Президент Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни иссиқхона хўжаликлари фаолиятини рағбатлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
2024−2025 йиллар куз-қиш мавсумидан бошлаб иссиқхона хўжаликларига ҳосил йилининг дастлабки 3 ойида (октябрь, ноябрь ва декабрь) етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида, қолган қисми ой якунига қадар, кейинги ойлардан бошлаб эса ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади.
Мазкур қоида тегишли ойда олдинги давр учун қарздорлиги бўлмаган иссиқхона хўжаликларига татбиқ қилинади.
Бундан ташқари, босим тушиши ёки узилишлар бўйича иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналарни камида 24 соат олдин «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан мажбурий хабардор қилиш амалиёти жорий қилинади. Шартномалардаги форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно.
Иссиқхона хўжаликлари ва газ корхонаси ўртасида табиий газ етказиб бериш шартномалари ҳар 3 йилда бир маротаба тузилади. Табиий газ етказиб бериш шартномаларининг техник шартларига газ узатувчи ва газ етказиб берувчи ташкилотлар учун аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилган умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига уланмаган иссиқхоналарга етказиб бериладиган табиий газнинг босимига оид талаблар киритилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» 2025 йил 1 апрелга қадар иссиқхона хўжаликларида илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, мавжуд ресурсларни ва ишга солинмаган салоҳиятни жалб этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ишларини ташкил этади. Энергия самарадорлиги бўйича энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган корхоналарни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади.
Шу билан бирга, кредит шартномаси шартларига мувофиқ банклар томонидан иссиқхона хўжаликларининг кредитлари бўйича ундирув чоралари, шу жумладан, суд тартибида, муддати ўтган қарздорлик қисмига нисбатан амалга оширилади. Шу билан бирга, банкларга иссиқхона хўжаликларининг кредитлари суммасини муддатидан олдин тўлиқ қайтариш бўйича судга даъво киритишга қуйидаги ҳолларда рухсат этилади:
- муддати ўтган қарздорликни ундириш мажбурий ижрога қаратилган кундан бошлаб 60 календар куни давомида қарздорлик тўланмаганда ва тўлов графиги муддатига риоя қилинмаганда (графикка етиб олмаганда);
- мазкур банд қоидаларидан қатъи назар, қарз олувчи томонидан Фуқаролик кодексининг 738 (қарз олувчининг мажбуриятларини таъминлаш) ва 739-моддалари (кредитдан мақсадли фойдаланиш) талабларига риоя қилинмаганда.
Ўтган йилнинг август ойида президент ҳокимликлар ва Энергетика вазирлигига уч томонлама келишув асосида иссиқхоналарни газ ва кўмир билан узлуксиз таъминлаш кафолатларини таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.
2022 йил октябрь ойи охирида Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков иссиқхоналарни газдан узиб қўйган мутасаддилар ҳаракатини «давлат хавфсизлигига таҳдид», деб баҳолаганди. Унинг сўзларига кўра, газнинг атиги 1,5 фоизи тежалган, лекин экспорт ва иш ўринлари «ўлдирилган». У «газ ўғрилайдиган» АГТКШлар билан шуғулланишни топширган.
2023 йилдан бошлаб газни тежаш мақсадида иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналарнинг бир қисми кўмир ёқилғисига ўтказила бошланди. 2024 йилдан бошлаб давлат иссиқхоналар учун кўмир қозони сотиб олиш харажатларининг 20 фоизини қоплашга киришди.
Экология вазирлигининг жорий йил бошида ўтказган таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда иссиқхоналар сони 2,5 баробарга етди (Тошкент вилоятида — 2 баробар) ва ушбу иссиқхоналарнинг 60 фоизи иситиш тизимининг асосий манбаи сифатида кўмирдан фойдаланмоқда.
Апрель ойида EastFruit портали Туркманистоннинг иссиқхона помидорлари Тожикистон бозоридаги ўзбек помидорини бутунлай чиқариб юборгани ҳақида ёзганди. Молдова ва Тожикистонда помидор нархи Ўзбекистондагига қараганда арзонроқ, Польшада эса деярли тенг. Портал Ўзбекистоннинг иссиқхона хўжалигидаги муаммоларига ҳам тўхталди. Бунинг асосий сабабларидан бири иссиқхоналарда табиий газдан фойдаланишни тақиқлаш ва кўмир билан иситишга мажбурий ўтиш бўлиб, бу «иссиқхона бизнесининг иқтисодини бутунлай ўзгартириб юборди ва иссиқхона сабзавотларини етиштириш самарадорлигини кескин пасайтирди». Шу билан бирга, Ўзбекистон дунёдаги энг йирик газ захираларига эга ва яқин вақтгача йирик газ экспортчиси бўлган.
Яна бир сабаб — Ўзбекистоннинг иссиқхона комбинатларида хорижий валютадаги қарздорликнинг юқорилиги, бу эса миллий валютанинг қадрсизланиши фонида кўп ҳолларда қарзга хизмат кўрсатишнинг имкони йўқлиги ва ишлаб чиқарувчиларнинг амалда банкрот бўлишига олиб келган. Иссиқхона эгалари аллақачон кредит тўловларини тўлаш муддатини бир неча бор узайтиришган. Охирги марта ўтган йилнинг август ойида президент 1000 та иссиқхонанинг 2,2 трлн сўмлик кредитларини қайтариш муддатини узайтирганди.