
Абдулла Орипов
Тахтга талпинасан ғазабга тўлиб,
Чиқармоқ бўласан оламшумул чанг.
Ҳар ойна кўтарган Искандар бўлиб,
Темур саналмагай ҳар қандайин ланг.
Ўзбекнинг давлати қарор топган чоғ,
Маймунжон терарди қайси бир наслинг.
Ўз юртинг шаънига туширмагин доғ,
Ахир одам эрур сенинг ҳам аслинг.
Ҳар ким шоҳ бўлай дер иложин топса,
Уришгай, тарихга келса ҳам малол.
Фалак чаппа кетиб, омадинг чопса,
Шарқнинг бир ҳикматин яхши англаб ол:
Подшоҳ деганлари туну кун бедор,
Халқининг меҳрибон дояси бўлур.
Бежис айтмаганлар асли ҳукмдор,
Худонинг ердаги сояси бўлур!
