• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Комил Алламжонов хусусий секторга қайтаётганини маълум қилди (видео)


Душанба куни Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилган Комил Алламжонов фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини маълум қилди. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева у билан бўлган суҳбатдан видеопарчани эълон қилди.

Видеода у Комил Алламжонов сўнгги икки йил давомида «президент берган барча топшириқларга масъулият билан ёндашиб, давлат ва жамият учун муҳим бўлган катта лойиҳаларни амалга оширганини» айтди.

«Матбуот ва таълим тизимини такомиллаштиришда ўз ҳиссангизни қўшдингиз ва катта натижалар кўрсатдингиз. Ва бунинг учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», — деди давлат раҳбари ёрдамчиси.

Видеодан кадр.Видеодан кадр.

«Ишонамизки, сиз бошлаган лойиҳалар келажакда, албатта, ўз мевасини беради. Сизга фидокорона хизматингиз ва профессионаллигингиз учун чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Келгусидаги ҳар қандай янги фаолиятингизда ҳам омад сизга ёр бўлсин. Раҳмат катта сизга», — дейди Саида Мирзиёева.

Комил Алламжонов «илиқ сўзлар учун чексиз миннатдорчилик» билан жавоб қайтарди. «Мамлакатимиз манфаати йўлида президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хизмат қилиш имконияти ва билдирилган ишонч учун чин юракдан миннатдорман», — деди у.

«Мен давлатимиз раҳбари белгилаб берган мақсадлар ва ғояларга содиқлигимни яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Сиз билан бирга ишлаб, катта натижаларга эришганимиздан фахрланаман», — дейди Комил Алламжонов.

У фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини айтди: «Иқтисодиётнинг муҳим соҳаларига замонавий технологиялар, инвестициялар жалб қилишни режалаштирмоқдаман».

«Бу орқали юртимиз равнақи ва тараққиётига ўз хиссамни қўшиш ниятим бор. Яна бир бор сизга катта раҳмат», — дея хулоса қилади Комил Алламжонов.

2022 йил июль ойида Комил Алламжонов Президент администрацияси раҳбари ўринбосари этиб тайинланганида барча компанияларини бошқа мулкдорларга ўтказаётганини маълум қилган эди. «Чунки мен манфаатлар тўқнашувига мутлақо қаршиман ва қолганларга ҳам шуни маслаҳат бераман».

Ўшанда у Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгашининг раиси эди. Шунингдек, Avtotest автомактаби ва Autodriver Study ҳайдовчиларни имтиҳон қилиш маркази, «Солиқ инфо» газетаси, BEM бухгалтерлик фаолиятини автоматлаштириш дастури ва бошқа кўплаб лойиҳалар асосчиси ҳисобланади.

2022 йил кузида Финляндия таълим тажрибасини Ўзбекистонда жорий этишни мувофиқлаштириш вазифаси Комил Алламжоновга топширилган эди.

Унинг қисқача таржимаи ҳолини аввалги хабарда эълон қилган эдик.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *