Комил Алламжонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Комил Алламжоновга фидокорона хизмати ва профессионализми учун чуқур миннатдорлик билдирди.
“Бугун сиз билан учрашишимизнинг сабаби, Президент Администрацияси Ахборот департаменти раҳбари сифатида фаолиятингизни якунлашингиздир. Ўтган 2 йил давомида президент берган барча топшириқларга масъулият билан ёндашиб, давлат ва жамият учун муҳим бўлган катта лойиҳаларни амалга оширдингиз. Матбуот ва таълим тизимини такомиллаштиришда ўз ҳиссангизни қўшдингиз ва катта натижалар кўрсатдингиз. Бунинг учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ишонамизки сиз бошлаган лойиҳалар келажакда, албатта, ўз мевасини беради. Сизга фидокорона хизматингиз ва профессионализмингиз учун чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Келгусидаги ҳар қандай янги фаолиятингизда ҳам омад сизга ёр бўлсин. Катта раҳмат сизга!”, дейди Саида Мирзиёева.
Комил Алламжонов Саида Мирзиёевага чексиз миннатдорчилик билдирди.
“Мамлакатимиз манфаати йўлида, президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хизмат қилиш имконияти ва билдирилган ишонч учун чин юракдан миннатдорман. Мен давлатимиз раҳбари белгилаб берган мақсадлар ва ғояларга чин юракдан содиқлигимни яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Сиз билан бирга ишлаб катта натижаларга эришганимиздан фахрланаман.
Мен хусусий секторда фаолиятимни давом эттириб, иқтисодиётнинг муҳим соҳаларига янги технологиялар, инвестициялар жалб қилишни режалаштирмоқдаман. Бу орқали юртимиз равнақи ва тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш ниятим бор. Яна бир бор сизга катта раҳмат!”, дейди Комил Алламжонов.