Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1-октябр — Устозлар ва мураббийлар куни муносабати билан табрик йўллади.
«Халқимиз ўзининг азму шижоати, бунёдкорлик салоҳияти билан Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этаётган бугунги кунда ушбу улуғ айёмнинг моҳияти, муаллим ва устозларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти айниқса ортиб бормоқда.
Эл-юртимиз азалдан эъзозлаб келадиган ўқитувчи ва мураббийларнинг мақомини, қадр-қимматини янада юксалтириш – биз амалга ошираётган давлат сиёсатининг энг муҳим, ҳал қилувчи йўналишига айлангани ҳам шундан далолат беради.
Зеро, донишмандлар айтганларидек, мамлакат аввало ердан ризқ-насиба ундирадиган деҳқонлар, халқни ёвдан, турли ёвузликлардан ҳимоя қиладиган аскарлар, ёш авлодга таълим ва тарбия берадиган фидойи муаллимларнинг саъй-ҳаракати билан обод ва фаровон бўлади», дейилади табрикда.
Илк бор 530 та мактабда инклюзив таълим жорий этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 288 минг нафардан ортиқ бошланғич синф ўқувчиларининг бепул овқатланиши йўлга қўйилди.
Хусусий сектор ривожи учун яратиб берилаётган қулай имкониятлар натижасида нодавлат мактаблар улуши 5 фоизга етгани диққатга сазовордир.
Бугунги кунда ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2016 йилга нисбатан ўртача 2,5 марта, профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши эса 4,5 карра ўсгани, октябрь ойидан педагог ходимларнинг иш ҳақи яна 15 фоизга оширилди.
«Ҳеч шубҳасиз, биз таълим ва тарбия тизимини янада равнақ топтириш, соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масаласига бундан буён ҳам устувор аҳамият берамиз ва ўқитувчиликни жамиятимизда энг обрўли касблар қаторига олиб чиқамиз»,-дея таъкидлаган давлат раҳбари.