• Ср. Окт 16th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Жаноб генераллар, Президентга қаршимисиз!

Мар 3, 2019

  

Исмат Хушев: Жаноб генераллар, Президентга қаршимисиз!


МХХнинг навбатдаги нишони – Прокуратура!
Тадбиркорни суд залидан ҳибсга олиб, Президент сиёсатига қарши бораётган генераллар ким?
Одамларнинг янги даврга бўлган ишончини сўндириб, руҳини ўлдиришдан уларнинг мақсади нима?
“МХХ ҳақида гапириш мумкин бўлмаган гаплар” туркумидан 
1.
Шу кунларда интернет ижтимоий тармоқларида, кўплаб расмий ва норасмий сайтларда довюрак бир тадбиркорнинг Прокуратура ходимлари устидан президент Ш.Мирзиёевга видео-шикоят қилиб, алал-оқибат суд залида ҳибсга олингани ва интернет қаҳрамонига айланганлиги ҳақида бонг урилмоқда:
15 февралда Тошкент шаҳридаги Жиноят Ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди тадбиркор Олим Сулаймоновни суд залининг ўзида ҳибсга олди.

Олим Сулаймонов Тошкентдаги прокуратура ходимларининг, ўз таъбирида “ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари” устидан 
Youtube.com портали орқали 2016 йилнинг октябрида президент Шавкат Мирзиëевга очиқ видеомурожаат-шикоят қилиб, ўзбекистонликлар эътиборига тушганди. Суд очиқ ўтган эса-да, суд залига айбланувчи яқинлари, хорижий элчихона ва журналистлар негадир киритилмаган.
2016 йил 10 октябр куни Youtube.com портали орқали Шавкат Мирзиëевга видео шикоят билан мурожаат қилган Олим Сулаймонов бўлими ходими Дилшод Ҳазратқуловни ўзидан ноқонуний тарзда 30 минг доллар ундиришга уринишда айблаганди. – Юнусобод департаментидан Дилшод деган бола эрталаб уйимга уч киши бўлиб келиб, “Ҳисобингизда пул бор экан – 48 миллион якка тартибдаги фирмага ўтказиб берасиз. Бўлмаса, иккита фирмангизни тинтув қиламиз, жарима соламиз, ишлашга бермаймиз!”, деб 30 апрелдан октябр ойигача қийнаб келишмоқда. 203 миллион ҳисобга тўлаб бердик. Аммо ҳар хил қоғозларга қўл қўйдириб, “Республика прокуратураси, президент аппаратида ҳам одамларим бор”, деб ҳисоб рақамларимни беркитиб қўйди. Мана 6 ойдан бери беркитган бўлса, жами 1,5 миллиард давлатимизга зарар етказяпти. Биз додимизни кимга айтайлик? Қаёққа борайлик? – дея шахсан Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат орқали шикоят қилганди тадбиркор.Президент виртуал қабулхонаси тадбиркорнинг бу шикоятини қайдга олди ва дарҳол чора кўриш ҳақида кўрсатма берди.
Кўп ўтмай “Ўзбекистон” миллий телеканали тадбиркорлар муаммоларига бағишланган очиқ суҳбатга таклиф этди. Бу кўрсатувда қатнашган прокуратура ходими унинг иши кўриб чиқилиши ва қонунбузарларга тегишли чора кўрилишини билдирди. Аммо, Сулаймонов адвокати Амриддин Абдуллаевга кўра, тадбиркорнинг айнан матбуотда қилган чиқишлари ҳамда таъмагирлик ва босимлар ҳақидаги даъволари прокуратуранинг унга нисбатан жиноий иш қўзғатишига сабаб бўлган. Олим Сулаймоновнинг қамоққа олиниши Ўзбекистон президентининг тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлари кучга кирган бир паллада кузатилмоқда. Президент фармонига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектларини ​режадан ташқари текшириш бутунлай бекор қилинган…
2.
Мақоланинг асосий мазмуни шундан иборат.
Мухлислар бу мисли кўрилмаган ҳолни – Ўзбекистонда ошкоралик, сўз эркинлиги ва ниҳоят, ҳақиқий демократия бошлангани нишонаси сифатида қабул қилиб жуда хурсанд бўлишган эди.
Олимжоннинг кутилмаганда суд залида ҳибсга олинишидан эса бошларига зарба егандек, тамомила гангиб қолишди.
Ўзбекистондаги тадбиркорлар билан боғлиқ бу адолатсизликни таниқли журналист Шароф Убайдуллаев “Озодлик” радиоси орқали қилган чиқишида: “Қўзичоқ”ларни қувиб юрган “Бўрилар” деб жуда чиройли таърифлади.
Ўзбекистондаги погонли “бўрилар”нинг ўлжасига айланган бу “қўзичоқ” зудлик билан Тоштурмадан озод этилиб, унга етказилган моддий ва маънавий зарар – уни ҳибс этишга қарор берган ўша ноинсоф генераллар ҳисобидан қопланиши лозим…
3.
Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Прокуратура соҳасини ислоҳ қилиб, уларга катта ваколатлар беришни бошлаган шу муборак кунларда нега кутилмаганда бу муаммо пайдо бўлди?
Нега чорак асрдан бўён Прокуратуранинг кўкрагига эндигина шамол тегаётган илк кунларданоқ унга маломат ва ғазаб тошлари отилмоқда?
Биз бу билан айнан Олим Сулаймонов воқеасини назарда тутяпмиз.
Лекин “оддий бир чўққа бензин сепиб ловиллатиб аланга олиниши”да, мамлакатда бошланган янги давр шамолларидан – халқ ғазабини аланга олдириш учун фойдаланаётган, Президент сиёсатини саботаж қилаётган, тормозлаётган катта ва даҳшатли кучлар борлигини англаб  етмаяпмиз…
4.
Асл муддаога ўтадиган бўлсак, айни кунларда бундай босимлар МХХ томонидан юртимизнинг ҳар бир бурчида, ҳар бир дақиқада содир бўлаяпти.
Яшириб нима қилдик, оддий одамларга – жабрдийда ўзбек халқига нисбатан бундай босимлар шу кунгача ҳам бўлиб келган эди, энди яна ўша суръатларда шиддат билан давом этаяпти.
Бу ёвуз кучларнинг ҳали бери тўхташ нияти йўқдек кўринади. Буни ҳамма кўриб, билиб турибди. Лекин бу ҳақда ҳеч ким лом-мим демайди.
Дейишга журъат ҳам этишолмайди. Чунки бу қора кучларнинг бошида, СНБ турибди…
5.
МХХ назоратидаги ЎзТВ – Прокуратура билан боғлиқ айни шов шувли муаммони, негадир, бутун дунёга очиқ-ошкора намойиш ҳам этишди.
Олимжоннинг ЎзТВ даги ўша чиқиши ҳам бекорга уюштирилмаган кўринади. Ростдан ҳам, шикоят қилувчининг Ўзбекистон ойнаи жаҳонига чақирилиши мустақил Ўзбекистон тарихида узоқ даврдан бўён кузатилмаган ажиб бир ҳол эди.
Шу кунгача оғзи боғлиқ бўлиб келган Ўзбекистон телевидениесида айнан шу тадбиркор муаммосининг кенг жамоатчилик нигоҳида очиқ-ойдин муҳокама қилиш, элу-юртни жўнбушга солиб, алал оқибат уни суд залининг ўзида ҳибсга олиш – бу узоқни кўзлаб амалга оширилган махсус “операция” га ўхшаб туюлди.
Бунда айнан МХХнинг қўли борлиги шундоққина билиниб ва кўриниб турибди…
6.
Барчага аёнки, телевидениенинг собиқ раиси полковник А.Хаджаев ишдан кетган бўлса-да, лекин барибир ойнаи жаҳон тақдири ҳамон МХХ қўлида қолмоқда.
Янги тайинланган ЎзТВ раиси Хуршид Мирзоҳидов ҳам, бизга етиб келган маълумотларга кўра, айнан МХХ нинг садоқатли вакилларидан бири экани ўз тасдиғини топяпти.
ЎзТВнинг янги раиси ўз даврида бугунги Бош вазир Абдулла Арипов ишлаган вазирликда режим хизматини бошқарган экан. Лекин унинг расмий таржимаи ҳолидаги бу факт ажиб бир ҳушёрлик билан “Турли лавозимлар” сирасига киритиб юборилган. Ҳар бир вазирлик ва ҳокимликларда режим хизмати кимга ва қайси идорага бўйсуниши, улар аслида нима билан шуғулланиши бугун Ўзбекистонда ҳеч кимга сир эмас.
Хуллас, МХХ дагилар телевиденияни бериб қўймаслик учун охирги томчи қонлари қолгунча курашишади.
Телевидение ва матбуот улар учун халқни алдашда ва ўзларини оппоқ қилиб кўрсатишда жуда катта ва қудратли воситадир.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари (ОАВ)  шу пайтга қадар МХХ қўлида, таъбир жоиз бўлса – атом бомбаси каби даҳшатли ва ваҳшатли қурол вазифасини бажариб келди…
7.
Гувоҳи бўлганингиздек, Олимжон Сулаймонов воқеасида прокуратурага қўшиб Президент девонининг номи ҳам айтиб ўтилган.
Бу эса МХХ томонидан отилган ўқ бирданига иккинчи нишонга ҳам бориб текканини англатади. Назаримда, улар шу жойда кўз бўямачиликни андаккина ўхшата олишмаган кўринади. Негаки, бугун Прокуратура ва Президент девонидан ҳеч ким қўрқмаслигини ҳамма билади.
Ўзбекистонда ҳамма қўрқадиган энг қўрқинчли ташкилот бу – МХХ. Ақлли одам кимнидир қўрқитмоқчи бўлса, Президент девонини эмас – “СНБ” сўзини тилга олади. Прокуратура, Ички Ишлар тизими бугун фуқаролар учун қўрқинчли эмас. Улар билан қонун дориасида талашиб-тортишиб, бемалол ҳуқуқингизни талаб қилишингиз мумкин.
Аммо, МХХдан адолат талаб қилиб бўлмайди. Дарҳол “Ватан хоини” ёки “Халқ душмани”га чиқариласиз. Агар, худо кўрсатмасин, мабодо намоз ўқишни истаб қолсангиз, ўша заҳоти Террорчи” ва “Ваҳҳобий”  деган тамғани қоқ пешонангизга ёпиштириб қўйишади.
Назаримда, Ўзбекистонда чиқаётган қонунлардан МХХ мустаснодек…
8.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган барча чор-тадбирларни ишга солмоқда.
Уларга барча имконият ва ҳимояларни яратиб бермоқда. Ҳаттоки, Прокуратура ходимлари билан бўлган учрашувда “Тадбиркорларга қарши бориш – Президентга қарши бориш, Сиёсатга қарши бориш!” дея очиқ ойдин айтиб ҳам ўтди.
Бу билан у давлат раҳбари сифатида ўз сиёсий фаолиятининг энг асосий ва устивор  йўналишини барчага, жумладан – куч ишлатар тизими, суд, прокуратура  ва махсус хизматларга ҳам аниқ-равшан айтган ва уларни огоҳлантирган эди.
МХХ ходимлари эса айнан Президентимиз тилга олган икки соҳани бир-бирига қарши қўйиш орқали – Прокуратурага ҳали бери ишониб бўлмаслигига ишора қилишган. Шунингдек, улар юртимизда бошланган ислоҳотларга тўғаноқ бўлаётган соҳа ҳам Прокуратура эканлигини Президентга исботлашга уринмоқдалар.
Ростини айтганда, улар қайсидир маънода бунинг уддасидан чиқишмоқда ҳам…
9.
Хулоса ўрнида сизга савол: Қандай, танганинг иккинчи томони гўзал эканми?
Ўзбекистондаги ечими кўринмаётган воқеа-ходисаларга Сиз ҳам МХХ кўзи билан қарасангиз ва СНБ бўлиб фикрласангиз барчаси кундек равшан бўлади…
10.
Биз олис Канададан туриб ҳам, Тошкентда содир бўлаётган сирли воқеа – ҳодисаларни аниқ равшан кўриб турибмиз.
Юқоридаги шармандали воқеага бевосита алоқадор ва масъул бўлган соҳа генераллари – МХХ раиси Рустам Иноятов, Божхона Давлат Қўмитаси раиси Ботир Парпиев, Бош прокуорор Бахтиёр Абдуллаев, Олий Суд раиси Шоюнус Ғозиевларнинг Президент сиёсатига қарши турганлиги аён бўлди.
Ҳа, улар ростдан ҳам Президентга қарши майдонга чиққан кўринади.
Йўқса, 25 йил давомида биринчи марта ҳақ сўзни уларнинг юзига ойнаи жаҳон орқали айтган довюрак тадбиркорни суд залидан ҳабсга олишга уларнинг ҳадди сиғармиди?
Жаноб генераллар, Сиз чиндан ҳам Президентга қаршимисиз?
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 17 февраль, 2017 йил…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *