Сурхондарё вилояти Термиз туманида темирйўл кесишмасидан қоидаларни бузган ҳолда ўтмоқчи бўлган «Газел» ағдарилди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.
Қайд этилишича, ҳолат 28 сентябрь куни соат 16:40 атрофида Термиз- Бақтрия темирйўл бекатлари оралиғида содир бўлган.
Қўриқланадиган темирйўл кесишмасига поезд яқинлашаётгани сабабли машиналарнинг ҳаракати чекланган вақтда 30 ёшли ҳайдовчи «Газель» автомобилида қоидаларни бузган ҳолда ҳаракатланган ва темир тўсиққа урилиб автомобиль ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида электровоз тортиб кетаётган Термиз-Дарбанд шахарлараро қатновчи йўловчи поезди тўхтаб қолган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида йўловчи поезди шу куни соат 17:25 да ҳаракатни давом эттирган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Масъуллар томонидан ҳолат бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.