
Истамбул.
Сайтимиз продюсери Сирожиддин Тохиров Юлдуз Усмонованинг концертида иштирок этиб, репортаж тайёрлади. Унга кўра, концерт чипталари барча учун текин бўлиб, шаҳардаги турфа миллат вакилларидан иборат мухлислар Юлдузнинг жонли концертидан баҳраманд бўлган.
Тахминан 1000 кишилик зал лиқ тўлган. Истамбулнинг Европа томонидан мухлислар автобусда жамланиб келишди. “Настарин”га янги ҳаёт улашган, ўзгача аранжировкада куйлаган Юлдузнинг одамлар ичига кириб боришига бир нарса тўсқинлик қилди. Буни хонанда қуйидагича изоҳлади: “Симли микрофон бўлмаганида, Анқарагача қўшиқ куйлаб кетган бўлардим!”
Энг эътиборлиси, Усмонованинг дил сўзлари бўлди: “Қўшиқларим ҳеч қачон сиёсатга алоқадор бўлмаган. Оддий инсон сифатида кечмишларим, яхши-ёмон кунларимдан таъсирланиб қўшиқ ёзаман ва куйлайман.
Қаерда бўлмай, Ватанимиз санъатини кўкка кўтараман. Байроғимиз ҳамиша мен билан!”
Мухлислардан қайси қўшиғини куйлаб беришини сўраганида эса залдан жўр овозда “Санамгина” деган жавобни олди.
Турклар, ўзбеклар, туркманлар, қозоқлар, тожиклар – турли миллат эгалари хонанда ижросидаги турфа тилларда куйланган хит қўшиқлардан баҳраманд бўлиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади.
Ўйлаб кўринг-чи, концерт якунида қайси қўшиқ жаранглаши мумкин? Ҳа, тўғри топдингиз. “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон”. Мухлислар ўрнидан туриб, Юлдузга жўр бўлди, гул олиб келганлар,гулларини улашди…
Дарвоқе, раққосаларга эҳтиёж сезилмади. Саҳнада оловга айланган Усмонова ҳаммасини ўзи боплади: энди буёғини таърифламасак ҳам бўлади! Бир ярим соатлик дастур узоқ йиллар эсда қолса керак.
Жасур ҲАМРОЕВ
«Ўзбегим»
ага, «ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон»да ҳам ҳеч қанақа сиёсат йўқ