Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтига ташриф буюриб, янгиланган шароитлар билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Хабарда таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 37 мингдан ортиқ болалар боғчаси, 10 мингдан ортиқ мактаб бор бўлиб, янгилари қурилмоқда. Шу билан бирга, асосий масала таълим сифати бўлиб қолмоқда.
Президентнинг июндаги мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришга доир қарорига асосан Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти капитал таъмирланиб, иккита қўшимча бино қурилди ва барчаси замонавий жиҳозланди. Тингловчилар ўрни ҳам, йўналишлари ҳам кўпайди.
Институт бундан 90 йил олдин, 1934 йилда очилган. Шунга бағишлаб, бу ерда музей ташкил этилган. Унда жадидларнинг илмга эътибори, Абдулла Авлоний асос солган маориф тизими, ўша даврдаги дарсликлар ва саҳна асарлари, умумий таълимнинг ривожланиш босқичлари акс этган. Сунъий интеллект ёрдамида маърифатпарвар жадидлар қиёфаси гавдалантирилган. Шу ерда қарийб 88 минг китоб фондига эга кутубхона ҳам бор. Давлат раҳбари ушбу музей ва кутубхонани кўздан кечирди.
Муассасада малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг анъанавий, муқобил ҳамда дуал шакллари, шу жумладан, сунъий интеллект технологиялари асосида ўқитиш жорий этилган, дейилади хабарда.
Ситуацион ўқув хонаси Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги педагогик маҳорат марказлари билан видеоалоқа орқали уланган. Узлуксиз касбий таълим, менежерлик ўқув курслари, педагогларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифасини бериш, мактабгача ва мактаб таълимини бошқариш каби дастурий платформалар жорий этилган.
«Бу ҳудудлардаги директор ва ўқитувчиларни янги педагогик технология ва услубларга тезкор ўқитиш имконини беради», — дейилади хабарда.
Институт ўқув дастурида директорларнинг бошқарув маҳоратига ҳам эътибор қаратилган, улар учун мактаб яратилган.
Инклюзив таълим ва психолог хоналарида шу йўналишда ишлайдиган дефектолог ва тарбиячилар малакаси оширилади. Медиа студиясида видеодарслар тасвирга олинади.
Шунингдек, институтда конференция зали, компьютер ва семинар хоналари, ошхона ва шароитлар бор. Ўқитувчиларни янги ўқитиш усулларига мослаштириш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши учун STEM лабораторияси яратилди.
Институтда ўқиш соатлари кўпайтирилди, ётоқхона таъмирланди, ўринлар сони кўпайтирилди.
Президент ушбу хоналарда бўлиб, янги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.
«Бу институт кутиб ўтирувчи эмас, тарғиботчи, етакчи бўлиши керак. Ҳудудлардаги ўқитувчи ва директорларни кўпроқ таклиф этиб, барча мактабларда сифатни ошириш зарур. Янги замон кишиси, келажагимиз бунёдкорлари мактабда тарбияланади. Таълимсиз келажак йўқ», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ўқитувчи ва мураббийларни хорижда тайёрлаш, уларнинг малакасини жаҳон тажрибаси билан уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Йилнинг ўтган даврида институтда 4 минг 300 нафарга яқин таълим муассасалари раҳбарлари малака оширди. Шунингдек, 2 минг нафарга яқин директор ва директорликка номзодлар менежерлик курсларида ўқитилди. «Узлуксиз касбий таълим» платформаси орқали дарсларда 113 минг нафардан ортиқ педагоглар қатнашди.
Сингапур халқаро таълим ташкилоти томонидан 100 нафар мактаб директори, 200 нафар математика ва табиий фанлар ўқитувчиси қайта тайёрланди. Институт тузилмасида Халқаро тадқиқотлар маркази ҳам иш бошлади.
Режага кўра, 2025 йилдан профессор-ўқитувчилар ҳар беш йилда бир марта ишдан ажралган ҳолда малака оширади. Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасаларида «Касбий ривожланиш соати» ҳамда «Касбий ривожланиш куни» жорий этилади. Президент мактабларида тўпланган илғор тажрибаларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими орқали умумий ўрта таълим муассасаларида қўллаш кутилмоқда.