30 сентябрь куни кечқурун Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети биноларидан бирида ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги соат 20:10 да сигнал келиб тушганини хабар берди.

Соат 20:17 да ёнғин-қутқарув гуруҳи воқеа жойига етиб борган ва ёнғинни ўчиришга киришган. Ҳодиса жойи соат 21:36 да қуршаб олинган ва бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

«Вазият тўлиқ назоратга олинган», — дейилади вазирлик хабарида. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ, деб таъкидлади ФВВ.

Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда ёнғин кўп қаватли уйни қамраб олгани, яқин атрофдаги биноларга ҳам ўтганини кўриш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги университетга яқин жойда жойлашган. Университет кампусида бошқа ташкилотлар ҳам мавжуд.