«Селхоз» масъуллари ёнғин ҳақида қўшимча маълумот берди. Ҳудудда яна бир қанча давлат идоралари ишлагани, улар ҳам ёниб кетгани маълум бўлди.
Тошкент давлат аграр университети ҳудудида ёнғин юзасидан университет ахборот хизмати қўшимча маълумотлар тақдим этди.
Маълум қилинишича, Тошкент давлат аграр университети 28 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, университет ҳудудида бир қанча ташкилот ва идоралар, хусусий олий таълим муассасалари фаолият олиб боради, жумладан, Экология ва артоф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги биноси ҳам университетнинг бир қисмида жойлашган.
«Университет биноларидан бирида содир бўлган деб таъкидланаётган ёнғин айнан Ўрмон хўжалиги агентлиги жойлашган бинонинг том қисмида содир бўлган.
Ёнғин тахминан 20:10 атрофида содир бўлган аниқланган ва шу заҳоти ФВВ Ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар берилган. Ёнғин 21:36 да тўлиқ қамраб олиниб, ҳозирда ёнғин батамом ўчирилди. Вазият тўлиқ назоратга олинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ», дейилади хабарда.
Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.