Навоий вилояти Навбаҳор туманида ноқонуний балиқ овлаган шахслар қўлга олинди, деб хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Назорат рейд тадбирида Қоровултепа маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёсида текширув олиб борилган. Соат тонгги 04:30 да Қизилтепа тумани Тошработ қишлоғида яшовчи фуқаролар Ғ.Ш., О.М. ва А.З. электр қармоқ ёрдамида балиқ овлагани аниқланган.
Ҳуқуқбузарлар жами 26 та товон, 8 та оқ амур, 6 та дўнгпешона, 32 та зоғора, 32 та лаққа, 249 та Самарқанд лойхўраги ҳамда 46 та Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Туркистон мўйловдори балиғини овлаган. Оқибатда табиатга 6 миллиард 324 миллион сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш учун вилоят прокуратурасига юборилди.