Президентга қарши маънавий суиқасд бошланди. Жисмоний суиқасдни кутиб ўтириш шартми?
Президент оиласига қарши отилаётган маънавий ўқлар — маънавий суиқасд эмасми?
Саботажнинг асосий белгилари нима?
Ким бунинг олдини олиши керак? Минглаб қуролли армияси бор, отнинг калласидек ойлик оладиган МХХ ми ёки битта муҳаррири бўлган «Дунё ўзбеклари»ми?
Президент идоралари саботажни нега томошо қилиб ўтиришибди.
Ўзбекистондан келаётган ташвишли хабарлар Мирзиёев атрофидаги вазият ўта қалтислашганидан далолат бермоқда.
Биз «Озодлик» да Мирзиёев ҳаётига таҳдид борлиги ҳақида икки бор чиқиш қилганимиздан сўнг, вазият ҳануз таранглигича қолмоқда.
Бунинг аломатларини нималарда кўриш мумкин?
2.
«Озодлик»даги: «Мирзиёевга қарши жуда катта кучлар турибди» номли биринчи чиқишимизда (Беш кунда Сирожиддин Ислом билан бўлган бу суҳбатни «Ютубе»да икки юз мингдан зиёд киши тинглади). Президентга, унинг оила аъзоларига интернет орқали ҳужум бошланганини айтиб, мисол тариқасида «Дунё ўзбеклари»га юборилган танқидий мақолани келтирган эдик.
«Золотые грабли Мирзиёевой Саиды» номли бу мақолада Президент қизининг тақдири Каримов қизининг тақдирига ўхшаш бўлиб якунланиши башорат қилинган. Биз бу мақола манбаси аниқ бўлмагани, муаллифни муборак исми шарифини Ўзбекистон журналистикаси оламида учратмаганимиз боис, унга шубҳа билан қарадик.
Лекин кўп ўтмай бизга юборилган мақола бошқа бир нашрда чоп этилди.
Хўш, бу нимани англатади? Бу мақолани ким ёзган бўлиши мумкин? Бу шуни англатадики, Ўзбекистонда — Президент атрофида, унинг орбитасидаги кураш тобора қизиб бормоқда.
Одатда давлат раҳбари ва унинг шаънини қораловчи мақолаларни якка шахслар эмас, балки давлат тизимидаги махсус хизматлар ёзиши ва уюштириши мумкин. Биз кўп йиллик журналистик ва муҳаррирлик тажрибамиздан келиб чиқиб айтаяпмиз бу гапларни.
Бутун масъулиятни зиммамизга олиб айтаяпмиз…
3.
«Озодлик»да куни кеча шу мавзуда иккинчи бор чиқиш қилиб, Ўзбекистон Олий раҳбариятида, Президент атрофи ва орбитасидаги вазиятни янада ойдинлаштириб, унга қарши бўлган кучларни янада аниқлаштирдик.
«Озодлик» буни “Ўзбекистонда Мирзиёевни саботаж қилаётган қудратли шахслар бор” деган сарлавҳа остида ўз сайтида эълон қилди ва кеча 20 август шанба куни эфирга узатди.
Бугун якшанбада уйқудан турсак, икки хабар диққат — эътиборимизни ўзига тортди.
Бири — интернет орқали номимизга келган бир жумла аноним таҳдид: «Бу президентни алмаштирсак, кейин кимнинг қўшиғини айта бошлайсан…».
Иккинчиси — «Турсунов Ойбек — новоявленный принц Узбекистана» номли навбатдаги мақола бўлди.
Бу матн муаллифи ҳам ўша олдин бизга юборилган мақолани ёзган хоним бўлиб, бу гал у ўз фелъетонини «Дунё ўзбеклари»га эмас, балки бошқа нашрга юборган ва бу нашр ўша заҳотиёқ мақолани чоп этган…
4.
Биз давлат раҳбари ва ё юқори мулозимли арбобларга қарши танқидий мақолалар чоп этилмасин деган фикрдан йироқмиз.
Асло. Чоп этилиши керак. Лекин мақолалар асосли ва далил исботли бўлиб, манбаси ва муаллифи очиқ ойдин шаффоф кўрсатилиши лозим. Агар бирор киши Президентга қарши ўз фикрларини айтишни истаган экан, нега у ўз номини яшириши керак.
Биз Президентга қарши саботаж уюштираётган Ўзбекистон Оилй раҳбарияти аъзолари, масалан, МХХ раиси ҳақида, уларнинг жиноий фаолияти тўғрисида ўз номимиз билан очиқ ойдин мақолалар ёзганда, нега бошқалар бундан қўрқиши ва чўчиши керак?
Демак, бу ерда бошқа гап бор. Бу ерда хусумат ва фитна, адоват ва тўҳмат, таҳдид ва шантаж бор.
Қолаверса, оддий фуқаролар Ўзбекистон шароитида бундай «жасорат»га қодир эмас. Демак, уларнинг орқасида куч ишлатар тизимлари ва махсус хизмат ходимлари турган бўлиши мумкин деган хавотирдамиз…
5.
Нима бўлганда ҳам, бу кучлар ортида кимлар турганда ҳам, бундан қатъий назар, биз ўз профессионал касбимиздан келиб чиқиб, холис ва бетараф, лекин ҳушёр ва уйғоқ бир журналист сифатида бу ҳақда ўзбек халқини ва давлат раҳбарини огоҳлантиришимизни ўз бурчимиз деб билдик.
Қолган гап — Президент Хавфсизлик Хизмати ходимларига ҳавола…