Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк» чегара божхона постида 3 метрлик илонни олиб киришга уриниш фош қилинди, дея хабар қилди Божхона қўмитаси.
Қайд этилишича, чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган пиёдага тегишли қўл сумкаси назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганида, унинг ичида божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган 1 бош илон борлиги аниқланган.
3 метр узунликдаги илон дастлабки маълумотларга кўра, йўлбарссимон албинос бўғма илони бўлиб, асосан Жанубий ва Жанубий-шарқий Осиёда яшайди.
Таъкидланишича, халқаро Қизил китобга киритилгани сабабли мазкур жониворни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда халқаро CITIES рухсатномаси талаб этилади. Аммо, юқоридаги ҳолатда йўловчи бу каби ҳужжатларни божхона ходимларига тақдим қила олмаган.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари бошланган. Илон эса Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, мутахассислар унинг ҳолатини барқарор деб баҳолашмоқда.