29 сентябрь куни Фарғона халқаро аэропортида илк бор расмий авиаспоттинг бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон ва қўшни давлатлардан 15 нафар аэрофотограф иштирок этиб, ҳаво кемаларининг учиш ва қўнишини кузатди, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
«Фарғона аэропортидан ташқари, куннинг иккинчи ярмида споттинг иштирокчилари Сўх аэропортида ҳам самолётларни кузатишди. Авиация ихлосмандлари бугунги кунда тобора камайиб бораётган Аn-2 ва Il-76 каби олдинги авлод самолётларига алоҳида қизиқиш билдиришди», — дейилади хабарда.
Фарғонадаги илк споттинг Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари кўмагида ташкиллаштирилди ва Uzbekistan Airports томонидан ўтказилган еттинчи расмий авиаспоттинг бўлди. Саккизинчи споттинг-тур 16 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда илк расмий авиаспоттинг 2021 йил 22 октябрда бўлиб ўтган ва бу ҳодиса Ўзбекистонда расмий споттингни бошлаб берган.
Uzbekistan Airports матбуот котиби Евгения Гранденинг ўшанда хабар беришича, пойтахт аэропортида споттинг ўтказиш ғояси «Dunyouzbeklari.Com»да авиация ихлосмандлари ҳақидаги «Мен самолётлар парвозини бир аср кузатган бўлардим» мақола эълон қилинганидан кейин пайдо бўлган.
Кўп ўтмай, 2022 йил 26 январда «Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинган, унда споттинг-турларни доимий ўтказиш назарда тутилган.
Ҳужжатда мамлакатдаги барча халқаро аэропортлар ҳудудида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда авиаспоттингга ихтисослаштирилган жойлар (кузатув майдончалари) ташкил этиш топширилган. Бироқ бу ҳали амалга оширилмади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий авиация музейини ташкил этиш бўйича таклиф тайёрлаш режалаштирилган эди. Ҳозирда бундай музей яратиш режалари маълум эмас.
«Dunyouzbeklari.Com» фаолларнинг бир вақтлар самолётлар йиғилган шаҳарда авиация музейи ташкил этиш таклифи ҳақида ҳам ёзганди. Бироқ бу таклиф ҳали расмийлар томонидан қўллаб-қувватланганича йўқ.
2023 йилнинг март ойида Самарқанд аэропортида биринчи марта расмий аэроспоттинг ўтказилган.
Самолётларни суратга олишга расман тақиқ йўқлигига қарамай, авиаспоттерлар вақти-вақти билан ИИО ходимлари ва Миллий гвардия томонидан аэропортлардан ташқарида суратга олиш бўйича тақиққа дуч келмоқда.
Фото