Жамият
ЎзА, Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), 25.10.2012 15:30
Фарғона вилоятида Мустаҳкам оила йилида ёш оилалар учун 30 янги кўпқаватли уй барпо этилмоқда.
Аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган янги жамият барпо этишга доир машҳур беш тамойилнинг биридир. Мустаҳкам оила йилида бу борадаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда.
Мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Фарғона вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда, биринчи навбатда, ёш оилаларнинг ўз уй-жойига эга бўлишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида имтиёзли ипотека кредитлари бериш тизими жорий этилди. Шунингдек, якка тартибда уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва уй-жой ёки кўп қаватли уйдан квартира сотиб олиш учун ипотека кредити олувчи ёш оилалар аъзоларининг даромадларига нисбатан ҳам солиқ имтиёзлари татбиқ этилмоқда.
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой қурилиши дастурлари доирасида аҳолининг, биринчи навбатда, ёш оилаларнинг уй-жой шароитлари яхшиланмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида ҳам шаҳарлар, туманлар ва шаҳар посёлкаларида яшовчи ёш оилалар учун уй-жой қурилиши дастурини кенгайтириш, уй-жой қуриш ва маиший турмушни ташкил этишда ёш оилалар учун шарт-шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Фарғона вилоятида мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ёш оилаларга сотиш учун 2012-2013 йилларда 38 кўп қаватли уй қуришни назарда тутувчи «Ёш оилаларга турар-жой» дастури ишлаб чиқилган. Мазкур дастурга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошмайдиган фоизли ставка бўйича ёш оилаларга ипотека кредитларини 15 йилгача муддатга бериш белгилаб қўйилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 30 апрелда қабул қилинган «Ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу кунларда Фарғона шаҳридаги Хўжанд кўчасида барпо этилаётган 30 кўп қаватли уйда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Марғилон ва Фарғона шаҳарларидаги эски ётоқхона биноларини реконструкция қилиш бўйича ҳам лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бу ишлар натижасида яна кўплаб ёш оилалар замонавий турар-жойларга эга бўлади. Эътиборли жиҳати, мазкур квартиралар умумий қийматининг 75 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдордаги ипотека кредитлари эҳтиёжманд ёш оилаларга ҳудудий комиссияларнинг тавсиялари асосида уй-жой қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги бошланғич бадал ариза берувчилар томонидан махсус ҳисоб-рақамига ўтказилгандан кейин 15 йил муддатга, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан кўп бўлмаган фоиз ставкаси бўйича уч йиллик имтиёзли давр билан берилади.
– Президентимиз ташаббуси билан бошланган бундай хайрли ишлар мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг юксак ифодасидир, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров. – Фарғонада ҳам замонавий уй-жойлар қурилмоқда. Уни харид қилган ёш оилалар барча қулайликлар мавжуд уйларга эга бўлади.
Айни пайтда ёш оилалардан мазкур уйларни харид қилиш бўйича кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Уй-жой сотиб олишга эҳтиёжманд ёш оилаларни танлаш бўйича вилоят комиссияси холис ва очиқлик асосида босқичма-босқич бундай оилаларни турар-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Ипотека банк” акциядорлик-тижорат банкининг вилоят филиали ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишларни олиб бормоқда.
– Ўтган йили филиалимиз томонидан 51 нафар ёш оилага 2 миллиард 259 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар берилган бўлса, жорий йилда бу ишларнинг салмоғи янада ортмоқда, – дейди “Ипотека банк” вилоят филиали бошқарувчиси Акмал Мўминов. – Фарғона шаҳрида олтита кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун маблағ ажратганмиз. Бу билан 104 оила замонавий уй-жойга эга бўлади.
Вилоятда ёш оилалар учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган мебель, мураккаб маиший техника ва ошхона жиҳозларини харид қилиш бўйича ҳам дастур ишлаб чиқилиб, унга асосан жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан 1062 ёш оилага имтиёзли кредитлар ажратилди.
Мухтасар айтганда, «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури асосида Фарғона вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, уларнинг уй-жой масалаларини ҳал қилишга қаратилган ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилмоқда. Бу оила институтини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Ахборот Агентлиги
(ЎзА)