30 сентябрь куни Ўзбекистон мезбонлик қилаётган футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионатининг барча ярим финалчилари номи маълум бўлди. Франция терма жамоаси Бухорода Парагвайни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да Қозоғистон футзалчилари Аргентинага қарши майдонга чиқди.

ФИФА маълумотига кўра, шу куни аренага 8898 нафар мухлис ташриф буюрди (бутун мусобақа давомидаги иккинчи рекорд кўрсаткич) — қозоғистонликларни ўзбек мухлислари ҳам сидқидилдан қўллаб-қувватлаб турди. Аммо қозоқ футзалчиларига «девор»лар ёрдам бера олмади — ўйинда Аргентина 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Жаҳон чемпионатининг ярим финал учрашувлари 2 ва 3 октябрь кунлари бўлиб ўтади: чоршанба куни Украина Бразилияга қарши майдонга чиқса, пайшанба куни Аргентина финал йўлланмаси учун Францияга қарши баҳс олиб боради. Ҳар иккала ўйин «Ҳумо Арена»да бўлиб ўтади ва 20:00 да бошланади.

Қозоғистон — Аргентина (1:6) бевосита аренадан кузатиб борганлар орасида «Dunyouzbeklari.Com» мухбири Мурод Юсуф ҳам бор. У баҳснинг эътиборга молик лаҳзаларини фотосуратларга муҳрлади.