Асил Рашидов 1930 йилнинг 1 январида Жиззах вилоятининг Жиззах туманига қарашли Ҳамроқул Носиров номидаги жамоа хўжалигида етти пушти деҳқон бўлиб, суяги меҳнатда қотган Рашид ота Халилов ва гарчи мактаб кўрмаган бўлса-да, оқу қорани таниган, юксак маданиятли, хуш муомалали Қўйсиной ая Халиловалар оиласида таваллуд топади.
Ота-она фарзандига эзгу ниятлар билан Аслиддин деб ном қўядилар.
У Наримонов номли етти йиллик мактабни муваффақиятли битиргач, 1946-1949 йилларда Жиззахдаги Ҳамид Олимжон номидаги педагогика билим юртида таҳсил кўради, билим юртида ўқиш билан бирга талабалар касаба уюшмаси раиси сифатида жамоат ишларида фаол қатнашади.
1949 йилда ўз билимини янада ошириш ниятида Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетининг журналистика бўлимига ўқишга отланади.
Унинг талабалик йилларидаёқ «Америка прогрессив адабиётида негрлар ҳаётининг акс эттирилиши», «Жорж Санд» ҳақидаги илк мақолалари матбуотда эълон қилинади.
1954 йили ўқишни битиргач, севимли газетаси – амалиёт кезлари тез-тез бориб турадиган «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») таҳририятида адабий ходим, бўлим мудири лавозимида ишлайди. У шу йилларда фаол журналист, сермаҳсул адабий танқидчи сифатида шаклланади.
Газета бўлажак олимнинг ижодий парвози учун катта ҳаёт, маҳорат мактаби бўлади. Худди шу йилларда унинг украин халқининг буюк санъаткорлари Т.Шевченко, И.Франко, Л.Украинка, М.Коцюбинскийларнинг ижодий фаолиятига бағишланган туркум мақолалари матбуотда босилиб чиқади.
Адабий-илмий изланиш ёш ижодкорни аспирантурага етаклайди. 1958-1961 йилларда у Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти аспирантурасида ўқишни давом эттиради. 1963 йилдан эса «Ҳозирги ўзбек адабиёти» кафедрасининг катта ўқитувчиси сифатида иш бошлаб, 1978 йилда доцентлик лавозимига ўтади.
1981 йилда академик Воҳид Зоҳидов раҳбарлигида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлайди. Институтда ҳам севган касби-кори, журналистик фаолиятини қизғин давом эттиради.
Институтнинг (ҳозирги университетнинг) кўп ададли «Совет педагоги» (ҳозирги «Маърифат йўлида») газетасига 22 йил муҳаррирлик қилади. Газета ўз даврида ғоявий, бадиий юксаклиги ва жозибадорлиги билан талабаларда катта қизиқиш уйғотган.
Олим ижодий фаолияти давомида юзлаб илмий-оммабоп асарлар яратган. «Леся Украинка», «Инсон ва меҳнат мадҳи», «Ишчи – қиссаларимиз қаҳрамони», «Герой – человек труда», «Ўзбек қиссаларида меҳнат тасвири», «Сўнмас юлдузлар», «Чиниқиш мактаби», «Асрга тенгдош мактаб», «Акам ҳақида», «Эзгуликка бахшида умр», «Чингиз Айтматовнинг бадиий олами» каби монография ва рисолалар муаллифи.
Таниқли сўз санъаткорларидан қирғиз ёзувчилари Чингиз Айтматовнинг «Байдамтол соҳилларида», «Юзма-юз», «Жамила», «Бўтакўз», «Сарвқомат дилбарим», «Алвидо, Гулсари!», «Сомон йўли», «Оқ кема», «Эрта қайтган турналар», «Соҳил ёқалаб чопаётган олапар», «Асрни қаритган кун» каби ҳикоя, қисса, романларини, Тўхтапўлот Абдимўминовнинг «Севги ва умид», Мирзабек Дуйсеновнинг «Имтиҳон», хитой ёзувчиси Ма Финнинг «Хан Мий-Мий», шунингдек рус ёзувчиси Александр Бекнинг «Волоколамек йўлида» каби асарларини маҳорат билан таржима қилган.
Асил Рашидовнинг серқирра илмий-ижодий ва педагогик фаолияти хукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб келинмоқда. У — «Ўзбекистон Республикаси халқ маорифи аълочиси», «Иттифоқ халқ маорифи аълочиси», «Шавкатли меҳнати юбилей медали», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи», «Меҳнат Қизил байроқ ордени», «Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати», «Меҳнат фахрийси», «Шуҳрат медали», «1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги юбилей медали», «Ўрта ва махсус таълим фидойиси» ва қатор «Фахрий ёрлиқ»лар билан тақдирланган.
СЕРҚИРРА САЛОҲИЯТ СОҲИБИ
АСИЛ РАШИДОВ САФДОШЛАРИ ВА ЗАМОНДОШЛАРИ НИГОҲИДА
Асил Рашидов деганда эл-юртига сидқидилдан хизмат қилиб, илм-маърифат, адабиёт, маънавият равнақига қарийб эллик йил давомида катта ҳисса қўшиб келаётган талабчан устоз, олим ва журналист, моҳир таржимон кўз олдимизга келади.
Профессор Асил Рашидов ўтган асрнинг 30-йилларида таваллуд топиб, 70-80-йилларида таниқли олим ва таржимон сифатида танилган бўлса, XXI асрнинг биринчи ўн йиллиги охирларига қадар у жамоатчилик орасида ўз обрў-эътиборини сақлаб келаётган устозлардан ҳисобланади. Олимнинг обрў-эътиборга сазовор бўлиб, эл назарига тушиши, фақат ва фақат тинимсиз меҳнати, заковати, заҳматкашлиги туфайли.
Икки аср одами Асил Рашидов ўзлигини ниҳоятда эҳтиётлаган, арзимаган сабаблардан муҳофаза қила олган инсон сифатида ибратли. Айни чоғда олим сўнгги икки асрда ўзбек адабиёти равнақига ўз ҳиссасини қўша олган фидойи адабиётшуносдир.
«Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил» нақлининг ҳаётийлигига кўплаб арбоблар, таниқли «юлдуз»лар, олимлар ҳаёти мисол бўлиши мумкин. Адабиётшунос олим, мураббий Асил Рашидов сиймосида фикр қиларлик жиҳатлар бисёр. Ибратга лойиқ жиҳатлари шундаки, ўзи тўғри деб билган сўзни айтишдан чўчимайди, ўз ҳақиқатини исботлашга кучини аямайди, ёлғонни зинҳор ҳазм қила олмайди. Фикр қиладиган жиҳати эса домланинг ибратга айланган умри, ҳаёт йўли, илмий-ижодий фаолиятидир.
Саксон ёшни қоралаган домла айтилган вазифани масъулият билан, сидқидилдан бажарадилар, ваъдада қатъий туриб, берган сўзларининг устидан чиқадилар, учрашувга белгиланган фурсатдан ўн минут олдин келиб, ўн минут ортиқча кутадилар, кечиккан одам албатта дашном ейди, «қора дафтар»га тушади. Шукр қилиб, ҳавас қиладиган жиҳати эса устознинг улуғ ёшда қаддини адил тутиб, қатъий интизом билан ишлаб юришлари, мустаҳкам иродасидир.
Педагоглик машаққатли, аммо шарафли касб. Бу соҳа Асил Рашидов ҳаётида етакчи ўрин тутади. Аслида у туғма педагог. Мана, ярим асрдан ортиқроқ давр мобайнида Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида «Ҳозирги ўзбек адабиёти тарихи», «Миллий уйғониш ва истиқлол даври ўзбек адабиёти»дан маърузалар ўқиб, амалий машғулотлар олиб бормоқда.
Устоз талабаларнинг курс, битирув малакавий ишларига илмий раҳбарлик қилиб келмоқда. Асил Рашидов ҳар бир машғулотига пухта тайёргарлик кўриб келади. Шунинг учун ҳам унинг нафақат очиқ дарслари, балки ҳар бир дарс машғулотлари сермазмун ва қизиқарли ўтади.
Асил Рашидов ижодий фаолиятига хос муҳим фазилатлардан бири байналмилалчилик руҳи билан суғорилганлигидир. Унинг турли миллат ёзувчилари ижодига бағишланган тадқиқотларию турли миллат ёзувчилари асарларидан, айниқса Чингиз Айтматов асарларидан ағдарилган таржималарида ҳам, ҳатто узоқ йиллар давомида талабаларга ўқиб келаётган маърузаларида ҳам байналмилал қиёфаси яққол намоён этилган.
Хусусан, ўзбек ўқувчилари Чингиз Айтматовнинг илк ҳикояларидан тортиб деярли сўнгги йирик асарларигача Асил Рашидов таржимасида ўқиган. Буни катта жасорат деб бемалол айтиш мумкин. Айни пайтда, унинг қардош халқлар адабиётини, маънавий ҳаётини ўзбек элига сингдириши, дўстлик алоқалари янада илдиз отишига, палак ёзишига хизмат қилиши шубҳасиздир.
Шу маънода А.Рашидовни, бемалол, халқлар дўстлиги жарчиси, деб айта олишимиз мумкин. Хуллас, унинг кенг қамровли фаолиятининг ҳар бир соҳасида қилинган ишларни алоҳида олиб қаралганда ҳам бир умрга татигулик.
Бутун ҳаётини, қалб қўри-ю истеъдодини элу юртига бахшида этган устоз, филология фанлари номзоди, доцент, университет профессори Асил Рашидов ҳозирги кунда ҳам руҳан тетик, жисман бақувват, катта илмий-ижодий режалар, сермазмун педагогик изланишлар оғушида яшаб, ижод чаманзорларидан нафис гулдасталар тузиб, ёшларнинг ҳурматига, меҳрига қониб, нуроний чеҳрасида илиқ табассум билан жамоадошларидан ўз обрў-эътиборига лойиқ иззат-икром кўрмоқда.