• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Маҳмуд Асъад Жўшон: МУБОРАК ТАШРИФ…

Окт 27, 2012
Маҳмуд Асъад Жўшон: МУБОРАК ТАШРИФ…
Маҳмуд Асъад Жўшон: МУБОРАК ТАШРИФ…

(Туркий адабиётнинг юзага келиши ҳақида)

VIII асрда ислом қўшинлари Амир Қутайба бошчилигида турк дунёсига, шу жумладан, Мовароуннаҳрга кирар экан, кўплаб қаршиликларга учрадилар.

Аслида бундай қаршиликларнинг келиб чиқишига уларнинг ўзлари сабабчи эдилар.

Агар Умар ибн Абдулазизнинг исломни қабул қилганлардан солиқ олмаслик, адолатли ҳукмронлик ўрнатиш, карвонсаройлар, касалхоналар қурдириш каби хайрли фикрлари ҳаётга татбиқ этилганида эди, маҳаллий халқ оламшумул бир дин бўлган исломни, шубҳасиз, анча олдин мақбул кўришган бўлар эди.

Шунга қарамай, адолатли сиёсат олиб борилганлиги натижасида, Аббосий халифаси ал-Муътасим даврида, Амударё ва Сирдарё оралиғидаги аҳоли ёппасига ислом динини қабул қилган.

Бундай натижага эришилишига энг аввало исломиятнинг қалбларга олиб кирган юксак илоҳий тамойиллари сабаб бўлган.

Туркий халқлар ислом дини келгунга қадар шомонизм, буддизм, зардуштийлик ақидалари билан насронийликнинг қоришмасидан вужудга келган монихаизм (монийлик – милоддан аввалги 215 йилда Стесифонда туғилган эронлик Моний асос солган дин. Унинг моҳиятини нур – эзгуликнинг соя (зулмат) – ёмонлик билан кураши ташкил этади) каби динларни таниганлар.

Брахма, тибет, сурёний, кўктурк, сўғд, моний ва уйғур алифбоси каби ёзувлардан фойдаланганлар. Лекин улар исломдан кейин Қуръон тили бўлган арабчанинг ва араб-форс маданиятининг таъсири остида деярли йўқолиб кетди. Исломнинг тили бўлган арабча билан илдизи туташган, бир адабиёт тили ҳолига келган форсчанинг таъсири кундан-кунга ортди. Аммо шунга қарамай давлатнинг таянчи бўлган халқ оммаси туркийлардан иборат бўлгани учун туркий тил ҳам ривожлана борди. Туркийлардан ниҳоятда эътиборли муфассирлар, муҳаддислар, фақиҳ ва тилшунослар етишиб чиқди. Туркий тилнинг илгаригидек фақат халқнинг сўзлашув тили эмас, айни пайтда адабий ва расмий тил мақомига кўтарилиши дастлаб Шарқий Туркистонда юзага келди.

Мазкур адабий муҳит доирасидаги туркий шевалар ва халқ ижодиётининг ҳолатини Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк» номли асаридан биламиз. Кошғарий, ниҳоятда қимматли бир манба бўлган ушбу асарини, ўзининг айтиши бўйича, бутун туркий қавмларни, элатларни кезиб чиқиб, 1077 йилда қаламга олган. Асар туркий қабилаларнинг номлари, уларга хос шевалар, мақоллар, оғзаки адабиёт намуналари, бир сўз билан айтганда, ўша даврдаги туркий тил ва маданиятни ўзида жамлаган тенгсиз бир хазинадир. Унга кўра туркий тил XI асрда ғарбда Ўғуз, шарқда Хоқония туркчаси ўлароқ икки аниқ лаҳжага ажралган. Ўғузларники энг қулай лаҳжа (шева) бўлгани ҳолда, кўпроқ Эрон (форс тили) таъсири остида қолган эди. Энг тўғри, бехато шева Тухсийлар билан Яғмо қабилалариники эди. Лекин Кошғар ва атрофидаги аҳоли сўзлашган Хоқония шеваси, айниқса, Қорахоний шаҳзодаларининг тили турк шеваларининг энг жозибалиси ва энг тушунарлиси эди.
Ўғуз туркчасининг ўша даврдаги тил хусусиятларини бутун нозикликлари билан баён этиб берадиган бирорта адабий асар, афсуски, бизгача етиб келмаган. Аммо бунга қарши ўлароқ, «Девону луғатит турк»да баъзан Хоқония, баъзан эса Кошғар туркчаси номи билан келган бир лаҳжада ёзилган бир нечта муҳим исломий асарлар мавжуд.

* * *

Маълумки, Туркий адабиёт дастлаб Шарқий Туркистон минтақасида вужудга келган. Бу ҳудуд 840 йилдан буён Қорахонийлар номли туркий сулола томонидан бошқарилар эди. Ислом динини биринчилардан бўлиб Абдулкарим Сатуқ Буғрохон, уларнинг оиласидан паноҳ топган Сомоний шаҳзодасининг таъсири остида ва яна айрим эҳтимолларга кўра, баъзи сўфий воизларнинг насиҳати билан ҳали тахтга ўтирмасидан олдин, қабул қилган эди. Бу зот замонида мамлакат ғарби, ўғли Мусо даврида эса мамлакат шарқи бутунлай мусулмон бўлган ва қўшни ҳудудларни ҳам ислом байроғи остига тортиш учун ҳаракат бошланган эди. Бу даврга оид ҳодисалар халқнинг хотирасида сақланиб қолган бўлиб, ҳатто кейинги асрларда Сатуқ Буғрохоннинг кароматлари, қаҳрамонлиги ва диндорлиги ҳақида ҳикоя қилувчи «Тазкираи Сатуқ Буғрохон» номли бир маноқиб ҳам ёзилган.

Муборак ислом руҳиятидаги, аҳолиси тамомила туркийлардан иборат – форсча ва арабчанинг таъсиридан нисбатан узоқда бўлган – ҳудудларнинг маданий марказларида илгаридан мавжуд бўлган адабий анъана негизида исломий адабиёт вужудга келди.

Бу уйғонишни Осиёнинг туркийлар билан обод Мовароуннаҳр, Хоразм, Олтин Ўрда, Эрон каби бошқа ҳудудларидаги тараққиётлар таъқиб этди ва эҳтимол Қорахонийлар даврида шаклланган адабий муҳит мевалари намуна қилиб олинган бўлиши мумкин. Шунингдек, бу нарса ижтимоий шароитнинг зарурий ва мустақил натижалари бўлиши ҳам мумкин.

Туркийларнинг ниҳоятда кенг ҳудудларга тарқаб кетганлигини назарда тутадиган бўлсак, турли ҳудудларга ва даврларга оид асарлар орасида тил фарқларининг бўлишига табиий бир ҳодиса сифатида қаралиши мумкин. Аммо шунга қарамасдан, XI-XIV ва ҳатто XV асргача бўлган даврда яратилган асарлар кўплаб муштарак жиҳатларга эга ва ҳатто илм оламида «XII-XIV асрлар Ўрта Осиё муштарак адабий тили» каби маъқул ва ўз ўрнида қўлланилган бир ном остида мутолаа қилиб келинган. Кейинроқ, XV асрнинг иккинчи ярмида Алишер Навоий билан бошланган мумтоз адабиёт ҳам ушбу адабий асосга таянади.

Бугун биз қўлга киритган энг қадимги исломий асар «Қутадғу билиг» бўлади. Айни вақтда, ҳам ушбу асарнинг мазмун-мундарижаси, ҳам «Девону луғатит турк»даги мисолларнинг мукаммаллиги, савияси, сайқал берилган тил обидаларига эгалиги бизга бундай асарлар яна бошқа ҳам ёзилган бўлиши кераклигини кўрсатади. Бироқ жангу жадаллар, босқинчилик ҳаракатлари, мудҳиш мўғул истилоси кўплаб шаҳарларнинг ер юзидан йўқолиб кетишига ва у даврлардан бизга жуда оз асарлар етиб келишига сабаб бўлган .

«Қутадғу билиг» («Саодатга элтувчи билим») инсонга ҳар икки дунёда том маънода саодатга эришиш учун юриши керак бўлган йўлни кўрсатиш мақсадида қаламга олинган асардир. У ўн саккиз ойлик меҳнатдан сўнг (462/1069-1070 йилда, шоир бу пайтда чамаси 54 ёшда бўлган) ёзиб тамомланиб, Қорахонийлар ҳукмдори Абу Али Ҳасан ибн Сулаймон Арслонхонга бағишланган. Асарни ғоятда хушнудлик билан қарши олган подшоҳ унинг муаллифи Юсуфга «Хос ҳожиблик» даражасини беради, яъни ҳукмдор саройининг «Эшик оғаси» лавозимига кўтаради.

Бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган шахс, жамият ва давлат ҳаётини мукаммал даражада тартибга келтиришда зарур бўладиган ақл-заковат, билим ва фазилатларнинг нималардан иборат бўлишини, уларни қандай қилиб эгаллаш ва улардан қандай фойдаланиш хусусида тўхталган шоир қуруқ насиҳатгўй эмас, туркий ёзма тилни бутун нозикликлари билан яхши биладиган нуктадон олим ва баланд савиядаги мутафаккир-ижодкор сифатида кўз олдимизда намоён бўлади.

Китоб тўртта асосга кўра тартибланган.

1. Рост қонун
2. Саодат
3. Ақл
4. Ҳаётнинг оқибати

Булар асарда тартиб билан Кунтуғди (подишоҳ), Ойтўлди (вазир), Ўғдулмиш (вазирнинг ўғли) ва Ўдғурмуш (зоҳид) тимсоллари билан гавдалантирилган. Ярим ҳикоя, ярим тимсол тарзидаги бу асарга, орада ҳозирловчи ва изоҳловчи монологлар ва жонли тасвирлар билан безатилган саҳналар мукаммал услуб ва режа асосида жойлаштирилган.
Барча зиёлилар томонидан ўқилиши, ўрганилиши ва устида узоқ-узоқ фикр юритилиши керак бўлган бу асарнинг тил хусусияти – лисоний моҳияти ва жонли услуби ҳақида мулоҳаза билдириш асносида унинг муножот қисмидан бир неча байтни эътиборларингизга ҳавола қиламан.

20-байт:
Ай сирка яқин ай кўнулка эдиз
Тануқ ўл санга барча сурат бедиз.
(Эй ҳар сирга яқин, эй ҳар кўнгил учун юксак Тангри, барча сурат ва шакллар сенга шоҳиддир).

29-байт:
Санга ўқ сиғиндим уминчим санга
Мунадмиш еримда элиг тут манга.
(Асл санга сиғиндим, умидим сендандур, муҳтож бўлган жойимда қўлимдан тутгин).

33-байт:
Сени эрдукун тег ўгумаз ўзум
Сени сенмат ўггил кесилди сўзум.
(Сени аслинг каби мадҳ этяпман, сени сен мадҳ эт, сўзим тўхтади).

«Қутадғу билиг» асари тил ва мавзу зарофати билан Ўрта Осиё адабий тилининг кашф бўлишида узоқ муддат ўз таъсирини кўрсатган. Чунки асар қўлёзмаларининг кўчирилган йиллари ўртасида ҳам узоқ йиллик фарқлар бор. Кейин қўшилганлиги таъкидланган муқаддимада асар қайси мамлакатга етиб борса рағбат кўрганлиги ва чинликлар – хитойликлар томонидан «Адаб-ул-мулк», мочинликлар томонидан эса «Айинул мамлака» («Айнул-мамлака», «Аминул-мамлака», «Анисул-мамлака») , машриқликлар томонидан «Зийнатул-умаро», форслар томонидан «Шоҳномаи туркий» ва яна айрим халқлар томонидан «Пандномаи мулук» деб номланганлиги келтириб ўтилади. Ҳатто 1909 йилда Кошғардан анча узоқда, Урал дарёсининг қуйилишига яқин Саройча қишлоғидан топилган XIII ёки XIV асрга оид кўзада «Қутадғу билиг»даги ушбу байт нақшланганлиги аниқланган:

Киши кўрки юз ўл, бу юз кўрки кўз
Боуз кўрки тил ўл, тил кўрки сўз.
(Инсоннинг кўрки юзидир, бу юзнинг гўзаллиги эса кўздир. Томоқ (бўғиз)нинг гўзаллиги тилдир, бу тилнинг кўрки эса сўздир).

Мавзу ва шаклига кўра «Қутадғу билиг»га ўхшагани билан, услуб ва ифодасининг нозиклиги жиҳатидан «Қутадғу билиг»га асло бўйлаша олмайдиган бошқа бир асар «Ҳибатул-ҳақойиқ»дир. Бу асарда «Қутадғу билиг»нинг таъсири яққол кўзга ташланади. Асар XII аср бошларида, ҳозирда қаерда эканлиги қатъий аниқланмаган Югнак шаҳрига мансуб Адиб Аҳмад ибн Маҳмуд исмли бир киши томонидан Кошғар шевасида ёзилган. Бу асар боши ва охиридаги бир нечта мадҳ шеърларни ҳисобга олмаганда, миллий шакл бўлган тўртликлардан ташкил топган. Ушбу асарнинг биз учун аҳамиятли томони шундаки, у кўпроқ туркий адабиётнинг қоронғу, намуналари оз бир даврига оиддир. Шунингдек, «Қутадғу билиг» билан ўзига хос алоқа ўрнатишимизга ёрдам беради. Шоир туркий тилда ваъз ва насиҳат қабилида шеърлар битган. Ҳикмат ва ўгитлари зарбулмасал тарзида туркий ўлкаларнинг кўпчилигига тарқаган. Адибнинг ўзи эса зуҳд ва тақво соҳиби бўлган. Унинг ҳали топилмаган бошқа асарлари ҳам бўлиши мумкин. Асардан иккита тўртликни келтириб ўтамиз:

Адиб Аҳмад отим, адаб-панд сўзум
Сўзим мунда қолур, борур бу ўзум
Келур куз, кечар ёз, борур бу умр
Тукатур умрни бу ёзим, кузум.
(Отим Адиб Аҳмад, сўзим панд-насиҳатдир. Вужудим кетади, лекин сўзим бунда қолади. Куз келади, баҳор ўтади, умр кетади. Бу баҳор ва ёзлар умрни тугатади).

Айа менда кедин келигли, муни
Ўқисанг дуада унутма мени
Санга ҳадя қилдим бу тангсуқ сўзум
Манга ҳадя қилсу дуа тиб сени.
(Эй, мендан кейин келган! Буни ўқисанг, мени дуода унутма. Тансиқ, камёб сўзларимни – сен ҳам мени дуо қиларсан дея – сенга ҳадя қилдим).

«Ҳибатул-ҳақойиқ» ўзидан кейинги, халққа яқин сўфиёна ахлоқ китобларининг дастлабкиси, етакчисидир. XIV асрга қадар Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросон ерларидаги туркийлар орасида маънавий мавқеини сақлаган ва унга кўп тақлид қилинган асардир.

Эндиги сўзни мўғул истилосидан кейин адабий фаолиятнинг муҳим марказларидан бирига айланган Хоразм ва истилодан олдин доимий равишда халқни ҳидоятга бошлаш, ҳақ йўлни кўрсатиш ишларини амалга оширган Аҳмад Яссавий ва издошлари ҳақида бошлашдан олдин яна бир нарсани айтиб ўтишни хоҳлардим. Ёнғин каби ислом оламини қамраган ва шубҳасиз тарихий, ижтимоий, иқтисодий кўплаб сабаблари бўлган, инсонни дашҳатга солувчи мўғул истилосидан олдин ҳукм сурган бир даврда Адиб Аҳмаднинг қуйидаги ифодалари кишини нақадар ўйлантирувчи ва ибрат бергувчидир .

«Дунё адоват, жафо ва азият билан тўлди. Қани бир вафоли инсонни топиб кўр-чи. Сен ўзинг бузуқсан, шунинг учун дунё бузилди, нега бу дунёдан шикоят қилаяпсан?»

«Ислом ғариб эди, бадтар ғариб бўлди, ибодат, риё ва обид мажоз бўлди. Харобот (майхона) муҳити обод бўлди; масжид эса хароб ва халқ бенамоз бўлди»

«Ким мунофиқ – иккиюзламачи бўлса, у обрў-эътибор соҳибидир. Обрў-эътибор топмоқчи бўлсанг, бориб иккиюзламачи бўл. Йўл кимнинг ҳаққи бўлса унга йўл йўқ, йўл кимнинг ҳаққи бўлмаса унга кенг йўл бордир»
«Эй, мол-дунёга ҳирс қўйган одам! Ҳақиқатни бил, бу нарса бугун сенга ғаму ўй, эртага эса юк ва ташвиш бўлади. Молинг ҳаром бўлса оқибати азобдир. Агар ҳалол бўлса, бунинг ҳам ҳисоби сўралади»

«Эй, ҳукмини дунё узра юритган, уни баъзан қоралаб, баъзан такрор мақтаган одам! Ҳар бир иш қодир Аллоҳ ҳукми ила келур, инсон нимагаки дуч келса Унинг ҳукми ила бўлур».

Манба: Хуршид Даврон блоги (http://kh-davron.uz/).

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *