• Сб. Ноя 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Виждон

Окт 14, 2012
Виждон
Виждон

Абдулла Орипов

Жаҳон шоирлари виждон ҳақида,
Аввалдан минг-минглаб байтлар ёзмишлар.
Виждон-ку аслида собит ақида,
Кимлардир бу йўлдан гоҳо озмишлар.

Балки виждон дея тинмай чекиб оҳ,
Ҳайқириб юрмайди ҳар қандай одам.
Топилгай боболар ҳикматларин гоҳ,
Шунчаки насиҳат дегувчилар ҳам.

Қай битта нарсага муҳтож бўлса гар,
Энг аввал ўшанга топингай инсон.
Майли уммон қадар ё зарра қадар,
Ҳар нечук қалбларда бор бўлсин виждон.

Магар кетар бўлса виждон бош олиб,
Иймон ҳам у билан бирга кўчгайдир.
Буткул марду номард таянчсиз қолиб,
Чоҳ узра чирпирак бўлиб учгайдир.

Девлар қутулгандек Сулаймон ўлиб,
Бетизгин туйғулар ҳар ён югургай.
Қалб деган истеҳком посбонсиз бўлиб,
Энг аввал нафс унга ўзини ургай.

Ҳақиқат аталмиш равшан қуёшни,
Очиқ дийдаларки илғамас кўриб.
Авлиё дегайлар сўқир авбошни,
Адолат ўрнини эгаллар фириб.

Иложин топсалар ҳар қандай онда,
Эл-юртни чалғитиб қўярлар осон.
Гар ҳакам бўлсалар бирор майдонда,
Мағлубни ғолиб деб этурлар эълон.

Куппа кундуз куни киприк қоқмасдан,
Ёлғон сўзлай бошлар даҳолар ҳатто.
Кимлардир умрида бир шам ёқмасдан,
Машъал бўлмоқликни қилгайдир даъво.

Виждон кетган жойда адолат бир кун,
Илондек қўзғолур бўҳтон ва тўҳмат.
Бу ёруғ оламда одамзот учун,
Бормикан улардан ортиқроқ кулфат.

Виждонсиз кимсага дуч келган нафас,
Кофир ҳам дод солгай: Асрагил, ё Рабб!
Оддий бисмиллони билмайдиган кас,
Илтижо қилгайдир қиблага қараб.

Виждондан айрилиб қолган фурсатда,
Бошланар тож тахтга ружу дафъатан.
Не-не зукко халқлар қолиб ғафлатда,
Тўзғиб кетажакдир бутун бир Ватан.

Ҳа, ўзинг ёрлақа яратган эгам,
Иблис юракларга қутқу солмасин.
Виждондан мосуво этмагин ҳеч ҳам,
Токи у хотирот бўлиб қолмасин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *