Талабалик пайтларимизда асли Қозоғистоннинг Сайрам туманида туғилиб вояга етган ижодкор дўстим, курсдошим Шукруллоҳ Умарзода тахаллуси билан ижод қилаётган Шукри Эргашев яқин қариндошлари Китоб шаҳрида истиқомат қилишини, у ердаги ижодкорлар ҳақида эшитганларини айтди. Матбуотга қизиқишимни билгани учун кунларнинг бирида Исмат Хушев ҳақида гапириб қолди. Орадан анча вақт ўтмай “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг талабаси Исмат Хушевнинг мақолалари кўзга ташлана борди. “Шолохов Ватанида” мақоласини ўқиб, ўзбек йигитининг машҳур адиб, Нобель мукофоти соҳиби Михаил Шолохов яшаган Вёшенская станциясида бўлиб мақола тайёрлаганига ҳавас қилганмиз. Исмат Хушевнинг ёзиш услуби, аниқ далилларга таянилганлиги, ўзига хос оригиналлиги билан бошқа материаллардан ажралиб, газетхон эътиборини тортарди.
“Исмат Хушев МГУни битириб келибди. Қаерда ишлаётган экан?”
Биз қаламкаш талабаларни бу жудаям қизиқтирарди. Аммо, бунинг сабабини ҳануз тушунолмайман. Ахир, ҳар йили журфакни қанчалаб ёшлар битиришади. Бўлмаса, нега газета саҳифасидаги айнан “И.Хушев” эътиборни тортади?!
Талабалик давримизда қўл телефони қаёқда? Таътил пайтларидагина қишлоққа ошиқардик. Бир гал қишлоққа борганимда Қарши Давлат педагогика институтида таҳсил олаётган дўстларим ҳаяжонланиб:
– Исмат Хушев деган йигит институт комсомол ташкилотининг секретари бўлди, – дейишди.
Таниш ном эътиборимни тортди.
– Москвада ўқиган журналист–ку, – дедим унга ўзимни яқин олгандек.
– Худди ўша, – дейишди талабалар.
– Зўр-ку!
– Нимаси зўр, – қўл силташди, – мазза қилиб юрувдик. Ўзича тартиб ўрнатмоқчи…
– Қайтанга яхши бўлибди-ку…
– Бизани институт, силани Тошкандаги институтга ўхшамайди. Талабаларни зўравонлари кўп. Казо-казоларнинг фарзандлари ёки жиянлари ўқишади. Ҳатто ўқитувчи-профессорларниям менсимайдиганлари, дарсга келмайдиганлари, пахта пайти ҳашарга бормайдиганлари бор. Хуллас, талабаларни тартибга келтириш қийин…
И.Хушевга қизиқишим янада орта борди.
Қаршида ўқийдиган талаба жўраларим Тошкентга футбол томошасига келишди. Мен тағин ўша мавзуга гап очдим.
– Исмат Хушев жуда уддабурон экан. Талабаларни тартибга солди. Эринмасакан. Тонгданоқ институт дарвозаси олдида туриб, талабаларни ўқишга келишини, машғулотларга тўлиқ қатнашишини назоратга олади. Алламбало матолардаги кийимларни кийиб, сочларини елкага тушириб безори кўриниш бўлиб юрган талабалар бинойидек оқ кўйлак, қора костюм-шим киядиган, сочини тартибга келтирадиган бўлишди. Бирор марта дафтар, ручка олиб келмайдиган болаларнинг қўлтиғида китоб-дафтар. Ҳамма “профессор”… – дея бири-бирига гал бермай институт тафсилотларини гапиришади оғайниларим.
Ўша пайтларда институт ётоқхонасида истиқомат қилиш қийинчилик туғдираркан. Зўравон йигитлар талабаларни ғашига тегиб, пулларини, магнитофон, соат ва ҳатто кийимларини тортиб олишгача боришаркан.
Комсомол ташкилотининг янги саркори талабаларни машғулотларга қатнаши, юриш-туришини назорат қилиш билан бирга ётоқхоналарда истиқомат қилаётган талабаларнинг аҳволидан ҳам хабардор экан. Ҳатто, кечқурунлари тўсатдан ётоқхонада пайдо бўлиб, ким дарс тайёрлаяпти, ким нима билан машғул, атрофни кўздан кечириб, ичадиган, чекадиган, қартабоз ёшларни тартибга чақирар, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, шеърият кечалари уюштириб адабиёт ва санъатга қизиқувчан, иқтидорли талабаларга эътибор қаратди. Аълочи, жамоат ишида фаол талабалар ўз вақтида рағбатлантирилиб борилди. Ёшлар етакчисининг саъй-ҳаракатлари боис тартибсизликларга чек қўйилди.
– Институт энди институтга ўхшади, ҳатто баъзи бир калондимоғ домлаларнинг ҳам попуги пасайган. Казо-казоларнинг эркатойлари ҳам юрак ҳовучлаб қолишган. Ҳақиқий ўқийман деганлар учун яхши бўлди, – дейишарди қаршилик талабалар.
Институтни битириб Қашқадарёга йўл олдим. Касби тумани Майманоқ қишлоғидаги ўзим ўқиган 14-мактабда иш бошладим. Орадан тўрт ой ўтгач, мақола, ҳажвияларимни “Муштум” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ўқиб юрган туман газетаси бош муҳаррири Жўра Юсупов мени таҳририятга ишлашга таклиф этди. Қишлоқ хўжалиги бўлими мудири сифатида газетада аграр соҳани ёритиш масъулияти юкланди.
У пайтда Исмат Хушевнинг Тошкентга кетганлиги шов-шув бўлганди. “Саодат” журналида журналист текшируви мавзусидаги танқидий мақолалари эълон қилинди.
Бир қанча вақт ўтгач, қарийб миллион нусхада чоп этиладиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида махсус мухбир Исмат Хушевнинг “Номус ўғрилари”, “Қўлингиз пок, кўнглингиз оқми?”, “Прокурорни қандай қўлга туширишди?”, “Ижодкорга ҳурмат шуми?” сарлавҳали мақолалари эълон қилинди. Кўпминг ададда босилган газетани киоскалардан топиш амримаҳол. Газета дўконларидаги акахонлардан илтимос қилиб олдиндан буюртма бериб, янги сонларни олганмиз.
Ўша пайтларда “Ўзбекистон адабиёти ва сагъати” газетасининг “Шум боланинг чойхонаси” саҳифасида ҳажвияларимни Қулман Очил, Бекқул Эгамқулов, Карим Баҳриев эълон қилдиришарди.
Исмат Хушев билан газета таҳририятида танишдим.
1988 йилда малака ошириш мақсадида Тошкентга келдим. Қарши Давлат педагогика институтининг кафедра мудири, адабиётшунос олим Бойназар Йўлдошев:
– Исмат Хушевни чақириб келсангиз, бир суҳбатлашсак, – деб қолди.
Дам олиш кунидаги гурунгда Исмат Хушевни кашф этдим. У бошидан ўтказган саргузаштларни завқ билан гапириб берди.
Қишлоқда юрганимда не кўз билан қарайки телевизор экранида таниш чеҳра. Ўша кезда фақат битта канал – “Ўзбекистон” телеканали кўриларди. “Ахборот” информацион дастурида Исмат Хушев “Ҳаёт ва иқтисод”, “Жизнь и Экономика” журналлари бош муҳаррири сифатида янги нашрларда иқтидорли филолог ва журналистларни ишга таклиф этди. Қаранг, янги нашрнинг бош муҳаррири журналда ишлашни хоҳловчи истеъдодли қаламкашларни ишга таклиф этяпти. Қайси вилоят, шаҳар ва қишлоқдан бўлишидан қатъи назар, журналистикага қизиқса бўлди, ишга олмоқчи. Бу маҳаллийчилик, таъма ва коррупциядан холи ҳолат.
Шундай қилиб журнал ижодий жамоаси ёш журналистларни бағрига чорлади. Уларнинг қалами чархланиб, журналистик маҳорати орта борди. Бугунги кунда уларнинг аксарияти устоз журналист сифатида мамлакатимиз газета ва журналларида, радио ва телевидениеда масъул лавозимларда фаолият юритишяпти. Йиллар ўтиб ўз касбининг фидойиси бўлган журналистлар ҳукуматимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангандилар.
Ҳамкасблари ва шогирдларининг мууваффақиятидан устоз журналист Исмат Хушев ҳақли равишда фахрланади.
Тошкентга келганимда ёзганларимни марказий матбуот нашрларига тарқатиб чиқардим. Гоҳ у, гоҳ бу газета ва журналда материалларим эълон қилинарди.
Афандилигимни ҳам айтсам: “Совет Ўзбекистони” газетаси ҳузуридаги жамоатчи мухбирлар маҳорат мактаби машғулотларида қатнашиш учун Қашқадарёдан Тошкентга, беш юз чақирим масофадан қатнадим. Бунга сираям ачинмайман. Таҳририят ишлари билан яқиндан танишиш, устоз журналистларнинг тажрибалари, сабоқлари матбуотга бўлган қизиқишимни ошира борди. Мақолаларим отахон газета саҳифаларидан ўрин ола бошлади. Хуллас, пойтахт матбуоти мен учун яқин бўлди.
Бир гал “Ҳаёт ва иқтисод” журнали таҳририятини қидириб топдим. Бош муҳаррир мени меҳр билан қаршилади.
– Мен билан ишланг, – деди Исмат Хушев, – мухбирлик штати бор?
Индамадим.
– Бўлим мудирликка оламан,– деди бош муҳаррир жавобимни ҳам кутмасдан ва кадрлар бўлимига телефон қилди. У ёқдан Тошкент “пропискаси” бўлиши шартлиги айтилди.
– Прописка керак экан-ку. Бўлмаса, бундай қиламиз…
Телефон рақамини тера бошлади. Ким биландир қуюқ гаплашди.
– Ҳозир бир ижодкор укамиз олдингизга боради. Пропискани ҳал қилсангиз савобга қолардингиз, – деди ва гўшакни қўяркан, қаерга ва кимга учрашимни тушунтирди.
Мен эса икки соатдан кейин поездда бўлишимни айтиб шоҳбекатга шошилдим. Бир неча ойдан кейин келсам, яна иш таклиф қилинди. Аммо, ҳозирча шаҳарга келиб ишлашга имкониятим йўқлигини айтдим. Ўша кезда “прописка”нинг қадрига етмаган эканман.
Орадан бир йиллар чамаси вақт ўтгач, тағин “Ҳаёт ва иқтисод” таҳририятига бордим.
– Бирор нарса олиб келдингизми?
– Журналга мос нарса йўқ.
– Нима бор ўзи?
– Ҳажвия…
– Бу ёққа узатинг, – қўлимдаги қоғозни оларкан, – кейинги сонга берамиз, –деди Исмат Хушев.
Йўлда кетарканман ҳайрон эдим. Бу иқтисодий журнал бўлса, ҳажвиямни хафа бўлмасин, деб кўнгил учун олиб қолдиларми?
Журналнинг навбатдаги сонини варақласам, не кўз билан кўрайки, “Табассум бекати” рукни очилиб “Совун сабаб…” ҳажвий ҳикоям саҳифани эгаллаб турибди. Қойил қолмасдан илож йўқ! Ана, бош муҳаррирнинг бир сўзлилиги, мардлиги, жасорати. Мени танигани учун эмас, ҳажвий ҳикоянинг бадиий жиҳати бош муҳаррирга маъқул бўлган бўлса керак.
Ҳаваскор қаламкашни қўллаш шунчалик бўлар-да?! Бугунги ибора билан айтганда, бу мен учун “мотивация” эди.
Ўша ҳажвия ҳажв усталари бўлган устоз адиблар томонидан эътироф этилди. Бу асар асосида сценарий ёзилиб “Ўзбекистон” радиоканалининг “Табассум” ҳажвий радиожурнали орқали эфирга узатилди. Ролларни машҳур комик актёрлар ижро этишди. Ҳамма ҳажвия ҳақидаги таассуротларини айтади. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди.
Исмат Хушевнинг акаси, эл ҳурматида бўлган шифокор Неъмат ака оламдан ўтганда, таъзия изҳор қилиш учун Китоб туман халқ таълими бўлими мудири билан Маҳмуд бобо хонадонига боргандик. Фидойи ўқитувчи Маҳмуд бобо Хушевнинг, туман касалхонасининг қон қуйиш бўлими бошлиғи Неъмат аканинг, хуллас бу сулоланинг ҳурмати эл ичра баланд экан. Исмат Хушев эса ўзи бир дунё.
1980 йиллар бошларида Ленин номидаги Москва Давлат педагогика институтининг филология факультетида таҳсил олган дўстимиз Ботир Шарипов гурунгидан:
– Ётоқхонамиз эшиги тақиллади. Ижозатимиз билан ихчам, шижоати юз-кўзида, ҳаракатларида акс этган чаққонгина йигит кириб келди. Ўзини Исмат Хушев деб таништирди. Қўлида ён дафтарча, ручка. Исм-шарифимизни сўраб, ёзиб олмоқчи. Ҳайрон бўлдик. Бу қанақаси? Йигит МГУнинг журналистика факультетида ўқишини, Москвада ўқув юртларида таҳсил олаётган Ўзбекистонликларни рўйхатини олаётганини айтди. Мақсад: юртдош талабаларни бир-бирига танитиш, мусофирликда бир-биридан хабардор бўлиш, яхши-ёмон кунларда ёнида туриш. Исмат Хушев билан қадрдон жўра бўлдик. У бошқаларга ўхшамайдиган ажойиб, саргузаштбоп йигит. “Тегирмонданам бутун чиқасиз-а?!” – деб ҳазиллашардик. Аслида бу ибораям шунчаки айтилмасди…
Яна, Ботир Шариповнинг айтишича, талабалар дам олиш кунлари импорт кийим ёки ўша пайтларда мода бўлган чех туфлиларини харид қилиш учун универсал магазинида узундан-узоқ навбатда туришар экан.
– Қарасак, Исмат ака кўринмайди. Ҳозиргина шу ерда эди-я! Бир неча соатдан кейин навбатимиз яқинлашса, не кўз билан кўрайликки, Исмат ака пештахтанинг ичкари томонида туриб сотувчига ёрдам бераётган бўларди. Бу чаққон йигитга қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Ўзбекистонлик талабалардан бирортасини шошилинч уйига кетиши зарур бўлганда Исмат аканинг кўмагига таяниларди. Чунки, самолётга чипта олиш ва вақтида учириш манаман деганларнинг ҳам қўлидан келмасди. Исмат ака туғма ташкилотчи. Москвада бўлган ўзбекистонлик кўплаб машҳур шоир ва адиблар билан ижодий учрашувлар ташкил қилгани ҳануз эсимизда…
Ботир Шариповнинг никоҳ тўйида Исмат Хушев даврани бошқаради. Ўша пайтда тўйларнинг маълум соатдан ошмаслигидан ҳамма огоҳ эди. Тўйнинг айни қизғин палласида маҳалла фаолларидан бири тўйни тўхтатиш зарурлигини, йўқса райкомдан дашном эшитишини айтади.
– Тўйни тўхтатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! – дейди маҳалла фаоли кўзига тик қараб Исмат Хушев.
– Биласизми, райком секретари шу маҳаллада яшайди, атиги бир неча уй нарида. Бу ердаги ҳамма гапни эшитиб турибди…
– Шундай демайсизми, – дея шартта микрофонни қўлига олади бошловчи ва туман саркотибини тўйга келишини, элга қўшилиб, ёш келин-куёвга табрик айтишини эшиттиради.
– Ўшанда Исмат Хушевнинг юраги катталиги, туман раҳбарини-да оёққа турғизгани шов-шувга сабаб бўлди, – дейди Ботир Шарипов.
Туман саркотиби Исмат Хушев билан қадрдон бўлиб қолди.
Исмат Хушев гурунгидан:
– Институт комсомол ташкилотининг раҳбарлиги пайтимда кириш имтиҳонлари пайтида, ўша даврда имтиҳонлар юзма-юз ўтказиларди. Бир қиз йиғлаб кетяпти. Сабабини суриштирсам мусиқа факультетидан “йиқитишибди”. Хонамга олиб кириб қўшиғини эшитдим. Ноёб овоз, ҳақиқий талант. “Орқамдан юринг”, дедим-да, тўғри имтиҳон хонасига бордим. “Агар шундай истеъдодли қиз институтга кирмас экан, қолган бирорта истеъдодсиз абитуриентнинг талаба бўлишга ҳаққи йўқ” деб аудиторияда ўтириб савол-жавобларни кузата бошладим. Хуллас, ўша талантли қиз талаба бўлди…
Ана адолат! Ана истеъдодни таъмасиз қўллаб-қувватлаш!
Насибам пойтахтдаям сочилган экан, тақдир тақозоси билан 1998 йилда Тошкентда “Ишонч” газетасида иш бошладим. 2001 йилда “Бир гап бўлар” ҳажвий ҳикоялар тўпламим Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов сўзбошиси билан нашр қилинди. Китобга дастхат ёзиб, “Деловой партнёр Узбекистана”, “Ҳамкор”, хуллас ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган иқтисодий-сиёсий газета бош муҳаррири Исмат Хушевга тақдим этдим.
Исмат ака хурсанд бўлди. Тўпламни варақлаб чиққач, дарҳол бош муҳарррир ўринбосарлари ва масъул котибни чақиртирди.
– Йиғилиш борми, унда бора қолай…
– Сиз учун чақираяпман.
Ҳайронман. Чақирилганлар жойларини эгаллашди.
– Яхши китоб чиқарса бўларкан-ку, – қўлидаги тўпламимни ўринбосарига узатди. – Китобни муқовасидан бошлаб, Неъмат Аминовнинг сўзбошисини ҳам, тўпламдаги барча ҳикояларни ҳам газетага бериб борамиз…
Таҳририят биносидан хушкайфиятда чиқдим. Ҳеч бўлмаса янги китобни тарғиб этиб, ҳикоялардан бирини чоп этишар.
Ажабо! Бош муҳаррир дангалчилигини қаранг. Айтганидек, тўпламдаги барча ҳикоялар газетанинг навбатдаги сонларида босилди.
“Ўзбекистон” радиосида ишлаётганимни эшитган Исмат ака фаолиятимни маъқуллади:
– Яхши жой. Самимий журналистлар ишлайди. Ижодни бўшаштирмасангиз бўлди. Газета, журнал, радио, телевидение қаттиқ меҳнатни талаб қилади. Ижод қилиш учун муҳитни қаламкашнинг ўзи ярата олиши керак…
Ўқиб-ўрганиш, изланишдан ташқари тезкорлик талаб қилинадиган радиожурналистикада ижодимни давом эттирдим. “Ўзбекистон” радиоканалида турли мавзуларда эшиттиришлар тайёрладим. Асарларим асосида тайёрланиб, эфирга узатилган радиопостановкалар Ўзбекистон МТРК архив фондидан ўрин олди.
Исмат Хушев таъкидланганидек, “Радио яхши жой, ижодий жамоа самимий…” экан.
Мана, қўлимда Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли китоби. Унда журналистнинг саргузаштларга бой ҳаёти қаламга олинган. Ҳаёт йўллари ҳамишаям бир текис эмаслиги, турфа одамлар, ҳар хил тақдирлар, ғолиблик ва мағлублик, хуллас, умр лаҳзаларининг пасту баландликлари аниқ далиллар асосида тасвирланган. Ичи қора кимсаларнинг ёш мутахассислар ҳаётига ғов бўлиши, ўз фикри ва мақсади йўлида ҳар қандай тўсиқни енгиб ўта олган киши муваффақияти, қарама-қаршиликлар ўзига ишончи бўлган иродали инсонни тоблаши, уни ғалаба сари интилишга ундайди. Автобиографик қиссадаги яна бир жиҳат, муаллиф ўз-ўзини танқид қилишдан қочмайди. Асар қаҳрамонининг юриш-туриши, феъл-атвори, фаолияти қандай бўлса – худди шундай тасвирланган.
Китоб сўзбошисида филология фанлари номзоди Маҳмуд Сатторовнинг мана бу фикри бежиз ёзилмаган:
“…Исмат Хушевнинг ёлғиз ўзигагина хос бўлган ғаройиб табиатини ҳеч ким менчалик билмайди, ҳатто ота-онаси ҳам дунёга келтириб тарбиялашгани билан Исматнинг кимлигини, унинг иқтидори-ю, заиф сифатларини мен бандаи ожизчалик билган одам йўқ деган хаёлда юрардим.
Бугун билдимки, хато қилган эканман. Уни мендан ҳам яхшироқ, чуқурроқ, нозикроқ, нафисроқ, танқидийроқ биладиган одам бор экан. Ўқиб иқрор бўлдим – бу Исмат Хушевнинг ўзи!
Албатта, бу китобни бир қўлга олган одам тугатмасдан жавонга қўймайди. Биографик саргузашт йўналишидаги ўта зиддиятли воқеа- ҳодисалар, кўпчиликка таниқли бўлган адабий, тарихий, сиёсий сиймолар тақдири. Содда, равон, самимий тасвир ўқувчини ўзидан узоқлаштирмайди…”
Исмат Хушевнинг ёзганларидан билганимиз, у ўқувчилик пайтларидаёқ адабиётга, ижодга, матбуотга қизиқди. Туман газетаси саҳифаларида турли мавзудаги хабар ва мақолалари тез-тез кўзга ташлана борди. Ёш ижодкор шеърларини почта орқали Тошкентга, “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг Юлдузи”) газетасига юборади. Ажойиб кунларнинг бирида почтачи опа “Ленин учқуни” газетасининг махсус хатжилдини олиб келади. Очиб қарашса, хатжилд ичидаги газетанинг ўша сонида “Ватанимни куйлайман” рукни остида Исмат Хушевнинг шеърлари ва сурати босилган. Қувонарли жиҳати шундаки, у республика ўқувчилари ўртасида ўтказилган кўрик-танловда ғолиб бўлибди ва Бутуниттифоқ ўқувчилар оромгоҳи – “Артек”ка бепул йўлланма билан тақдирланибди. У ерда дунёдаги бўлажак ёш қаламкашлар учун “Ёш мухбирлар” тўгараги фаолият юритганлиги иқтидорли ўқувчиларнинг ижодга бўлган иштиёқини янада оширди.
Исмат Хушев мактабни тугатгач, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кириб, кейин Москва Давлат университетида таҳсилни давом эттирди.
Талабалик даврида ҳам ўз ғояларини амалга оширишга интилди. Москвада ўтказилган ўзбек адабиёти декадаси ёки қурултой бўлганида анжуман қатнашчилари бўлган машҳур шоир ва адиблар самолётдан тушишлари билан ўзбек миллий либосидаги йигитлар ва атлас кўйлак ярашиб турган қизлар нон-туз билан меҳмонларга пешвоз чиқишади. Ҳамма лолу ҳайрон. Бу кутиб олиш тадбирининг ташаббускори ва ташкилотчиси талаба йигит Исмат Хушев эканлигини билишгач, устоз адиблар миннатдор бўлишган.
Москвада таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар бир олам қувончда.
1982 йилда Москвада Бутуниттифоқ Ёзувчилар уюшмасининг қурултойи бўлганда, уюшма раиси, машҳур адиб Георгий Марков назарига тушган Исмат Ҳушев фавқулодда саргузашт қаҳрамонига айланади. Китобда бундан-да, ғаройиб воқеалар аслидагидек қаламга олинган.
Энди Исмат Хушевнинг оқибатли шогирдлиги ҳақида: Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг сидқидилдан, беқиёс ҳурмат қилган Исмат Хушев талабалик пайтлариданоқ устоз шоир билан яқин мулоқотда бўлган. Шоир шеърларини ёддан билган ва маромига етказиб айтиши, чаққон ва уддабуронлиги билан Абдулла Орипов эътиборини, меҳрини қозонган.
Абдулла Орипов Москвада бўлганида, албатта, унга Исмат Хушев ишончли ҳамроҳ бўларди. Абдулла Орипов хасталаниб собиқ иттифоқдаги энг йирик илмий-текшириш маркази бўлган Склифосовский касалхонасида даволанганда Исмат Хушев ҳар куни, эрталаб ва кечқурун шоир аҳволидан хабар олар, зарур дориларни топиб, олиб келар, шифокорлар кўнглига йўл топарди. Олис шаҳардаги мусофир кишига, айниқса, беморга далда бўлиш, оғзидан чиққан гапга “Лаббай!” деб туриш ва илтимосларини бажариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермаслиги барчага аён. Исмат Хушев оғага иниликни, устозга шогирдликни амалда исботлади. Устоз меҳрини қозонди.
Қисматни қарангки, йиллар ўтиб тақдир тақозоси билан Канадада истиқомат қилаётган Исмат Хушев Абдулла Ориповни Америкада даволанаётганлигини эшитгач, дарҳол йўлга тушди. Устоз шоирнинг сўнгги кунларида бирга бўлди. Дилдан суҳбатлашиб далда бўлди. Устоз дуосини олди.
Бу меҳр-оқибатнинг, одамийликнинг асл кўриниши, аслида.
Исмат Хушевнинг Канадага кетганлиги ҳам шов-шув бўлганди.
“У ерда нима иш билан шуғулланаётганикин?” – деган савол кўпчиликни ўйлантираётган бир пайтда Исмат Хушев “Дунё ўзбеклари” интернет нашрининг бош муҳаррири ва “Исмат Хушев билан юзма-юз” электрон теледастури бошловчиси сифатида журналистик фаолиятини давом эттириб келяпти.
“Саодат” журналида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида фаолият юритган даврида таҳририятларга, Исмат Хушев номига кўплаб мактублар келганлиги, одамлар жойлардаги муаммоларни, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган кўнглидаги гапларини-да, Исмат Хушевга ёзиб, маслаҳат сўрашгани, журналистга ишонишгани Исмат Хушевнинг долзарб, теша тегмаган ўткир мақолалари замондошларга нафи текканлигидан далолатдир.
Таниқли журналист ва адиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исмат Хушевнинг ҳаёт мазмуни – ижод, матбуот. Ўқувчилик давридаёқ қалб кечинмаларини, юрак сирларини қалам ва қоғозга айта билган ва бир умр журналистикага садоқатли бўлган Исмат Хушевни таниқли шоир Муҳаммад Раҳмон шундай таърифлаган эди:
Умри – сабоқ, дарслигига гумон йўқ
Мубоҳаса, баҳслигига гумон йўқ.
Тарихий шахс эмасдир – у ва лекин,
Исматжоннинг шахслигига гумон йўқ.
Абдулла АЙИЗОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси