Исмат Хушев:
Хавфсизлик тизимидаги шантаж ва саботаж
ёки
ДХХ раҳбарлари нега обрўсизлантирилмоқда?
1.
Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 5 декабрь куни сайловчиларнинг 88,61 фойиз овози билан Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин мамлакатда кенг кўламли тозаланиш ва янгиланиш компанияси бошланди.
Каримовнинг 27 йиллик яккаҳокимлик бошқаруви натижасида жамиятда оёқ ости қилинган адолат ва диёнат тамоилларини тиклаш, одамлар қалбидаги дарду ситамларга малҳам бериш, эртанги кунига умид ва ишонч туйғуларини уйғотиш, уларнинг руҳини кўтариш — янги сайланган Президентнинг энг асосий мақсад ва вазифаси қилиб белгиланди…
2.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабр куни Парламентга қилган илк нутқида мамлакатнинг қудратли хавфсизлик хизматлари ислоҳ этилишини эълон қилди.
Бу — Мирзиёевнинг ҳокимиятга келганидан бўён Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши.
Бунга қадар давлат раҳбари бошқа куч ишлатар тизимлари фаолиятини кескин танқид қилган, аммо Ўзбекистоннинг энг қудратли шахсларидан ҳисобланган генерал Рустам Иноятовнинг идораси бу танқидлардан четда қолаётганди.
Мирзиёевнинг айтишича, МХХнинг ваколатлари асоссиз равишда кенгайиб кетган ва чекланиши керак.
У МХХ 26 йил олдинги низом асосида ишлаб келаётгани ва унинг фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун қабул қилиш вақти келганини таъкидлади.
«Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган. МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди. Шу сабабдан МХХ фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқиш вақти келди»,- деб айтди Президент.
Мирзиёев собиқ шўро КГБсининг меросхўри бўлган МХХнинг ўтмишига ҳам ишора қилган.
«Шу тизим ичида ўзим ҳам ўсганман. Худодан сўраймиз, у кунлар қайтиб келмасин энди», — деган Президент…
Дарҳақиқат, ўтган 27 йил ичида МХХ — Иноятов раҳбарлигида Ўзбекистондаги энг қудратли тизимга айланган эди.
Каримовнинг ўлимидан сўнг генерал Иноятов мамлакатдаги муҳим ва қудратли шахс сифатида кўрилган. Таҳлилчилар 73 ёшли МХХ собиқ раҳбари Иноятов билан Президент Мирзиёев ўртасида давлатдаги салтанат ва қудрат учун яширин кураш мавжудлигини айтишади.
Айрим таҳлилчилар ушбу рақобатни мамлакатни беқарорлаштириши мумкин бўлган эҳтимолий омил сифатида кўришади.
Президент Мирзиёев Парламентга қилган 2017 йилги биринчи чиқишида бундан буён «бутун ҳокимият ва заҳираларнинг битта тизим қўлида тўпланиши ва мувозанатнинг бузилишига»га йўл қўймаслигини айтган.
Шунингдек, биринчи марта мамлакатда юзага келган инқироз учун ўзи ҳам масъуллигини очиқ тан олган.
«Атроф яхшимас эди», — деб айтган 13 йил мобайнида Бош вазир лавозимида ишлаган Мирзиёев.
У Каримовдан қолган бутун тизимни кескин танқидга тутган, аммо Каримов номини тилга олмаган…»
Манба: ББС ўзбек хизмати
22 декабр 2017 йил…
3.
4.
Мирзиёев: «МХХ ҳаммани шарманда қилди»
Ўртада МХХнинг умрбод қамоққа ҳукм қилинган собиқ раис ўринбосари Шуҳрат Ғуломов
2018 йилнинг 19 январ куни Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашган Президент Шавкат Мирзиёев МХХ фаолиятини аёвсиз танқид қилган. У МХХ ходимларини, «сотқин», «ит» деган. Улар давлатга қимматга тушгани ҳамда ҳаммани шарманда қилганини таъкидлаган.
Интернетга сиздирилган аудио файлда Шавкат Мирзиёев барча «ғўддайган» ва «ўғри» МХХ ходимларини ишдан олишини айтган.
Президент чексиз ваколатни МХХчиларга уларнинг ота-бобоси бермаганини таъкидлаган.
Кейинчалик сиздирилган яна бир аудио файлда Мирзиёев МХХнинг ўз ваколатлари доирасидан чиқиб кетишини улар дуч келган одамни олиб бориб тиқиши билан изоҳлаган.
МХХ «керак бўлса кўчадаги столбани (сим ёғочни) ҳам олиб кириб қамайди», деган у.
У МХХнинг 3 муовинини ишдан олиб ташлаганини билдирган.
Мирзиёев илк бор МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг бир умрга қамалганини айтган.
«Вазият, буларнинг ғўддайишлари бизнинг давлатга оғир тушди. Сизларда ишлаб кетган битта ноинсоф, ватан хиёнатчиси бўлиб, бутун умр қамоққа тушди. Ғуломов деган ноинсоф. Ўшанинг илдизлари бор бу ерда, ҳалиям бор. Шу илдизларини Тошкентдан ўрганиб келдим, ҳаммасини ишдан олдим», деган Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг Сурхондарёдаги танқидий чиқишидан 12 кун ўтиб Тошкентда МХХнинг 23 йиллик раиси Рустам Иноятов лавозимидан озод қилинган…
Манба: ББС ўзбек хизмати
5.
МХХ Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) га ўзгартирилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Миллий Хавфсизлик хизмати (МХХ) ни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) номи остида қайта шакллантириш тўғрисидаги Фармонга имзо чекди. МХХнинг ДХХ сифатида қайта шакллантирилиши бошқа соҳаларга аралашишга йўл очиб берган омилларни барараф этиш билан изоҳланди.
Президент Шавкат Мирзиёев илк бор 2017 йил, 22 декабрда Парламентга қилган мурожаатида МХХ фаолиятини танқид қилган ва Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида қонун қабул қилиниши лозимлиги ҳақида гапирган эди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматига 23 йил давомида раҳбарлик қилиб келган генерал-полковник Рустам Иноятов жорий йил январи охирида лавозимни тарк этган.
Манба: ББС ва Озодлик
6.
Юқорида келтирилган факт ва далиллардан кўриниб турибдики, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбекистон Хавфсизлик идорасида илдиз отган коррупция, талончилик, муштумзўрлик, рекет ва бошқа жиноий ҳатти ҳаракатларга нисбатан кескин кураш олиб борилган.
Бу кураш натижасида Ўзбекистонда ўн беш йил Бош прокурор бўлиб ишлаган МХХнинг собиқ мулозими Рашитжон Қодиров дохил 24 нафар унинг юқори даражали ўринбосар ва ёрдамчилари ҳибсга олинган. Рашиджон Қодировнинг эркатой куёви, МХХ полковниги Нодир Тўрақулов 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.
МХХ раисининг собиқ ўринбосари Шуҳрат Тошпўлатов ҳам — ХХнинг собиқ раис ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони, генерал Шуҳрат Ғуломов жиноят иши доирасида” ҳибсга олинган…
7.
Бу ҳибсларнинг ҳаммаси Президент топшириғига кўра — ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва Бош прокурор Отабек Муродовлар ҳамкорлигида амалга оширилган эди.
Кузатувчи ва таҳлилчилар назарида икки йил давомида хавфсизлик тизимидаги эскилик ва янгилик орасидаги бу беомон кураш осон кечмади.
Мана энди унинг баъзи кўринишлари хориж матбуотида акс садо бера бошлади. Эски тузум тарафдорлари осонликча жон берадиганга ўхшамайди.
Кейинги кунларда ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг тавсиясига кўра тайинланган номзоди — Бош прокурор Отабек Муродовларга нисбатан бошланган ахборот уруши — тўҳмат ва шантаж компанияси ана шундан далолат беради…
Суратда: Ўзбекистон ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев…
8.
ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевга бўлаётган бу ҳужум ва хуружларни ўрганиш асносида таҳлил қилишдан олдин унинг таржимаи ҳолига назар ташлаш керак бўлади.
Бу киши ҳақида илк бор таниқли ва тажрибали журналист Шароф Убайдуллаевдан Озодлик радиоси орқали эшитиб, яхши тасаввурга эга бўлганман. Устозимиз ўшанда ДХХнинг янги раисини «Палаги тоза инсон» деб таърифлаган эдилар. Кейин у киши ҳақидаги расмий маълумотлар билан танишдим.
Дарҳақиқат, Ихтиёр Абдуллаев ДХХ раиси бўлгунга қадар жуда катта ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтгани маълум бўлди. 1983-1988 йилларда Россиянинг Пермь Давлат университетида ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича ўқиган.
Ўз фаолиятини Фарғонада оддий судьяликдан бошлаган. Фарғона вилоят судида суд ижрочиси, кейин Фарғона вилоят Адлия бошқармасида бош маслаҳатчи, Жиноят ишлари бўйича вилоят суд коллегияси раиси лавозимларида ишлаган.
Абдуллаев 1995 йилда Ўзбекистон президенти маъмуриятига ишга ўтган.
Дастлаб у президент аппаратида фуқаролик ва амнистия масалалари бўйича референт, кейинчалик Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчисининг ёрдамчиси, сўнг муовини бўлиб ишлади.
2002-2006 йилларда Абдуллаев Ўзбекистон Адлия вазирининг биринчи муовини, 2006-2007 йилларда Ўзбекистон президентининг ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи, 2007-2009 йилларда эса Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлади.
2009 йилдан 2015 йилгача эса, Абдуллаев Ўзбекистон Президентининг Кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчи бўлиб ишлади.
Ихтиёр Абдуллаев 2015 йилда Бош прокурор вазифасига ўтказилди.
Ва ниҳоят 2018 йилнинг 31 январида Рустам Иноятов ўрнига МХХ раиси этиб тайинланди…
Суратда: Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов…