30 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида ёнғин содир бўлди. Тошкент давлат аграр университети матбуот хизмати ёнғин университет ҳудудидаги Ўрмон хўжалиги агентлиги биносида содир бўлганини маълум қилди.

«Университет биноларидан бирида содир бўлган деб таъкидланаётган ёнғин айнан Ўрмон хўжалиги агентлиги жойлашган бинонинг том қисмида содир бўлган», — таъкидлади университет матбуот хизмати.

Ўрмон хўжалиги агентлиги эса ёнғин агентлик биносида содир бўлганини рад этди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

«Ўрмон хўжалиги агентлиги биноси ёниб кетди, дея айрим ижтимоий тармоқларда берилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тўғри, сув пуркалиши эвазига бинонинг том қисмига қисман зарар етган, лекин бу ҳам айтарли даражада эмас», — дейилади агентлик изоҳида.

Маълум қилинишича, агентлик биноси катта талафот кўрмаган. Ёнғин чиққан университет биноларига эса бирмунча зиён етказилган.

«Айни пайтда мутахассислар гуруҳи воқеа жойида иш олиб бормоқда. Тез орада ёнғин келиб чиқиш сабаблари, ёнғин асли қаердан бошлангани, етказилган зиён, асл ҳолат ҳақида батафсил маълумот берилади», — дейилади хабарда.

Хабар тайёрланаётган вақт Аграр университети пости ўчирилди.