Эроннинг Исроилга йирик ракета ҳужуми тўхтади. Бу ҳақда Исроил армиясининг расмий вакили Даниэль Хагарий махсус мурожаатида маълум қилган.
Қайд этилишича, Исроил ҳарбийлари мамлакат аҳолисига бошпаналарни тарк этишга рухсат берган.
“Ҳозирги босқичда Эрондан қўшимча таҳдидлар кутмаяпмиз. Бомбапаноҳлардан чиқишингиз мумкин”, деди у.
Даниэль Хагарийнинг сўзларига кўра, Эроннинг йирик ракета ҳужуми оқибатсиз қолдирилмайди.
“Биз Исроил фуқароларини ҳимоя қиламиз. Бу ҳужум жавобсиз қолмайди. Бизнинг режаларимиз бор. Вақти келганда ҳаракат қиламиз”, деди у.
Исроил ОАВ хабарларига кўра, Эрон томонидан жами 500 га яқин ракета учирилган.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг билдиришича, Эрон ракеталари томонидан Исроилнинг Ўрта Ер денгизидаги ҳарбий базалари ва газ платформалари нишонга олинган.
Эрон ракеталарининг бир қисми Ғазо секторидаги Нетзарим ҳудудига тушиб, Исроилнинг кўп сонли танкларини ишдан чиқарди, деб хабар бермоқда IRIB телеканали.
Шунингдек, Эрон ОАВ ракета ҳужуми оқибатида Исроилнинг 20 дан ортиқ F-35 қирувчи самолётлари йўқ қилинганини хабар берди.