• Вс. Июл 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Олима Набизода: ЭСКИ ДАФТАРДАН…

Окт 15, 2012
Олима Набизода: ЭСКИ ДАФТАРДАН…
Олима Набизода: ЭСКИ ДАФТАРДАН…

Мени олиб кетинг ўз диёримга…
Абдулла Орипов

СОҒИНЧ
Бир куни
мовий денгизлар,
ям-яшил ўрмонлар
ортда қолади.
Бир куни
касалманд онангни,
камбағал отангни,
бир этак
мазлум болаларингни
кўргали
Сен келасан.
Биламан,
бир куни
сочлари паришон севгилинг —

Туркистон тупроқларида
яшайдурган бир нафас
туғилажак.
Ўшанда
узоқларда
мовий денгизлар,
ям-яшил ўрмонлар
ҳавас қиладурган
бир ғариб оғоч
гуллай бошлайди
Туркистон тупроқларида.

О.Н. 1999

Ботиним ёлғиз.
Ҳовлидаги ёлғиз намозшом гул
Ўз тупроғига
ғамгин термулар.
Боғбон нарвонга чиқиб
Ток баргларидан
тонгни ҳовлига
олиб тушар.
Ёп-ёруғ ҳовли,
шаффоф деворларда
ғамгин чеҳрам
нурдек жилваланар
замонга ўхшаб.
Совуқ урган қоқбош райҳонлар
сассиқўтларга
салом беришар.
Ботиним ёлғиз —
ичиккан капалакдек
нурни қаршилар.
Боғбон,
қўлида токқайчи,
тонгни қайчилар
бепарво.

О.Н. 1999

___________

Узоқ йўлдан ҳориб,
Ҳовлига қайтдим.
Дўстим — намозшомгуллар,
Севгилим — қари сўри
Мунғайиб кутиб олишди.
Тонгда кўзлари қизарган
намозшомгуллар
намозшомда
қайта кўз очмайди.
Тўшаги — хазон устига
шувиллаб тўкилди
кўзёш — қора уруғлар.
Қари сўри
инқиллаб нарироққа чўзилди:
Алвидо, келгуси баҳоргача!
Узоқ йўл,
чарчоқ,
дўстим ўлими —
баҳордайин йироқ висол.
Алвидо!

О.Н. 1999

___________

БОҒ

Дарахтлари,
шохлари,
барглари,
гуллари
вужудимдан сирғалиб
қорачиққа кўмилди.
Киприкларим — гултиканлар
Тикилиб қаради боққа:
дилтанг дераза очилди.
Хира таъбимга
хира ёруғлик олиб кирди
бу дераза.
Гулбарглар хомушгина жипслашди.
Барглар қимтиниб
қовушди гул бандига.
Боғ эса бепарво —
ўз атрини томоша қиларди кўзгуда.
Томиримда сувсиз ирмоқлар
суғорарди илдизларини.
Еллар —
унсиз ҳисларим эсди.
Кўзларим тубида бир боғ гуллади.
Ёлғизланмиш нигоҳ садоси…

О.Н.

Manba: Olima Nabiyevaning facebookdagi sahifasi

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *