Президентнинг «Фарғона вилоятидаги олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси билан Фарғона политехника институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали негизида Фарғона давлат техника университети ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга Қўқон давлат педагогика институти, Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиали негизида Қўқон давлат университети ташкил этилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Фарғона филиали Фарғона давлат университети тасарруфига ўтказилади.
Қарор лойиҳаси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 2025/2026 ўқув йилига қадар Фарғона давлат техника университети ҳамда Қўқон давлат университетининг бошқарув бўғини ва ўқув жараёнига юқори малакали, тегишли соҳалар бўйича чуқур билим ва кўникмаларга, илмий салоҳиятга, халқаро тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш вазифалари юкланган.
Вазирлик, шунингдек, Фарғона давлат техника университети ҳамда Қўқон давлат университетининг бакалавриат ва магистратура босқичларига ўқишга қабул қилинган иқтидорли талабалар учун хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этиш чораларини кўради.
Ҳужжат лойиҳаси билан:
- Фарғона политехника институти академик лицейи негизида Фарғона давлат техника университети 1-сон академик лицейи;
- Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали академик лицейи негизида Фарғона давлат техника университети 2-сон академик лицейи;
- Қўқон давлат педагогика институти академик лицейи негизида Қўқон давлат университети академик лицейи ташкил этилади.