Ижтимоий тармоқларда Cobalt автомобили тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган вояга етмаган ўқувчи қизни уриб юборгани акс этган видео тарқалди.

Видеода қиз пиёдалар ўтиш жойининг нариги томонида қўлида қизил байроқли таёқ кўтарган мактаб ходимини кўриб, йўлда ўта бошлаганини кўриш мумкин. Шу пайтда машина келиб уни урган ва бир неча метрга улоқтириб юборган.

Сўнгра ҳайдовчи ва машинада бўлган бошқа бир аёл тушиб, уни машинага ўтқазишган.

Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат 30 сентябр куни соат 07:45 атрофида Юқори Чирчиқ туманидаги 14-мактаб қаршисида содир бўлган. 26 ёшли ҳайдовчи М.Н. Cobalt машинасида ҳаракатланиб кетаётиб, йўлнинг ўнг томонидан чап томонига пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган 13 ёшли пиёда М.А.ни уриб юборган.

Оқибатда қиз марказий шифохонага олиб борилиб, унга биринчи ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхшилиги сабабли шифохонадан уйга рухсат берилган.

Ҳолат юзасидан тумани ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Сенат Ўзбекистонда 5 ой давомида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани, 294 нафари жароҳатлангани ҳақида хабар берганди. 2023 йилда эса йўлларда 263 нафар бола ҳалок бўлган, 1568 нафари жароҳатланган.

Биргина апрель ойининг ўзида Жиззах вилоятида юқори тезликда ҳаракатланган Gentra ҳайдовчиси уриб юборган икки ўқувчи, Қашқадарё вилоятида юқори тезликдаги Damas уриб юборган 1-синф ўқувчиси, Навоий вилоятида Matiz автомашинасида ЙТҲга учраган 3 нафар ўқувчидан 2 нафари вафот этган.