
Бадиа
Биз дўстмиз. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Юлдуз бу сўзларни фақатгина менга эмас, минглаб ўзбек ёшларига қарата баралла айта олиши мумкин.
Қалбида Ўзбекистонга муҳаббати товланиб турган, ўз олдига улуғ мақсадларни қўйган, халқ дарди билан яшаб турган ҳар бир ўзбек уни маслакдошим, дўстим деб чин қалбдан суйиши мумкин.
Чунки Юлдуз Усмонова ўз қўшиқлари, ижодий изланишлари, қилаётган тинимсиз меҳнати, элнинг кўнглини топиши билан миллат номини оламга ёйишда пешқадамлардан бири сифатида ёшларимизнинг яқин маслакдошига, дўстига айланиб қолди.
Биз Амстердамга учиб кетаётган эдик. “Боинг — 767” тобора юқорига ўрлар, салон эса осойишта тароватга ғарқ. Юлдуз худди фикрларимни уқиб тургандай, титроқ овозда, секин гапира бошлади.
— Президентимиз, Оллоҳ қалбларига солдиларми, 1 – сентабр, Мустақиллик тантаси кунлари кўпчилик қатори мени ҳам қўллаганларини эсласам, ҳаётда кўп заҳматлар чекканимданми, кўзимга тинимсиз ёш келади. Бутун аламлар танангдан сирқираб чиқиб кетадиган бу саодатли дақиқаларни сўз билан изоҳлаш қийин…
Юлдузнинг кўзлари ёшланган. Мен эса, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, доно, билимли ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган сўзларни эслаб, қалбимда фарахбахш фахр туйғусини сезаман.
— Мана, ҳозир сиз билан Голландияга кетаяпмиз. Бугунги кунда Европада ўзига хос мухлисларингиз бор. Сиз ўзбек санъатини жаҳонга олиб чиқишда баҳоли қудрат ҳиссангизни қўшаяпсиз. Жуда кўп ўзбек ёшлари олам мусиқаси саҳнига ўзбек санъатини, демакки ўзбек номини, шон – шуҳратини олиб чиқиши барчамиз учун айни муддао. Ўзбек миллий саъати ва жахон мусиқа санъати оралиғидаги масофа, бу борадаги изланишларингиз, тажрибаларингиз ҳақида суҳбатлашсак.
— Ўзингизга маълум, Мустақиллик эълон қилинганидан сўнггина чет элларга чиқиш имконияти пайдо бўлди. . Лекин чиқиш, ўзингни намоён қилиш, озгина бўлсада эътибор топиш ҳеч осон кечмаган. Биринчи қадамни қўяр экансан, худди оёқни қор устига қўясан-у, бу қорнинг тагида сув борми, ботқоқликми, нима бор билмай таваккал қилишга мажбурсан. Ҳайрият, мен ташлаган қадамлар тўғри йўл устига қўйилган қадамлар бўлиб чиқди. Дастлаб, 15 кишига ҳам концерт бериб юрдим. Гоҳида алам қиларди: неча минг чақирим йўл босиб келсанг-у, бор йўғи ўн – ўн беш одам қарши олса… Ўзбек санъати номига путур етказмаганим учунми, Худо тўғри йўлдалигимни кўриб ишимни ўнглаб юборди. Трапдан тушайлик менга қандай эҳтиром кўрсатишларига гувоҳ бўласиз…
— Одатда янги қўшиқчи чиқаётганда, мусиқашунос мутахассислар дастлаб унчалик эътибор беришмайди. Чет элни билмадинг-у, лекин бизда шундай…
— Бу ерда дарров эътибор берадиган, ҳақиқатгўй мусиқашунослар кўп. Улар ўзбексан ёки америкаликсан деб, аяб ўтиришмайди, эшитиб, кўриб, аниқ хулосани очиқ – ойдин айтишади. Бу ерда фонограмма деганнинг ўзи йўқ. Овоз жонли тарзда кетади. Ҳар бир концертда, телевидение намойишида, радиода қўшиқчи жонли куйлаши албатта шарт. Бир, икки соат қўшиқ куйлаб бериш бу ҳазилакам иш эмас. Шу билан бирга, қўшиқ куйлаганда овознинг ўзи ҳамма нарсани ҳал қилиб беравермайди. Овоздаги шира, нафислик, фиғон, нола ўша дардга яраша мусиқадаги мантиқ, сўздаги фикр, санъаткорни ўзини тутиши, кийиниши, ҳолати ҳаммаси уйғунлик касб этиши шарт. Жаҳон эстрада санъатининг шунақанги талаблари борки, уларга бугунги кунда бор – йўғи йигирма ўттизтагина қўшиқчи жавоб бера олаяпти, холос. Бу қўшиқчиларни ҳақиқатдан Худонинг назари тушган қўшиқчилар дейиш мумкин.
— Бугунги кунда энг юқоридаги жаҳон эстрада санъатининг талаблари нималарда кўранади?
— Биринчидан, қўшиқчи ўзи мусиқа ёзиши керак, биров ёзган қўшиққа сакрагани билан у санъатда етакчи бўлаолмайди, ижрочигина бўлиб қолаверади.
Санъаткор ўта ақлли, продюссерига янги фикрлар бера оладиган, келажакни олдиндан кўра биладиган шахс бўлиши керак. Европада уч ойда мусиқа янгиланади. Ижод янгиланиб борилмас экан, назардан жуда тез қолиб кетади, сўнг санъаткорнинг ҳолига маймунлар йиғлаши, одамлар ундан шавқатсиз равишда тезлик билан юз ўгириши табиий. Санъаткор куйга ҳам, шеърга ҳам, мусиқага ҳам жону жаҳонини бермас экан, у етакчи ҳофиз бўлаолмайди.
Юлдуз шиддат билан гапира бошлайди. Унинг нутқ оҳангида ўзига бино қўйиб, тўртта одамнинг қарсагидан маст, ҳеч кимни менсимай қўйган, тўйларда отарчиликдан ортмай, мол – дунёга брилиб, умрини ҳам, иззатини ҳам совураётган хонандаларга қаратилган нафрат, ачиниш, истеҳзо сезилиб турарди.
Вазиятни юмшатиш учун: “Ҳар кимга Худо инсоф берсин-да”, — дея ғудралиб қўяман. Юлдуз менга ҳайрон бўлиб қарайди, ўз фикримга аниқлик киритиш учун:
— Ҳар бир инсон Худодан куч – қудрат, ўзининг эзгу мақсадини амалга ошира олиши учун мақсад сўраб яшаши керак, — дейман.
— Муҳаммад ака, фикрларинингизга мен ҳам қўшиламан. Худо омад бермаса айтишади-ку, эшак бозорига даллол бўлолмайсан, деб. Шахсан мен ўзимнинг ҳамма ютуқларимни Худонинг менга кўрсатган инояти деб қабул қиламан. Нимагаки эришган бўлсам, уларга ўз меҳнатим, ақлим билан эришдим, деб айтолмайман. Агар Худо омад бермаса, тинимсиз меҳнат қилиб ҳам, каллани компъютердай ишлатиб ҳам ҳеч нарсага эришолмаслик мумкин. Агар мен бир дақиқа ман – манликка берилсам, Оллоҳнинг буюклигига шак келтирган, Худонинг менга сочиб турган нурига осийлик қилган бўламан.
Ҳар бир инсонни юқорига етакловчи куч бўлади. Юрагида бир дард бўлади. Унинг қалбидаги бу мангу изтироб умр бўйи ловуллаб ёнар экан, инсон қўл етмас, кўз илғамас орзуларга эришади. Бахт фаришталари юзини силагандай бўлади.
— Сиз ҳаётда кўпроқ қайси тантана учун курашасиз?
— Мен учун ҳақиқатнинг тантанасини кўриш ҳамма нарсадан ёқимлидир. Елиб – югурганларим, гоҳо аччиғим чиқиши, асабийлашишларим, озгина бўлсада, адолатсизликни кўриб қолсам, шуни тўғриламагунча кўнглим жойига тушмаслиги – болалик одатим. Агар ҳақиқатни бугун биз ўрната олмасак, фарзандларимиз уни эртага кўролмайди. Ҳатто мана бундай қўшиқ ҳам бор:
—
— Бекор, бекор, биламан, бекор,
Ёлғиз майдонда олишмоқ бекор,
Бекор, бекор, ҳаммаси бекор,
Туғилмаган ҳақиқани изламоқ бекор.
— Баъзан ҳақиқатни одамлар орасидан излаш ножоиздай туюлади. Ахир булар фариштамас, одамларку, дейман. Яна майда – чуйда жанжалларга, бақир – чақирларга қўшилиб кетганимни ўзим ҳам билмай қоламан. “Ахир ягона ҳақиқатни Оллоҳни ўзи берганку, эй бандалар, сизлар нимани излаяпсизлар, бошқа ҳақиқат йўқ-ку”, дегим келади. Қалбимдаги шу ҳақиқатга бўлган улуғвор ишонч доим мени олдинга етаклайди.
Суҳбатимиз шу аснода яна узоқ давом этади. Самолёт эса оппоқ булутлар ичра сузиб борарди.
Азиз муштарий! Балки мендан ушбу суҳбатни ҳавола қилишдан мақсад нима? – дея ҳақли равишда сўрарсиз. Бу суҳбат билан мен оламга донғи кетган санъаткорнинг фелъ – атворини, дунё қарашини ёритишни мақсад қилиб қўйганим йўқ. Зеро, бу иш менинг қўлимдан ҳам келмайди. Менда биргина туйғу бор: у ҳам бўлса, ўзбек санъати довруғини узоқ юртларда ёйиб юрган миллатдошим Юлдуз Усмоновадан фахрланиш туйғуси эди. Худди миллат қаҳрамони улуғ ишларга сафарбар қиланаяпти-ю, мен уни кузатишга чиққандай, қалбим қувонар эди. Бу қувонч ўзбек тили, ўзбек оҳанги, ўзбекнинг маданиятидан, буюк аждодлари бўлган Ватанимизнинг бутун жаҳонга юз бураётган лаҳзаларидан фаҳрланиш туйғуси !
Эртасига Амстердамнинг Скипул аэропортида юзлаб голланд ёшлари Юлдуз Усмоновани олқишлар билан кутиб олишини кузатар эканман, неча минг йиллик муқаддас тарихга эга Ўзбекистон фарзандлари Европа халқлари юрагини забт этаётганини кўриб: “Шуҳратинг оламни тутсин, она Ўзбекистоним!” – дея ҳайқиргим келди.
Илоё, бундай ҳайқириқ барчамизнинг қалбимизда доимо жаранглаб турсин!
ИЛТИЖО
Ҳуррият шиддати гувлар долғали,
Тошқин ҳайқириқлар чўзилмиш кўкка!
Исёнлар гупириб қалбда ёнади,
Худойим, мангулик, шон бер ўзбекка.
Қўлловчи руҳ, ота – бобом зафари,
Бу юртда яшайди боқий бир нусрат.
Ўзбек миллати бу – олам сарвари,
Худойим, сен унга қилгин мурувват!
Йўриғингдан ўзга йўли йўқ борар,
Сендан ўзгага ҳам топинмас асло.
У бутун жон – жаҳди билан ёлворар,
Бизни энг юксак эт, Тангри таоло!
Дуолар-у жону фидолар ҳаққи,
Келиб кетмас давлат айлагин нисор.
У сени жонидан севгувчи халқки,
Энг аввал ўзбекни сев, Парвардигор!
Қадимий миллатмиз миллион – миллион,
Ҳар юрак зарбида янграр ҳур нидо.
Бизлар шу бахт учун тикажакмиз жон,
Энг буюк, музаффар ҳаёт бер, Худо!
МУҲАММАД ИСМОИЛ
Амстердам
SHOIR.UZ bisotidan