• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ПАЙҒАМБАР

Окт 25, 2012
ПАЙҒАМБАР
ПАЙҒАМБАР

Абдулла Орипов.
Ўзбекистон халқ шоири,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

Сиз башар фарзанди, Абдуллоҳ ўғли,
Араб саҳросидек оташин, чўғли,
Пайғамбар бўлдингиз, музаффар туғли,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Ё, Аллоҳ Расули тенги йўқ Инсон,
Сизнинг йўлингизни ёритгай Қуръон,
Сиз – Олам сарвари, Сиз – нури жаҳон,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Қиёмат айёми, Маҳшар айёми,
Сизга насиб этсин Маҳмуд мақоми,
Мудом тилингизда умматлар номи,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Сиз билан олишди мушриклар аввал,
Бир нафас тинмади жанг ила жадал,
Раббоно қўллади Сизни ҳар маҳал,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Сизнинг муродингиз ҳидоят эрур,
Шўрлик бандаларга иноят эрур,
Сизга уммат бўлмоқ саодат эрур,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Сизнинг зиёратга келмишдир жаҳон,
Сиз боис Мадина тун-кун чароғон,
Қуёш кетмас бундан, ой боқар шодон,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Қабрингиз қошида турфа умматлар,
Сувратлар бошқаю ўзга сийратлар,
Ахир, хос Инсонга алвон сифатлар,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Бир ёнда иймони бутунлар турар,
Бир ёнда такаббур, манманлар юрар,
Бари ҳам Аллоҳдан кушойиш сўрар,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Раҳмдил Инсонсиз, бақри кенг Расул,
Барчага яхшилик тилайсиз нуқул,
Лекин куфр билан кимлардир машқул,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Кимдир пок бўлгали ичади қасам,
Лекин ичи қора, Шайтонга ҳамдан,
Улар сизга фақат орттиради қам,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Ҳазрат, сўранг бизнинг гуноҳимизни,
Бошланг тўқри йўлга гумроҳимизни,
Эгамга етказинг оҳ-воҳимизни,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Дунёда яхшилар кўп ҳали, шукр,
Улар бор, ёқилар замин узра нур.
Умматсиз йўқ сизга ҳаловат, ҳузур,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Келдим зиёратга, озурда жонман,
Ранжу балолардан тўйган Инсонман,
Сизнинг пойингизда гардман, тўзонман,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Ҳақ деб нина билан тоқларни қаздим,
Бандаман, рост йўлдан гоҳида оздим,
Тавбамнинг изҳори, шу шеърни ёздим,
Ассалому алайкум, ё Муҳаммад,
Ассалому алайкум, ё Аҳмад.

Маккаи – Мадина
1992 йил, июн.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *