• Чт. Окт 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Махсус хизмат салтанатининг фармацевтика синдикати (2)

Фев 8, 2019
  
 «Дунё ўзбеклари»дан:
МХХ раиси Рустам Иноятов чорак асрдан бўён раҳбарлик қилиб келаётган махсус хизмат салтанати ҳақидаги фош қилувчи чиқишларимиз ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Бу табиий эди, албатта. Чунки, чорак асрдан бўён расмий ўзбек матбуотида ёйинланиши тақиқланган ва «табу» қўйилган хуфия хизмат идораси ҳақида гапириш нари турсин, МХХ раисининг номини тилга олишга ҳам одамлар қўрқиб келишган.
Ўзбекистон янги Президент бошчилигида — янги даврга юз очиб, дунёга тийранроқ ва зийрокроқ назар сола бошлаган шу муборак кунларда бу «нуфузли» идора ҳақида гапириш ва ёзиш нечоғлик муҳим ва шарт эканлигини Мирзиёев бошлаб берган янги замон насимлари талаб қилмоқда.
Бунга қулоқ тутиш ва бу каби  — ўта муҳим ва масъулиятли миссияни амалга ошириш — биз журналистларнинг профессионал бурчимиз ва оддий инсоний вазифамиздир.
«Дунё ўзбеклари»га келаётган таклиф ва истакларни инобатга олиб, бу туркумни яна давом эттиришга қарор қилдик…

«МХХ ҳақидаги гапириш мумкин бўлмаган гаплар» туркумидан (Иккинчи мақола)
  1. Ўзбекистонда «Дори Дармон»лар таъминотининг қалқонлари — олдин ҳам, ҳозир МХХ га бориб тақалади.
  2. МХХ расмий раисининг рафиқаси Флора Иноятова — Ўзбек медицинаси синдикатининг норасмий ҳомийсими?
  3. Онангни қози «хафа қилса», додингни кимга айтасан?
  

МХХ ҳақидаги гапириш мумкин бўлмаган гаплар

Ўзбекистон махсус хизмат салтанатидаги жиноий ҳатти-ҳаракатлар ҳақида 
(Қўрқоқлар ва 18 ёшдан кичикларга ўқиш тавсия этилмайди)
1.
Ҳеч кимга сир эмаски, бугун Ўзбекистондаги истаган шифохонага борсангиз — юлғичлик ва порахўрлик эшикдан киришингиздан бошланади.
Эшик одида турган оппоқ халатдаги ҳамшира оёққа кийиш учун «бахилла» сотиб олмасангиз ичкарига киргизмайди.  Гуёки бу иши қонуний белгилаб қўйилгандек, катта ҳарфлар билан «бахилла»нинг нархини кириш жойига ҳам ёзиб қўяди.
Бу арзимаган пул туради. Аммо инсон ҳуқуқи поймол бўлиши шундан бошланади. Ичкаридаги “савдо-сотиқни” эшитиб, кўриб — пули йўқ беморнинг Ўзбекистонда яшашга ҳаққи йўқ экан деган машъум қарорга келасиз.
Журналист сифатида мен Ўзбекистонда оддий бир касаллик учун даволанишга маблағ тополмай, тақдирга тан бериб, ўлиб кетган қанчадан-қанча шўрлик ва бечора ватандошлар яқинларининг дарду-изтироби, оҳу-доди,  аччиқ ва аламли армонига гувоҳ бўлганман.
Олдин ҳам, ҳозир ҳам…

 

2.
Қисқаси, касалхонага бир дард билан кириб икки дард билан чиқиб кетасиз.
Туғруқхонадаги “ставкалар”ни фарзандли бўлган барча Ўзбекистон фуқароси яхши билади. Бизда порахўрлик — инсоннинг дунёга келишидан олдин бошланади. Келажагимиз бўлмиш норасида гўдакларимиз — азиз фарзандларимизнинг илк бор кўрган “Адолат тамойили” ҳам мана шу бўлади. Минг афсуски, улар ҳозирга қадар ана шу бемаъни тамойил асосида дунёга келишмоқда.
“Илк бор кўз очиб кўрганим” деб шунга айтсалар керак-да.
Касалхоналардаги “соққали” ўйинлар, шофокорларнинг юлғич ва порахўрлиги, чаласаводлигини баён этаверса, жуда катта асар бўлади. Буларни Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон яхши билади. Шу боис мавзуни қисқа қиламизда, асосий саволни ўртага ташлаймиз:
Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳасида бошқарув ҳокимиятини ўз қўлига олган, ҳар бир нарсадан хабардор бўлгучи МХХ — медицинадаги бу ажаб сирлардан бехабар деб ўйлайсизми?

 

3.
Албатта хабари бор.
Аммо, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тепасида турган раҳбарлар МХХ катталарининг оғзини долларлар билан ёпиб қўйишган.
Шифокорларни «ёғли ва мойли» жойга ишга олиш, даволашдаги “ставка”лар, янги шифохона ва поликлиникалар қурилиши, уларга Бош врачлар тайинлаш, дорихоналарга истаган препаратини истаган нархда сотиш учун лицензия бериш каби кўплаб усуллардан келадиган беҳисоб бойлик ва даромадларни ҳисобласангиз, нима учун МХХ раҳбарлари оғзини доллар билан ёпиш лозимлигини англаб етасиз.
Лекин бу ҳали ҳолва.
Агар фармацевтика фирмаларидан келадиган яширин даромадларни ўзбек сўмида ҳисоблаб чиқсангиз, ўзингизга ҳам, кўзингизга ҳам ишонмай қоласиз. Чунки, Дори-дармон савдоси дунёда жуда кенг ёйилган, катта ва беҳисоб, асосан ноқонуний йўллар билан орттирилган даромад манбаи ҳисобланади.
Энди бир ўйлаб кўринг, шундай “ёғли” ва «мойли»  соҳани Р.Иноятов ўзинг ўринбосарларига ҳам бериб қўймаса керак. Бундай дейишимизга асос шуки, касалхоналардаги “юлғичлик ўйинлари” шу даражада очиқ-ойдин бўлиб кетдики, ҳаттоки, СНБларнинг ўзидан ҳам очиқчасига пул талаб қилган шифокорларни кўрдик, гувоҳи бўлдик.
Ёки СНБларнинг оила аъзолари, қариндошлари умуман касал бўлмаган деб ўйлайсизми? Албатта, бўлишган ва улар ҳам тепадагиларининг “Соғлиқни сақлашга аралашмаларинг!” деган пинҳона топшириғига мажбуран бўйсунишган.
Акс ҳолда…

 

4.
Ўзбекистон телевидениясида дори-дармонлар ҳақидаги рекламалар шу даражада кўпайиб кетганки, уларни кузатсангиз ойнаи жаҳон кўрсатувларига қараганда ҳам — дори дармон ҳақидаги рекламалар кўплигига ўзингиз амин бўласиз.
Ўзбекистон телевидениесини ташқаридан кўрган одам “Ўзбекистонда фақат касаллар яшайдими” деган фикрга келиши аниқ. ЎзТВ нинг пул топиш сиёсати энг аввало рекламага асосланган. Лекин рекламанинг ҳам ҳисоб-китоби ва чегараси бўлиши керак. Бироқ Ўзбекистонда бунга амал қилишмайди. Чунки у беҳисоб ва бетимсол бойлик манбаи.
Бизгача етиб келган маълумотларга қараганда Ўзбекистон фармацевтика фирмаларидан тушадиган даромаддан ойига 1,5 миллион АҚШ доллари — МХХ раҳбарларига узатилиб турилар экан.
Бу — ўн минг километрлик тубсиз уммонлар аро Канадагача етиб келган маълумотлар. Йўл-чўлларда, дарё-кўлларда қолиб кетгани қанча, бу ёғи Яратган Эгамнинг ўзига аён…
5.
Чунки фармацевтика савдоси дунёда — қурол, наркотик ва нефть савдоси қаторидаги энг юқори ўринларда туради.
Не ажабки, Ўзбекистон ҳам бугун бу жиноий иллат ва синдикат савдосидан четда қолмади.
Энг ачинарлиси, ушбу ҳаражатларни ортиғи билан чиқариб олиш учун фармацевтика фирмалари ҳамкорликда ҳар хил грипп вируслари ўйлаб топиб, атайин халққа тарқатишади, қашқадарёча қилиб очиқ ва жайдари тилда айтсак — юқтиришади. Буни — Соғлиқни сақлаш вазирлигини назорат қилувчи МХХ мулозимлари билишмайдими? Яхши билишади!
Ўтган ва ундан олдинги қишларда тарқатилган грипп — олдингиларидан ўзгача ва жуда кучли бўлди. Яъни бемор кутилмаганда дармонсизланиб, ўз-ўзидан қайд қилиб қолаверди. Ҳаттоки, ҳар доимгидай кўриб билиб, беэътибор юрган неча ўнлаб беморлар оддий бир гриппдан ҳам вафот этиб кетган ҳоллари бўлди. Халқ орасида ваҳима кучайди.
ЎзТВ да эса фармацевтикага оид турли туман рекламалар янада авж олди, шундоғам қиммат бўлган дори дармон нархи кўкка сапчиди…

 

6.
Дарвоқе, Ўзбекистон фармацевтикаси ва дори дармон бозоридаги қиммат нарх-наволар ҳақида.
«Дори Дармон» Акционерлик Жамиятидаги фармацевтика маҳсулотлари — дунё нархи тугул, ҳаттоки қўшни давлат дори дармон нархларидан ҳам анча юқори.
Фақат буни жафокаш ўзбек халқи билмайди. Буни фақат МХХ билади, холос.
Ҳар бир гап ва айблов — далил-исбот бўлса, асосли ва ишонарли чиқади. Қолаверса, касбимиздаги холислик, одиллик ва профессионализм  ҳам биздан айнан шуни талаб қилади. Журналистиканинг ана шу олтин қоидасидан келиб чиқиб, энди бевосита факт ва рақамларга мурожаат қилсак.
Масалан, онкология (саратон) касалликларини даволовчи «Онкаспар» препарати Ўзбекистонда 3 млн.сум (қора бозор курси билан $1100) туради. Қозоғистонда эса айни шу препаратни — 600 $ олишингиз мумкин. Айни касалликни даволовчи «Элигард» препарати Ўзбекистонда 500 $ ва ундан юқори бўлса, қўшни Қирғизистонда икки баробар арзон — $ 235-245 сотилади.
Буларни-ку, қўя турайлик, фақат шамоллашгагина қарши бўлган «Фарингосепт» дориси Ўзбекистонда Россияга қараганда бир ярим-икки маротаба қиммат туради. Масалан, оддийгина нерв ҳужайралари (сустав) ларни даволовчи «Мукосат нео» препарати Тожикистондагига қараганда уч баравар қимматга  сотилса, бечора ва шўрлик ўзбек халқи дардини кимга айтсин?
Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни тамомила унутган мазлум халқ энди ўлиб қутилиши керакми бу ноҳақлик ва бедодликлардан?
Ҳар нарсадан хабардор МХХ Ўзбекистон фармацевтикасидаги осмонга сапчиган бу дори дармон нархларини билмайди деб ўйлайсизми? Яхши билади. Фақат, билмаганга олади. Коса тагида нимкоса борлигини яширади.
Лекин ижтимоий тармоқларда, хусусан Абдураҳим Пўлатнинг «Ҳаракат» сайтида бу нимкоса ўша жиноий ишга алоқадор бўлган терговга яқин манбалар томонидан ўз даврида ошкор этилган, фақат ҳомийлар қудратли бўлгани боис, Ўзбекистондаги бу фармацевтика синдикати то ҳануз охиригача янчиб ташланмаган.
Бу нимкоса ҳомийларига эса биз ҳали қайтамиз…
7.
Ўзбекистон халқига шунча азоб уқубат ва ажал келтираётган дори-дармон ишлаб чиқарувчи ва уни бир неча баробар қимматига сотувчи бу ноинсоф ва иймон-эътиқодсиз ташкилот ва корхоналар кимнинг ардоғида?
Уларнинг раҳбарлари ва ҳомийлари кимлар? Қуйида ушбу саволларга ҳам баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистонда дори дармон сотиш билан шуғулланувчи барча аптека ва фирмалар фақат биргина — «Дори Дармон» Акционерлик Компанияси тасарруфига киритилган.  Ўзбек халқини сифатли ва арзон дори дармон препаратлари билан таъминлаш учун республикада — ГАК «Дори-Дармон» — «Дори-Дармон» Давлат Акциядорлик Компанияси ташкил этилган. Унинг бир ўзи —  бутун мамлакат дори дармон бизнесини ўз қўлига монополия қилиб олган.
Биз яхши биламизки, қаерда рақобатсиз монополия бўлса, ўша ерда коррупция бўлади, ривожланади ва бемалол гуллаб яшнайди. Бу — ўз ҳақ-ҳуқуқини то ҳануз билмаган ва талаб қилмаган ўзбеклардан бошқа барчага аллақачон кундай, ойдай аён бўлган оддий бир ҳақиқат. Юқорида келтирганимиздек, юртимизда то ҳануз — қўшни давлатлардагига қараганда бир неча маротаба қиммат сотилаётган дори дармонлар нархи — бунинг ёрқин мисолидир.
Нима бўлганда ҳам, мамлакатни фармацевтика воситалари билан таъминовчи мазкур компания муҳим идорадир. Унинг негизида юқоридаги манба эътироф этганидек, 8 та акционерлик жамияти, 10 та шўъба корхонаси мавжуд. Улар 17 та улгуржи дори-дармон омбори, 15 та текширув лабораторияси ва мингдан ортиқ дорихоналарни назорат қилишини ҳисобга олсак, кўп нарсалар ўз-ўзидан ойдинлашади…

 

8.
«Ўзфармсаноат” бирлашмаси матбуот хизматига кўра, Абдуғани Комилов бундан уч-тўрт йил бурун “Дори-дармон” давлат акциядорлик компаниясига Бош директор этиб тайинланган.
У бу лавозимга — қатор жиноятлари эвазига лавозимидан четлатилган Умида Солиҳбоеванинг ўрнига ўтирган.
Умида Солиҳбоеванинг туғишган акаси Анвар Солиҳбоев — МХХ нинг машҳур генерали бўлиб, МХХ раиси Рустам Иноятовнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Айнан синглиси яратган қудратли фармацевтика салтанати ва дори дармон жиноий синдикати ортидан лавозимидан четлатилган махсус хизмат генерали бугун бойвучча синглиси, оила аъзолари,  ўғли ва бошқа яқинлари билан Американинг қуёшли ва бананли штатларида «Янги ўзбек бойлари» қаторида бекаму кўст давру даврон суриб юрибди.
МХХ раиси Рустам Иноятов, унинг машҳур ўринбосари — генерал Анвар Солиҳбоевлар  ҳомийлигида тузилган ва ҳануз жўшқин фаолият олиб бораётган «Дори Дармон» Акционерлик Компанияси баъзи қирраларини юқорида айтиб ўтдик.
Бу компанияда амалга оширилаётган дори дармон маҳсулотлари ва препаратларининг харид нархи ва ишлаб чиқарилиш шаффофлиги ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида анчадан бўён турли саволларни пайдо қилиб келади.
Лекин бу жиноий синдикатга айнан МХХ ва унинг қудратли раиси ҳомийлик қилатгани боис ҳам, бу саволлар ҳануз ўз жавобини ололгани йўқ…

 

9.
«Дори-Дармон» Акциядорлик Жамиятининг қудратли раисаси Умида Солиҳбоева МХХ даги акаси билан бирга шунақанги сирли ва сеҳрли жиноий фаолият механизмини яратиб кетишдики, уларнинг бугунги издошлари ҳам мамлакатга четдан дори дармон маҳсулотлари келтиришда бу «олтин» қоидадан то ҳануз унумли ва баракали фойдаланиб келмоқдалар.
Юқорида келтирилган рақам ва фактлардан маълум бўлдики, Ўзбекистондаги бугунги дори дармон нархи қўшни давлатлардаги нарх наводан бир неча баравар баланд ва қиммат. Муддати ўтган ва қуввати йўқотилган дориларни сотиш, халқни алдаш ва кўзбўямачилик бугун ҳам юртимизда олдингидай давом этмоқда.
Бундай дейишимизга сабаб шуки, одамлар ўлими бутун дунё бўйлаб бир неча баробарга камайиб бораётган бугунги фаровон ва дориламон кунларда — Ўзбекистондаги бу кўрсаткич ҳамон ошиб бораётганини қандай изоҳлаш мумкин?
Ер остида илон қимирласа биладиган МХХ наҳот шуни билмаса, билади. Билганда ҳам яхши билади. Лекин ўзининг собиқ раҳбарларидан бири, генерал Солиҳбоев яратиб кетган халқ соғлиғи устидан пул ишлаш каби ярамас ва ноинсоний механизм муруввати ва бойлик тўплаш синдикатини синдиришни улар истармиди?
Йўқ, албатта…

 

10.
Энди яна бевосита факт ва исботларга мурожаат қилсак.
Масалан, Ўзбекистонда кейинги йилларда туғилиш камайиб, ўлим сони ошгани, ҳатто расмий ҳужжатларда ҳам очиқ ойдин эътироф этилди. Яқинда бунга оид аниқ ва тиниқ рақам ва далиллар Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати томонидан эълон қилинди.
Унга кўра: «2016 йилнинг январь-декабрь даврида 726,8 мингта бола туғилиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 22,8 промиллени ташкил қилди ва 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 промиллега камайди (2015 йилда 23,5 промилле бўлган). Туғилиш коэффициентининг сезиларли даражада пасайиши Қорақалпоғистон Республикасида (23,3 промилледан 21,8 промиллегача), Сурхондарё (27,0 промилледан 25,8 промиллегача), Бухоро (21,9 промилледан 20,9 промиллегача), Тошкент (21,1 промилледан 20,3 промиллегача), Андижон (24,1 промилледан 23,4 промиллегача), Қашқадарё (26,2 промилледан 25,5 промиллегача) ва Сирдарё (22,8 промилледан 22,1 промиллегача) вилоятларида қайд этилди.
2016 йилнинг январь-декабрь ойларида 154,5 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил этди. Ўлим коэффициентининг ўсиши Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди.
Рўйхатга олинган жами ўлганларнинг 59,6 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 9,4 фоизи — ўсимталардан, 6,7 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,9 фоизи — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,9 фоизи — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,9 фоизи — юқумли ва паразитар касалликлардан, 11,6 фоизи — бошқа касалликлардан вафот этган».
Манба: http://stat.uz
Бу аянчли кўрсаткичлар, минг афсус ва надоматлар бўлсинки, Миллат хавфсизли учун туну-кун “курашаётган” чекистларимизнинг «фидойи» меҳнатлари самарасидир…

 

11.
Узоқ йиллар давомида синглиси томонидан жиноий йўллар билан рақобатсиз бошқариб келинган Ўзбекистон дори дармон синдикатига ҳомийлик қилиб юрган Анвар Солиҳбоев портретига баъзи чизгилар.
 Солиҳбоев Анвар Саидович, Самарқандда туғилган, узоқ йиллар давомида миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган ва қўмитанинг контрразведка билан боғлиқ фаолиятини бошқарган.
Анвар Солиҳбоев 2004 йилнинг апрели ойидан Ўзбекистоннинг Покистон Ислом Республикасидаги фавқулдодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган. Баъзи мутахассисларнинг таъкидлашича, Солиҳбоевнинг Покистондаги фаолияти дипломатик масалалар эмас, балки контрразведка билан боғлиқ бўлган.
Масалан, «Ҳаракат» нашрининг ўз манбасига таяниб, ёзишича, элчиликдаги унинг энг асосий вазифаларидан бири — Ўзбекистон Ислом ҳаракатининг Покистондаги жанггариларини излаб топиб, уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилишдан иборат бўлган.
МХХ раисининг биринчи ўринбосарига қадар бўлган оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтган Анвар Солиҳбоев дари тилини мукаммал билган, оғир, босиқ, мулоҳазали ва маданиятли инсон сифатида сафдошлари ва уни билганлар қалбида яхши ва умидли хотиралар қолдирган. Оилали, икки фарзанд отаси.
Ўзимиздан қўшимча қилиб яна шуни айтишимиз мумкинки, 2005 йилнинг 22 декабрида Зокиржон Алматов ишдан олиниши муносабати билан Анвар Солиҳбоев Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири этиб тайинланган. Унинг вазир этиб тайинлангани ҳақидаги хабар fergananews.com, centrasia.ru каби қатор маҳаллий ва марказий нашрларда эълон қилинган, лекин Президентнинг бу буйруғи негадир амалга ошмаган. Сўнг бу лавозимга 2006 йилнинг 5 январь куни Баҳодир Матлюбов тайинланган.
Синглиси Умиданинг дори дармон синдикати ортидан МХХ раисининг ўз давридаги қудратли биринчи ўринбосари Анвар Солиҳбоевнинг ҳам МХХ даги мулозимлик қуёши сўнган…
12.
Ажаб, МХХ раиси Рустам Иноятовнинг Анвар Солиҳбоевдан кейинги ўринбосарлари Ҳаёт Шарифхўжаев ва Шуҳрат Ғуломовларнинг ҳам тақдири олдинги муовунлар тақдиридан кам ва аянчли бўлгани йўқ.
Бугун уларнинг ҳар иккалови ҳам коррупция, уюшган жиноятчилик, мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш, порахўрлик каби айбловлар билан вазифасидан четлатилган, терговга тортилган ва ҳоказо. Улар қилган ишларининг баъзи қирраларини эшитиб, уйларидан топилган пул ва бойлик миқдорини билиб, этингиз жўнжикиб кетади. Бу ҳали тергов жараёнида аён бўлганлари, бу жиноят иши тугаганидан кейинги факт ва рақамлар, ойдинлашган жиноий саҳналар, синдирилган, топталган ва хазон қилинган не не бегуноҳ инсонларнинг фожеали қисмати Сизни тамомила шок ҳолига солиб қўйса, ажабланмайман.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. 25 йилдан бўён ўринбосарлари қамалиб, сиёсий ва ижтимоий саҳнадан тамомила урилиб, ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетаётган раиснинг ўзлари фариштамикан?
Чорак асрдан бўён генерал унвонидаги ўринбосарлари бирин кетин қўлга тушиб, ўзи сувдан қуруқ чиқиб келаётган «Маршал» Иноятов жанобларининг ўзлари қандай одам? Ўзлари ҳалолмикан?
У кишининг тозалигига Сиз ишонасизми?
Масалан, мен ишонмайман!!!

 

13.
Майли, ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, мавзуга қайтсак.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Соғлиқни сақлаш ва дорихоналардаги нарх-навони назорат қилиш ва тартибга солишни яқинда Бош прокуратурага топширди. Ўзбекистонда адолатли жамият ўрнатиш учун шиддатли кураш бошланганлиги мавсумий ҳолат эмаслиги ўз ўзидан аён бўлиб турибди.
Ҳуқуқ органларининг бир қисми — милиция, прокуратура соҳалари устида жиддий тозалаш бошланди. Медицина ва таълим органларининг яроқсиз иш услуби очиқ ойдин танқид қилинди. «Ҳалоллар — ишлайди, ноҳалол — кетади!» деб ҳатто очиқ ойдин айтди Президент. Ўн йилдан зиёд ишлаган Бош врачлар ротацияси бошланди. Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта.
Лекин асосий бир муаммо бизни ҳануз ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно қилиб турибди. Бу — МХХ раисининг рафиқаси Флора Иноятова билан боғлиқ муаммо. Гап шундаки, бизга етиб келган маълумотларга қараганда Ўзбекистон медицинасидаги порахўрлик, коррупция, дори дармон ва фармацевтика синдикати тепасида турган казо казолар асли касби врач бўлган СНБ нинг биринчи хоними — Флора Иноятова ҳимоясида экан.
Бунга ишонмасликка эса бизда асос йўқ.
Ўзбекистон медицинасида, хусусан, биз бугун баҳоли қудрат ўрганган дори дармон ва фармацевтика соҳасида содир бўлаётган юлғичлик, коррупция ва адолатсизлик қамрови шу қадар каттаки, бунга МХХ раиси ва унинг рафиқаси аралашмаганида ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимидаги соғлом кучлар бу жиноий синдикат тўдасини аллақачон ер билан яксон этиб, чилпарчин қилиб ташлаган бўлишарди…

 

14.
Яна бир фикр.
Халқ хўжалиги, медицина ва олий таълим каби жамиятнинг энг муҳим участкаларида фаолият олиб бораётган шахслар — мансабдор одамлар билан боғлиқ ва алоқадор бўлмаслиги керак. Биз бу фикрни айтарканмиз, энг аввало уларнинг қариндошлик ришталарини назарда тутяпмиз. Буни назорат қиладиган давлат, ҳукумат ва жамоат комиссияси тузилиши лозим.
Масалан, юқорида айтганимиздек, Ўзбекистонда медицинани Флора Иноятова норасмий тарзда назорат қилар экан. Бошқа ҳамма соҳада кадрлар ўзгариши авж олиб турган бир пайтда, яқин яқинга қадар медицинага ҳеч ким тегинолмаган.
Президент Мирзиёев шахсан кўтармагунча, нега бу соҳани ҳеч ким назорат қилолмади, тартибга ололмади?
Бизда дориларнинг кескин юқори нархда эканини нега шу пайтгача ҳеч ким билмади? Нафақат медицинада, балки халқ хўжалигининг бошқа соҳаларидаги товарларнинг нарх наволарини текширадиган ва назорат қиладиган ташкилотлар бизда нега йўқ?
Масалан, яқинда Россияда Президент Путин доирасига яқин мулозимлар аралашган Локомотивлар олди сотди жанжали элга ошкор бўлди. Қанчаси ишдан олиниб, истеъфога кетди. Қанчасига жиноий иш очилди.
Бизда, масалан, қимматбаҳо медицина асбоб ускуналари, ЎзТВ да энг сўнгги русмдаги суратга олувчи ва тасвирга тушурувчи бебаҳо камера ва аппаратуралар савдоси кимнинг қўлида? Масалан, оддий тамаграфия, рентген қиладиган ёки УЗИ аппаратининг нархи дунёда қанча туради? Уни Ўзбекистонга қанча нархда сотиб олиб келишяпти? Буларни ким назорат қилаяпти?
Бу ерда миллион миллион доллар пул айланишини одамлар билармикан?

 

15.
Президент яқинда: «Соғлиқни сақлаш ва дорихоналардаги нарх-навони назорат қилиш ва тартибга солишни Бош прокуратурага топширди» — дедик.
Энди шу жойга келганда яна адолат тамойили бузилмоқда. СНБчилар дарёнинг бошида туриб лаққа балиқларни тутиш билан сувни лойқалатишмоқда. Прокурорлар эса тозалаш билан оввора. Бир сўз билан айтганда, меҳнатни бошқалар қилаяпти, ҳузурини эса СНБчилар кўрмоқда.
Яшириб нима қилдик, бугун ўзбек жамиятидаги ҳар бир соҳа чигаллигининг бир учи албатта СНБ га бориб тақалмоқда. Ўзбекистондаги бугунги реал ва ҳақиқий аҳвол шуни аниқ-тиниқ кўрсатиб турибди. Нега бундан кўз юмишимиз, бу ҳақда ёзишдан қўрқишимиз керак?
Бас, шундай экан, Президент жамиятни тозалашни, ҳар бир соҳада адолат ва диёнат ўрнатишни энг аввало СНБ дан бошлаши керак эмасми?

 

 16. 
Бундай тозалашга эҳтиёж аллақачон етилганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.
СНБ нинг асосий ва «мойлик» соҳаларини эгаллаган қудратли ака-ука Шарифхўжаевлар, даҳшатли Шуҳрат Ғуломовлар фош этилишидан кейин гўёки СНБ да муаммо қолмагандай бўлди.
Аслида бундай эмас. СНБ даги тозалаш жараёни ярим йўлда тўхтаган эди. Бу марҳум президентнинг ўз оиласи ичидаги нотинчлик билан изоҳланади. У ўзига ва оиласига боғлиқ бўлган бошқа нарсалар очилиб кетишини истамаган.
Шундан сўнг СНБ раиси Иноятов билан ўзъаро тил бириктириб, ёпиқлик қозон ёпиғлигича қолишини истаганлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Ана шу хавотир СНБ ни тозалашни ярим йўлда тўхтатиб, собиқ президент йўлига ғов солган бўлиши мумкин.
Энди замон ўзгарди. Энди бу ғовни олиб ташлаш керак…

 

17.
Янги Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистондаги янги ҳаётни — СНБ ни тозалашдан бошлаши керак.
Одамлар СНБ дан қўрқмаслиги ва нафратланмаслиги, аксинча — унга ишониши ва у билан фахрланиши лозим. Ўз тақдири ва ҳаётини, дахлсизлиги ва хавфсизлиги кафолатини унга бемалол ишониб топшира оладиган бўлишлари керак.
Бу нуфузли идорага олдинги муборак ва муқаддас номини, ғурур ва шонини, энг муҳими — халқ ишончини қайтариб беришимиз лозим.
Ўзбекистонда бошланган янги ва мунаввар кунлар биздан шуни талаб қилмоқда.
Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас…

 

Сўнгсўз ўрнида:
Ҳурматли Рустам Расулович!
Яқинда «Дунё ўзбеклари»га Сиз туғилиб ўсган Сурхондарёнинг Шеробод туманидан дурду изтиробга тўла бир хат келди. Уни ўқиб, ўкинч ва аламлар, афсус ва ғамлар гирдобида кўмилиб қолдим. То ҳануз ўзимга келолганим йўқ.
Бизга мактуб йўллаган ўқувчининг отаси қанд диабет касалига чалинган бўлиб, доимий равишда инсулин уколини олиб юриши лозим экан.
«Инсулин» бизнинг шўримизни қуритиб, оиламизни тамомила хонавайрон қилди, уйимизни буткул куйдириб юборди», — деб ёзади муштарий. «Шеробод ва Термизда «инсулин» анқонинг уруғи экан. Мабодо топилиб қолса ҳам, нархи палон пул. Оддий шприцдан тортиб, барча дори дармон нархлари доим ўйнаб, осмонга сапчиб туради. Бизда доричи ва аптекачилар инсоф нималигини ҳам унутиб юборишган экан. Ўзбекистон фармацевтикасидаги бу бедодлик ва адолатсизликларни олдин билмасдим. Отам касал бўлиб, билдим, кўзим очилди.
Бир куни отам аямни ёнларига чақириб, рози-ризолик сўрабдилар: «Энди бу дунёда сафарим битди!» дебдилар.
Шу гапларни айтган шўрлик отам тонг чоғи узилдилар. Отамнинг жонсиз танасини тўшагидан олиб, тобутга солаётганимизда, ёстиғининг тагидан бир парча оқ қоғоз чиқди. Отамнинг дастхатини дарров танидик:
«Мен Сизлардан розиман, Нигор. (Аямнинг исмлари) Сани ҳам жуда қийнаб юбордим. Болаларга айт, ҳаммадан қарз сўраб, ўзларини хор қилиб, ялиниб юришмасин. Ўқитувчилик билан сизларни бой бадавлат қилолмадим. Қўлим калталик қилди. Мени кечиринглар. Падарига лаънат бундай ҳаётнинг!»
«Демак, отам атай ўзини ўзи нобуд қилган, у ортиқ яшашни истамаган. Бизларни қарзга ботиргиси келмаган…», — деб ёзади отасиз қолган муштарий.
Рустам ака.
Бу бизга маълум бўлган минглаб фожеаларнинг бири, холос. Бизга маълум бўлмагани, Канадага хат ёзиб, арз қилишни билмагани қанча.
Агар Сизнинг ҳам бирорта арзандангиз, мана шундай бедаво дардга йўлиқиб, тўшакка михланиб қолганида, Ўзбекистондаги бу бедодлик ва адолатсизлик қамрови бу қадар катта бўлмасмиди…
Рустам Расулович!
Биз кўпинча ўзимизни ишлаётган қилиб кўрсатамиз, уюшган жиноятчилик деймиз, унинг илдизини қидирамиз.
Лекин биз бугун тилга олган — ўзбек медицинаси ва фармацевтикасида ин қўйган гуруҳлар қайси уюшган жиноятчиликдан кам.
Биз кўпинча унинг илдизини — хорижга бадарға этилган ҳур фикрли мухолифатчилар, намоз ўқишни ихтиёр этган оддий мусулмонлар, давлат ва ҳукуматга яхши ният билан ойна тутиш илинжида таҳлилий ва танқидий мақолалар ёзган журналистлар ичидан қидирамиз.
Ваҳоланки, Ўзбекистонда шундай жиноий тўдалар борки, улар юмшоққина мулозимлик креслоларига ўрнашиб олган давлат ва ҳукумат арбобларидир. Уларнинг илдизи узоқ узоқларга — баланд баландларга кетади. Акс ҳолда улар бунчалар эркин ва бемалол қулоч ёза олмаган бўларди.
Фармацевтика ва умуман соғлиқни сақлаш тизимида «жавлон ураётган» — дорини дорига уриб, беморлар фожеаси устида пул қилаётган, бойлик орттираётган жиноятчилар гуруҳининг даҳшатли миқёс ва мақсадлари — аслида, уюшган жиноятчиликнинг миқёси ва мақсадидан ортиқ бўлса борки, сира кам эмас.
Рустам Расулович!
Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев бу соҳани тамомила тозалаш ва шаффофлаштиришга бежиз киришмаган кўринади. Сиз эса бу курашнинг олдинги сафида бўлиб, ёрдам қилиш ўрнига, томошабин бўлиб турибсиз.
Буни мутлақо кечириб бўлмайди.
Ҳатто баъзи ўринларда СНБ арбоблари уларнинг ҳомийси эканлигига ҳам кўз юмиб келгансиз. Бир пайтлар Сизнинг ўнг қўлингиз бўлган генерал Анвар Солиҳбоев бунга типик мисол эмасми?
Ўнг қўл нима қилаётганини чап қўл билмаса, бундай танадан ва бундай калладан кимга фойда?
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
24 февраль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
Суратда: МХХ раиси Рустам Иноятов (ўртада) Ўзбекистон Олий раҳбарияти билан Наврўз ресторанидаги маърака ошида. Орқада тик турганлар — Ўзбекистон Президентининг куёвлари…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

8 шарҳ

  1. Муносабат

    Гап йук, сизга Исмат ака. Койил колмай иложимиз йук. Хатто шуни хам айтишга куркамиз, рости.

  2. SATTORBEK.

    İsmat aka bunaqangi mavzudagi maqolalarni anchadan buyon soğingan ekanmiz. PUSTAGİNİ QOQDİNGİZ YASHANG

  3. DONOLARNING DONISI

    Mxx ustidan rahbari ustidan agar bu yolgon malumot tuhmat bulsa OLLOH kifoya qilsin, agar mxx rahbari bu ishlarni qilgan bulsa unga ham OLLOH bor OLLOH kifoya qilsin, Hafa bulmaysizlar mandan azizlar.

  4. Кузатувчи

    Иноятовнинг ишдан олинишига бугун юз фоиз ишондим. Фақат бу “олиниш” оқибатлари Мирзиёев учун қанчалар оғир ва мураккаб бўлишини ҳам тасаввур қилиб турибман. Исмат Хушев бу мақолаларни бекорга ёзмаётганга ўхшайди. Ўзбекистонда пинҳоний сиёсий кураш авжига чиққан кўринади…

  5. Ушбу фош қилувчи туркум мақолаларни ўқиб туриб чорак асрлик орқага кетиш сирларини ва ҳақиқий айбдорларини англаб бошладик.
    Гап мансабда ҳам эмас,бошқа нарсада ҳам эмас!
    Инсон инсонгарчиликдан мутлоқ чиқиб кетиш учун оёғининг учидан бошлаб,сочининг толасигача ҳаттоки ҳар бир хужайрасигача буткул айниган бўлишлиги нақадар даҳшатлик ва ачинарлик бир ҳолга келтиришини Рустам Иноятов ва гуруҳи мисолида кўриб турибмиз.
    Мен худди шундай холатни 2002 йилнинг сентябрида Қуролов Муродулло Ялғашевич тимосолида кўриб,унинг бир кунда ҳақиқий башарасини номоён қилганлигидан,ўзини тутишидаги харакатлари ва оғзидан чиқаётган гапларидан Лангар корхонаси яқин йилларда мутлоқ йўқ бўлиб кетишини тушуниб ёқа ушлаган эдим.
    Давлатимиз қон томирига мустаҳкам жойлашиб олган ушбу зулуклардан қутулиш чораларини зудлик билан кўриш керак.
    Иноятовнинг ўлимини кутиш ғирт аҳмоқлик,минглаб Иноятовлар яшайверади кейин ҳам.
    Бугунги кундаги тусиқларнинг ва бузғунчиликларнинг асосий айбдорлари Исмат аканинг мақолаларида исми фамилиялари билан фош этилган.
    Дунёнинг бошқа бирон давлатида ана шундай очиқча фош қилишлардан кейин бундай диверсантлар бирон сония мансабларида қолмас эдилар.Ҳайрон бўлмай илож ҳам йўқ!!!

     

  6. 3 шарҳ

    1. Санжар

      Исмат ака Сиз Канадада эмас, Ўзбекистонни Президент билан бирга кезиб юрганга ўхшайсиз. Сиз ёзган бу мақола – Даҳшатку…

    2. Ҳурматли Исмат ака!
      Ҳар қандай криминал гуруҳ аъзоларининг погонялари бўлади.
      2002 йилларда Хатирчида ишлаганимда БЎРИТОШ МУСТАФОЕВ -ТОҒА,
      МУРОДУЛЛО ҚУРОЛОВ ЭСА – АКА.
      ИСЛОМ КАРИМОВ – ОТА,
      ҚОДИРЖОН БОТИРОВ – МОСКВАЛИК БОЙ ЁКИ ҚИСҚА ҚИЛИБ “БОЙ” деган сўзлар иштлатилар эди. Ва сухбат жараёнида, телефонда шу лақаб айтилса хаммага тушунарлик эди.
      Шунча жиноятларнинг теппасида туриб бошқариб турган Иноятовнинг ҳам яширин лақаби бўлганлиги минг фоиз аён.
      Шуни элга ошкор қилииш вақти келмадимикан.
      Тарихий айтадиган бўлсак “ЮЗ ОЧАР МАРОСИМИГА ҲАМ ЕТИБ КЕЛДИК” чамамда!
      Битта “АПТЕКАР” ёки “РАИС” номлари камлик қилади шекилли, масштаб жуда улкан ва даҳшатлик. Мамлакатдан чиқиб кетиб жаҳоннинг бир неча ўнлаб давлатларига ҳам қулоч ёйганлигини даҳшатлик фактлар билан фош қилдингиз.
      Шунча жиноятнинг ўзиёқ МИНГ йиллик хукм учун етиб ортади.

    3. Бу мақолани президент барча узбекистон газетларида элон килиши ва халк мухокамасига ташлаши керак. Ана ушанда курасиз Исмат Хушев тарафдорлари канча эканини Узбекистонда. Улар минглаб, миллионлаб хак сузга ташна кишилардир. Иноятовни ишдан олиб, мххни кайта тузиш керак. Исмат Хушевни шу идорага мутбуот сузчиси (пресскотиб) килиб тайинлаш керак. Тамом вассалом.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *