Россиянинг «Газпром нефть» нефть компанияси Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, ўз бренди остида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» бош компания раҳбари Александр Дюковга таяниб хабар берди.
«Биз аллақачон Ўзбекистонда ишлаяпмиз, у ерга нефть ва нефть маҳсулотлари — бензин, дизель ёқилғиси, мойлаш ва битум материалларини етказиб берамиз. Ҳозир Ўзбекистонда яна бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, ўз брендимиз остида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш имкониятларини муҳокама қилмоқдамиз», — деди у Россия энергетика ҳафталигида.
Дюков Ўзбекистон жадал иқтисодий ўсишни намойиш этаётганини ва нефть маҳсулотлари истеъмолини кўпайтираётганини таъкидлади. «Бу истиқболли бозор, албатта, унда иштирок этиш тўғри», — деди у.
«Газпром нефть» ҳам углеводородларни қидириш ва қазиб олиш технологиялари соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида.
«Рақамли ечимларимизни қўллаш орқали биз Ўзбекистонда бурғилашни бошқариш марказини очишга ёрдам бердик, бу эса республикадаги конларда қудуқларни қуриш муддатлари ва харажатларини сезиларли даражада қисқартириш имконини берди», — деди компания раҳбари.
Бугунги кунда Россиянинг «Лукойл» ва «Татнефть» компаниялари Ўзбекистонда ўз ёқилғи қуйиш шохобчаларига эга. Январь ойи бошида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Татнефт», «Лукойл», «Газпромнефть», шунингдек, хомашё ва қайта ишлаш қувватларига эга бўлган «Санег» каби йирик компанияларни бутун Ўзбекистон бўйлаб магистраль трассалар бўйлаб 80 дан ортиқ янги ёқилғи қуйиш мажмуаларини қуришга жалб қилиш режалари ҳақида хабар берган эди. Шундан «Санег» 59 та, қолган компаниялар 27 та АЁҚШ қуриши кутилмоқда. Бу борада ҳукуматнинг алоҳида қарори қабул қилинди, дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.
Май ойи ўрталарида «Ўзбекнефтгаз» «Газпром нефть» кўмагида қудуқларни бурғилаш муддатини 45 фоизга қисқартириш ва уларни қуриш харажатларини 35 фоизга камайтириш имконини берувчи Бурғилашни бошқариш марказини очди. Компания етказиб берувчи билан 4,45 млн ва 243,3 минг долларлик иккита шартнома тузган.