АҚШ президенти Жо Байден Исроилнинг Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватламаслигини айтди. Бу ҳақда у Оқ уйда журналистлар олдидаги чиқиши чоғида маълум қилди.
“Мен Исроилнинг режаларидан сиз ўйлагандан кўра кўпроқ хабардорман ва улар ҳарбий амалиётларни тўхтаца яхши бўларди. Бизга ҳозир ўт очишни тўхтатиш керак”, деди у.
Аввалроқ The Washington Post нашри Исроил Қўшма Штатларни Ливанда қуруқликдаги операция ўтказишни режалаштираётгани юзасидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берган эди.
Исроил 23 сентябрь куни Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” тузилмаларига қарши “Шимол ўқлари” ҳарбий операциясини бошлаган бўлиб, унда ҳаракатнинг ҳарбий нишонларига оммавий ҳужумлар уюштирмоқда.
“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ 28 сентябрь куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Байрутдаги ерости қароргоҳига уюштирган ҳужумида ҳалок бўлди. Яҳудий армияси у билан бирга 20 нафар қўмондон ҳам қурбон бўлганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Исроил ҳужуми оқибатида ҲАМАС ҳаракатининг Ливандаги раҳбари Фатҳ Шариф Абу ал-Амин ҳам ҳалок бўлди.