Ўзбекистонни эркин ва фаровон мамлакатга айлантиришда таълим соҳасини янги босқичда ривожлантириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни нишонланадиган ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан табриклаш чоғида айтиб ўтди.
«Кўҳна тарих, бугунги ҳаёт тажрибаси барча муаммоларнинг ечими, саволларнинг жавоби фақат ва фақат таълимда, камолот ва бахт эшикларининг калити таълим ва тарбияда эканидан далолат беради», — деб таъкидлади президент.
«Ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга етишда — жонажон Ўзбекистонимизни эркин ва фаровон, ҳар томонлама обод мамлакатга айлантиришда соҳа ривожини янги сифат босқичига кўтариш ҳал қилувчи аҳамият касб этади», — қайд этди у.
Президент кейинги йилларда мамлакатда боғчалар сони 8 баробар кўпайиб, қарийб 38 мингтага етганини, жумладан, нодавлат таълим муассасалари сони 250 тадан 29 мингтага кўпайганини айтиб ўтди. Болалар боғчаларига қамраб олиш 27 фоиздан 76,4 фоизга ошди.
Ўтган етти йилда 5 мингдан ортиқ мактабда, биргина 2024 йилнинг ўзида 608 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Инклюзив таълим биринчи марта 530 та мактабда жорий этилди. Нодавлат мактабларнинг улуши 5 фоизга етди.
«Ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2016 йилга нисбатан ўртача 2,5 марта, профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши эса 4,5 карра ўсгани, октябрь ойидан педагог ходимларнинг иш ҳақи яна 15 фоизга оширилиши шу борадаги саъй-ҳаракатларимиз натижасидир», — деди президент.
135 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 211 тага етди, олий таълим муассасаларига қабул қилиш даражаси 4 баробардан ортиқ — 9 фоиздан 38 фоизга ошди.
Шу куни давлат раҳбари бир гуруҳ ўқитувчилар билан учрашиб, мукофотларни топширди, таълим соҳасидаги муаммо ва режаларни муҳокама қилди.
«Ишончим комил, сиз, муҳтарам педагоглар, профессор-ўқитувчиларимиз таълим соҳасидаги ислоҳотларимизда янада фаол иштирок этиб, „Янги Ўзбекистон — маърифий жамият“ деган олийжаноб ғоямизни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшасиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Ҳеч шубҳасиз, биз таълим ва тарбия тизимини янада равнақ топтириш, соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масаласига бундан буён ҳам устувор аҳамият берамиз ва ўқитувчиликни жамиятимизда энг обрўли касблар қаторига олиб чиқамиз», — деб ишонтирди у.