«Дунё ўзбеклари»нинг Рустам Иноятов ДХХ раислигидан олиниб, унинг ўрнига Ихтиёр Абдуллаев тайинланганидан кейин бу идора ва унинг раисига бўлган муносабатидан яхши хабардорсиз.
Ўзбекистоннинг 27 йиллик таназзул ва инқирозига энг асосий сабабчи бўлган МХХ адолатли ва жасоратли Президент Шавкат Мирзиёевнинг холис ва одил танқидига учраб, янги ном ва янги раис кашф этганидан кейин биз энди бу идора ва унинг нуфузини кўтариш ҳақида ўйлай бошлаганимиз ҳам бор гап.
Чунки ҳар бир давлат ва мамлакатнинг хавфсизлик тизимлари кучли ва қудратли бўлиши лозимлигини биз яхши билардик.
Кейинги икки йил давомида биз журналист сифатида ана шу ақидаги амал қилиб, имкон қадар ДХХ обрў эътиборини тиклаш ва мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб бордик. Ихтиёр Абдуллаев раҳбарлигида бу идора олиб бораётган ибратли ва улуғвор ишлар ҳақида қатор мақолалар ёздик, теледастурлар тайёрладик.
Шавкат Мирзиёев ишонч билдирган ва юксак лавозимга тайинлаган номзод Ихтиёр Абдуллаевга биз ҳам сўзсиз ишондик. Бу, табиий эди, албатта. Шунинг учун ҳам кейинги пайтларда хориж сайтларида бу идора ва унинг раиси ҳақида турли туман миш-миш ва гап-сўзлар кўпая бошлаганида ҳеч иккиланмай уларни ҳимоя қилдик ва ўз чиқишларимизда бу идора ва унинг раиси ҳақида биз яхши фикрда эканимизни очиқ ошкор халққа билдирдик.
Лекин кейинги воқеалар мамлакатда ва ДХХ идорасида ростдан ҳам нимадир бўлганига ишора қила бошлади. Хусусан, ДХХ раиси ҳақида хориж матбуотида эълон қилинган мақолалар секин аста ўз тасдиғини топа бошлагандек таассурот пайдо бўлди.
Хорижда эълон қилинаётган бу шов шувларга расмий давлат томонидан ҳеч бир муносабат билдирилмагани эса, одамлар орасида ваҳимани яна кучайтириб юборди.
Ана шундай бир пайтда бизга ДХХ идорасидаги ўзимизга яқин бўлган икки энг муҳим ва аҳамиятли Бошқарма бошлиқлари ҳибсга олинганликлари ҳақидаги хабар етиб келди. Биз бу хабарни тасдиқлаш ва ё инкор этишларини сўраб ҳукуматга яқин манбаларимизга мурожаат қилдик.
Улардан олган маълумотлар эса бизни тамомила шок ҳолатига солиб қўйди.
Биз шу пайтга қадар ишонган ва меҳр қўйган ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ростдан ҳам давлат ва ҳукумат сиёсатига доғ тушириб. Президент ишончини паймол қилгани аён бўлди. Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар айнан ДХХ ва унинг янги раҳбари боис ўз натижаларини бермаётганини билиб, кўнглимиз алам ва афсусга, ғазаб ва нафратга тўлди.
ДХХ идеология Бошқармаси Бошлиғи, ДХХ Давлат матбуоти сиёсатини шакллантирувчи Бошқарма бошлиқларининг ҳибсга олингани ҳам бежиз эмас экан. Улар бош бўлган бу нуфузли идоралар кейинги икки йилда Президент мамлакатда олиб бораётган янгиланиш ва яхшиланиш сиёсатига имкон қадар тўсқинлик қилиб, шантаж ва саботаж уюштириш билан шуғуллангани маълум бўлди. Улар билан бирга идоранинг юзлаб ходимлари бугун жиноий жавобгарликка тортилгани ҳам ўз исботини топди.
Шавкат Мирзиёев раҳбарликка келган даврдан бўён энг оғир ва машаққатли бўлган шу оғир ва мураккаб бир пайтда «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири сифатида мен бугун Сиз азиз ўқувчиларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатдаги асл вазиятдан Сизларни огоҳ этишни ўз бурчим деб билдим.
Ўз мақола ва чиқишларимизда ҳамиша таъкидлаганимиз каби, биз ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда ҳам Президент Шавкат Мирзиёев билан биргамиз ва бунга шак шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Бугун Ўзбекистонда яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик орасидаги беомон жанг ўзининг энг олий нуқтасига етган экан, ҳар бир Ватандош ўзини ким ва қайси кучлар билан бирга эканини яна бир карра аниқлаб олиши керак бўлади.
«Дунё ўзбеклари» ва унинг ер юзига тариқдек сочилиб кетган миллионлаб ўқувчилари ҳамиша давлат ва миллат билан, Президент ва мамлакат билан бирга эканини яна бир бор таъкидлаб ўтишни истайди.
Кимдан ким Президент билдирган юксак ишончни оёқ ости қилиб, давлат ва миллат юзига оёқ қўяркан, ундай кимсалар қонун олдида жавоб беришлари шарт ва бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас!!!
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
15 февраль, 2019 йил, Торонт шаҳри, Канада…