• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Саида Мирзиёева ҳам мулозимлик либосини кийди…

Апр 16, 2019
Мирзиёев ўз фарзандларини энг оғир ва қийин ишларга жалб этаяпти…
Президентнинг ҳар икки қизи ҳам маънавият соҳасини танлади…
Аввалги «Биринчи»ларнинг фарзндлари билан таққослаганда биз нималарни кўрамиз?

 

1.
Куни кеча Президентнинг қизи Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга масъул бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Комил Алламжонов раҳбарлик қилаётган бу Агентлик ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади…

 

2.
Мазкур тайинловнинг яна бир ибратли томони шундаки, Президентнинг қизи бу вазифага — ўз ваколати бир четда қолиб, муқаддас Пайғамбардан бошқа эрмак тополмай, халқимизнинг ғазаб ва нафратига сазовор бўлган тасодифий мулозим ўрнига тайинланди.
Уни журналистика оламида ҳеч ким билмасди. У ишга келиши биланоқ холис хизмат қилиш ўрнига — кўпхотинлик мавзусига ноўрин аралашиб, қадриятларимизни муҳокама қилишга тушиб кетди.
Рашидовнинг бир ибораси бор эди: «Одамни синаш учун унга амал бериб кўр» деган. Бу ақли калта хоним мулозимлик синовига дош беролмади.
Саида — бу тамомила бошқа олам,  бошқа тарбия кўрган…

 

3.
Ўзбекистон Президентининг яна бир қизи — Шаҳноза  Мирзиёева — Агриппина Шин раҳбарлик қилаётган Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари сифатида ишламоқда.

 

Шаҳноза Мирзиёева Нукусда очилган боғча тарбияланувчиси билан. 2019, 4 апрель.

Шаҳноза Мирзиёева Нукусда очилган боғча тарбияланувчиси билан. 2019, 4 апрель. Сурат Озодликда эълон қилинган…
Бу соҳада бугун жуда катта ишлар қилинаяпти. Уларнинг ўзлари йиғилиб қолган муаммоларни текшириб, ўзлари фош этишяпти. Масалан, Жиззахда вазирликнинг ўзи ўн бир милиард сўмлик «ўлик жонлар» борлигини фош қилиб, очиб ташлади.
Ўғирлик ҳамма жойда бордир. Лекин биз уларни очишни одатда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ва  прокуратура амалга оширади деб кутиб юрамиз.
Жиззахдаги жиноятни вазирликнинг ўзи очди. ЎзА буни элга ошкор қилди.
Бу адолатпарварлик — Президентнинг қизи меҳнат қилаётган Вазирлик раҳбариятида ўзини ўзи тозалай олиш механизми ишлаётганини кўрсатади.
Сир эмас, ўтган 27 йиллик «турғунлик» даврида аҳолини боғчалар билан таъминлаш даражаси мутлақо ўсмаган. Боғчалар олигархларга сотиб юборилган. Мулозимлар бу муаммога панжа орқасидан караб келишган.
Мирзиёев раҳбарлик қилаётган икки йилда болаларимизни боғча билан таъминлаш даражаси эндигина 30 фойизга чиқди. Бу етарли эмас, албатта.
Лекин шу қисқа давр учун катта иш бу…
4.
Саида Мирзиёева энди — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имижини шакллантириш билан шуғулланади.
У PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул бўлади. 
Бир сўз билан айтганда Президентининг қизлари — Ўзбекистоннинг энг оғир ва қийин соҳаларида иш бошладилар…
5.
Бундан олдин ҳам Ўзбекистонда биринчи раҳбарлар бўлган.
Уларнинг фарзандлари аксар ҳолларда ўз оталари ваколатидан фойдаланиб, Ўзбекистонда истаган ишларини қилишган.
Улар орасида Усмон Юсупов ва Шароф Рашидовларгина ўз фарзандларининг жамият ижтимоий сиёсий ҳаётидаги аралашувига ҳамиша катта масъулият ва талабчанлик билан қараб келишган.
Бу икки раҳбар фарзандлари мамлакатда истаган ишини қилиб, хусусан, коммерция билан шуғулланганини биров эслолмайди.
Бу энди совет даври эди.
Москвадан — Кремль саройидан — республика раҳбарлари ва уларнинг эрка фарзандлари ҳатти ҳаракатига синчков нигоҳ билан қараб турилган…
6.
Лекин орадан 30 йил ўтиб, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Кремлнинг синчков нигоҳи ва бошқарув жилови — Тошкентдаги «Оқ сарой» деб номланган салтанатга ўтганидан кейин биринчи раҳбарга Худо берди.
«Ўзи — хон, кўланкаси — майдон» бўлиб қолган жаноб Каримовнинг қизлари  бирданига коммерцияга аралашиб, ўз оилавий бойлиги билан давлат хазинасини тамомила алмаштириб юборишди.
Гулноранинг ўғирликлари бутун дунёда катта шов шув бўлиб, унинг ўзи то ҳануз ҳибсхонада қоларкан, Лола тўплаган бойликлар ва «Абу Саҳий» савдо бозори давлатга тўламаган бож миқдори миллион миллион ўзбек халқи пулини ташкил қилиши ҳақидаги турли тахминлар ўртага чиқмоқда…

 

7.
Лекин давру даврон ва тожу тахт келганда ўзини «ақлли» ва «зукко», «доно» ва «ягона» деб билган раҳбар ҳам хато қилиши мумкин экан.
Улар халқ ҳеч нимани билмайди деб ўйлашган ва оила аъзолари билан коммерция ботқоғига тамомила шўнғиб кетишган.
Собиқ давлат раҳбарининг умр бўйи мисқоллаб йиққан обрў эътиборини ана шу очкўзлик ва коммерция тамомила йўққа чиқарди…
8.
Мана энди янгиланган Ўзбекистонда давлат раҳбарининг — бойлик тўплаш ва коммерциядан йироқ бўлган фарзандларини кўраяпмиз.
Бундан олдинги қизимиз, юқорида айтганимиздек, мамлакатнинг бугунги энг оғир участкаси — болалар боғчаси муаммоси билан шуғулланаяпти.
Ўзини телеэкранлардан худди Гулнора каби бот бот кўрмасак-да, лекин ишини эшитиб, билиб турибмиз. Шаҳноза — Ўзбекистоннинг ҳамма қатори  оддий бир фуқароси сифатида ўз ўрнида турибди.
Иккинчи қизимиз Саида ҳам мана энди жамиятнинг энг муборак соҳаси — матбуот, ахборот ва китоб оламидаги муаммоларни бартараф этишдек шарафли, лекин ўта оғир ва масъулиятли ишга бел боғлади.
Бу икки оқила ва меҳнаткаш қизларнинг йўли ойдин ва нурафшон бўлсин…
9.
Шавкат Мирзиёев ҳақида ўйлаганда, халқ орасида унинг Усмон Юсупов ва Шароф Рашидов изидан бораётгани ҳақидаги гап сўзлар қулоққа чалинади.
Унинг камтар фарзандлари ҳам ҳаётга оддий ва меҳнаткаш ватандош тимсолида кириб келаётгани бу нафақат халқимизнинг, балки жамиятнинг ҳам бахти.
Ўйлаймизки уларнинг бу қадами ҳам отасиникига ўхшаш қутлуғ келади…
10.
Ҳар бир оиланинг ютуқ ва қувончи кўпроқ Отага боғлиқ бўлса, фарзандлар камоли ва истиқболи кўпроқ Онага боғлиқ бўлади.
Мен Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Ҳошимова туғилиб ўсган ва камол топган хонадонда бир неча маротаба меҳмон бўлиш бахтига муяссар бўлганман.
У киши вояга етган ва камол топган хонадон нафақат Қўқонда, балки бутун Фарғона водийсида энг нуфузли ва эътиборли оила эди.
У кишининг оталари Маҳмуджон ака Қўқон шаҳарлараро савдо базаси «Ўздорресторан»нинг энг таниқли ва машҳур директори бўлиб, у кишидан яхшилик кўрган ва меҳр топган кишилар водийда сон саноқсиз эканини мен Қўқонга борганда ўз кўзим билан кўриб, гувоҳ бўлган эдим.
Ислом ақидалари ва ўзбекона ахлоқ одоб қоидалари мустаҳкам шаклланган Маҳмуджон ака оиласидаги таълим тарбия ва ҳаё — ибо даражаси мени ўшандаёқ ўзига мафтун этган эди.
Биз Маҳмуджон ака билан жуда кўп суҳбатлашганмиз. У кишининг — суҳбатдошини эътибор билан, сўзларини бўлмай эшита олиш фазилати, фикрлаш қобилияти ва кенг қувваи ҳофизаси ўшандаёқ мени ажиб ҳайратларга ошно этган эди…
11.
Орадан йиллар ўтди.
Мен Каримов зулми боис Ватанимни тарк этиб, хориж эллар сари юз тутиб, муҳожиротга кетишга мажбур бўлдим.
Ажойиб кунларнинг бирида, не бахтки, мен Қўқонда меҳмон бўлган ва исломий қадриятлар эъзозланган ўша муборак оилада камол топган Маҳмуджон аканинг қизлари бугун Ўзбекистоннинг биринчи хонимига айланди.
Табиийки, уларни жамият кузатади.
Мирзиёев фарзандлари ва куёвлари ҳақида ҳам фақат яхши гаплар эшитяпмиз.
Каримовнинг эрка ва танноз қизларидан ҳафсаласи пир бўлган ўзбек жамияти Мирзиёевнинг камтар ва меҳнаткаш фарзандларини яхши қабул қилмоқда…
12.
Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин Шавкат Мирзиёев ўз рафиқаси билан Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.
Бу Каримов давридан кейин Чин тарафларга қилинган чин маънодаги биринчи расмий давлат ташрифи эди.
Бу ташриф бутун дунёда яхши маънодаги жуда катта шов шув ва шон шарафга сабаб бўлди.
Ўшанда биз «Озодлик» радиосида «Мирзиёев оиласи билан Хитойни забт этди» деб қувонч ва ҳаяжон билан гапирган эдик.
Чунки мен меҳмон бўлган Қўқондаги Маҳмуджон ака хонадонида камол топган ўша ҳаёли ва иболи қизгинанинг бахту иқболи — эрта бир кун бутун ўзбек халқининг ҳам порлоқ истиқболини белгилаб беришини мен яхши билардим…
13.
Бугун Ўзбекистонда чин аънода ҳаёт мамот жанги бормоқда.
Яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, садоқат ва хиёнат ўртасидаги кураш авж паллага чиқди.
Менинг назаримда Ўзбекистон ана шундай масъулиятли ўтиш даврини бошидан кечираётганда Мирзиёевнинг фарзандлари бир четда қўл қовуштириб туришни ўзларига эп кўришмаган.
Мамлакат ва давлат, миллат ва жамият тақдири ҳал бўлаётган ана шу муборак дамларда улар ўз меҳнатлари билан халқимизга камарбаста бўлиб туришни маъқул кўришди.
Улар бугун бошқаларга ўрнак бўлишса қандай яхши.
Биз бугун олис Канададан туриб Президентнинг оила аъзоларига, қизлари ва куёвларига бахт саодат ва омад тилаб қолсак, не ажаб…
Сўнгсўз ўрнида:
Бугун Шавкат Мирзиёев мамлакатда инқилобий ўзгаришларни амалга ошириб, халқимизга тамомила янгиланган Ўзбекистонни совға қилди.
Унинг оила аъзолари ва фарзандлари ҳам ота изидан бориб, ўз ўтмишдошларининг аччиқ ва аламли ҳаётидан сабоқ чиқариб, халқимиз ишончини оқлашларига ишонгим келади.
Чунки мен бу оилани яхши биламан…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
14 апрель, 2019 йил, Торонто шаҳри, Канада…

1 шарҳ

  1. Хушнудбек

    Ассалому алайкум Исматжон Махмудович мен мухтарам Президентимизни хақиқатдан хам ўз фрзандларини бугунги янгиланаётган жамиятимизда энг оғир вазифаларга қўяётганларини фақатгина яхшилик учун халқимизни эртанги кунга янада ишонч ва умиди учун деб биламан. Мақолада сизни озодлик радиосига берган интервюингиз хам жойлаштирилган экан. Унда Шавкат Миромоновичнинг аёллари хақида жуда самимий ва илиқ гапларни гапирибсиз. Мен бу фикрларингизга қўшиламан. У кишининг туғилиб ўсган уйларида шарқона одоб ахлоқ, исломий тарбия хақида хам гапириб ўтибсиз. Битта нарсани қўшимча қилмоқчиман Зироатхон Махмуджоновнадаги чирой латофат ва одоб ахлоқ худдики қурон нури деб биламан. Доимо соғ омон бўлсинлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *