• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

1 март – таниқли дипломат, сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев туғилган кун!

Мар 1, 2019

1.

…Мен Тошкентда Бош муҳаррир бўлиб, осмону фалакларда учиб юрган мулозимлик йилларимда бу дунёда “Тошпўлат Йўлдошев” деган қандайдир бир дипломат борлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.
Одатда шунақа бўлади. Сиз амал ва шон-шуҳрат оғушида қолсангиз, атрофингиздаги кўп одамларни пайқамайдиган, мулозимлик дунёсининг аршу аълосида учиб юрган  “сармаст” ҳолда бўласиз.
Атрофдагиларни пайқаш, бу дунёда Сиздан ҳам ақллироқ ва жамият учун кераклироқ инсонлар борлигини англаш учун эса Сиз сал “ерга тушишингиз” ёки “оёғингиз остини ҳис қилиб туришингиз” керак экан.
Исмат Хушевга бу “ақли расолик” ва “оёғи остини ҳис қилиб яшаш” бахти Президентга яқин бўлиб гуркираб юрган йилларда – Ўзбекистонда эмас, муҳожир ва ёт элларда – аниқроғи Канадада насиб этди.
Шунисига ҳам шукр. Оллоҳ ҳижратни ҳаммага эмас, балки суйган бандаларигагина лойиқ кўради дейишгани шудир эҳтимол…
2.
Тошпўлат аканинг ёзган мақолаларини илк бор ўқиганимда бу одам кўпни кўрган, тажрибали ва қалми ўткир журналист бўлса керак ўйлаган эдим. Йўқ, янглишган эканман. Тошпўлат ака бор-йўғи Шарқшунослик институтини битирган дипломат экан, холос.
Лекин ҳар икки — рус ва ўзбек тилларида ҳам яхши ёзади. Унинг танқидий ва таҳлилий мақолаларини ўқиб, факт ва далилларнинг жой-жойида ишлатилганини  кўриб, бу мақолани профессионал журналист ёзган бўлса керак деб ўйлайсиз.
Ҳолбуки, Тошпўлат ака журналист эмас, таниқли ва довруғли дипломат бўлиб етишдилар…
3.
Тошпўлат Йўлдошев узоқ йиллар СССРнинг чет эл ваколатхоналарида, хусусан араб давлатларида ишлаган. Дунё кезган, кўпни кўрган тажрибали одам.
Лекин минг афсуски, Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг, шундай тажрибали ва истеъдодли дипломат шу соҳанинг баъзи бир тутуриқсиз ва узоқни кўра олмайдиган раҳбарлари туфайли ўз касбидан ноҳақ узоқлаштирилди.
У киши дастлаб, Сарвар Азимов раҳбарлик қилган Ўзбекистон ташқи Ишлар вазирлигида вазир ёрдамчиси бўлиб ишладилар. Сарвар Олимжоновчи Каримовнинг қаҳрига учраб, ноҳақ ишдан четлатилганидан сўнг, Тошпўлат ака ҳам махсус хизмат идорасининг қора рўйхатига тушди…
4.
Мен яқинда Тошкентга борганимда у кишининг оиласи билан учрашиб, Тошпўлат аканинг совға саломларини топширдим.
Тошпўлат аканинг бир ўғиллари Москвада, яна бир қизлари эса Олмонияда оилалари билан яшашини биламан.
Каримов давридаги ноҳақлик ва диктатура туфайли Тошкентдаги ажойиб бир оила бугун ер юзига тариқдай сочилиб кетди.
Кейинги йигирма беш йиллик тарихимизда Ватанидан ноҳақ қувғин қилинган бундай оилалар  камми?
5.
Майли, Оллоҳ Сиз билан бизнинг ризқу-насибамизни шу хориж элларга сочиб қўйган экан, балки бунда ҳам бир ҳикмат бўлса не ажаб, Тошпўлат ака!
Ўзбек ҳукумати Ватанда Сизни ранжитиб, қадрингизга етмаган бўлса, бундан хафа бўлманг, ранжиманг. Ҳали шундай кунлар ва даврлар келадики, Ўзбекистонда туриб, ғурбатдаги бугунги ғариб кунларни эслаб, ширин бир армон билан энтикиб қўямиз…
Тошпўлат ака билан баъзан Ўзбекистонда бошланган яхши ва ёруғ кунлар ҳақида гаплашиб қоламиз.
«Агар янги Президент ишни шундай олиб бораверса, яқин келажакда Ўзбекистон дунёга юз очиб, орадаги барча тўсиқлар олиб ташланади. Биз Сиз билан ана шундай муборак ва мунаввар кунларда менинг она юртим — Навоий ё Сиз туғилиб ўсган диёр — Қашқадарёда учрашиб, дийдорлашсак, не бахт!» —  деб қоладилар…
Тошпўлат ака!
Таваллуд топган кунингиз муборак бўлсин!
Ҳамиша биз билган, ҳавас қилган, қалами ва сўзи ўткир инсон бўлиб қолишингизни тилаймиз!
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
1 март, 2019 йил. Торонто шаҳри, Канада.

6 шарҳ

  1. Muhtaram Toshpulat aka, tavallud kuningiz qutlug bulsin!
    Alloh umringizni ziyoda qilsin.

    Yangi Prezidentimiz Oqsaroydan, Karimov utirgan kreslodan voz kechganini eshitib siz tomoningizdan kup yillar oldin aytilgan: “Karimov kreslosini ham guriga sudrab ketadi” deganingiz esimga kelaveradi.

  2. Ассалому алайкум Ҳурматли Тошпўлат ака!
    Муборак туғилган кунингиз билан чин қалбимдан табриклайман.
    Ҳар доим соғ саломат бўлиб юринг.
    Ва албатта Ватанга қайтиш барчамизга насиб этсин.
    Ҳали Она Ватанимизда учрашиб катта тўю томошолар қиламиз деган умидимиз бор.
    Каримов замони қандай мусибатлар олиб келганлигини миллионлаб инсонлар ўз тақдирида синаб кўрдилар.
    Энг қайғулиси эса унинг тайёрлаб кетган кадрлари ва кадрчалари токи бугунги кунларгача ҳам ўша инерция билан бузғунчиликларини мунтазам давом эттириб келаяпдилар.
    Нима бўлган тақдирда ҳам уларнинг курсилари қимирлаб қолди ва ўринлари қора курси бўлмаса ўзгариш ҳам бўлмайди.
    Яна бир бор байрам муборак Тошпўлат ака.
    Исмат ака чин юракларидан табрикнома йўллабдилар, катта раҳмат!

  3. Otabek Toshev

    Туғилган кунингиз муборак бўлсин Тошпулат ака! Ватанимизга хизмат қилиб ҳеч ҳам чарчаманг! Соғ саломат бўлиб, узоқ вақт умир кўринг! Ҳаммамизга Юртимизда яхши кунларда учрашиш насиб қилсин.

  4. Tangriyor

    Туғилган кун жуда муҳим байрам. Тангрим ўша куни сизга бу ёруғ дунёга келишингизни буюрган. Тангрим руҳи сизга қутлиқ бўлсин Тугилган кунингиз билан табриклайман.

  5. Gulshan Karaeva

    Тугилган кунлари муборак булсин! Сог ва саломат булсинлар!

  6. Исматжон, қалбдан қалқиб чиққан холисона табрик ва тилакларингиз учун катта раҳмат. Қаерда яшамайлик, Ўзбекистон, ўзбек халқининг довруғини юксалтиришга, у эришган ютуқлар билан фахрланишга ҳаракат қиламиз.
    Янги президентимиз бошлаган реформаларни қўллаб қувватлаб, самаралироқ сиёсат юритишлари тарафдоримиз.
    Яна бир бор сизга раҳмат, Исматжон!

Один комментарий к “1 март – таниқли дипломат, сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев туғилган кун!”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *