Исмат Хушев: Осиёнинг буюк раҳбари, ўз Ватанида мададга зорми? Нега?!! (3-якун)
Янв 13, 2019
Исмат Хушев: Президент маърўзасини тинглаб
ОСИЁНИНГ БУЮК РАҲБАРИ, НАЗАРИМДА, ЎЗ ВАТАНИДА ЁРДАМГА МУҲТОЖ КЎРИНАДИ. НЕГА?
Мурожаатдан мурожаатгача ўтган йўл етарлича таҳлил қилиндими? Ким қайси соҳани барбод қилгани айтилдими?
Товуқларнинг ўлгани, қуёнларнинг қирилгани, лимонларнинг иригани, қалампирнинг чиригани ҳам рост. Президент ғоялари ҳокимлар томонидан нега саботаж қилинди, нега амалда қўллаб қувватланмади?
Давлат тадбиркорлар билан қачон соғлом рақобат йўлига ўтади?
Гулдурос қарсаклар ҳар доимо ҳам адолат тарозиси бўла оладими?
27 йил бир жойда депсинишнинг боиси нимада эди? Қарсаклар, қарсаклар, қасаклар, ортидан келмасми афсуслар, афсуслар, афсуслар…
Ўзбекистоннинг машҳур публицистлари нега залда кўринмади? Масалан – Шароф Убайдуллаев! Тўғри ва ҳалол сўз бугун Ўзбекистон учун ортиқча юкми?
Қўғирчоқ парламентга катта ваколатлар берилди. Лекин…
“Чўнтак” партиялар, сунъий мадҳиялар билан Президент ғояларини амалга ошириб бўладими? Ёки сиёсий ислоҳотлар эшигига қулф урилганми?
Ўзбекистон раҳбарининг Парламентга қилган Мурожаати – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…
Якуни — Аввали ўтган сонларда
19.
Мен “Президент эркатойининг хотиралари” номли китобимдан келтирилган бу парча билан Парламент ва Сенат йиғилишлари бугун ҳам худди тўқсонинчи йиллар бошидаги каби жанжал ва тўполонлар билан ўтсин демоқчи эмасман.
Мен бу йиғин ва машваратларда соғлом баҳс ва рақобат бўлиши тарафдориман. Тўполон чиққан жойдан – тинчлик ва тотувликка зиён етади, бу бор гап. Лекин, айни пайтда соғлом ва сиёсий баҳс бўлмаган парламент ва сенатга эга бўлган мамлакатда бир қадам ҳам олға кетиш мумкин эмас. Бу ҳам бор гап ва ундан кўз юмиб бўлмайди.
Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эндигина Президент этиб сайланган Ислом Каримовга қарата одоб билан айтган ўша гапларида нима ёмонлик бор?
Агар Президент ўшанда муфтийнинг бу сўзидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига қасоскорлик ва зулмкорлик билан шуғулланмаганида эди, кейинги 27 йилда юртимизда ҳур фикр ва тўғри сўз айтиш эркинлиги бунчалар таназзулга юз тутмаган бўларди? Шу маънода Парламент ва Сенатнинг мамлакат ижтимоий сиёсий ҳаётидаги ўрни жуда муҳим ва беқиёс.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида парламент ваколатларини кенгайтириш ҳақида гапираркан, айни пайтда уларнинг бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бера олмаётганларини ҳам очиқ ойдин эътироф этиши, уларни курашчан ва яхши маънода – исёнкор бўлишга чорлаши керак эди.
Лекин, афсус, бундай бўлмади…
Бугунги парламент аъзолари ҳам энди ҳақиқий халқ сайловидан ўтиши керак. Шу пайтгача уларнинг ўзи вазир ва ҳокимларга қуллиқ қилиб, кун кўриб келишарди. Энди бунга барҳам бериш керак!
Улар шунга тайёрми?
20.
Биз юқорида Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга қилган нутқи боис, Ўзбекистон давлати шаклланишида муҳим рол ўйнаган, Мустақилликни қўлга киритишда жонбозлик кўрсатган биринчи парламентни эсладик.
Уларнинг тирик ва барҳаётларини излаб топишимиз, ўксик кўнглини кўтариб, ҳурматини бажо қилишимиз лозим. Уларнинг бугунги Мустақил Ўзбекистон олдидаги тарихий хизмати жуда катта ва салмоқли.
Биринчи парламент қурбонларига келсак, уларга ҳайкал ёки ёдгорлик ўрнатишни кун тартибига қўйиш керак. Биринчи Парламентдаги жасорати учун умри хазон бўлган, ҳаёти саробга айланган собиқ депутатларни қачон эслаймиз? Уларнинг бир қисми ҳали ҳануз хорижда — эмигрант, муҳожирликда юрибди. Қолган қисми эса ўз юртида эмигрант — расмий матбуот ва минбарлардан узоқлаштирилган, рўйхатлардан ўчирилган…
Бир пайтлар Тошкентнинг қоқ марказида — Туркистонда Совет ҳокимиятини ўрнатишда босқинчиларга бош бўлиб, жон фидо қилган ўн тўрт комиссар ҳайкали бўларди. Ўша босқинчиларнинг ҳайкалини авайлаб ардоқлаб, етмиш йил бошимизда кўтариб юрдик.
Темир йўл вокзали рўпарасидаги ўша жой ҳануз бўш турибди. Майдон тайёр. Нега шу ерда биринчи парламент аъзоларига ҳайкал қуриш мумкин эмас?!! Ўша ерда уларнинг муборак номларини тошга ўйиб ёзсак нима бўлади? Улар — бугун секин аста тан олина бошлаган зулм ва қабоҳатга қарши бош кўтарган биринчи парламентнинг жасоратли депутатлари эди.
Йигирма етти йилдирки, биз уларни қайтиб на ҳаёт, на сиёсат саҳнасида кўрмадик…
21.
Энди икки оғиз сўз — сиёсий партиялар ҳақида.
Бугунги партиялар — «Чўнтак» партиялар эканини, улар асосан рўйхат, тиниш билишчилик ва гуруҳбозликка асосланиб, амалдаги давлат раҳбари ва унинг сиёсатини мадҳ этишга ихтисослашганини Президент гапирмади. Ҳолбуки гапириши ва уларни жиддий саволга тутиши лозим эди.
«Дунё ўзбеклари»да яқинда «СНБ нинг даюси — ХДП нинг раиси» номли танқидий мақола эълон қилинган эди. Унда Ўзбекистоннинг бош демократи Хотамжон Кетмонов маънавий қиёфаси ва ярамас иш тажрибаси факт ва далиллар билан очиб берилган.
Лекин шу пайтга қадар дунёга машҳур бир сайтда чиққан ва миллионлаб одамлар ўқиган мақолага Ўзбекистон Олий раҳбарияти ва Хотамжон Кетмонов партиядошлари бирор бир шаклда муносабат билдирмадилар. Ё ҳа, ё йўқ демадилар. Бу партиянинг ичида ҳам вазият ниҳоят оғирлигидан далолат эмасми? Токи Кетмонов бор экан, демак улар оғиз очолмайдилар…
Бошқа сиёсий партиялар ҳам бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслигини, улар давр ва замон шитобидан ортда қолаётганларини Президент яхши билади. Энди умри тугаб бораётган бу партияларга раҳми келганидан балки президент муносабат билдирмагандир.
Бир сўз билан айтганда, Каримов даврида урфга айланган булбулигўё ва тўтиқуш депутатларни сайлашни энди бас қилиш керак. Шу маънода 2019 йилги депутатлар сайлови Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёевнинг янги ва адолатли, ҳур ва демократик сиёсатига мос ўтказилиши керак…
22.
Президент 2019 йилни Ўзбекистонда — “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилди.
Бунинг учун энг аввало хорижий инвесторларни Ўзбекистон ўзига ва сўзига ишонтира олиши лозим.
Улар ишониши учун эса кўп нарса керак эмас:
Қонун устиворлиги, Эркин матбуот ва Очиқ жамият — тамом!
Ўзбек матбуоти, ниҳоят, ўзбек халқига астойдил хизмат қилишни бошлаши керак. Интернет тез ва сифатли хизмат кўрсатиши лозим!!!
Бизда эса ҳали бу борада муаммолар талайгина…
23.
Президент Ўзбекистон саноати 27 йилдан бўён бир жойда тепсиниб турганини айтди. Лекин сабабини айтмади.
Бунинг сабаби шуки — саноатни ривожланиш учун мамлакатга ошкоралик керак эди. Бизда эса кейинги 27 йилда ҳур фикрли инсонлар қувғин қилинди. Жамият тамомила ёпиб қўйилди.
Сингапурни Сингапур қилган бош вазир Ли Куан Ю: «Мамлакатда диктатура бошланса барча ақлли кишилар уни тарк эта бошлайди!» деб айтгани каби, бизда ҳам худди шундай бўлди. Онги юксак ва билимдон кишилар юртни тарк этди. Ҳур фикрли ва курашчан инсонлар қувилди. Матбуот ёпилиб, жамият қулф калитли қилинди. Эркин сўз ва ҳур фикр буғиб, ўлдирилди.
Шароф Убайдуллаев, Гулчеҳра Нуруллаева, Мамадали Маҳмудов, Аъло Хўжаев, Сергей Ежков, Исмат Хушев, Карим Баҳриев каби ўз сўзини ҳар қандай вазиятда ҳам айтиши мумкин бўлган ижодкорлар матбуот ва ҳаётдан тамомила четлатилди…
24.
Бу хато бугун тўғриландими?
Бундан ропа роса бир ой муқаддам Тошкентдаги беш минг кишилик анжуманлар саройида кимларни кўрмадим. У ерда ўтирганларнинг 99 фойизи ўзини телеэкрандан кўрсатиш учун борган мулозимлар эди. Улар каерда ўтирганини ҳам, Президент нима деганини ҳам билмайди. Икки кўзи ва хаёли уни тасвирга олаётган телеэкранга ва операторга қадалган.
Ўша куни Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан Президент ўқиган нутқ тарихий нутқ эди. Лекин у ўзбек матбуотида бир лаҳзалик «ура — ура»дан ташқари айтарли жиддий таҳлил қилинмади. На телевиденияда ва на расмий матбуотда ёзувчи ва шоирлар, олимлар ва журналистлар унга етарли эътибор беришмади.
Дунё ўзбеклари, Озодлик ва ББСда айтилган ва эълон қилинган бир иккита таҳлилий мақолани айтмаса — қани таҳлилчилар, қани ёзувчилар қани депутатлар? Айтилган маърўзани озроқ таҳлил қиладиган, агар лозим бўлса танқид ҳам қиладиган таҳлилчилар керак бугун Ўзбекистонга.
Нега улар ҳануз Президент маърўза қиладиган олий анжуманлар саройига киритилмаяпти? Мен таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев ва Мамадали Маҳмудовларни назарда тутяпман. Уларнинг иккалови ҳам яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига 40 йилдан кейин яна қайта тикландилар. Лекин Президент иштирок этадиган анжуманларга ҳозирча фақат урра-уррачи ва мадҳия ўқувчи чапаквозлар таклиф қилинмоқда.
Каримовни ҳам мана шундай қилиб ўзимиз шишириб юбормадикми?!!
25.
Нега Мирзиёев кўтарган жуда кўп масалаларнинг бир қисми хом эканлиги бугун ошкор бўла бошлади? Товуқ боқинг, қуён боқинг, лимон экинг, қалампир экинг деди — барчаси барбод бўлди. Нега?
Каримов даврида раҳбар бўлиб шаклланган ҳокимлар армияси уни қўллаб қувватламади. Ҳолбуки, қишлоқ хўжалигида ҳам, чорвада ҳам, саноатда ҳам давлат чин рақобатчи бўлиши керак. Бизда эса бор товуқ ва жўжа фирмалари ҳам барбод қилинди. Масалан, ўн минг доналаб қуён ва бошқа парранда фермалари бор эди Қашқадарёда.
Совет давридаги қўйчилик ва йилқичилик фермалари, от заводлари қаерга кетди? Ҳар бир районда камида биттадан бўрдоқичилик пункти бўлиши керак. Уларга зоотехник ва ветеренария ёрдами кўрсатилиши лозим.
Шунинг учун ҳам Мирзиёев Президентликка келиб, наслчилик ва уруғчиликка катта эътибор бера бошлади.
Буни энг аввало давлат йўлга қўйиши керак. Давлат чин маънода рақобатчи бўлиши керак…
26.
«Инвестицияларнинг сўнгги мақсади — Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсоннинг ҳаёт даражасини оширишдан иборат», — деб айтган Мирзиёев.
«Инвестиция — иқтисодиёт юраги» эканини таъкидлаб, уни амалга ошириш жуда қийин ва мураккаблигини ҳам алоҳида эътироф этди.
Кадрларни танлашда уларнинг инвестиция билан ишлаш даражаси ва салоҳиятидан келиб чиқиб қарор берилишини маълум қилди.
Вилоят, шаҳар ва район ҳокимларининг бу борадаги дунёқарашини тубдан ўзгартириш кераклигини алоҳида урғулади.
Демак, 2019 йилда Президент ўз фаолиятини Ўзбекистон Олий раҳбариятидан тортиб, ўрта ва қуйи бўғин мулозимлари — кадрларини саралашдан бошлаши керак.
Сир эмас, бугун Президент командасида ҳам, ҳукумат ва ҳокимликларда ҳам инвестиция нима эканини, инвестор кимлигини мутлақо тушунмайдиган мулозимлар талайгина.
Улар олифта ва саркаш лекин пулдор ва сармоядор хорижликлар тугул, оддий ва меҳнаткаш, пулсиз ва камбағал, лекин вафодор ўз халқи билан ҳам тил топишиш ва муомила қилиш маданиятидан тамомила йироқ.
Президент тўғри айтади — раҳбарларнинг фикрлаш қобилияти ва дунёқарашини ўзгартиришдан бошлаш керак ишни…
27.
Бу омонат дунёда ҳеч нарса изсиз йўқолиб кетмайди.
Каримов даврида золим ҳукмдордан мукофот олган маддоҳ шоирлар-у, суллоҳ шарафсизларга яна бир мукофат бор. Бу мазлум ўзбек халқининг қарғиши!
Турк қардошларимизнинг: — жонларимиз бу тупроқлара фидо бўлсин, деган гўзал калимаси бор. Бизнинг Ватан севмоқ ҳар кунги ибодатимиз бўлсин!
Мақолани тугатар эканман ўтган даврда оқимга қарши сузгани, ўзгача фикрлагани учун қарийб 22 йилдан буён ишсиз юрган шоир дўстим Хамроқул Асқарнинг бир шеъри ёдимга тушди:
СОҒЛАНГАЙДУР
Олға томон юролмасмиз,
Йўлларимиз боғлангандир.
Ичимизда ёвуз душман —
Ўч олмоққа чоғлангандир.
Ватанни тинч сақламоққа,
Фидо бўлсин молу жонлар,
Баъзи дўстлар бир четда жим —
Ё, кўзлари ёғлангандир?!
Фитна ила машғул эрур,
Насаби паст мунофиқлар.
Мард дўстларнинг қони қизиб —
Кесаклар ҳам тоғлангандир.
Саройларда семирмоқда,
Ёлғон отлиғ миллат ёви.
Ватан десам кўзларда ёш —
Хаста юрак соғлангайдур.
Ҳамроқул Асқар —
1997 йил, Тошкент.
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА:
Бугунги таҳлилий ва танқидий мақоламни ўқиган ўқувчи мендан бир оз ажабланиши мумкин. Икки йилда асосан мақтаб келиб, энди нечук танқидга ўта бошлади деб.
Тўғри, мен кейинги икки йилдаги глобал ўзгаришларни Ўзбекистонга бориб, ўз кўзим билан кўрдим. Булар ҳақида тўлиб тошиб гапирдим ва ҳикоя қилдим. Лекин мамлакат фақат булардан иборат эмас. Президент Парламентга қилган Мурожаатида — жамиятнинг мен бугун тилга олган ва ҳануз парда ортида қолаётган ўша муаммоларига ҳам бирдек эътибор қаратишини кутган эдим.
Қолаверса, давлат ва ҳукуматнинг сиёсий-ижтимоий-иқтисодий ҳаракати таҳлилида бутун омма баб-баравар қатнашиши керак. Мана, бир ҳафтадирки, Ўзбекистон матбуотида Шавкат Мирзиёев нутқи жиддий таҳлил қилиниш ўрнига, кўкларга кўтариб, кўзни чирт юмиб, мадҳ этилмоқда.
Баландпарвоз нутқлар олдин ҳам бўлган. Бетўхтов маърўзалар эшитиб келдик. Уларда мақтовлар кўп бўлди. Алал оқибат, йигирма етти йил бир жойда депсиниб ўтирганимиз маълум бўлди.
Мирзиёевнинг ҳам маърўзалари шу аҳволга тушиши мукинми? Бунга сира йўл қўймаслигимиз керак. Фақат мақтов билан вазиятни тузатиб бўлмайди. Ҳозир Мирзиёевнинг ҳам кўзини боғлаш бошланди. Унинг атрофида бир қатлам пайдо бўлди. Унга ҳеч ким яқинлаштирилмаяпти.
Масалан, таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев Президент нутқ ирод этган кейинги икки йирик анжуманда ҳам иштирок этмади. Унинг йўлини тўсиб турдилар.
Лекин шунга қарамай, Мирзиёевнинг Конституция қабул қилинган кундаги нутқини дунё матбуотида қойилмақом қилиб шарҳлаган ягона журналист Шароф Убайдуллаев бўлди. Аминманки, ёмон шарҳламади. ББСнинг бийрон журналисти Рустам Қобил билан бу хусусда тенгма тенг баҳс қилди. Ҳолбуки, бизнинг бу холис ва ҳозиржавоб публицистимиз маърўза янграган залга киролгани йўқ. ББСдек довруғли жаҳон ахборот агентлигида бу қадар ишончли ва асосли гапириш учун журналист ўша залдаги одамлар реакциясини ўзи кўзи билан кўриб, Президент маърўзасини ўз қулоғи билан эшитиши керак эмасмиди? Шароф ака ББС мухбирининг ўткир ва наштарли саволларига жавоб бераркан, негадир кўзлари пирпираб турди. Лекин барибир ББС билан теппа тенг баҳслашди. Сал қолди уларни мажақлаб ташлашига…
Президентнинг Парламентга қилган мурожаати тўғридан тўғри эфирга бериларкан, мен олис Канададан туриб зангори экран орқали залда ўтирганлар орасидан Шароф Убайдуллаевни ахтардим ва топмадим.
Залда мудраганлар, эснаганлар, кўз бежо бўлиб, ўзини намойиш қилиш илинжида камера излаганларни кўп кўрдим. Лекин устозим Шароф Убайдуллаевни кўрмадим.
Бугун ўзбек матбуотида чайналиб чайналиб айтилаётган мақтов ва мадҳияларни эшитиб, яна ёқамни ушлайман. Ҳақиқий шарҳ кўрмадим, кўролмадим, эшитолмадим.
Телевизор тўла тўтиқушлар, гаплари бир хил. Собиқ Иттифоқдан қолган усул жонга тегиб кетган эди-ку. Нега яна ўтмишдаги хатоларни такрорлашимиз керак?!
Халққа сингмайдиган, унинг бугунги табиати ва руҳиятига мутлақо яқин келмаган, янги даврни ҳис қилмаган одамлар қайсидир рўйхат асосида гапириб ётибди. Қироат билан бир бирини такрорлаб ётган одамлар мурожаат қадрини пасайтирмоқда. ЎзТВ нинг хатоси бу. У ерда кимлар ўтирибди?!
Бунга чек қўйиш керак! Фақат мақтов билан биз яшай олмаймиз. Таҳлил йўқ. Олдинги нутқлардаги посланияда ҳам бундай эмас эди. Бултурги мурожаатнинг натижаси қани? Ўқиб мушоҳада ва муҳокама қилишимиз керак эмасми?!
Президент Мирзиёевни Осиё тан олди. Лекин Ўзбекистонда унинг йўлини мақтовлар ва мадҳиябозлар тўсаяпти. Буни рус тилида: «Замедлительный ядь!» — «Секин таъсир қилувчи заҳар!» дейишади. Таъбир жоиз бўлса, буни — унинг оёқлари остида эрта бир кун портлаши мумкин бўлган миналарга қиёслаш мумкин. Мақтов ва мадҳия, сунъий ҳайбаракаллачилик эса — оёқ остига қўйилган бомба, тилнинг тагига ташланган заҳар…
Биламан — Мирзиёев жуда катта ҳаёт тажрибаси ва босқичидан ўтган. Мен унинг порлоқ келажагига ишонаман. Лекин биз бу сунъий мақтов ва ҳайбаракаллачиликни тўхтатмасак, алал оқибат қарсаклар ва мақтовларга ўрганиб қолмаса деб қўрқаман!
Давлат раҳбарининг атрофида унинг камчилик ва қусурларини айтиб турадиган бирорта холис одам топилмаяпти. Борлари ҳам унга мутлақо яқинлаштирилмаяпти.
Ҳалол ва танқидий сўзга Мирзиёев қандай муносабатда? Мен билган Мирзиёев яхши муносабатда эди. Журналист Шароф Убайдуллаевни — жаҳон матбуот минбарига — мамлакат ичидан туриб айта олган ҳалол ва рост сўзлари учун ҳукуматга қайтариши, бунинг исботи эмасми? Лекин бунга ҳали кўпчилик тайёр эмас. Кўп одамларнинг хашаги очилиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам унинг ҳукумат коридорларидаги йўлини тўсиб, Президент борадиган маскан ва анжуманлардан атай узоқлаштириб туришибди.
Лекин бу ҳимоя — вақтинчалик. Хашагингиз барибир эртами кеч очилади, жаноб мулозимлар, оёғингиз қалтирамасин.
Мирзиёев бошлаган адолат йўли шуни тақозо этади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас!!!