• Чт. Окт 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Ҳалолликнинг зоғора нони (Ботир Норбоев хотирасига)

Фев 24, 2019

Исмат Хушев: Ҳалолликнинг зоғора нони (Бугун Ботир Норбоев таваллуд топган кун)

Ҳаололликнинг зоғора нони…
1.
Етмишинчи йилларда адабиётимизга самимият олиб кирган ижодкорлар орасида Ботир Норбоевнинг ҳам ўз муносиб номи ва ўрни  бор эди.
Муҳаммад Солиҳ, Мурод Муҳаммад Дўст, Муҳаммад Раҳмон, Эркин Аъзам, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Иброҳим Ҳаққул, Шавкат Раҳмон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Нодир Норматов,  Дилором Исҳоқова, Ботир Норбоев, Хайриддин Султоновлар орасида Ботир Норбоев билан Иброҳим Ҳаққуллар адабиётшунослик билан, қолганлари поэзия ва проза билан шуғулланишар эди.
Орадан йиллар ўтиб, Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан сўнг ўзбек адабиётига самимиятни олиб кирган бу истеъдодли  авлод тутдай тўкилиб, тумтарақай бўлиб кетди.
Муҳаммад Солиҳ, Дилором Исҳоқова ва Ботир Норбоевлар – мухолифат тарафига, қолганлар эса – ҳукумат тарафига ўтиб кетишди…
Ҳукумат тарафига ўтганларга – иззат ҳурмат ва мукофот, мухолифатдагиларга эса – тўҳмат ва ҳақорат, муҳожирот насиб этди.
Ўз юртига сиғмаган профессор Ботир Норбоев, мана неча йилларки, қўшни Қозоғистон юртида умргўзаронлик қилиб юрибди…
2.
…Ўрта мактабни тугатиб, ТошДУнинг журналистика факультетига ҳужжат топширганимни “Подшо эркатойининг саргузаштлари” номли хотиралар китобимда батафсил ёзганман.
Ўшанда адабиёт фанидан – Ботир Норбоевнинг устози ва ҳамюрти  Норбой Худойбергановдан “уч” олиб, етарли балл тўплай олмаганим боис журналистиканинг кундузгисига эмас, балки сиртқи бўлимига қабул қилинган эдим.
“Интилганга – толе ёр” деганларидек, кейинчалик деканимиз Анвар Шомақсудов муруввати билан журналистика факультетининг кечки бўлимига, ундан кейин эса – кундузги бўлимига ҳам барибир ўтганман.
Кейин эса бу ҳам камлик қилганидек – Москва Давлат университетининг журналистика факультетига бориб ўқиганман.
Бу энди алоҳида мавзу. Лекин ҳозир гап Ботир Норбоев ҳақида эди.
Мавзуга қайтсак…
3.
Хабарингиз бор, сиртқи ва кечки бўлимда ўқувчи талабалар кундузи қаердадир ишлаши керак.
Мен аввал шоир Муҳаммаджон Раҳмонов ёрдами билан Ўзбекистон радиосининг “Пионер эрталиги” эшиттиришида дикторлик қилиб юрдим. Товушим микрафонга яхши тушар, ўзим ҳам Абдулла Орипов шеърларини турли йиғинларда қироат билан ўқиб, факультетда ҳам, радиода ҳам анча танилиб қолган ўт ва олов, шеърпараст бир йигит  эди.
Кейинчалик Навоий 30 кўчасидаги Наим Ғойибов раҳбарлик қилаётган “Ўзбекистон” нашриётида “курьер” –  яъни югурдак бўлиб ишлай бошладим: Нашриёт билан босмахона орасида қўлёзмаларни бўзчининг мокисидек тинмай таширдим. 
Ботир Норбоев билан ҳам ана шу беғубор ва бетакрор ҳам студентлик, ҳам курьерлик йилларимда танишган эдим. 
Ўшанда Ботир ака “Ғафур Ғулом” нашриётида муҳаррир бўлиб ишлардилар.
Ғофур Ғулом нашриёти ҳам, мен югурдаклик қилаётган “Ўзбекистон” нашриёти ҳам Навоий кучасидаги 30-уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган эди.
Шу даргоҳда мен ҳаётимда илк маротаба ҳақиқий шоир ва ёзувчилар билан яқиндан танишганман…
4.
Ўша пайтларда нашриёт ходимлари Тошкент вилоятининг боғ-роғларига чиқиб, мева теришда вилоятдаги қишлоқ хўжалиги ходимларига ёрдамлашишарди.
Бир гал мени ҳам нашриёт номидан олма теришга сафарбар этишди.
Барча нашриёт ходимлари бир бўлиб автобуслар колоннаси билан бепоён далалар қўйнига сафар қилишнинг сурурли они ва ажиб армони то ҳануз шууримдан ўчган эмас. Бундай “маёвка”га ўхшаш сафарларнинг ўзига хос ажиб ва бўлакча завқи бор эди.
Бир куни олма тераётиб мен, Ботир Норбоев, шоир Миртемирнинг ўғли Миржалол ака, Хуршид Даврон ва яна аллакимлар гурунглашиб, чақ-чақлашиб, тушлик бўлганини ҳам сезмай қолибмиз.
Тушликка кеч чиққанимиз боис ишга ҳам бир оз кечроқ қайтишга қарор қилиб, суҳбатлашиб ўтирган эдик.
Аниқроғи мен даврадагиларга ниманидир завқ билан ҳикоя қилиб тургандим.
Олма терадиган пақирларни чаппа қилиб, уларнинг устига ўтирганча суҳбатимиз энг авжига чиққан маҳал кимдир кутилмаганда “Почему до сих пор сидим?” деб мен ўтирган пақирни зарб билан орқамдан тепиб юборганида йиқилиб тушганимни биламан, холос.
Мана, орадан шунча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам худди кечагидек ёдимда: Мен ўтирган пақирни тепган заҳоти Ботир ака жойидан югуриб туриб, рингда жангга тушган боксчидек ўша одамга чўқмордек келадиган оғир ва залворли муштлари билан  бўридек  ташлангани ҳозир ҳам кўз олдимда сақланиб қолган.
Кейин билсак, менга ҳамла қилган одам бизларга “бригадир” этиб тайинланган Пак исмли корейс йигити экан. Нега айнан менга ташланганини кейинчалик “У ҳаммани оғзига қаратиб ўтирган эди” деб изоҳлаган.
Ўшанда Ботир ака маҳоратли ва қудратли боксчидай, мени ҳимоя қилиб, Пакни яхшилаб савалаган эди.
“Бригадир” Ботир аканинг тарбиясини олгач, қўрққанини яширмай узр сўраган, кейин қайтиб даврамизга яқинлашмаганди…
5.
Бугун бу воқеага ҳам анча йиллар бўлиб қолди. 
Ботир ака болаликдан ноҳақликка муросасиз одам эди. Зулм ва зўрликка йўлиққанлар тарафини олиш фазилати то ҳануз сақланиб қолгани учун ҳам бугун у киши – мухолифат сафларида…
Ноҳақлик ва адолатсизликка тоқатсиз одамлардагина бўладиган камёб ва ноёб бир жасорат эди Ботир акани ўшанда менинг ҳимоямга отлантирган журъат. 
Ўтган бу бевафо йиллар давомида Ботир ака ўша табиий фазилати туфайли минг бир жафо кўрган, ҳанузгача адолат ва диёнат учун курашиб келаётган метин иродали ва фидоий инсондир.
У кишига хос ҳаққиқат ва одилликка ташналик хислатлари аччиқ ва аламли таржимаи ҳолларида умр бўйи намоён бўлиб келмоқда…
6.
Лекин ўша пайтларда  у кишига улфат бўлган ижодкор дўстлар, ҳамкасблар, Ватан ва истиқлол – профессор Ботир Норбоевга вафо қилмади…
Шу боис шундай забардаст, ўзбек халқининг етук фарзанди, кўзга кўринган йирик олим бугун ўз юртида қадр топмай, ўзга Ватан сояси ва ҳимоясида яшаб келмоқда.
Нима ҳам қила олардик – ҳаққа, ҳақиқатга ошно  одамларнинг тақдири аксар ҳолларда аччиқ ва аламли, фожеали бўлишини ўйлаб, умидсиз ва маҳзун туйғуларга ошно бўламан баъзан…
Вазият ўзгариб, Ботир Норбоев сингари диёнатли ва фидоий одамлар ҳам ўз Ватанида қадр қийматини топадиган кунлардан умид қилиб яшашдан ўзга иложимиз йўқ.
Фақат  умр бевафолик қилмаса, бас…
7.
Умрингиз узоқ бўлсин, Ботир ака! 
Бахтсиз ва омадсиз ўзбек мухолифати бахтига доим соғ ва саломат бўлинг!
Исмат Хушев,
Чехиянинг Карлови Вари гўшаси
23 декабрь, 2014 йил.

 

ботир норбой набиралар билан

Филология фанлари доктори, профессор Ботир Норбоев оила аъзолари билан қўшни Қозоғистонда яшайди…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *