Сурхондарёнинг Олтинсой туманида оила қурганига 3 ой бўлмасдан ажрашган келиннинг сарполари МИБ орқали олиб берилди. Куёв ва унинг яқинлари аёлнинг сарполарини қайтаришни истамагани сабаб иш судда кўриб чиқилган.
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида оила қурганига 3 ой бўлмасидан ажрашган келиннинг сарполари МИБ орқали олиб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Dunyouzbeklari.Com»га хабар берди.
Маълум бўлишича, туманнинг Халқобод маҳалласида ёш келин куёв турмуш қурганига 3 ой тўлмасидан ажрашишга қарор қилган. Ёш келин оилавий келишмовчиликдан сўнг ота уйига чиқиб кетишга мажбур бўлди.
Бироқ, унинг тўй учун қилинган келинлик сарполарини куёв ва унинг яқинлари беришни истамагани сабаб ҳолат фуқаролик ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилиб, 10 турдаги жами қиймати 24 миллион сўмлик сарпо мажбурий тартибда олиб берилиши белгиланди.
Бюронинг Олтинсой туман бўлими давлат ижрочиси Алишер Шойимқулов томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, маҳалла фаоллари, ундирувчи ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида 10 турдаги келиннинг сарполари тўлиқ олиб берилди.