авлодлар ўқийдиган тарихимиз парчасини қолдирибсиз. Ташаккур. Мухлисингиз.

  7. Хурматли Исмат ака! Катта рахмат сизга, сир синоатларга бироз равшанлик киритиш баробарида Шайх хазратларининг айтолмай колган сузларини олис Канададан булса хам очик айтдингиз, аммо Ислом Каримов кандай тушунадилар бу яна бир жумбок. Лекин сиз эртага отилиши кутилаётган тошларга калкон тутиб булдингиз. Уша тош отадиганлар бугун жим, шу узи галаба. Бугунги рахбарият ва орган ит азобида ишлаяпди деган хаёл голиб булди. Кимдир бу холатга бархам бериши шарт, миллат ва мамлакат такдири хавф остида! Уйлангиз!!

  8. Ахмад мирзо

    Ассаламу алайкум в.б маколада Шайхни мажлисда биргинина шу айтган сузлари сабаб булган дейш менимча тугри эмас.
    Бунданда жиддий сабаб менимча Хазратни урта осио ва козигистон диний идорасини таркатиб юборилишига карши турганлари пойтахтда курилтой утказганлари курилтойда беш республикадан уломолар жамланиб Шайхни кулаб куватлаганлари сабаб булгандир балки??? Бу катта сиёсий ахамятга эга вокиа эди. Бу тарих хам бир кун очилар.

     

  9. 2 шарҳ

    1. Хакикат

      Исмат ака Сизга катта рахмат, жуда укимишли ва якин тарихда булиб утган сирли вокеаларни кизикарли баен килибсиз! Рахматли Шайх хазратлари Билан руй берган сирли вокеалардан барчани огох килиб куплаб савобларга эга булдингиз. Афсуски, ушбу вокеалар булмаганда рахматли Мухаммад Содик Мухаммад Юсуф жаноблари биз мусулмонларни яна канча илмлардан бахраманд килардилар. Афсус……

    2. Мен ўша Каримов қимирлаб турган даврлар (1992-93)да Хоразм вилояти ҳокимлигида маъсул вазифада ишлардим. Айрим нарсалардан менинг ҳам хабарим бор.
      Ўша даврдаги Хоразмнинг имоми Ахмаджон Саидов ҳокимиятга иш билан келганида: “Бу ерда биз ҳам ўтирамиз насиб бўлса”, деганди.
      Таъкидлаб айтай, мен Шайх ҳазратларини ўзимга устоз деб биламан. У киши мен учун энг мўътабар одамлардан ҳисобланади.
      Адолат ҳаққи айтганда, диний идоранинг, ундан кейин М.Умрзоқовнинг ҳаракатлари вилоятларда ҳам маълум эди.

      1 шарҳ

      1. Ассалому алайкум Ҳурматли Исмат ака!
        Сизнинг ушбу ўлмас тарихий асарингиз келажак авлод учун улкан мерос бўлиб қолиши баробарида ўтган тарихимизга ўзгалар томонидан ёлғон маълумотларнинг тиқиштирилишидан сақлайди.
        Ислом Каримов ўз мавқеини ва хокимиятдаги тахтини сақлаб қолиш учун хар ҳил ролларни маҳорат билан ўйнаганлиги,ким билан қайси вақт қандай муомалада бўлиш кераклиги,кимдан қанча вақт фойдаланса бўлишлигини ва яна минглаб от ўйинларнинг бўлиб ўтганлигини бугунги кунларда яшириб бўлмай қолди.
        Бугунги кунда Шавкат Миромонович янги рахбар сифатида Каримовнинг шахсига нисбатан тўғри сиёсат олиб бораяпди.
        Чунки бутун дунё қани нима бўлади экан деб кўз тикиб ўтирибди.
        Ҳрушчёв сингари ёмонлашдан бошласалар эди,давлатимиз бутун дунё кўз олдида шарманда бўлар эди.
        Мард йигит шундай йўл тутади.
        Тарих эса ўз баҳосини адашмай бераверади ва вақт шамоллари керагини қолдириб,керак эмас жойларини учириб кетади.
        Номи неча ўзгарган жойлар бор,оддий бир инсон номига аталган жойлар минг йиллардан буён аталиб келаётган жойлар ҳам бор.
        Шайх жанобларини ҳалқ ва давлат бошига тушадиган фалокатни ич-ичидан сезиб минбарга чиқиб кетганларини ҳам билмай қолганлар.
        Бу факт!!!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *