Муҳаммад Солиҳ
Шеър менинг тарбиячим эди. Аммо у таянч нуқтаси эмас эди. Эл қатори, мен ҳам бир таянч нуқтасига муҳтож эдим. Чунки, эл қатори мен ҳам адашганлардан бири эдим.
…Эҳтирос қамчиси остида дир-дир
Титраётган туядай, тушов оёқда,
Юришга мажбурмиз, юрмоққа мажбур,
Билмай, мағриб қайда, машриқ қаёқда.
(«Адашганлар қўшиғи», 1983)
Бу изтироб худди қадимги юнон файласуфи Пармениднинг изтиробига менгзар эди. Парменид шундай нола қиларди: «Эй, худолар, мен сиздан ҳеч нарса сўрамайман, менга фақат битта Собитлик беринг. Бу тинмай ўзгараётган, ҳар турли рангларда товланаётган беқарорлик денгизида менинг ёпишиб олишим учун бир оғоч — бир барқарорлик, бир собитлик беринг!», деб ёлворарди шўрлик.
Лекин унинг нолалари беҳуда эди, чунки, у собитликни Оллоҳдан эмас, худолардан сўраётган эди. Парменид политеизм (кўпхудолилик) замоннинг қурбони эди. Аммо ўзи англамаган ҳолда, Оллоҳни, бутун оламларни яратган ягона Оллоҳни — ягона таянчни излаётган эди.
Бундай таянчни совет даврида ўз динидан узоқлаштирилган одамлар ҳам излай бошладилар. Менга ўхшаганлар учун шеър бу изланишда воситачи эди. Шеър изланиш изтиробидан чарчамаслик учун бир танаффус эди. Шеър ташқарисида чексиз, юракни орзиқтириб юборувчи бўшлиқ бор эди.
Бу бўшлиқ бизнинг жондан севган дунёмиз эди. Жозибаси қўрқинчли дунё.
…Яна ўша давра, яна ўша май
Қуйилар ва парда тортар кўзингга
Ва яна иккинчи қадаҳ бўшамай,
Даҳшатли бир бўшлиқ тўлар кўксингга!
Шунда «чўрт» узилар давра лангари,
Муаллақ қолади қадаҳ-у қошиқ.
Қоронғида қўрққан бола сингари,
Ичингдан отилиб чиқади қўшиқ!
Кўзларинг олдида олис бир воҳа,
Овозинг етмайди, қуршайди лабинг,
Қўналға тополмай, учади оҳанг,
Юртидан қувилан сор бургут каби.
Овозинг бўғилса, қирилса томоқ,
Кўзларингдан оқа бошлайди қўшиқ.
Сен учун қўрқинчли энди тўхтамоқ,
Тўхтасанг, шу заҳот ютади бўшлиқ!
(«Бир ухлаб турсанг бас», 1981)
Аммо тинмай қўшиқ айтиш мумкин эмас эди, тинмай йиғлаш ёхуд тинмай қаҳ-қаҳа отишнинг иложи йўқ эди. Қалб бир осойишталик истар, қутурган эҳтирос денгизида ҳалок бўлмаслик учун бир таянч истар эди. Инсонга муҳаббат, санъатга муҳаббат, ҳатто миллатга, ватанга муҳаббат ҳам қалбга бу таянчни бера олмасди. Қалб бир сўқир каби буюк изтироб ичида пайпасланар ва ўзининг асл кимлигини ахтарарди. Бир овоз унга «мен сенга ўқ томирингдан ҳам яқинман!», дея шивирларди, аммо у овоз соҳибини кўра олмас эди.
Бир куч бордир тепада шаксиз,
Бир улуғ қудрат бор, мавжуд муаққақ,
Йўқса, не ўзимни сезаяпман ожиз,
Йўқса, нега бунча титрайди юрак?
(«Демак», 1983)
Етмишинчи йилларда бу мажҳул сезгини жуда кўп ёш шоирлар яшаганига аминман. Аммо бу сезги шеъриятда ҳеч қачон лейтмотив бўлмади. Гўё шеър, ўз йўлидан, уни ёзганлар ўз йўлидан юрарди. Шеър руҳоний бўлиши мумкин эди, аммо биз бундай бўлишимиз мумкин эмас эди. Биз ғурурнинг асирлари эдик. Тўғри сўзни сўйлаш ғурури, жасорат билан сўйлаш ғурури, ҳеч кимга ҳеч қачон бўйин эгмаслик ғурури, дўстга садоқат, душманга нафрат ғурури ва ҳаказо. Хуллас, биз бир олийжаноблар эдик, лекин сўқир қалб буни тан олмас эди ва ўзига таянч ахтаришда давом этарди:
Биз, ахир, ҳеч кимни ўлдирмадик-ку,
Лекин нега бизнинг қўлларимиз қон,
Гуноҳ қуши турар бош узра мангу,
Ёнаётган авлиёдай чирпинар виждон?
(«Адашганлар қўшиғи», 1983)
Чунки, бизнинг ўша саналган барча олийжаноб фазилатларимиз ҳавода осилиб турарди. Бу фазилатларни қўядиган бир гўша, бир меҳроб йўқ эди. Бу фазилатларни қайд этадиган бир ҳакам, уни қабул қилиб оладиган ҳеч ким йўқ эди. Биз бу жавоҳирларни ҳавоий ғурурга омонот этгандик. Қалб, шу боис ёнаётган авлиёдай чирпинарди, шу сабаб гуноҳ қуши кетмасди устимиздан.
Биз яхшилик ва ёмонлик нима эканини билардик. Аммо яхшилик қиларкан, уни ғурур ризоси учун қилардик. Ёмонликдан ўзимизни тияркан, ғурур ризоси учун тиярдик.
Лекин қалб бу фаолиятнинг янглиш эканлигини англарди. У жиддийроқ иш билан шуғулланарди. У ўзининг қайси юксакликдан йиқилиб тушганини чамаларди. У ўзининг қибласини ахтарарди. Қалб бутун оламларни бор қилган Оллоҳ ризосини истарди.