• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Дарс вақтида ўқувчини калтаклаган аёл жаримага тортилди, 188-мактаб директори ишдан бўшатилди



28 сентябрь, шанба куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Чилонзор тумани судида 23 сентябрь куни 188-сонли мактабда дарс вақтида 6-синф ўқувчисини калтаклаган 44 ёшли Озода Равшановага нисбатан маъмурий иш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. «Dunyouzbeklari.Com» суд қарори билан танишиб, ушбу аёл иштирокида икки кун давом этган воқеаларнинг қўшимча ҳолатлари борасида хабар топди.

Ўқувчи калтакланган куннинг эртасига, 24 сентябрь куни Озода Равшанова бошқа бир мактаб — Яшнобод туманидаги 204-мактаб раҳбарияти билан жанжаллашиб қолгани ва у ерда саккизинчи синфда ўқувчи қизининг хатти-ҳаракати юзасидан чақирилгани ҳақида ёзгандик.

Муассасада аёл директор ўринбосари билар тортишиб, унга куч ишлатган. Сўнгра у ИИО ва Миллий гвардия ходимларига кескин қаршилик кўрсатган. Равшановага нисбатан 183-модда «Майда безорилик», 194-модданинг 1-қисми «Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик» ва 197−5-модда «Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш» бўйича баённома тузилган.

25 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМнинг 3 баравари (1 020 000 сўм) ва БҲМнинг 7 баравари (2 380 000) сўм жарима жазоси тайинлаган.

Синфда нима бўлганди?

«Dunyouzbeklari.Com»га ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларининг маълум қилишича, расман ҳеч қаерда ишламаган (2014 йилдан буён вақти-вақти билан Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун бориб турган) Озода Равшанова 23 сентябрь куни 188-сонли мактабнинг директор ўринбосари лавозими учун суҳбатга келган. Мактаб директори унга ҳали ҳужжатлар расмийлаштирилмай туриб синов муддатида рус тилида ўқитиладиган 6-синф ўқувчиларига рус тили ва адабиёти фанидан дарс беришни тайинланган.

Ишининг биринчи кунида Озода Равшанова 6-«Б» синфдаги ўқувчи билан жанжаллашиб қолган. Аёл икки тилда: рус ва ўзбек тилларида дарс берган. Ўқувчилардан бири (миллати бўйича татар) ундан рус тилида дарс беришни сўраган. Видеода кўринганидек, бола билан жанжаллашиб қолган аёл унинг қулоғидан тортиб, доска томон итариб юборган, юзига тарсаки туширган ва бошини доскага урган.

Воқеадан хабар топган ўқувчининг ота-онаси шу куниёқ Чилонзор тумани ИИБга мурожаат қилган. Судда боланинг онаси ўша куни ўғли уйга тушкун ҳолатда келганини ва мактабга боришни истамаётганини билдирган. Онаси уни шифокорга ҳам олиб борган.

Эртаси куни, 24 сентябрда она Равшановага қўнғироқ қилиб, вазиятга ойдинлик киритганида, у ҳақоратомуз сўзлар билан жавоб қайтарган. Сўнгра у турмуш ўртоғидан Равшановага қўнғироқ қилиб қўйишини сўраган. Телефон суҳбати давомида Равшанова боланинг отасини ҳам ҳақорат қилган. Эркак судга суҳбатнинг ёзувини тақдим этган.

Шу куни ижтимоий тармоқларда синфдаги кузатув камерасидан олинган видео пайдо бўлди. Facebook фойдаланувчиларидан бирининг айтишича, можаро боланинг рус тилидан дарс ўтишини сўраганидан кейин содир бўлган. Кейинроқ пост номаълум сабабга кўра ўчириб ташланган. Воқеа нафақат мамлакатда, балки хорижда, хусусан, Россияда ҳам резонанс келтириб чиқарди, ОАВ ва фикр эгалари ижтимоий тармоқдаги ўчирилган постни бошқача талқин қилишди. Тушунтириш талаби билан бошланган баёнотлар секин-аста Ўзбекистонга баъзи амалдорларнинг таҳдидлари даражасига етди (қуйида бу ҳақда батафсил).

Шу куни туман ҳокимлигида ота-оналар ва мактаб маъмурияти иштирокида йиғилиш ўтказилган. 188-мактаб директори ҳеч қандай ҳужжат тўлдирмасдан дарсга бегона одамни киритгани учун лавозимидан озод этилган.

25 сентябрь куни боланинг суд-тиббий экспертизаси натижасида унга енгил тан жароҳати етказилгани аниқланган.

Суд қарори

Озода Равшанова ҳибсни ўтаётган махсус тергов ҳибсхонасидан қатнашган судда ўз айбига қисман иқрор бўлди. Унинг сўзларига кўра, 23 сентябрь куни мактабга ишга кириш мақсадида келган, мутахассислиги бўлмаса-да, фан ўқитувчиси тадбирда бўлгани учун унга рус тили ва адабиёти фанидан дарс беришга рухсат берилган.

Аёлнинг сўзларига кўра, у ўқувчиларга дарсни ўзбек тилида олиб боришини айтган, ҳамма рози бўлган, бироқ икки ўқувчи дарсни рус тилида ўтишни сўраган. Равшанова уларга рус тилидан алоҳида дарс беришга ваъда берганини айтган. Судланувчи дарсни давом этаркан шу пайтда жабрланувчи унга қарши нимадир деган ва тартибни бузган, аёл уни тартибга чақириш учун у қулоғидан тортди. Эртаси куни ота-онаси унга қўнғироқ қилиб, босим ўтказа бошлаган, аёл эса жаҳли чиқиб, уларни ҳақорат қилган.

Суд иш материалларини, шу жумладан видео ва аудио далилларни ўрганиб чиқиб, ишнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 52-модданинг 2-қисми (Қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш) ва 59−2-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) билан тўғри квалификация қилинганини қайд этган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) инобатга олинган ҳолда, Озода Равшановага давлат фойдасига БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима (6,8 млн сўм) тайинланди. Қарордан норози бўлган тарафлар 10 кун ичида апелляция ёки норозилик шикояти беришлари мумкин.

Воқеа муҳокамаси қандай қилиб давлатлараро даражага етди?

25 сентябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистондан «расмий тушунтириш» ва «болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан зудлик билан чора кўришни» сўраганини айтган. «Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — деди у. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчисига эса «русийзабон болани урган ўқитувчи бўйича» тақдимнома киритилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров бунга жавобан шундай деди: «Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади. Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса, тўғри бўлар эди».

26 сентябрь куни Россотрудничество агентлиги раҳбари Евгений Примаков мактабдаги ҳодисани «болага нисбатан зўравонлик ва тажовуз шаклида» намоён бўлган «ёвуз русофобия кўриниши» деб атади. У агентликнинг тегишли органларга «ушбу русофоб шахсга» Россияга киришни тақиқлаш имкониятини кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилишини билдирди. Шунингдек, Примаков шундай таъкидлади: «Ушбу шахс ва унинг яқин қариндошлари Россияда ҳеч қачон таълим олмайди, стажировкаларда иштирок этмайди ва ҳеч қандай имкониятларга эга бўлмайди, чунки улар Россотрудничество томонидан умрбод ҳисобга олинган». Примаков Ўзбекистонни «цивилизациялашган давлат» деб ҳисоблашига ишонч билдирди ва Озода Равшановни жиноий жавобгарликка тортишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Миллий оммавий ахборот воситалари ассоциацияси раиси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа бўлиб ўтган воқеаларни изоҳлар экан, шундай деди: «Мактабда куч ишлатишга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Ўқитувчининг ўқувчига нисбатан куч ишлатишига икки карра йўл қўйиб бўлмайди. Мамлакатимизнинг ички ишларига бошқа давлатнинг аралашувига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Ташқаридан ушбу даҳшатли, аммо маҳаллий ҳодисага миллатлараро ва тиллараро маъно беришга уриниш мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас».

27 сентябрь куни сенатор, Россия Федерация Кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Климов Лента.ru сайтига берган интервьюсида Алишер Қодировнинг баёнотига қуйидагича изоҳ берди: «Бутун Марказий Осиёда жанжаллашмоқчи бўлганлар жуда кўп. Россия билан ва ўзаро. Узоқ вақт давомида шундай йўл тутган бир мамлакат аллақачон мавжуд эди. Энди у жуда қийин вазиятга тушиб қолди. Бу каби ҳодисалар бунинг учун унумли замин бўлади.»

Шу куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси сессияси доирасида Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирларининг учрашуви чоғида мактабдаги можаро кўтарилган эди. Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлигини таъкидлаган. Унинг қўшимча қилишича, учрашувда «стратегик шерикликнинг долзарб мавзулари ҳар томонлама муҳокама қилинган». Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова, ўз навбатида, учрашувда «миллатлараро сабабларга кўра муросасизлик кўринишларига қарши курашиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди», деб ёзган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *