Исмат Хушев: Олий таълимдаги коррупция устида ким турибди? (1-мақола)
Фев 12, 2019
«МХХ ҳақида гапириш мумкин бўлмаган гаплар» туркумидаги учинчи мақола
Ўзбекистон махсус хизмат салтанати ҳақида хориждаги ўзбек журналисти мулоҳазалари
(Қўрқоқлар ва 18 ёшдан кичикларга ўқиш тавсия этилмайди)
1.
Ўзбекистонда МХХ назаридан четда қолмаган яна бир “соққали” ташкилот бор, бу — Олий таълим вазирлиги.
Ўқувчиларнинг ёдида бўлса, биз кейинги йилларда — Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бошланиши арафасида Исмат Хушевнинг «Ёнаётган олий даргоҳ!» номли таҳлилий мақоласини сурункали тарзда эълон қилиб келамиз.
Рустам Иноятов бош бўлган МХХ идораси ҳар йили ёз ойлари «Дунё ўзбеклари»да эълон қилинадиган бу танқидий мақолани яхшилаб синчиклаб ўқиб боради.
Ўзбек чекистларининг бу сирли ва синоатли кулиши замирида эса, ўзига хос — ўзига мос сабаб ва моҳият ётади.
Биз бугун ана шу сабаб ва моҳият, аниқроғи — моддият ҳақида сўз юритамиз. Ўзбек чекистларининг олий даргоҳ — институт ва университетларга одам киритиш ва миллион миллион доллар пул ишлаш схемасини баҳоли қудрат чизиб беришга ҳаракат қиламиз.
Энг аввало шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Олий ўқув юртларига тест синовлари орқали ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритиш — махсус хизмат идораси томонидан пухта ва пишиқ қилиб ишлаб чиқилган пинҳоний ва ўта махфий усуллар ёрдамида амалга оширилади.
Олий таълим вазирлигида ёзилмаган бир қонун ва қоида борлигини бугун одамлар билиб қўйишини истардим: Яъни ўқув юртларига ажратилган ўринларнинг 30 фоизи ректорлар ихтиёрига топширилади. Қолган 70 фоизи учун абитуриентлар кураш олиб боришади.
Олдинлари бу рақам 20 фоиз бўлган — МХХ аралашганидан сўнг — 30 фоизга кўтарилди.
Ректорлар бу 30 фоизни — ўз одамлари ва ўринбосарлари билан тақсимлаб олишади. 30 фоиз бўлажак талабалар рўйхати тузилгач қолган ишни МХХ ходимлари бажаришади…
3.
Тест имтихонлари вақтида ўқишга киритишда “Бункер” деб номланган услуб борлигини бугун энди кўпчилик яхши билса керак.
Яъни ректорлар ўз ихтиёридаги 30 фоиз абитуриентларни ўқишга киритишда ушбу усулдан фойдаланишади. Бу усул шундай тузиладики, маълум бир зарур фанни мукаммал биладиган талабалар танлаб олинади.
Учта фан учун уч нафар, баъзан ундан ҳам кўп иқтидорли талабалар имтихон ўтказиладиган бинонинг бир бурчагига жойлаштирилади. Уларга зарур бўлган барча шарт-шароит муҳайё этилади. Озиқ овқат тўла дастурхонга қадар. МХХ ходимлари томонидан ҳатто хавфсизлиги ҳам таъминланади.
Имтихон бошланиши билан ректор берган рўйхатдаги абитуриентларнинг тест варақалари “бункер”га МХХ ходимлари томонидан етказилиб турилади.
Бинога имтихон вақти МХХ ходимларидан бошқа ҳеч ким кириши мумкин эмаслиги бугун ҳаммага яхши маълум…
4.
“Соққа” билан гаплашган бойвачча абитуриент тест варақасига исми шарифини ёзади ва имзо қўяди холос.
Қолганини МХХ ходимлари бажаришади. Улар хонага кириб келиб қўлидаги рўйхатда исми шарифи келтирилган абитуриентни столдаги варақалар асосида қидириб топишади. Гуёки, назорат қилаётган киши бўлиб излаган одамини топгач: “Сен шпаргалка ишлатаётган экансан” деб абитуриентни хонадан чиқариб юборади. Унга тегишли бўлган тест варақаларини эса “бункер”га олиб кетади.
“Бункер”дагилар эса МХХ олиб келган тест варақаларидаги саволларни зудлик билан конвейр асосида ишлаб ташлайверишади. Имтихон вақти тугагач барча абитуриентлар бинони тарк этишади.
МХХ ходимлари эса ишлаб бўлинган тест варақаларини яна гуруҳидаги хоналарга тарқатиб жой- жойига қўйиб чиқишади…
5.
Бу усул орқали талаба камида контрактга илиниши мумкин.
Омади келса, бюджет асосида ўқишга киради. Мабодо улардан бири ҳаттоки контрактга ҳам илина олмай қолса, олий таълим вазирлиги томонидан ажратиладиган қўшимча ўринлар орқали ўқишга қабул қилинади.
“Бункер” усули орқали ўқишга кирадиган абитуриентлар шу асосда кафолатланади. Бу усулга сўнгги 15 йил ичида тест топширган барча абитуриентлар дуч келишган.
МХХ ходимлари томонидан имтиҳон хонасидан намойишкорона чиқариб юборилган абитуриентга уларнинг раҳми келган, ачинганлар, адолат бор экан деб беҳуда қувонганлар…
6.
Ўзбекистондаги Олий ўқув юртларидан — Юридик ва Тиббиёт институтлари (хусусан — стомотология факультети), Милиция Олий Академиясига кириш нархи энг қиммат ҳисобланади.
Охирги йилларда ушбу олийгоҳларга кириш 30-40 минг АҚШ долларига чиқиб кетди. Илгари, яъни бу «соққа»ли ишга МХХ аралашгунга қадар — мазкур нуфузли институтларга ўқишга кириш бор йўғи — ўн минг (10 000) АҚШ доллари эди.
Ўртача ҳисобда олганда мазкур институтга 500 нафар талаба қабул қилинса, 30 фоизи 150 нафарни ташкил этади. 150 ни 30 000 га кўпайтирсак 4 500 000 АҚШ долларини ташкил этади…
7.
Ўзбекистон Миллий университети (Собиқ Тошкент Давлат университети) га кириш бугун — 10 минг АҚШ доллари атрофида.
Бу олийгоҳга ҳар йили энг камида 2000 нафар талаба қабул қилинадиган бўлса, 30 фоизи — 600 нафарни ташкил этади.
Демак, бу Университетдан ҳам ҳар йили камида 5 миллион АҚШ доллари ишлаб топилиши аниқ.
Ўзбекистонда катта маблағ билан ўқишга киришга арзийдиган олийгоҳлар сони 30 тадан кўп.
Қолганларини ҳам ўрта ҳисобда камида 1 миллион АҚШ долларидан ҳисоблаганда бир йиллик сумма 50 миллион АҚШ доллари — олий ўқув юрти ректорлари ва МХХ ходимлари ўртасида тақсимланади.
Ўзбекистондаги бирон бир олийгоҳга ректор бўлиш баҳоси ҳам — ана шу рақам ва меъзондан келиб чиқиб, белгиланади ва баҳоланади…
8.
Агарда МХХга кўпроқ “соққа” ташласангиз Давлат Тест Марказидаги компюьтердан ҳам ўзгартиб қўшиб юбориш қудратига эга.
Олдинлари билимли талабалар — абитуриентлар ўрнига кириб тирикчилик қилишар эди. “Х-вариант” ва “шпаргалка” орқали ўқишга киришлар бўлар эди.
МХХ бора-бора барча усулларга барҳам бериб, фақат ўзларига тегишли бўлган “бункер”ни қолдиришди.
Ҳаттоки, имтихон вақти телефон компанияларининг СМСлар хизмати ҳам тўхтатилиб туриладиган бўлди…
9.
Ректор, проректор ва деканлар “Бункер”нинг ортидан данғиллама ховли-жой қилишади.
Хўш, шундай экан, чорак асрдан бўён Ўзбекистоннинг барча «соққали» соҳаларини ўз қарамоғига олиб улгурган МХХ бунча пулни қайга қўймоқда экан деган табиий савол туғилади.
Агар синчиклаб қарасангиз, эътибор қилсангиз, аксар ҳолларда — МХХ ходимлари бир дона оддийгина куртка билан ишига пиёда бориб, пиёда келади. Нафақага чиққунча имкон қадар шу алфозда умргузаронлик қилишади — ижарада яшаб ҳаёт кечиришади.
(Чунки, уларнинг маошига қўшиб ҳар ой — бир миллион сўмдан зиёд ижара пули ҳам берилишини бугун кўпчилик билмаса керак)…
10.
Бу “коммунист”ларнинг асл башараси нафақага чиққандан кейин кўринади.
Шундан кейин аста-секин данғиллама ховли-жой, қўша-қўша машиналар, супермаркетлар, ҳаттоки — меҳмонхоналари ҳам пайдо бўлиб қолади.
Шу каби ҳамкорлик сабабли ҳам — МХХ олий ўқув юртларидаги коррупция ва порахўрликлардан кўз юмиб келади…
11.
Йилига икки маҳал олий ўқув юртларида ишлайдиган ўқитувчи ва профессорларнинг «асал» даври келади.
Улар қишқи ва ёзги сессия вақтида ўзларининг “ставка”ларини очиқчасига эълон қилишади. Кейинги йилларда ҳаттоки, биргина баҳо учун 100 АҚШ долларигача пул оладиган домлалар пайдо бўлди.
Ўтган йили Қишлоқ хўжалиги институтида бир профессор ўқитувчи ҳар бир талабадан 100 АҚШ доллари йиғиб олишни бошлайди. Аммо талаба қизлардан бири — эри МХХнинг ходими эканлиги учун пора беришдан бош тортади. Эри ҳам профессорнинг олдига келиб баҳони текин олмоқчи бўлади.
Профессор ҳам анойи эмас экан. МХХнинг дўқ-пўписасини телефонига ёзиб олиб МХХда ишлаётган жиянларига жўнатмоқчи бўлади. Натижада эса талаба қизнинг эри 100 АҚШ долларига қўшиб — 1 200 000 сўм пул бериб, кейин бу ғавғодан қутилади.
Ўқитувчиларнинг ҳеч нарсадан тап тортмасдан очиқ-ойдин порахўрлик қилишининг сабаби ҳам мана шунда. Орқасида қўллаб турадиган қудратли куч бўлмаганда улар бир сўм ҳам олишга ботина олмасди.
Бундан аён бўладики, ҳар бир “соққали” ишнинг ортида МХХ турибди. Улар даромадли ишларни ўзгага бериб қўядиган даражада ахмоқ эмас.
Улар бу борада жуда ақилли…
12.
Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳар йили олий ўқув юртларига имтиҳонлар арафасида ёки шу жараён вақтида СНБ томонидан «хўжамкўрсин»га бир нечта шов шувли ҳибсга олишлар амалга оширилади.
Бу ҳол Рустам Иноятов МХХ га бош этиб тайинланган чорак асрдан бўён давом этиб келади. Лекин бирор марта ҳам бирорта ректор ва ё қабул комиссияси раиси қўлга туширилгани ва ё ушланганини билмаймиз. Фақат номигагина шу ишга салгина алоқадор бўлган оддийгина ўқитувчи ёки ўртада турган воситачи ҳибс этилади, холос. Бу ишнинг бошида турганлар, олий ўқув тизимининг йирик мулозимлари, СНБ билан бевосита алоқада бўлган олий таълимнинг воситачи арбоблари қўлга олинмайди.
Юқоридаги келтирган маълумотлар ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига аён фактлар. Биз халқ орасидаги фактларни қайтариб халққа кўрсатаяпмиз холос…
13.
Бу — Ўзбекистондан олис Канадада яшаб юрган журналистнинг холисона айтилган фикр ва мулоҳазаси, ҳаётий мисоллар асосидаги оддий бир қараши ва таҳлили, холос.
Бу фикрлар — олий таълим тизимида адолат ва диёнат мезонлари устивор бўлишини чин кўнгилдан истаган ва орзу қилган хориждаги оддий бир журналистнинг субьектив фикрлари.
Биз Исмат Хушевнинг бу фикр ва қарашлари мутлақ ҳақиқат ва барча томон уларни тан олиши шарт деб деб айтишдан йироқмиз.
Лекин бошқа манбалар ҳам бизнинг бу фикр ва қарашларимизда жон борлигини айтиб турса, айни ҳақиқат эканини эътироф этиб турса, унда нима қилиш керак?
Ҳамма — Президентдан тортиб, ҳар бир абитуриент ва ота онага қадар — бир тану бир жон бўлиб, Олий таълим тизимидаги МХХ ҳомийлик қилиб келаётган бу коррупцияга — юзсизлик ва виждонсизликка, адолатсизлик ва диёнатсизликка қарши очиқ ойдин курашиши лозим ва шарт!!!
Бунинг учун эса энг аввало МХХ раиси Р.Р. Иноятовни ишдан олиб, унинг «Ўзи хон — кўланкаси майдон» идорасини — ўз профессионал касбий вазифасидан келиб чиқиб, тамомила қайта қуриш керак….
14.
Хуллас, бу мулоҳазалар — журналист Исмат Хушевнинг шахсий фикр ва қарашлари.
Энди бевосита бошқа манбаларга ҳам мурожаат қиламиз. Узоқ мулоҳазалардан сўнг биз бу борада «Озодлик» радиосини танладик. Чунки «Озодлик» бугун Ўзбекистонда энг кўп аудитория ва тингловчига эга бўлган, ўзбек халқининг юрагида чўкиб ётган орзу умидлар, дарду изтиробларни баҳоли қудрат, имкон қадар амалга ошираётган ва бу борада катта натижа ва муваффақиятларга эришаётган ягона нашр.
«Озодлик» радиоси ҳар йили олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бошланиши арафасида «Абитуриент кундалиги» саҳифасини йўлга қўйиб, уларни очиқ мулоқотга чорлайди. Унда «Озодлик»нинг ҳар бир тингловчиси бемалол ўз фикр ва қарашлари билан ўртоқлашиши мумкин бўлади. Ва айтиш мумкинки, «Озодлик»даги ҳамкасбларимиз бу борада мисли кўрилмаган натижага эришдилар: Уларга мурожаат қилган абитуриентларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистондаги Олий таълим тизими МХХ ҳомийлигида юз фоиз коррупциялашганини бир овоздан эътироф этдилар.
Қуйида «Озодлик»нинг «Абитуриент кундалиги» даги ана шундай диққатга сазовор мулоқот ва матнларни эътиборингизга ҳавола этамиз…
15.
Собиқ «Калла» эътирофи:
«Шу кунларда минглаб ёшлар талаба бўлиш истагида тест синовларига тайёрланиш билан овора. Кимдир талаба бўлиш истагида “танка” излаш билан банд. Бошқа бир абитуриент эса шпаргалка тайёрлаш ишлари билан машғул. Ким эса репетиторга қатнаб, билимини “чархлаяпти”. Ҳар куни янгилаб бориладиган “Абитуриент кундалиги” блогида ушбу жараённи қамраб олишга ҳаракат қиламиз.
28 июл: WhatsApp орқали Озодликка боғланган ўзбекистонлик талаба йигит ўз ҳикоясида “калла” бўлиб, 4 кишининг ўқишга киришида ёрдамлашгани, ҳозир бу ишидан таассуфда эканини баён этган. У исм-фамилияси, қаерда ўқиши ва ўзи айтадиган айрим одамлар ва институтлар номи сир бўлиб қолишини сўраган:
Мен лицейни тамомлаб, университетга кирганимда инглиз тилидан 36 та тестдан ҳаммасини тўғри топганман.
Шу даражага етдимки, 36 та саволни 6-8 минутга қолмасдан камида 34 ёки 35 та тўғри жавоб билан еча олардим.
Бундан 3 йил аввал мен Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқийдиган бир йигит билан танишгандим, кейинчалик у билан яқин дўст бўлиб қолдик.
Унга университетга киришда 36 та тестнинг ҳаммасини ўз каллам билан ишлаганим, она тилидан эса 32 та топганимни айтгандим. У буни эслаб қолган экан.
Кейин у менга ўзининг институтларга одам киргизадиган бир гуруҳ билан ишлашини, агар мен инглиз тили ва она тилидан 1 август куни тест ишлаб берсам, ҳар бир фандан 500 доллар олишим мумкинлигини айтди. Аммо мен бошида кўнмадим, тўғриси, виждоним чидамади.
Малайзия орзуси
Мен Малайзиядаги бир университетга имтиҳон топшириб, у ерга киргандим. Фақат контракт пули – 5000 долларни тўласам, бир йил ўқишим мумкин бўларди. Мен: “Шу бир йиллик контрактни тўласам, кейинги йилларига Малайзияда ишлаб топарман” деган хаёлга бордим. Дастлаб фақат 5000 минг доллар керак эди.
Оилам ундай пулни менга бера олмасди, менинг хаёлимга ҳалиги дўстим келди ва дарров унга телефон қилдим. Мен ундан: “Бир сезонда 5000 доллар топиш мумкинми?” деб сўрадим. У: “Ҳа”, деб жавоб берди.
“Катта” гуруҳнинг кичик “ходим”и
Ўша дўстим мени ўқишга киргизадиганлар гуруҳининг бошлиқларидан бири билан таништирди. У мен билан суҳбатлашиб, имтиҳон куни аудитория киришим ва уч клиентнинг она тили ва инглиз тилидан тестини ишлаб беришим кераклигини айтди. Шундай ҳисоблаганда мен 3000 доллар топишим мумкин экан.
“Менга 5000 минг керак” дедим. У бунинг жисмоний жиҳатдан иложи йўқлигини, таваккал қила олмаслиги ва вақт етмай қолишини айтди. Бошлиқдан улар мени аудиторияга қандай қилиб олиб кириб қўйиши ҳақида суриштирдим, хавфсизлигига қандай жавоб беришларини сўрадим. У: “Ҳаммаси гаплашилган бўлади, мелиса, кузатувчилар, ҳаттоки СНБ (Миллий хавфсизлик хизмати демоқчи – таҳр.) ҳам гаплашилган. Бизнинг гуруҳ жуда катта гуруҳ, биз катта иш қиламиз”, деди.
Бу орада мен роса ўйландим – қўрқдим, тўғриси. Ҳалиги ўртадаги дўстимдан роса бу гуруҳ ҳақида суриштирдим. У мени тинчлантириб, узоқ йиллардан бери шу гуруҳ билан ишлаши ва хавфсиз эканлигини айтди.
Ниҳоят, мен кўндим – 3000 доллар кўзимни хира қилганди. Бу пулни бир йил стипендиямни йиғиб ҳам, ишлаб ҳам тополмасдим – олдимда бир кунда топиш имконияти пайдо бўлди. Мен аҳмоқ шу ишга қўл урдим ва 1 августга тайёрлана бошладим. Бу пайт аслида мен университетнинг биринчи курсини тамомлаб, ёз таътилида эдим.
Мижоз билан келишув
1 августга уч кун қолганда мени уччала “клиент” билан таништиришди, иккитаси нормалний одам эдию, биттаси сал “кетган”роқ эди, яъни у одам ҳеч қачон университетга киролмасди.
Мен улар билан танишиб, имтиҳон куни галма-галдан менга саволлар китобини узатишни, атрофдаги оддий абитуриентларнинг ўта эътиборини тортмасликларини ва ўзларини ҳар доим бош кўтармай, тест ишлаётгандай қилиб тутишлари кераклигини уқтирдим.
Синов куни
Тест куни мен бир клиентнинг паспорти ва ДТМсини олиб, унинг ўрнидан кирадиган бўлдим. Мен инглиз тили ва она тилидан, яна битта “калла” эса математикадан ечарди, ҳаммамизни битта аудиторияга жойлашганди. Ҳалиги математикадан ечадиган йигит бир “чўпон”нинг документларини олиб кирадиган бўлди. Биз у билан бир оператив гуруҳ эдик.
Бизга шерик яна бир гуруҳ бор эди – уларда Дипломатияда ўқийдиган бир бола математика ва инглиз тилидан, бир қиз эса она тилидан ечарди. Бир жиноий гуруҳдан бўлсак ҳам бизга улар рақобатчи эдилар, чунки ким кўп ва тўғри ишлашга “калла”лар ўртасида ҳам пойга бўлади.
Ҳаммаси келишиб қўйилган
Ростданам мелисалар ҳам, СНБ ҳам гаплашилган экан. Бўлмаса, мен “клиент”га умуман ўхшамаслигимни оддий одам ҳам биларди. Улар менинг ҳужжатларимни кўришиб, бир менга, бир паспорт ва ДТМга қараб қўяр ва жилмайиб ўтказворарди. Битта кулгили ҳолат – бир СНБчи ДМТни мендан олиб, қуёшга тутиб, “Сохтамасми?” деб, текшириб ҳам кўрган “хўжакўрсин”га.
Ичкарига кирсам, ҳатто хонадаги кузатувчи ҳам гаплашилган экан. Иш жуда силлиқ ўтди – ҳамма ишни бажариб, елкамдан тоғ ағдарилгандек тестдан чиқдим.
Мижози илғор “калла”лар
Мандат чиққач, бориб кўрдим. Битта клиентнинг инглиз тилисидан 36 тасининг ҳаммасини тўғри топибман, она тилидан эса 29 та. Инглиз тили 2-блок, она тили 3-блок, математика эса 1-блок эди. Математикани ечадиган шеригим 31 та ишлабди ва шу клиент бюджетнинг 1-ўрнида турибди.
Яна битта клиентнинг инглиз тилисидан 34 та ишлабман. Она тили ва математика эсимда йўқ, лекин у 3-ўрин билан бюджетга кирибди.
Учинчи клиент эса контрактга тушиб қолибди. Ҳаммасига шу математикадан ечадиган шеригим айбдор. Менга уни таништиришганда, “36 тадан 35 та ёки 34 та ечади” дейишганди, тестда 29 та, 31 та топиб, мени уялтирганди.
Уч клиентдан биттаси контракт бўлиб қолишига шу бола айбдор бўлганди, бизга рақобатдаги гуруҳ уччала клиентининг ҳаммаси бюджетга ўтганди-да. Шунга озгина орқада қолганимга жаҳлим чиққанди.
“Қўшимча иш”
Мен имтиҳонда берилган 3 соатнинг икки соатида клиентларнинг 3 та инглиз тили ва 3 та она тили вариантини ишлаб бергандим. Шу пайт олдимда ўтирган бир нотаниш йигит тестини ишлаб беришни сўради. Мен унга разм солдим ва пул чиқадиган одамга ўхшагани учун она тилиси ва инглиз тилисини 1000 долларга ишлаб беришимни айтдим. У кўнди ва мен умумий ҳисобда 4 та инглиз тили, 4 та она тилидан тестларни ишладим ўша куни.
Ё, насиб…
Афсуски, кейин олган пулларим менга насиб қилмади – акам машинасида авария бўп кетди. Худога шукур, ўзига ҳеч нарса бўлмади. Лекин машинасининг пачоғи чиқди ва мен топган пулларимни машинамизни тузатиш учун акамга бердим. Малайзиядаги ўқиш билан эса хайрлашдим…
Афсусдаман!
Агар ҳикоям чоп этилса, буни ўқиб, мени кўпчилик лаънатласа керак, яна билмадим… Лекин бир гапни уларга айтай: ўшандан бери виждоним жуда қийналяпти, “Аллоҳ менинг гуноҳимни кечирармикин?” деб юрибман. Шунинг учун мен ҳақимда ёмон коммент қолдирмасликларини сўрайман.
Бу ҳикояни айтиб беришдан мақсад – юртимизда юрган бари “калла”ларни огоҳлантириш: “Бир кунда топган пулинглар барибир насиб қилмайди, бу дунёда бўлмаса, у дунёда жавоби бор, ўйлаб иш қилинг, кейин афсусланиб юрманглар!
Бу -“Абитуриент кундалиги”га келган собиқ “калла”нинг WhatsApp блоги эди…»
27 июл: Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳар йили ўтказиладиган тест синовлари Давлат тест марказидан 1 август куни эрталаб олий ўқув юртларига етказиб берилган бюллетенлар, яъни савол-жавоблар мажмуаси асосида ўтади. Бу савол-жавоблар давлат сири даражасида қўриқланади¸ уни ҳозирлайдиганларнинг бевосита Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назоратида ишлаши айтилади ва белгиланган тартибга кўра¸ тестда тушадиган саволлар рўйхати ва улар “калити” республика бўйлаб синовлар бошланишидан саноқли соат аввал очилиши керак.
Бироқ Озодлик мухбири суҳбатлашган манбалардан маълум бўлишича, йиллардан бери бу савол-жавоблар мажмуаси, ҳали улар жойланган қалин папкалардаги муҳрлар бузилмасдан туриб, унингабитурентлар ва ўқитувчилар тили билан айтганда “Х” варианти аллақачон жойлардаги тегишли одамлар қўлига етиб борган бўлади.
Бевосита Давлат тест марказидан сизиб чиқиши айтиладиган тест синовларининг “Х” вариантининг ўзи нима?
Тошкентлик ўқитувчилардан бири Маҳмуд Аъзамов бу вариантни шундай тушунтирди:
– “Х” вариант деганимиз¸ давлат тест имтиҳонлари учун тайёрланган савол-жавобларнинг сир ҳолатидан ташқарига сизиб чиқиши. Бу Давлат тест марказидан чиқадими ёки саволларни тайёрлаган мутахассислар ташқарига чиқаришадими, бунисини ҳеч ким билмайди. “Х” вариантни қўлга киритган гуруҳлар махсус уйларда талабаларга ўша жавобларни ёдлатади. Ўша хонага кириб чиқадиган абитуриентлар трусиcигача текширилади, токи бу вариант ташқарига чиқиб кетмаслиги учун, дейди ўзи ҳам абитуриентларни тест имтиҳонларига ҳозирлаш билан шуғулланадиган Маҳмуд Аъзамов.
Унга кўра, “Х “вариантнинг Давлат тест марказидан сизиб чиқиши ҳар йили давом этмоқда.
– Узоғи билан бир ой олдин одамларнинг қўлига тегишни бошлайди у. Чунки буни сир сақлашадида. Ҳали мутахассисларнинг қўлида ҳам бўлмайдида. Тарихни алоҳида¸ она тилини алоҳида¸ инглиз тилини алоҳида тузадиган тўртта-бешта одамларга ишониб топширилади. Кейин улардан олинади ва Давлат тест марказига топширилади. Аслида бу сир сақланиши керак. Ҳеч кимнинг қўлига тегмаслиги керак. Лекин чиқиб кетади. Жуда кўп жойларга тарқаб кетади бу нарса. У мутахассисларнинг қўлидан чиқиши ҳам мумкин¸ Давлат тест марказидан чиқиши ҳам мумкин. Унинг қаердан чиққанини олган одам билади¸ дейди тошкентлик репетиторлардан бири Маҳмуд Аъзамов.
Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон олий юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчининг айтишича, “Х”вариант билан шуғулланиш имтиҳонларга тахминан бир ой вақт қолганда бошланади. “Х” вариантни қўлга киритган шахслар ўзига яқин домлалар воситасида ўқишга пул билан кирмоқчи бўлган абитуриентлар гуруҳини тўплайди. Бу гуруҳлар махсус квартираларда жуда қаттиқ тартибда ўқитилиб, “Х” вариантдаги саволларнинг тўғри жавоблари тўтиқушдай ёдлатилади, дейди ўқитувчи:
– 1 август куни имтиҳон бошланади. Лекин ҳозир деярли ҳамма жойда¸ ҳамма вилоятларда¸ Тошкент шаҳрида махсус шуғулланадиган домлаларнинг гуруҳлари бор. Булар болаларни 1-2 ой тайëрлайди. Уларнинг қўлига иложи борича¸ улар олишоладими ëки йўқми¸ Давлат тест марказида қилинган¸ деб шпаргалкалар олинади. Алоҳида квартираларга жойлаштирилади ва ëдлатилади. Алоҳида квартираларда уларнинг қўлларига берилади. Бу¸ айниқса¸ тест бошланишига бир кун қолганда берилади. Болалар ўша шпаргалка бўйича тайëрланади. Омади чопгани кириб кетади. Кимнинг омади чопса¸ кейин домлалар факултетларга қараб 1500-2000-2500 доллар олишади¸ дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон олий юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчи…
17.
26 июл: “Абитуриент кундалиги”нинг доимий “блоггер”ига айланган “Имтиҳон сирлари” мактубининг эгаси Анвар акадан яна иккита хат олдик.
Мактуб эгаси ўзи ҳикоя қилган усуллар ва ушбу ноқонуний йўллар орқали 15 йил давомида ўқишга кирган 700 га яқин собиқ талаба ҳақида тўлиқ маълумот мавжудлигини яна бир бора таъкидлаган.
“Hurmatli Ozodlik radiosi xodimlari. Men yuborgan ma’lumotlar shubha uyg’otishi tabiiy hol. Biroq amin bo’lingki har bir ma’lumotni tagida hujjatli asosi bor. Shundog’am ko’pgina sudya va prokurorlarning yuragiga g’ulg’ula tushgan ko’rinadi. Chunki Ozodlik saytida maqola chop qilinishi bilanoq o’sha men aytgan tanishimga o’nlab qo’ng’iroqlar bo’ldi. Lekin o’sha “organizator” bundan xabari yo’qligini aytib ularni tinchlantirgan. Biz bu shaxslarni hozircha ochiqlash niyatimiz yo’q, chunki mavridi emas. Oldin ta’kidlaganimdek bu ma’lumotlar tanishimning seyfida saqlanadi. Ishontirib aytamanki istagan vaqtda ulardan har qaysi biri haqidagi to’liq ma’lumotni
olishim mumkin… Zamoni kelganda bu shaxslarning barchasi haqidagi ma’lumotlar ommaga oshkor qilinadi. Inshalloh bunga ham oz fursat qoldi”, дейилади ўзини Анвар Ибодов деб таништирган шахс мактубида.
Ибодов сўзларининг тасдиғи сифатида “Абитуриент кундалиги”га йўллаган бошқа бир мактубида эса “Танка” билан “Клиент” ўртасида бўладиган пул олди- бердиси пайти тўпланган “ҳужжатли далиллар”ни келтирган:
“- клиент паспортининг сканер қилинган нусхаси ва худди шу паспортнинг киритиб қўювчи (десант) расми билан алмаштирилган ҳолдаги сканер нусхаси;
– клиент ДТМ варағининг сканер қилинган нусхаси ва худди шу ҳужжатнинг киритиб қўювчи (десант) расми билан алмаштирилган ҳолдаги сканер нусхаси;
– ҳар йилги ДТМ томонидан абитуриентларнинг ичкарига киришлари битта-битта тарзда тасвирга олинадиган видеосёмкалар. Бу фақат 2001йилдан бошлаб олинган.
– пул олди-бердиси пайтида ёзиб берилган тилхатлар. Бу тилхатларда олинадиган сумма кўрсатилиши билан бирга улар “организатор” ва клиентнинг ота-онаси томонидан имзоланган. Тилхат асосан қарз олди-бердиси сифатида ёзиб берилади ва гувоҳлар билан бирга иккала тараф томонидан ҳам имзоланади. Бу тилхатларни бир кўрган одам уларнинг қарз ҳақида эмаслигини бир пасда пайқаб олади. Чунки битта шахс бор-йўғи 15-20 кун ичида 100 га яқин одамга бир хил мазмундаги тилхат ёзиб бериши ҳар қандай одамда шубҳа уйғотади.
Демак кўрганингиздек барча далиллар исм-шарифлар билан боғлиқ”, дейилади ўзини Анвар Ибодов деб таништирган шахснинг навбатдаги мактубида…
18.
25 июл: Озодлик радиосининг электрон почтасига Тошкент Аграр университетига ҳужжат топширган бир гуруҳ абитуриентлар номидан келган мактубда ушбу олийгоҳнинг қабул комиссиясида йўл қўйилган бир қатор ҳуқуқбузарликлар тилга олинган.
” Муаммо қуйидагича: талаб қилинаётган барча ҳужжатлар қаторида абитуриентлар 2 та скорошиватель ва 3.5х4.5 ҳажмда 6 та фотосурат топширишлари керак.
Шу нарсалар барча стандарт, сифат ва сўралган талабга жавоб беришига қарамай, қабул комиссияси ходимлари буларни асоссиз қабул қилмай, ушбу нарсаларни қабул комиссияси қошида университетнинг баъзи мансабдор шахслари тамонидан ташкил қилинган скорошиватель сотув растаси ва фотосуратга тушириш шахобчасидан фойдаланишга мажбурлашди.
Бошқа жойда бу нарсаларни кўпи билан 3,5 минг сўмга сотиб олинса, бу ерда 6,5 минг сўмдан пуллашди.
Бизнинг “Нега биз тайёрлаб келган, барча талаб, сифат ва стандартга жавоб берувчи бу нарсаларни қабул қилмасдан, шу ерда қайтадан 2 – 3 баравар қимматга сотиб олишимиз керак? Бу масала юзасидан юқори ташкилотлар, Олий таълим вазирлигининг буйруқ, қарор ёки тавсияси борми?”, деган саволимизга қабул комиссияси ходимларидан аниқ ва қониқарли жавоб олмадик.
Суриштирув олиб борганимизда бу ишларга бош- қош шу университетнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори А.А. (Озодликда қўшимча маълумот йўқлиги учун ушбу шахснинг исми шарифини тўлиқ эълон қилмаяпмиз- таҳр.) эканлиги маълум бўлди. Ушбу шахснинг Эгаллаётган мансабини суиистемол қилиб, маблағ билан боғлиқ ишларга аралашуви қонунга ҳилоф иш деб ҳисоблаймиз.
“Мен бу йил хам Карши мухандислик Иктисодиёт институтига МАГИСТРАТУРАга хужжат топширдим.
Аммо МАГИСТРАТУРАга ўқишга киришда имтихон 2 та фандан 3-10 августда ёзма шаклда булади. Демак хақиқат умуман йуқ.
Кириш учун калла керак десангиз қаттиқ адашасиз. Йиғиб қуйган пулингиздан 2000$ дан 3500$ гача пул керак.
Масалан бу йил “Иқтисодиёт” ва “Нефт ва газ” факультетига кириш учун бюджетга 3000$, Контрактга 2000$ порани Ректорга узатиш керак.
Акс холда …..
Умуман олганда МАГИСТРАТУРА Институт Ректорлари учун даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Шу хақида ким бош қотириш керак бунисини Олий таълим Вазирлигидан сўраш керак”, дея шарҳ йўллади қаршилик Фаррух…
20.
23 июл: “Абитуриент кундалиги”да ҳикоя қилинган тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақидаги ” Имтиҳон сирлари” мактубининг эгаси Анвар акадан яна бир хат олдик.
Ушбу мактубда айни 7 та усулни қўллаган битта гуруҳ томонидан 15 йил давомида ўқишга киритилган собиқ талабаларнинг бугунги тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.
Анвар акага кўра, унинг таниши бўлган “Танка” томонидан 1997-2012 йиллар оралиғида 700 га яқин талаба худди шу усуллар билан ўқишга жойланган.
Шу ўринда мактубдан иқтибос келтирсак:
“Мазкур гуруҳ томонидан 1997 йилдан бошлаб ўқишга киритиб қўйилган клиент-абитуриентлар 2013 йил 16 июл ҳолатига кўра қуйидаги лавозимларда фаолият олиб боришмоқда:
Банк соҳасида:
Турли банкларнинг туман филиалларида: 14 та бошқарувчи
Турли банкларнинг вилоят филиалларида: 9 та бошқарувчи
Турли банкларнинг республика бошқармалари ва бўлимларида: 11 та ходим.
Жами: 34 та одам.
Молия соҳасида:
Республика бўйича туман молия бўлимларида: 7 та туман молия бўлими мудири
Республика бўйича шаҳар молия бўлимларида: 4 та шаҳар молия бўлими мудири
Республика бўйича вилоят молия бошқармаларида: 6 та бўлим бошлиғи, 5 та мутахассис
Республика молия вазирлигида: турли бошқармаларида умумий 13 та одам.
Жами: 35 та одам.
Судларда:
Республика бўйича туман судларида:
А) Жиноят ишлари бўйича туман судларида – 16 та судья
Б) Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида – 7 та судья ва 2 та суд раиси.
Республика бўйича вилоят ва шаҳар судларида:
А) Жиноят ишлари бўйича вилоят судларида – 9 та судья
Б) Жиноят ишлари бўйича шаҳар судларида – 4 та судья
В) Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судларида – 5 та судья
Жами – 43 та судья
Бундан ташқари 16 та суд котиблари ҳам турли даражадаги судларда фаолият олиб боришмоқда.
Прокуратура соҳасида:
Республика бўйича туман прокуратураларида: 4 та туман прокурори, 27 та терговчи
Республика бўйича вилоят прокуратураларида: 2 та бўлим прокурори, 16 та терговчи
Республика прокуратурасида: 3 та бошқарма прокурори ва 2 та бошқарма катта прокурори.
Жами – 54 та прокурор ва терговчилар
Миллий хавфсизлик хизмати — МХХ соҳасида:
Республика бўйича МХХ туман бўлимларида 9 та одам.
Республика бўйича МХХ вилоят бошқармаларида 3 та одам.
Жами – 12 та МХХ ходими”
Мактуб эгасига кўра, ушбу рўйхатдаги ҳар бир шахс ҳақида тўлиқ маълумот у кишида мавжуд.
“Келтирилган маълумотлар денгиздан томчи холос. Чунки бу фақат биттагина гуруҳ томонидан ўқишга жойлаб қўйилганларнинг рўйхати холос. Бироқ бундай гуруҳлардан яна қанчаси зимдан фаолият олиб боришмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимининг барча бўғинлари абгор бир аҳволда. Чунки жуда кўплаб муҳим лавозимларга бу соҳа бўйича етарли билимга эга бўлмаган ва мазкур соҳа ривожига ҳисса қўшиш лаёқатига эга бўлмаган шахслар тайинланмоқда.
Бу эса республикамиздаги кадрлар тизимини, биринчи навбатда таълим соҳаси тизимини тубдан ислоҳ қилишни талаб қилади”, дейилади “Абитуриент кундалиги”га келган мактубда…
20 июл: Ўзбекистонда олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш жараёни тугади.
Давлат тест маркази маълумотига кўра, мамлакат олийгоҳларига жами 480 минг 405 нафар абитуриент қабул қилинди.
Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига энг кўп ҳужжат қабул қилинди. Бу ерга 115 та ўрин учун жами 2 минг 599 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу мамлакат бўйича энг юқори кўрсаткич бўлиб, битта ўрин учун 22,60 нафар абитуриент даъвогарлик қилади.
Тошкентдаги Миллий рақс ва хореография олий мактабида энг паст кўрсаткич қайд этилган. Бу ерда битта ўринга 2,02 даъвогар бор.
480 минг 405 талабадан фақат 56 минг 722 нафари талабалик бахтига муяссар бўлади. Яъни ҳар бир ўрин учун 8,47 абитуриент даъвогарлик қилаяпти.
Айни пайтда жорий йилда яратилган сунъий тўсиқлар боис барча хоҳловчилар ҳам ҳужжат топшира олмагани кузатилди.
Жумладан, Озодлик почтасига келган мактубда шундай ҳолатлардан бири қайд қилинган…
22.
Мактубни таҳрирсиз эълон қилаяпмиз:
“Хурматли Озодлик. Мени бу номамга этибор берасизларми еки екми билмайман. Ичимда алам билан езмокдаман. Бугун ОТМларга хужжат топширишнинг сунгги куни эканлиги учун эрта тонгдан Тошкент Молия Институтига ҳужжат топширишга бордим. Нихоят талаба буламан деганимда яна бир бора орзуйим саробга айланди. У ер илм даргохи эмас балки шоколлар уясига айланганига гувох булдим. Боришим билан хеч кимни узи олиб келган сурати билан ичкарига куйишмаятганини курдим. Айтишдики барча абитуриентлар институт биносида расмга тушиши керак экан. 3500 сумдан расмга олишяпти хаммани. Мажбуран мен хам тушдим. Мана сизга бизнес. Кейин хужжатларимни Кредит-Иктисод факултетига олиб бордим. У ерда шахсан декан муовини Масрур исмли шахс кабул килябди, аникроги хар 2 абитуриентдан бирини турли бахоналар билан ортга кайтарябди. Аризани тугри тулдириш учун хеч кандай маслахатчи ердам бермаябди. Хар бир абитуриентни эса 30 дакикасиз хужжатини кабул килмаябди. Навбатим келганда халиги Масрурни олдига кирдим. У эса гарчи конунда курсатилмаган булсада шу пайтгача нима иш килганим хакида хужжат талаб килди. Яна бир абитурентга эса коллежда узбек йуналишида таълим олганлар рус гурухига топширолмаслигини айтди. Кейин наилож уйга кайтдим. У ерда бошка абитуриентларни хам турли бахоналар билан рад жавобини олайотганига гувох булдим. Олий ва урта махсус таълим вазирлигига бир неча маротаба кунгирогим эса жавобсиз колди. Нахотки абитурентларни суний камайтиришга давлатимиз йул куйиб бераверади? Афсуски саволларим жавобсиз. Талаба булиш орзуим эса бу сафар хам ушалмади”, дейилади бу йилги абитуриетлар рўйхатига кира олмаган муштарий.
23.
18 Июл: Озодлик почтасига Анвар исмли муштарийдан “Имтиҳон сирлари” сарлавҳа билан бир мактуб келди.
“Ассалому алайкум Озодлик радиоси ходимлари. “Тошкент тўқимачилик институтидаги машмашалар” номли мақолани ўқиб, шу мавзу бўйича бир танишим ҳикоясини сизга юборяпман. Бу одам 15 йил давомида абитуриентларни ўқишга киритиб қўйиш билан шуғулланган, балки бу иш билан шуғулланувчилар орасида энг тажрибалиларидан биридир. У билан бўлиб ўтган суҳбат давомида ўқишга киритиб қўйишнинг жуда кўплаб усулларини санаб ўтди ва уларнинг бир-биридан фарқларига батафсил тўхталди. Баъзиларини эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу усуллардан асосан, Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ), Тошкент давлат университети (ТОШДУ – Ҳозирги ЎзМУ), Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг юридик факультетлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ), Тошкент молия институти, Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоқ давлат университетларининг иқтисодиёт ва молия факултетларига клиент-абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишда фойдаланилган”, дейилади Анвар исмли муштариймиз хатида.
Ушбу мактубда тест синовлари пайти қўлланиладиган 7 та усул ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.
24.
7. Экстримал усул:
Бу усул кўпчилик учун қанчалик ғаройиб туюлса ҳам 2006-2009 йиллар оралиғида бир неча бор амалда фойдаланилган.
Бу усул икки хил турда фойдаланилади. Бу имтиҳон бўладиган аудиториянинг қайси қаватда жойлашганига боғлиқ.
Биринчи ҳолат – аудитория биринчи қаватда бўлса, имтиҳондан бир неча кун олдин “клиент”лар қайси гуруҳга тушганлиги ва ҳатто клиент-абитуриентнинг қайси партага ўтириши ҳам аниқланади.
Кейин айнан “клиент” ўтирадиган парта тагидан подвалга махсус туйнук очилади. Бу туйнук катталиги ундан саволлар китобчасини труба шаклида ўраб подвалга тушириб юборадиган даражада бўлиши керак. Кейин бу туйнук усти яхшилаб бекитилади. Бу полнинг турига боғлиқ, масалан, пол линолиум бўлса, линолиум 10 кв.см катталикда кесиб олинади ва перефаратор ёрдамида бетон тешилиб, подвалга кичкина туйнук ҳосил қилинади.
Агар пол паркет бўлса, туйнук паркет тагидан ҳосил қилинади. Бундай туйнуклар клиент-абитуриентлар жойлашган бир нечта аудиториялар тагида ҳосил қилинади.
Имтиҳондан бир кун олдин тунда махсус ўқитувчилар гуруҳи бино подвалига жойлаштирилади ва деярли икки кун давомида подвалда қолишига тўғри келади. Улар ўзлари билан озиқ-овқат ва фонар олиб олишлари керак, чунки подвал таги қоронғу бўлади.
Имтиҳон куни клиент- абитуриентлар эҳтиёткорлик билан ўзлари ўтирган стул тагидаги туйнукни очишади яъни оёғи билан кесилган линолиумни суриб қўйишади. Кейин шу туйнукдан саволлар китобчасини подвалга ташлашади. Албатта одатда бинолардаги аудиторияларнинг барчаси учун подвал умумий бўлади. Туйнуклардан тушган китобчаларни подвалдаги ўқитувчилар тезда ечишади ва қайтиб туйнукдан узатишади. Шу тариқа иш бажарилади.
Баъзида аудиториялардаги парталар амфитеатр шаклида жойлаштирилган бўлади яъни орқадаги парта олдингисидан баландроқда. Бу ҳолатда ушбу усулдан фойдаланишнинг имкони йўқ.
Иккинчи ҳолатда – клиент-абитуриентлар жойлашган аудитория юқори қаватда – охирги ёки охиргидан бир қават пасда жойлашган бўлса, бу усулнинг иккинчи туридан фойдаланилади.
Бу олдингисидан ҳам мураккаброқ. Бунинг учун имтиҳондан бир кун олдин тунда махсус тайёрланган бир йигит бино томига чиқиб олади ва ўзи чиққан темир зинапояни махсус арра билан кесиб олиб томга чиқариб қўяди. Бу имтиҳон куни кимдир кўриб қолгудек бўлса милиция ёки МХХ ходимлари унинг ортидан бино томига чиқишларининг олдини олиш учун.
Имтиҳондан кейин бинодан тушишда зинапояни сим билан қайта боғлаб қўяди. Баъзи биноларда томга чиқиш бино ичкарисида бўлади лекин аксарият биноларда зинапоя бинонинг ён томонида ташқарида жойлашган бўлади. Бироқ, зинапояни кесиб олиш – бу фақат ҳар эҳтимолга қарши қилинадиган тадбир, одатда томда биров юрганини МХХ ходимлари ҳам милиция ҳам сезмайди, бу йигитнинг эҳтиёткорлигига боғлиқ.
Демак бу йигит имтиҳон куни томда бўлади ва эмаклаган ҳолда аудиторияларнинг деразаларига жилкага боғланган телефонни эҳтиёткорлик билан туширади. Бу телефонда BLUETOOTH ёқилиб турган бўлиши керак.
Аудиториялардаги клиент-абитуриентлар ўзларининг саволлар китобчасидаги саволларни ўзлари билан олиб кирилган телефонлар ёки олдиндан аудиторияларга яшириб кетилган телефонлар орқали расмга олишади ва дераза олдига келиб, BLUETOOTH орқали дераза ортидаги телефонга узатишади.
Шу тарзда томдаги йигит эҳтиёткорлик билан эмаклаган ҳолда барча аудиториялар деразаларидан жилка ёки ингичка ипга боғланган телефонни юргизиб чиқади ва ичкаридан узатилган расмларни кўчириб олади. Кейин жилкага осилган телефонни тортиб олади ва ундаги флешкани чиқариб олади. Ҳар эҳтимолга қарши расмларни яна бир флешкага кўчириб қўяди.
Шундан сўнг олдиндан махсус ясалган ва ўзи билан томга олиб чиқилган камон ўқи учига флешкани скоч билан мустаҳкамлайди ҳамда камон орқали шериклари турган томонга ўқ узади.
Махсус камондан фойдаланишнинг икки сабаби бор. Биринчиси, агарда камон ўрнига USB модем билан нетбук орқали интернетдан юборилса, расмлар ҳажми жуда катталиги сабабли бу жуда кўп вақт талаб қилади. Имтиҳон куни эса ҳар бир сония ғанимат.
Иккинчидан, ҳозирда имтиҳон ўтказиладиган барча бинолар темир панжаралар билан ўраб олинган ва фарзандларини олиб келган ота-оналар панжара ташқарисида яъни бинодан анча узоқда туриб кутишларига тўғри келади.
Худди шу сингари ўқишга киритиб қўювчилар гуруҳи ҳам имтиҳон бўладиган бинодан анча узоқда жойлашишига тўғри келади. Бу вазиятда расмлар туширилган флешкани гуруҳга етказиб беришда қўлбола камон жуда қўл келади.
Агар кутилмаган вазият туфайли камон ўқи бошқа жойга келиб қолса, заҳирадаги флешка бошқатдан камон ўқига боғлаб отилади.
Хуллас манзилга келиб тушган флешка зудлик билан компютерга уланиб, ундаги саволлар китобчаси қоғозга чиқарилади ва махсус гуруҳ томонидан ечилган жавоблар телефон орқали абитуриентларга етказиб берилади.
Агарда имтиҳон бўладиган бино томи шифер билан қопланган бўлса, бу усул фойда бермаслиги мумкин, ҳар қандай ҳолатда шароитдан келиб чиқиб иш қилинади.
25.
6. Ксерокс усули (Нусха олиш усули):
Бу усулни бошқа усуллар орасида энг самаралиси ва кам харжлиси деса ҳам бўлади.
Бу усул 2008-2010 йилларда қўлланилган ва ҳозирда фойдаланилмайди. Чунки айнан шу йиллари ДТМ қарорига кўра тест синовларда тушадиган вариантларнинг сони ҳар бир шифрдаги ўқув йўналишига қараб қатъий белгиланган 30 тадан 60 тагача вариантдан иборат эди. Унга кўра бирорта шифр йўналишидаги барча вариантлар жамланган саволлар китобчалари қутиси билан сотиб олинади. Сотиб олинади дегани – имтиҳондан бир кун олдин тунда ёки эрта тонгда имтиҳон бўладиган бинога тест китобчалари олиб келинаётганда МХХ ходимлари билан келишган ҳолда барча вариантлар жамланган бир қути ксерокопия қилиб олинади.
Мисол учун молия йўналишидаги шифрлар учун 40 та вариант саволлар чиқарилган бўлиши мумкин. Ушбу 40 та тест китоби жойлашган қутича муҳри бузилади ва ярим соат ичида барча китоблар ксерокопия қилиб олинади. Кейин ушбу 40 та вариантнинг барчаси эрталабки соат 7-8 ларга қадар ечиб чиқилади.
Қарабсизки ҳали имтиҳон бошланишидан олдин мазкур шифр йўналишидаги барча вариантларнинг жавоблари тайёр бўлади. Кейинчалик бу тайёр жавоблар аудиторияларда ўтирган клиент-абитуриентларга телефон орқали етказиб берилади. 108 та саволнинг тайёр жавобларини ўқиш учун эса бор-йўғи3-4 минут вақт кифоя қилади.
Энг асосийси ушбу жавоблар республикадаги ҳар қандай олий ўқув юртида мавжуд бир хил шифрдаги йўналишларнинг барчасига тўғри келади. Яъни бир ўқ билан 10 та қуённи урса бўлади.
Масалан Тошкентдаги бирорта олий таълим муассасасида молия йўналиши бўйича барча вариантлар қўлга киритилса, барча вилоят олий ўқув юртларидаги айни йўналиш шифридаги вариантлар қўлга киритилганини билдиради. Бир марта ечилган вариантлар жавобидан 10 лаб ўқув юртларига абитуриентларни ўқишга киритишда фойдаланилади.
Бу усул айниқса юридик йўналишларда жуда катта самара берган. Ҳатто икки йил мобайнида бу йўналишда фаолият олиб борувчи “бункер”чиларни ҳам деярли ўйиндан чиқариб ташлаганди. 2009 йилги тест синовларида айнан юридик йўналишларнинг барчасида кириш балларини энг қуйиси яъни контрактнинг охири 210 баллдан тепа бўлганини кўпчилик ҳали унутгани йўқ…
Men istiqomat qiladigan mahallada bir necha odamdan ishitdim “Ismat Xushev digan jurnalist MXX boshlig’i Inoytovni barcha qilmishlarini ochib tashlabdi. Otasiga ming rahmat otni kallasidek yragi bor ekan” digan gap-suzlarni aytib yribdi. Internit yxshi narsada yzgan narsang butun dunyga bir zumda tarqaladi.
Afsuslar bulsin 26 yil ichida Karimboy qurgan davlat mutloqa yroqsiz ekanligini aniq kursatib turibdi. Uzbek xalqi buning azobini hali qanchalab tortadi. Yrtimizda axmoqlar shunchalik kupki hatto Karimovdek ykka xokimni osmonga kutarib yribdi. Bilmadim joxilli kasali ham yqumli bular ekanda. Bulmasa shuncha odam bu shubxali xudbin odamni uzi uchun ideal qilib olmas edi.
Мақолада тилга олинган Анвар Ибодов деган сиёсатшунос домлани танирдим. Маълумотлари конкрет ҳақиқат. 7 та усул ва пул билан ўқишга кириб ҳозир катта лавозимларда ишлаётган мулозимлар ҳам ҳаммаси бор гап. Лекин Озодликда чиққан ушбу мақолалардан сўнг бошига анча ташвиш келган. Тавбасига таянган.
Ismat aka! Shartmikan Aziz joningizni haf-hatarga quyish. Agarda urush bo’lsa kamida ikkimarta qaxramon unvonini olgan bo’lardingiz. Xushyr bo’ling siz Vatanga hali ko’p kerak bo’lasiz.
Men istiqomat qiladigan mahallada bir necha odamdan ishitdim “Ismat Xushev digan jurnalist MXX boshlig’i Inoytovni barcha qilmishlarini ochib tashlabdi. Otasiga ming rahmat otni kallasidek yragi bor ekan” digan gap-suzlarni aytib yribdi. Internit yxshi narsada yzgan narsang butun dunyga bir zumda tarqaladi.
Afsuslar bulsin 26 yil ichida Karimboy qurgan davlat mutloqa yroqsiz ekanligini aniq kursatib turibdi. Uzbek xalqi buning azobini hali qanchalab tortadi. Yrtimizda axmoqlar shunchalik kupki hatto Karimovdek ykka xokimni osmonga kutarib yribdi. Bilmadim joxilli kasali ham yqumli bular ekanda. Bulmasa shuncha odam bu shubxali xudbin odamni uzi uchun ideal qilib olmas edi.
Sizni ushbu maqolalaringizdan kiyin yzda o’qishga krish bir oz engillashsa kerak. Axir qancha shov-shuv bo’lib ketdi.
BUTUNLAY DAVLAT BOSHQARUVNI URGIMCHAKDEK NAZORAT QILAYTGAN EKAN BU JINOYIY KARRUPSIYLASHGAN ODAMLAR GRUXI.
Мақолада тилга олинган Анвар Ибодов деган сиёсатшунос домлани танирдим. Маълумотлари конкрет ҳақиқат. 7 та усул ва пул билан ўқишга кириб ҳозир катта лавозимларда ишлаётган мулозимлар ҳам ҳаммаси бор гап. Лекин Озодликда чиққан ушбу мақолалардан сўнг бошига анча ташвиш келган. Тавбасига таянган.
2 шарҳ
Ismat aka! Shartmikan Aziz joningizni haf-hatarga quyish. Agarda urush bo’lsa kamida ikkimarta qaxramon unvonini olgan bo’lardingiz. Xushyr bo’ling siz Vatanga hali ko’p kerak bo’lasiz.
MAMLAKAT BUTUN BOSHLIQ OT BOZORIGA AYLANIB KETIBDI-KU. KARIMOV SHUNDAY AFSUS CHAYQOVCHI BOZORNI QOLDIRDI.