УЧИНЧИ МАҚОЛА
1.
Биз шу мавзудаги аввалги таҳлилий чиқишларимизда очиқ-ойдин айтолмаган бўлсак-да, лекин шундай бўлиши мумкинлигидан хавотир олган воқеа, ниҳоят, содир бўлди: ДХХ раиси И.Б.Абдуллаев ишдан олинди.
Ўзбекистон Президенти Веб саҳифасида бир йилнинг нари берисида ДХХга раҳбарлик қилган Ихтиёр Бахтиёровичнинг ишдан олиниш тафсилоти қуйидагича шарҳланди:
«Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган генерал-лейтенант Азизов Абдусалам Абдумавланович Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раиси лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раиси лавозимида ишлаб келган Абдуллаев Ихтиёр Бахтиёрович соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан (кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган) лавозимидан озод этилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимига шу кунга қадар Тошкент харбий округи қўшинлари қўмондони лавозимида ишлаб келаётган генерал-майор Курбанов Баҳодир Низамович тасдиқланди.
Б. Курбанов аввал Ички ишлар вазирининг ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Ўзбекистон Президентининг расмий Веб сайтидан олинди…
2.
Кейинги пайтда хориждаги баъзи сайтлар, хусусан, Элтуз.сом нашри ДХХ раиси ва Бош прокурор ҳақида бир талай фараз ва ғаразларни эълон қилди.
Бизнинг юқоридаги мақолаларимиз ҳам ана шу фикр ва мулоҳазаларга муносабат тарзида ёзилган эди. Чунки биз эски замон мулозимлари Рустам Иноятов ва Рашид Қодировларнинг узоқ йиллик ҳукмронлигидан сўнг бу идора ва тизим раҳбарларига жуда оғир ва аянчли меърос қолганини яхши билардик.
Кейинги икки йилда мамлакатда ҳибс этилган Ўзбекистон Олий раҳбариятининг аксар мулозимлари ДХХ раиси ва Бош прокурор қўли (Ҳибсга олиш ҳақидаги имзо ва санкцияси) билан жазоланаётган эди.
Қолаверса, Президентнинг бу икки — ўта оғир ва масъулиятли соҳадаги номзодлари ҳақида илиқ ва самимий, яхши ва умидли фикрда эдик.
Уларга ишонардик ва ҳурмат қилардик. Қолаверса, биздаги уларга бўлган бу симпатия аслида Президентга бўлган юксак меҳр ва эҳтиромимиз тимсоли эди. Чунки Мирзиёев уларни ўз соҳасидаги юзлаб одамлар орасидан хатоликка йўл қўймай, чанг чиқармай, ҳалол ва покиза ишлагани учун ўз командасига жалб этганини билардик.
Бир сўз билан айтганда улар — биз ишонган давлат раҳбарининг узоқни кўзлаб, фикр- мулоҳаза билан чертиб чертиб, танлаб олган номзодлари эди…
3.
Шунинг учун ҳам хориж сайтларида уларга қарши турли туман шубҳали ва асоссиз фараз ва ғаразлар эълон қилинаркан, биз уларни бу ғийбат ва тўҳматлардан ҳимоя қилишни ўз виждоний бурчимиз деб билдик.
Журналистик одоб ва масъулият меъзонлари биздан шуни талаб қилди.
Мамлакатда яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, садоқат ва хиёнат ўртасида бошланган беомон жанг ўзининг энг авж нуқтасига чиқаркан, бир четда томошабин бўлиб туриш, бизга тўғри келмасди.
Боз устига ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган бу шов шувли хабарларга расмий ўзбек матбуоти бирор бир шаклда бўлса ҳам муносабат билдиришни ўзига эп кўрмади.
Бугунги ўзбек жамиятида — одамлар орасидаги бу шов шув ва миш-миш даражаси-ю, миқёсини тасаввур қилиш ва тушуниш учун «Озодлик» ва «Элтуз.сом» нашрларида эълон қилинган қуйидаги мақола ва видео лавҳалар билан танишсак, кўп нарсалар ўз ўзидан ойдинлашади…
4.
Ҳукуматга яқин манбалар:
Ишдан олинган ДХХ раиси устидан жиноят иши очилган
5.
Биз бугун — «Озодлик» ва «Элтуз» нашрлари одамлар орасида иғво ва фитна тарқатаяпти дейиш фикридан йироқмиз. Улар ўз касбий вазифаларини бажаришяпти.
Биз фақат — юқоридаги мақола ва видео лавҳадаги гап сўзлар тўғри бўлса — тўғри, нотўғри бўлса — нотўғри деб расмий давлат матбуотида изоҳ ва тушунтириш берилиши тарафдоримиз. Ким бизга тушунтириш ва ё изоҳ бериши керак?
Давлат раҳбарининг — Президент матбуот хизмати, ДХХ ва Бош прокуратура матбуот хизматлари — мана шу каби турли туман фараз ва ғаразларга асосли ва мантиқли жавоб бериши, масалага ойдинлик киритиб, муносабат билдириши керак эмасми?
Хорижда фаолият олиб бораётган матбуот нашрларига эътиборсизлик ва беписандлик, улар эълон қилган мақола ва видео лавҳаларга жавоб бермаслик — Каримов ҳукмронлик қилган 27 йил давомида тили кесилган, кўзи ўйилган ва оғзига қулф урилган ўзбек матбуотига хос одат эди.
Лекин бугун — Шавкат Мирзиёев даврида ҳам бундай ярамас одатнинг ҳануз давом этиб келиши — мутлақо кечирилмас ҳолдир. Ижтимоий тармоқларга минг бор тақиқ қўйилгани ва блоклангани билан одамлар барибир йўлини қилиб, бу каби мақола ва матнлардан хабар топяпти, огоҳ бўлаяпти…
Уларга эътиборсизлик билан қараб, ўз вақтида жавоб бермаслик жамиятда турли хил гап сўз ва ваҳималар кўпайишига сабаб бўлади, одамларда давлат ва ҳукуматнинг сўзи, юзи ва нуфузига нисбатан ишончсизлик уйғотади…
6.
Лекин бизга ва «Дунё ўзбеклари»га келаётган сон-саноқсиз хат ва саволлар, мурожаат ва қўнғироқларнинг эътиборсиз қолиши — сира мумкин эмас…
Ана шулардан келиб чиқиб, ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев кутилмаганда ишдан олиниб, Бош прокурор Отабек Муродовнинг ҳам кейинги тақдири савол остига олинаркан, Ўзбекистон расмий давлат матбуотига қуйидаги мурожаат билан чиқишни биз бугун ўз журналистик бурчимиз деб биламиз:
Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётида бугун Каримов ўлимидан кейинги энг оғир ва таҳликали воқеа ҳодисалар рўй бераркан, нега расмий давлат ва ҳукумат матбуоти бу ҳақда ўз халқига тушунтириш ва изоҳ беришни истамайди? Бу билан улар жамиятда турли туман шов шув ва ваҳималар пайдо бўлишига сабабчи бўлаётганларини билишармикан?!!
Шунинг учун ҳам — ўзбек расмий нашрлари тилини тийиб турган бир пайтда, хориж сайтларида нима чиқса ва эълон қилинса — одамлар ўшанга кўр кўрона эргашиб кетмоқдалар.
Бозордаги олиб сотиш билан шуғулланувчи савдогар хотинларнинг миш-миши каби — кўча куй ва чойхоналардаги турли туман гап-сўзлар — расмий минбарларга чиқиб бормоқда.
Алал-оқибат бугун Ватандаги ваҳима ва шов шув шу даражага бориб етдики, Тошкентда Президентга нисбатан давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш бўлган, Ихтиёр Абдуллаев шунинг бошида тургани учун ишдан кетди ва ДХХнинг юздан зиёд ходимлари ҳибсга олинди, шунинг учун ҳам исённи бостириш учун айнан Мудоффа вазирини олиб келиб қўйди деган деган гап сўзлар кундан кун кўпайиб бормоқда.
Давлат матбуот органлари бундай носоғлом вазиятнинг олдини олиб, жамиятдаги бу каби миш миш ва шов шувларнинг олдини олиши лозим эмасми?!
Ismat Xushev, yangi SNB raisining harbiy unvoni General-leytenant!!!! General-leytenant unvoni esa genaral-mayor unvonidan yuqori turadi.