• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Абдулҳамид Чўлпон ҳақ: “Адабиёт ўлса – миллат ўлади”.

Окт 30, 2012
Абдулҳамид Чўлпон ҳақ: “Адабиёт ўлса – миллат ўлади”.
Абдулҳамид Чўлпон ҳақ: “Адабиёт ўлса – миллат ўлади”.

Иброҳим Ҳаққул

Адабиётда инсон учун қимматли нарса абадийликка интилишдир.
Р. Тагор

Адабиёт ҳеч қачон, ҳеч бир халқ қорнини тўйдириб, уст-бошини бут қилмаган ва қилолмайди ҳам.

Адабиётсиз яшаш мумкин – бадиий китоб ўқимаса ҳам кун ўтаверади.

Ростини айтганда, бу кун эмас, зулмат бўлади. Руҳ ва кўнгил зулмати! Ақл ва тафаккур қоронғилиги!

Бошқа номлари ҳам бор унинг: ғафлат, жаҳолат, авомлик ва ғоказо.

Дидни, савия ва идрокни адабиёт тарбияламаса, нима тарбиялайди?

Ишонинг, ҳеч нима.

Адабиёт – кўнгил мураббийси. Адабиёт завқ-шавқи фақат ва фақат адабиётга хос. Унинг ўрнини босадиган ёки тўлдирадиган бошқа бир нарса йўқ оламда.

Адабиёт дунёси – гўзаллик, нафислик, латофат дунёси. Адабиётдан йироқлашиш ва ажралиш – маънавий-руҳий ахлоқий-эстетик хасталикларга ихтиёрий равишда йўл очиш демак. Ҳа, кўриб-кўрмасдан, билиб-билмасдан!

Абдулҳамид Чўлпон ҳақ: “Адабиёт ўлса — миллат ўлади”.

Адабиёт ҳам худди Ватандай муқаддас. Тил, Тарих, Дин каби адабиёт ҳам эл-юртнинг таянч тоғи эрур. “Дунёни Гўзаллик қутқаради” дегани — Гўзалликнинг посбони, чароғбони адабиёт дегани. Не-не буюкларимиздан, дейлик, Яссавийдан, Лутфий ва Навоийдан мерос адабиётимиз бор.

Бобур, Машраб, Огаҳий шу адабиёт дилбанди ва муҳофизлари эди. Асрлар мобайнида жафокаш ўзбекнинг қувонч ва қайғусини ифодалаб келган шу адабиёт Фитрат, Қодирий, Чўлпонларни зўр кураш майдонига олиб чиққан.

Адабиётга хиёнатни улар миллатга хиёнат деб билишган. Ва ўлимга юзлашганда ҳам зиммасидаги вазифани бажаришдан қўрқмаган. қочмаган. Зеро, адабиётдаги энг катта гуноҳ ва қабоҳат қўрқоқлик, таҳлика ва хушомаддир.

Машҳур Америка адиби Уильям Фолкнер “Қўшма Штатларда ёзувчи мамлакат маданиятининг бир бўлаги эмас: у кўпчилик ёқтирадиган, бироқ ҳеч ким жиддий қабул қилмайдиган кучукка ўхшайди”, дейди.

Ёзувчи- санъаткорга шундай назар билан қараш, ҳеч шубҳа йўқки, жамиятни нафс учун талашадиган, манфаат ҳирси ила бир-бирини ғажийдиган йиртқичлар жамиятига айлантириши муқаррар…

Шўро давлатининг қилмишлари эса янада қабиҳ эди. ғайриинсоний мафкурасига хизмат қилмаган, ғоявий ғанимга чиқарган ёзувчи ва шоирни у бир кучук ўрнида ҳам кўрмаган. Бировини қатл қилган, бировларининг умрини қамоқларда чиритган. Не-не талантларни эса синдириб, руҳини эзиб, маддоҳга айлантириб олган. Шундай фожиаларни кўрган, шунақа қўрқинчли шарт-шароитларда яшаб ижод этган ёзувчидан нима талаб қиласиз? Уни қўрқоқлик ва муросабозликда айблаш эса умрида битта ҳам ўқ узмаган аскарнинг кўпиришидай бир ҳавойилик, бир нодонлик. Бунда масалага бошқача қараш ва баҳо бериш лозим.

Вазият ва шароит одамни не кўйларга солиб, қандай кўргиликларга юзлаштирмайди, дейсиз? Ёзувчи ҳам инсон: қўрқади, фикр-қарашини ўзгартиради, адашади… Аммо адабиётда қўрқоқлик бўлмайди. Туб моҳиятда адабиёт адашмайди, тўхтамайди: ҳар қандай қаршилик ё тўсиқни енгиб янгиланаверади. Улкан рус ёзувчиси М.Е.Салтиков-Щедрин таъкидлаганидек, “Адабиёт ўткинчи ва ўткинчилик қонуниятларидан холи. Фақат биргина адабиёт ўлимни тан олмайди”.

Дарҳақиқат, енгилмайдиган ва ўлмайдиган иккита мавжудлик бўлса – биттаси адабиёт. Битта бўлса ўша ҳам – адабиёт. Адабиётга зўравонлик, қаҳру ғазаб ила раҳбарлик қилиш имконсиз. “Бу иш ҳатто Гитлер ва Сталиннинг ҳам қўлидан келмаган… Адабиётга раҳбар бўлишга уриниш — шамолга буйруқ бериш билан баробардир” ( Н. Коржавин).

Энг оғир, энг мураккаб ва энг таҳликали замонларда ҳам чинакам талантларнинг адабиёт майдонида от суришига асосий бир сабаби шунда. Талант куч-қувватига ишончни бой бермаса, ҳаётнинг катта-кичик ўйинларига қурбон бўлмаса, нафсу ҳавонинг қўғирчоғи бўлишдан ўзини асрай олса – қолгани ўз-ўзидан ўнгланиб, илгарилаб бораверади.
Ахир, ҳар қандай миллат, буюк адабиёт соҳиби бўлгандагина, курашчан, жасур, маънавият ва тафаккури юксалган миллат мавқеини эгаллайди. Чунки миллатнинг бутун миллий, маданий ва руҳоний ютуқлари, яратувчанлик салоҳияти унинг адабиётида мужассамлашиб боқийлик топади. Акс ҳолда Абдулла Қаҳҳор адабиёт кучининг атомдан ҳам ортиқлигига ишонч билдирмас, адабиёт тақдири ва равнақи деб жонини жабборга бермас эди.

Ҳамма билади: шўро давлатининг тузоқ ва қармоқлари кўп бўлган. Энг синалгани: мансаб, мартаба, унвон, мукофот… Булардан бирига илинмаса, ижод аҳли иккинчисига илинган. Бировдан қочиб, бошқасига тутинган. Қочиш қаёқда! Абдулла Ориповнинг бир шеърида тасвирланганидек, ҳатто кўчадаги гадой ҳам кейинчалик мукофотталаб бўлганди. Мукофот гадойлиги эса айб ҳам, уят ҳам ҳисобланмасди…
Мен Абдулла Қаҳҳорнинг унвон ва мукофотни кўзлаб асар ёзганига ёки бирор китоби учун унвон ва муокфотни ўйлаганига асло ишонмайман.

Бироқ сиёсат ва мафкура муҳорабасидан келадиган бало-қазолардан ҳаётини асраш, ҳимоя этиш коммунистик партияга суянган. Тўғрироғи, суянгандай кўринган. Буни кимлардир сезиб, сезмаганга олган, кимлардир пайқаб унга қарши ғужумни кучайтиришган. Абдулла Қаҳҳорнинг вафотига қанча йил бўлди. Қанча ёзу қишлар ўтиб кетди. Баъзи бировларнинг ичида ҳанузгача хусумат, адоват, ҳасад тутаб ётибди. Қўйиб берилса, булар марҳумни ҳам аяшмайди…

Тўғри, Қаҳҳор сиёсат “қалқон”ига муҳтожлик сезган ва ундан фойдаланган. Агар истисно тарзда айб саналса – айби унинг ана шу! Агар “қизиллик” дейилса – Қаҳҳорнинг қизиллиги ва коммунистликка садоқати шудир. Ҳолбуки, улуғ адибнинг беқиёс Шахси ва санъаткорлик сирларини кенг мушоҳада қилишга қодир ўқувчи ўзгача фикрлайди. Инсоф ва адолат билан ҳукм чиқаради.

Маълумки, барча ёзувчи китобини ҳам мароқ билан, яйраб ўқиб бўлмайди. Қайси бир санъаткор асарларини англаб, яхши кўриб ўқий олсанг, муаллиф шахсига ҳам бефарқ бўлолмайсан. Дид ва савияси баланд ўқувчини китоблари ўзига ром айлаган ижодкор борки, ҳеч истисносиз барчасининг шахсияти ўзига хос ва қайтарилмас. Бадиий ижоддаги “магнит майдони”, энг аввало, бутун шахсият. Бир боғландингми – ажралолмайсан ундан. Ишондингми — ишончинг оқланаверади. Бундай ёзувчининг ҳар янги асаридан шахсиятига хос фазилат ва хусусиятларни қийналмасдан билиб оласан. Шу учун Толстой – Толстой. Чехов, бу – Чехов. Чингиз Айтматов шу боис бировга ўхшамайди…

“Ўткан кунлар”ни ўқиганимда, Қодирий назаримда шундоқ тирилиб келгандай бўлган. Роман гўё бир восита-ю, Қодирий унда, асосан, ўзини, қаттол замон, шарафсиз муҳит билан яккама-якка қолиш фожиасини тасвирлаб берган деб ўйлаганман. Хаёл ва тасаввур шунақа ишлаганки, асти қўяверасиз. Ўлмас адиб Шахси ва санъатига шу-шу меҳрим ҳам, эҳтиромим ҳам чексиз…

Қонхўр ва жаллодлар панжасидан кўп буюк зотларни ўлим қутқазган, не-не қийноқ, таҳқир ва уқубатлардан ҳам уларни ўлим халос айлаган. Қатл ва қирғиндан омон қолганлари дўзах жабру жафоларини бошдан ўтказган. Аммо жони халқумига келса-да, улар чидаган. Эгилган, лекин синмаган.
Сабот ва иродасини ҳаёт аёвсиз синовлардан ўтказган адиблардан бир Абдулла Қаҳҳор эди. Қаҳҳор моҳият эътибори билан қайғу ва ҳасрат ёзувчиси. Чеховга уни яқинлаштирган умумий ҳолат ҳам ёруғ ҳам ва ҳасратдир. Қаҳҳор бутун бир миллатнинг қайғу аламини кўтара олган, бутун ижодий фаолиятида кўнглида Дард силқиллаган, сиёҳдонига кўз ёш томиб турган адиб. Жамиятга аралашган Қаҳҳорни биз кўпроқ биламиз. Ботинига бекинган, энг ёруғ, энг умидбахш туйғу ва тилаклари кўнгилга ҳайдалган Қаҳҳорни деярли билмаймиз. Ваҳоланки, қаҳҳорнинг дилда чайқалган ҳақиқат ва изтиробларнинг асосий қисми юзага чиқмай қолиб кетган.

Унинг “Талант қанчалик катта, қанчалик қудратли бўлмасин, ҳар нечук юзада бўлмайди, конга ўхшаб ернинг тагида бўлади”, деган сўзлари бевосита ўзига ҳам тегишлидир. Умуман, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам Қаҳҳор юзада юриш, юзада иш кўришга қарши бўлган. Шогирдлари баланд мартабали бир амалдор билан муроса қилиш ҳақида гапиришганда, у “Мени йўлимдан қайтаришга уринманглар – эгаман деб мени синдириб қўясизлар”, деган экан. Эгилиб-букилиш ҳадисини олган киши бундай деёлмайди.

Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаётида ҳам юракни тирнаб, виждонни эзадиган ишми, ҳолатми балким бўлгандир. Нега бўлмасин? Ҳақиқат, адолат, тенглик ўлароф тарғибу ташвиф айлагани ҳафсизлик, адолатсизлик, ғирромлик бўлган, эркинлик, бахтиёрлик дея кўрсатган йўли қуллик ва толесизликка маҳкум қилган бир даврда адашмаслик ёхуд хато ва гуноҳдан қочиш мумкинми? Абдулла Қаҳҳорнинг сокинлиги, собирлиги ва одиллигида бир дунё андуҳ, пушаймонлик, зиддият беркинган. Шулар унинг ўзига-ўзи ҳисоб беришга, имкони бўлгани қадар ҳақиқатдан чекинмаслик ва адабиёт дахлсизлиги йўлида ҳеч ким билан муроса қилмасликка ундаган. Шу маънода Қаҳҳор бурч ва мажбурият юкини зиммасига олиш ва курашишдан толиқмаган. Талантсизни талантдан фарқлашда Қаҳҳор адашмаган. Мақтов кўтармайдиган асарни мақтамаган. Арзимас манфаатлар учун дуч келган қаланғи-қасанғининг китобига сўзбоши ёзмаган. Бундай ишларда Қаҳҳорга кимни тенг қўямиз. Қаҳҳордан бошланган гапни Қаҳҳор билан давом эттиришдан ўзга имконимиз йўқ.
Тоқат қилиб бўлмас даражада бўш, пала-партиш, устомонлик билан ёзилган “силлиқ” асарлар бугун тўлиб-тошиб кетди. Аммо ҳаммамиз гўёки томошабин. Битта Қаҳҳор эплаган ишни кўпчилик нега уддалай олмаётир, деган фикрни хаёлга ҳам яқинлаштирмаймиз.

Абдулла Қаҳҳор ўзбек насрининг энг заҳматкаш ва танти бободеҳқони эди. Ҳеч вақт у “кетмон уриб, таҳсин ва офарин умидида атрофга” аланглаб қарамаган. Доимо яратиш, илгари одимлаш шавқи билан яшаган.
Жаҳон адабиётида янги бадиий кашфиётлар яратган даҳолар сафига Қаҳҳор балки киролмас. Дунё бадиий тафаккури тажрибаларини у кенг миқёсларда балки ўзлаштира олмагандир. Адиб ҳақидаги бир гурунгда шоир Усмон Азим “Қаҳҳорнинг Чеховдан ўрганиш Чехов даражасида юксалмаган – Чеховнинг даражасида қолган”, деди. Бу гапга биз қўшилдик. Чеховнинг дунёқараши, жамиятга муносабати, адабий муҳити ва маҳорати эътиборга олинса, Усмон айтган фикрга эътироз туғилмайди. Лекин бадиий ижодда Қаҳҳор қўлга киритган ютуқлар ҳеч қайси классик ёзувчиникидан кам эмас.

Ҳаётдаги бирор бир воқеа-ҳодиса суврати, яъни зоҳирий манзарасини яратиб, моҳият мушоҳадасини ўқувчининг ўзига ҳавола этиш адабиёт ва санъатнинг қадимий усулларидандир. Бу усул Қаҳҳор асарлари, хусусан, ҳикояларига ҳам хос. Шунинг учун адиб ҳикояларини ҳар ким билими, савия ва тасаввурига яраша тушунади ёки талқин қилади. Шундан нарига ўтолмайди. Ўта олса, демак, мулоҳаза, мушоҳадада силжиш, ўзгариш бўлади. Олдин сезилмай ётган нимадир равшанлашади. Эътибордан четда қолган бирор бир иборами, деталь ёхуд рангми, ярқ этиб кўзга ташланади. қандайдир оддийлик, ҳаттоки, жўнлик билан китобхонни сеҳрлаш Қаҳҳор учун хос бир хусусиятми, деб ҳам ўйлайсан. Унинг ўтмиш мавзуида ёзилган ҳикояларининг ҳаммаси юракда бир маҳзунлик пайдо этади. “Ўҳри” ҳикоясини неча қайта ўқиганимни аниқ айта олмайман. Зериксам, нималардандир толиқиш сезсам баъзида шу ҳикояга бир назар ташлайман. Унинг оҳанги ёқади менга. Чунки ҳикоя оҳанги боболаримиз қалбидан таралгандек, улар қисматига ҳам мувофиқдир. Адиб Қобил бобо, Сотволди, Туробжон сингари қаҳрамонлар воситасида яхлит, умумлашма бир образ ихтиро этган. Бу – ҚАШШОқЛИК образи.

Қашшоқлик ва йўқсиллик одамларни бирлаштириб, ё ҳақ-ҳуқуқини танишга чорлайди, ёки ҳайвон – тилсиз махлуҳқа айлантириб, тўдага ажратиб ташлайди. Эътибор берган бўлсангиз, Қобил бобо бошига тушган ногаҳоний кулфат қўни-қўшнини дастлаб қизиқтиради. Сўнг, кўп фурсат ўтмасдан ҳеч нима бўлмагандай, ҳеч нима кўрмагандай, бирин-бирин ҳамма тарқаб кетади. Биринчидан, ҳеч биров шўрлик чолга мадад бериб, ёрдам кўрсатадиган аҳволда эмас. Иккинчидан, буни ўйлаганда ҳам қўлидан ҳеч вақо келмайди. Учинчидан, ҳар бири ўзича мададга муҳтож. Қолаверса, ғафлат ва мутеликдан озод бир банда йўқ. Нега бундай? Жавобни ўзинг ахтар, ўзинг топ, муаммоларнинг муаммосини ҳал қил ўзинг, дейди Қаҳҳор ҳикояларининг бадиий мантиғи.

Шўро давлати даврида ўзбек халқи ўзлигини билди, таниди, деган гаплар кўп чайналган. Қанақа ўзлик? Қанақа таниш? “Синчалак”да “Одам боласи циркнинг оти эмаски, қамчи қарсиллаганда, чўккаласа”, деган гап бор. Хақимизнинг ўзлигини англаши, қамчи қарсиллаши-ю чўккалаб туришдан кўп ҳам фарқланмасди. Мустабид тузум қуллик ва қарамликнинг эски, яроқсиз ҳолга келган кишан ва тузоқларини ўзгартирди, шароитга мувофиқ равишда янгилади, холос. Қўрқитиш, эзиш, қирғин, алдаш кучайса кучайди – камайтирилгани йўқ.

Абдулла Қаҳҳор “Ён дафтари”даги қайдлардан бирида, “Ғалати-ғалати “назариялар ўзи кўкариб, ўзи қуриб ётибди”, дейди. Минг афсуски, бундай муваққат “назариялар” наинки адабиёт, балки китобхонларни адабиётни англаши ва қабул қилишига ҳам катта зиён етказган. Мактаб ва олий ўқув юртларида ўргатилган мужмал, мавҳум назарий тушунчалар, саёздан саёз таҳлиллар Қаҳҳор ижодиётининг қалбига етиб боришга тўсиқ бўлган. Аслида, ҳақиқий адабий матнга бир “йўлак”дан эмас, ўқувчи хоҳласа, уддалай олса, истаган “йўл”дан киради.

Мен болалигимдан устод Абдулла Қаҳҳор китобларини ўқиб, ўрганаман. Уларнинг ҳар бири менга қадрли. Ҳар бирини қўлга қалам олиб, қайсидир бир жойларининг остига чизиб, қайсидир қаторларига белги қўйиб мутолаа қилганман. Аммо назари ўткир, мендан-да зукко киши Абдулла Қаҳҳор китобларидан бундан ҳам кўпроқ дур ва гавҳар топишига ишончим комил.

Иброҳим Ҳаққул, “Абдулла Қаҳҳор жасорати”, Тошкент, 2007.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *